Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Биз сиз билан борамиз

Биз сиз билан борамиз

Биз сиз билан борамиз, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик. ЗАКР. 8:23

26- ҚЎШИҚ Қилгайсиз менга ҳам ёрдам

БУ МАҚОЛАДА *

Бошқа қўйлар («ўн киши») мойланганлар («бир яҳудий») билан биргаликда Яҳовага топиниш шарафига эга (1–2- хатбошиларига қаранг.)

1. Яҳова бизнинг замонамиз борасида қандай башорат айтган?

ЯҲОВА бизнинг замонамиз ҳақида қуйидагича башорат айтган: «Барча халқлардан бўлган, турли тилларда гапирадиган ўн киши бир яҳудийнинг кийимидан ушлаб олади. Ҳа, маҳкам ушлаб олиб: “Биз сиз билан борамиз, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик”,— дейишади». (Закр. 8:23) Бу оятдаги «бир яҳудий» Яҳова муқаддас руҳи билан мойлаган кишиларни билдиради. Улар «Худонинг Исроили» деб ҳам номланади. (Галат. 6:16) «Ўн киши» эса ер юзида абадий яшашга умид қиладиганларни англатади. Улар Яҳова мойланганларни танлаганини билади ва улар билан биргаликда топинишни шараф деб ҳисоблайди.

2. Қай йўсин «ўн киши» мойланганлар билан «боради»?

2 Бугунги кунда ер юзидаги барча мойланганларнинг исмини билишнинг имкони бўлмаса-да *, ер юзида яшашга умид қиладиганлар улар билан «бориши» мумкин. Қанақасига? Муқаддас Китобга кўра, «ўн киши бир яҳудийнинг кийимидан ушлаб олади» ва шундай дейди: «Биз сиз билан борамиз, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик». Муқаддас Китобда биттагина яҳудий тилга олинган. Аммо «сиз» ва «сизлар» деган иборалар бу бир киши эмаслигига ишора қиляпти. Кўряпмизки, оятда тилга олинган яҳудий фақатгина бир кишини эмас, балки мойланганларнинг бутун гуруҳини англатади. Мойланмаганлар эса улар билан биргаликда Яҳовага хизмат қилади. Аммо улар танланганларни йўлбошчи деб билмайди, зеро уларнинг Йўлбошчиси Исо эканини тушунишади. (Мат. 23:10)

3. Ушбу мақоладан қайси саволларнинг жавобини билиб оламиз?

3 Ҳозирда Худонинг халқи орасида мойланганлар бор экан, қуйидаги саволлар туғилиши ҳеч гап эмас: 1) мойланганлар ўзларига қандай нуқтаи назарда бўлишлари керак? 2) Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қиладиганларга қандай муносабатда бўлиш лозим? 3) Рамзлардан қабул қиладиганларнинг сони ўсиб боришидан хавотирланишимиз керакми? Ушбу мақоладан мазкур саволларнинг жавобини билиб оламиз.

МОЙЛАНГАНЛАР ЎЗЛАРИГА ҚАНДАЙ НУҚТАИ НАЗАРДА БЎЛИШЛАРИ КЕРАК?

4. Мойланганлар 1 Коринфликларга 11:27–29 даги қайси огоҳлантирув устида жиддий мулоҳаза юритиши керак ва нега?

4 Мойланганлар 1 Коринфликларга 11:27–29 да (ўқинг) келтирилган сўзлар устида чуқур фикр юритишлари лозим. Қандай қилиб мойланган киши Қутлуғ Кечликда рамзлардан «номуносиб тарзда» қабул қилиши мумкин? Агар у Яҳованинг адолатли меъёрларига мувофиқ яшамаса-ю, рамзлардан қабул қилса, номуносиб йўл тутган бўлади. (Иброн. 6:4–6; 10:26–29) Мойланганлар шуни билишадики, «Тангрининг... Исо Масиҳ орқали берган самовий даъватига, мукофотига» эришиш учун садоқатли қолишлари керак. (Филип. 3:13–16)

5. Мойланганлар ўзларига нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишлари керак?

5 Яҳованинг хизматчилари Унинг муқаддас руҳи ёрдамида камтар бўла олади. (Эфес. 4:1–3; Колос. 3:10, 12) Шу боис, мойланганлар ўзларини бошқалардан устун қўймайди. Қолаверса, улар шуни биладики, улар мойлангани Яҳова бошқа хизматчиларига қараганда уларга кўпроқ муқаддас руҳ беради дегани эмас. Мойланганлар Муқаддас Китобни бошқалардан яхшироқ тушунамиз, деб ҳисобламайди. Бундан ташқари, улар бошқаларга улар ҳам мойланган эканини ва рамзлардан қабул қилишлари кераклигини айтмайди. Аксинча, улар фақатгина Яҳова кишини самода яшашга таклиф қилишини камтаринлик ила тан олади.

6. Коринфликларга биринчи мактуб 4:7, 8 га биноан, мойланганлар ўзларини қандай тутишлари даркор?

6 Мойланганлар самода яшашга таклиф қилиниш шараф эканини билса-да, бошқалар уларга ўзгача муносабат қилишларини кутмайди. (Филип. 2:2, 3) Шунингдек, Яҳова кимнидир мойласа, У буни бошқаларга ошкор қилмаганини мойланганлар билади. Шу сабабли, самода яшаш умидига эга бўлган инсон кимдир у мойланганига шу заҳоти ишонмаса, ҳайрон қолмайди. Чунки Худодан ўзгача шараф олганман, деб айтаётганларга дарҳол ишонмаслик кераклиги ҳақида Муқаддас Китобда ёзилганини у яхши билади. (Ваҳ. 2:2) Мойланган масиҳий ўзига ортиқча эътибор қаратишни истамайди ва одамлар билан танишганда, самода яшаш умиди борлигини пеш қилмайди. Албаттаки, у бу ҳақида бошқаларга мақтанмайди. (1 Коринфликларга 4:7, 8 ни ўқинг.)

7. Мойланганлар нимадан қочади ва нега?

7 Мойланганлар гўёки ўзгача гуруҳнинг аъзоларидек, фақат мойланганлар билан вақт ўтказиш керак, деб ҳисобламайди. Қолаверса, улар қай йўсин мойланганини муҳокама қилиш ва Муқаддас Китобни ўрганиш учун алоҳида гуруҳларни ташкил этиш мақсадида, бошқа мойланганларни изламайди. (Галат. 1:15–17) Акс ҳолда жамоатда бирлик бўлмасди ва улар Худонинг халқи орасида тинчлик ҳамда якдиллик бўлишига ёрдам бераётган муқаддас руҳга қарши чиққан бўларди. (Рим. 16:17, 18)

МОЙЛАНГАНЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛИШ КЕРАК?

Мойланганларга ёки бошчиликни зиммасига олганларга машҳур кишилар билан муомала қилгандай, йўл тутмаслигимиз керак (8- хатбошига қаранг.) *

8. Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қиладиганлар билан муносабат қилганда, нега эҳтиёт бўлишимиз керак? (Изоҳга ҳам қаранг.)

8 Мойланган имондошларимизга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Инсон ҳатто Масиҳнинг мойланган биродари бўлса ҳам, уни ҳаддан ортиқ юксалтириш нотўғри бўларди. (Мат. 23:8–12) Муқаддас Китоб бизни оқсоқолларнинг «имонларига эргашишга» ундаса-да, ҳеч қандай инсонни улуғлашимизни маъқулламайди. (Иброн. 13:7) Тўғри, Аллоҳнинг Каломида «икки баробар ҳурматга сазовор бўлганлар» ҳақида ёзилган. Лекин улар бундай шарафга мойланганлари учун эмас, балки «яхши бошчилик қилишда» ҳамда «гапиришда ва таълим беришда заҳмат чекаётганлари» учун эга бўлганлар. (1 Тим. 5:17) Мойланганларга ҳаддан ортиқ кўп эътибор қаратсак, улар ўзларини ноқулай ҳис этишлари мумкин *. Ёки энг ёмони улар мағрурланиб кетишларига сабабчи бўлишимиз эҳтимолдан йироқ эмас. (Рим. 12:3) Дарҳақиқат, ҳеч биримиз Масиҳнинг мойланган биродари бундай жиддий хатога йўл қўйишига сабабчи бўлишни истамаган бўлардик. (Луқо 17:2)

9. Қай йўсин мойланганларга ҳурмат кўрсата оламиз?

9 Мойланганларни қай йўсин ҳурмат қила оламиз? Масалан, улар қандай мойланишганини сўрамаймиз. Бу шахсий масала ва у ҳақида билишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. (1 Салон. 4:11; 2 Салон. 3:11) Боз устига, унинг турмуш ўртоғи, ота-онаси ёки бошқа оила аъзолари ҳам мойланган, деб хулоса қилмаймиз. Ахир инсон самода яшаш умидини мерос қилиб олмайди. Аксинча, бу умидни Худо беради. (1 Салон. 2:12) Шунингдек, бошқаларнинг қалбини оғритадиган саволлар беришдан қочамиз. Мисол учун, мойланган биродарнинг хотинидан турмуш ўртоғисиз ер юзида абадий яшаш ҳақида у қандай фикрда эканини суриштирмаймиз. Дарвоқе, янги дунёда Яҳова «ҳар бир тирик жоннинг истагини қондиришига» мутлақ аминмиз. (Заб. 145:16)

10. Одамларни улуғлашдан қочсак, ўзимизни қандай ҳимоялаган бўламиз?

10 Мойланганларга ўзгача муносабат кўрсатмасак, ўзимизни ҳам ҳимоялаган бўламиз. Қандай қилиб? Муқаддас Китобда ёзилишича, мойланганларнинг баъзилари охиригача содиқ қолмаслиги мумкин. (Мат. 25:10–12; 2 Бутр. 2:20, 21) Агар одамларни улуғлашдан қочсак, ҳатто мойланган ё таниқли ёки кўп йиллар давомида Худога хизмат қилиб юрган инсоннинг изидан юрмаймиз. (Яҳд. 16) Борди-ю, улар садоқатсизлик қилса ёки ҳақиқатни тарк эса ҳам, Яҳовага хизмат қилишда давом этамиз.

РАМЗЛАРДАН ҚАБУЛ ҚИЛАДИГАНЛАРНИНГ СОНИ ЎСИБ БОРИШИДАН ХАВОТИРЛАНИШИМИЗ КЕРАКМИ?

11. Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қиладиганларнинг сони билан нима бўляпти?

11 Кўп йиллар давомида Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қиладиганларнинг сони пасайиб борган. Лекин сўнгги йилларда бу кўрсаткич ҳар йили ошмоқда. Хўш, бу бизни хавотирга солиши керакми? Йўқ. Келинг, ёдимизда тутишимиз керак бўлган бир нечта муҳим омиллар устида мулоҳаза юритамиз.

12. Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қиладиганларнинг сони ўсиб бораётганидан нега хавотирланмаслигимиз керак?

12 «Яҳова ким Унга тегишли эканини билади». (2 Тим. 2:19) Яҳовадан фарқли ўлароқ, Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қиладиганларнинг сонини санашга масъул биродарлар ким чиндан ҳам мойланган эканини билмайди. Шу боис, бу сон ўзларини мойланган деб ўйлайдиганларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, рамзлардан қабул қилганларнинг баъзилари кейинчалик бундай қилишни тўхтатган. Яна бошқаларда ақлий ёки ҳиссий муаммолар бўлгани туфайли улар самода Масиҳ билан биргаликда ҳукм суришларига ишонади. Дарҳақиқат, ер юзида нечта мойланган қолганини аниқ билмаймиз.

13. Буюк мусибат бошланганида, ер юзида қанча мойланган бўлиши тўғрисида Муқаддас Китобда айтилганми?

13 Исо мойланганларни осмонга йиғиш учун келганида, улар ернинг турли жойларида яшаётган бўлади. (Мат. 24:31) Муқаддас Китобда айтилишича, охирги кунларда ер юзида мойланганларнинг оз қисми бўлади. (Ваҳ. 12:17) Аммо Каломда буюк мусибат бошланганида, айнан қанча мойланган бўлиши тўғрисида ҳеч нима айтилмаган.

Қутлуғ Кечликда кимдир рамзлардан қабул қилишни бошласа, бунга қандай муносабат кўрсатишимиз лозим? (14- хатбошига қаранг.)

14. Римликларга 9:11, 16 да айтилганидай, мойланганларнинг танланиши борасида нимани тушунишимиз лозим?

14 Қачон танлашни Яҳованинг Ўзи ҳал қилади. (Рим. 8:28–30) Исо тирилганидан сўнг Яҳова мойланганларни танлашни бошлади. Эҳтимол, биринчи асрдаги барча масиҳийлар мойланганлар эди. Ундан кейинги йиллар мобайнида эса, ўзини Масиҳнинг издоши деб атаганларнинг аксарияти унинг йўлидан юрмаган. Аммо шунда ҳам ўша йиллар давомида Яҳова бир нечта ҳақиқий масиҳийни мойлаган. Улар Исо айтганидай, бегона ўтлар орасида ўсган буғдойдай эди. (Мат. 13:24–30) Охирги кунларда Яҳова 144 000 та мойланганлар орасига кирадиганларни танлашда давом этиб келмоқда *. Шу боис, Яҳова охират келишидан аввал кимнидир танласа, Унинг донолигини шубҳа остига қўймаймиз. (Римликларга 9:11, 16 ни ўқинг.) * Исо масалларидан бирида келтирган ишчиларга ўхшаб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Улар хўжайини бир соат меҳнат қилган ишчиларга қандай муносабат кўрсатганидан нолиган. (Мат. 20:8–15)

15. Мойланганларнинг барчаси Матто 24:45–47 да тилган олинган «ишончли ва ақлли хизматкор»га кирадими? Тушунтиринг.

15 Осмонда яшашга умидвор бўлганларнинг ҳаммаси ҳам «ишончли ва ақлли хизматкор»га кирмайди. (Матто 24:45–47 ни ўқинг.) Биринчи асрда бўлгани каби Яҳова ҳамда Исо бир нечта биродар орқали кўпчиликни тўйдирмоқда, яъни уларга таълим бермоқда. Биринчи асрда мойланган масиҳийларнинг атиги бир нечтаси Юнонча ёзувларни ёзишда қатнашган. Ҳозирги кунда ҳам мойланганларнинг бир нечтаси Худонинг халқига «ризқ-рўзни вақтида» бериш учун масъул.

16. Ушбу мақоладан нималарни билиб олдингиз?

16 Бу мақоладан нималарни билиб олдик? Яҳова Ўз халқининг аксар қисмига ер юзида абадий яшаш ва озгина қисмига Исо билан самода бошқариш умидини беришга қарор қилган. Яҳова барча хизматчилари — хоҳ «бир яҳудий», хоҳ «ўн киши» бўлсин — Унинг ўша-ўша қонунларига итоат қилишларини ва садоқатли қолишларини истайди. Барчамиз камтарин бўлишимиз ва бир ёқадан бош чиқарган ҳолда Худога хизмат қилишимиз зарур. Шунингдек, ҳаммамиз жамоатда тинчлик бўлишига ҳисса қўшишимиз даркор. Охират яқинлашар экан, келинг, «бир сурув» бўлиб, Яҳова ҳамда Исога хизмат қилишдан тўхтамайлик. (Юҳан. 10:16)

^ абз. 5 Бу йили Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлаш маросими 7 апрель сешанба куни бўлиб ўтади. Қутлуғ Кечлик маросимида рамзлардан қабул қиладиганларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Рамзлардан қабул қиладиганларнинг сони ўсиб боришидан хавотирланишимиз керакми? Ушбу мақоладан мазкур саволларга жавоб топамиз. У «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил январь сонидаги мақолага асосланган.

^ абз. 2 Забур 87:5, 6 га кўра, эҳтимол, келажакда Худо Исо билан самода ҳукм сурадиганларнинг исмларини ошкор қилиши мумкин. (Рим. 8:19)

^ абз. 8 «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил январь сонидаги «Севги “одобсизлик қилмайди”» номли рамкага қаранг.

^ абз. 14 Ҳаворийлар 2:33 дан кўриб турганимиздек, муқаддас руҳ Исо орқали ёғдирилса ҳам, Яҳованинг Ўзи ҳар бир кишини таклиф қилади.

^ абз. 14 Бу ҳақда кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2007 йил 1 май (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.

34- ҚЎШИҚ Бенуқсон бўлиб юринг

^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Расмга тушиш мақсадида, бош идора вакили ва унинг турмуш ўртоғининг атрофини ўраб олиш нақадар ҳурматсизлик бўларди!