Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова кўнглингизни кўтаришига йўл қўйинг

Яҳова кўнглингизни кўтаришига йўл қўйинг

Ташвишлар гирдобида қолганимда, менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг. ЗАБ. 94:19

44- ҚЎШИҚ Шикаста қалб ноласи

БУ МАҚОЛАДА *

1. Хавотирланишга нима сабаб бўлиши ва бу бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

ЎЗИНГИЗНИ хавотирлар * ўраб олгандай ҳис қилганмисиз? Эҳтимол, бошқаларнинг гапи ёки иши қалбингизни жароҳатлаганидан хавотирланаётгандирсиз. Ёки ўзингиз бирон нима айтганингиз ёки қилган ишингиз дастидан ташвишланаётгандирсиз. Масалан, қандайдир хатога йўл қўйдингиз ва энди Яҳова мени ҳеч қачон кечирмайди, деб хавотирга тушяпсиз. Устига-устак, хавотирларга берилганингиз туфайли ўзингизни имони суст ва ёмон одамдай ҳис этаётгандирсиз. Хўш, аслида ҳам шундайми?

2. Муқаддас Китобдаги қайси мисоллар хавотирланиш имони суст эканликнинг белгиси эмаслигини кўрсатмоқда?

2 Муқаддас Ёзувлардаги бир нечта мисолга диққат қаратайлик. Шомуил пайғамбарнинг онаси Ханна кучли имонга эга эди. Шунга қарамай, оиласидаги бир кишининг ёмон муносабати туфайли у хавотирга берилган. (1 Шоҳ. 1:7) Қолаверса, ҳаворий Павлуснинг имони кучли бўлган, аммо у жамоатлар учун қаттиқ ташвишланган. (2 Кор. 11:28) Бундан ташқари, шоҳ Довуд кучли имон соҳиби эди ва Яҳова ҳам уни жуда яхши кўрган. (Ҳавор. 13:22) Аммо шунда ҳам Довуд уни ташвишга солган хатоларга йўл қўйган. (Заб. 38:4) Тангри Яҳова уларнинг ҳар бирига тасалли бериб, кўнглини кўтарган. Келинг, уларнинг мисолларидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

САДОҚАТЛИ ХАННАДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛЯПМИЗ?

3. Қай йўсин бошқаларнинг гаплари ташвишланишимизга сабаб бўлиши мумкин?

3 Бошқалар қаттиқ гапирса ёки қўпол муомала қилса, хавотирланишимиз мумкин. Айниқса, қалбимизни яралаган инсон яқин дўстимиз ёки қариндошимиз бўлса бундай бўлиши ҳеч гап эмас. Ўша инсон билан бўлган муносабатларимиз барбод бўлди, деб ташвишланишимиз турган гап. Баъзида бизни хафа қилган инсон ўйламай гапириши ва бу бизни қиличдай жароҳатлаши мумкин! (Ҳик. 12:18) Ёки кимдир қалбимизни оғритиш мақсадида атайин бирон нима айтар. Бир синглимиз бундай қийинчиликка дуч келди. «Бир неча йил аввал,— дейди у — яқин дўстим деб билган инсон Интернет орқали мен ҳақимда миш-мишлар тарқата бошлади. Бу оғир ботди ва хавотирландим. У нима учун орқамдан пичоқ ураётганини тушуна олмасдим». Агар яқин дўстингиз ёки қариндошингиз қалбингизни оғритган бўлса, Ханнанинг мисолидан кўп нарсага ўргана оласиз.

4. Ханна қандай қийин муаммоларга дуч келганди?

4 Ханна бир нечта жиддий муаммо билан курашишига тўғри келган. У кўп йиллар мобайнида фарзандли бўла олмаган. (1 Шоҳ. 1:2) Исроилликларнинг маданиятида бепушт аёл лаънатланган деб ҳисобланарди. Бу туфайли у жуда уялган. (Ибт. 30:1, 2) Буниси етмагандай, унинг эри Панинна исмли бошқа аёлни ҳам хотинликка олганди. У эса эрига фарзандлар туғиб берганди. Панинна Ханнани рақиби деб биларди ва «уни мазах қилиб, тинмай дилини оғритарди». (1 Шоҳ. 1:6) Бошида бу қийинчилик билан курашиш Ханна учун осон бўлмаган. У сиқилганидан «йиғлаб, туз ҳам тотмади». Ханна «қаттиқ қайғурганди». (1 Шоҳ. 1:7, 10) Ханна қандай қилиб тасалли топди?

5. Қай йўсин ибодат Ханнага ёрдам берди?

5 Ханна Яҳовага ибодат қилиб, қалбидагини Унга тўкиб солди. Ибодат қилгач, у ўз вазиятини олий руҳоний Элахга тушунтириб берди. У эса Ханнага: «Эсон-омон бор. Исроилнинг Тангриси тилагингни бажо келтирсин»,— деди. Хўш, бунинг натижаси қандай бўлди? Ханна «у ердан кетиб овқат еди, энди унинг чеҳраси очиқ эди». (1 Шоҳ. 1:17, 18) У ибодат ёрдамида тинчланди.

Қай йўсин Ханна сингари ички хотиржамликка эга бўла оламиз? (6–10- хатбошиларига қаранг.)

6. Ибодат борасида Ханнадан ва Филиппиликларга 4:6, 7 даги маслаҳатдан нимани ўрганяпмиз?

6 Ибодатда саботли бўлсак, тинчликка эга бўла оламиз. Ханна узоқ вақт давомида самовий Отаси билан суҳбат қурди. (1 Шоҳ. 1:12) Сиз ҳам узоқ вақт мобайнида Яҳовага ташвишларингиз, қўрқувларингиз ва заифликларингиз ҳақида айтишингиз мумкин. Ибодатларимиз шоирона ёки мукаммал тарзда айтилиши шарт эмас. Баъзида бизни қайғуга ботираётган нарсалар тўғрисида Яҳовага айтаётиб ҳатто йиғлармиз. Лекин барибир Яҳова бизни тинглашдан асло чарчамайди. Муаммоларимиз борасида ибодат қилишдан ташқари, Филиппиликларга 4:6, 7 даги (ўқинг) маслаҳатни ёдда тутишимиз лозим. Павлус алоҳида эслатганидай, ибодатда миннатдорчилик билдиришимиз керак. Яҳовадан миннатдор бўлишимиз учун кўп сабабларимиз бор. Мисол учун, ҳаёт инъоми, У яратган гўзал ижодлар, меҳр-садоқати ва бизга берган ажойиб умиди учун Унга раҳмат айта оламиз. Хўш, Ханнадан яна қандай сабоқ оляпмиз?

7. Ханна ва унинг эри мунтазам равишда нима қилган?

7 Муаммоларга қарамай, Ханна эри билан биргаликда Шилўга — Яҳовага топинадиган жойга мунтазам боришда давом этган. (1 Шоҳ. 1:1–5) Ханна муқаддас чодирда бўлганида, олий руҳоний Яҳова унинг ибодатига жавоб беришига умид қилишини айтиб, унга далда берган. (1 Шоҳ. 1:9, 17)

8. Қай йўсин йиғилишлар бизга ёрдам бера олади? Тушунтиринг.

8 Йиғилишларга боришда давом этсак, тинчликка эга бўла оламиз. Кўпинча биродар йиғилиш бошида ибодат қилганида Худодан муқаддас руҳ сўрайди. Тинчлик эса ўша руҳнинг самарасидир. (Галат. 5:22) Ташвишлар гирдобида қолганда ҳам йиғилишларга бораверсак, Яҳова ҳамда имондошларимиз бизга далда бериши ва онгимизу қалбимизда тинчликка эга бўлишимизга ёрдамлашиши учун уларга имкон берган бўламиз. Яҳова кўнглимизни кўтаришида ибодат ва йиғилишлар муҳим аҳамият касб этади. (Иброн. 10:24, 25) Хўш, Ханнадан яна қандай сабоқ олишимиз мумкин?

9. Ханнанинг вазиятида нима ўзгармаган, аммо нима унга ёрдам берган?

9 Ханна хавотирланишига сабаб бўлган муаммо шу заҳоти ҳал бўлмади. Ханна муқаддас чодирда топиниб қайтгач, яна ўша хонадонда Панинна билан яшашда давом этган. Қолаверса, Паниннанинг муносабати ўзгаргани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган. Афтидан, Ханна унинг оғир ботадиган сўзларига чидашда давом этган. Бироқ Ханна ички хотиржамликка эга бўлган. У муаммосини ибодатда Яҳовага айтгач, бу ҳақда бошқа ташвишланмаган. У Яҳова унга тасалли беришига ва кўнглини кўтаришига йўл қўйган. Муайян вақт ўтгач, Яҳова Ханнанинг ибодатига жавоб берган ва у бир нечта фарзанд кўрган. (1 Шоҳ. 1:19, 20; 2:21)

10. Ханнанинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

10 Ҳатто муаммоларимиз бартараф бўлмаса-да, тинчликка эга бўла оламиз. Ибодат қилсак ҳам, йиғилишларга мунтазам қатнасак ҳам, айрим муаммолар ўз ечимини топмаслиги мумкин. Ханнанинг мисолидан кўряпмизки, хавотирга берилганимизда, кўнглимизни кўтариш учун Яҳовага ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди. Яҳова бизни асло унутмайди ва эртами ё кечми садоқатимиз учун мукофотлайди. (Иброн. 11:6)

ҲАВОРИЙ ПАВЛУСДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛЯПМИЗ?

11. Ташвишланиши учун Павлусда қандай сабаблар бор эди?

11 Ташвишланиши учун Павлусда сабаблар кўп эди. Масалан, у биродару опа-сингилларини севган ва улар дуч келган муаммолар Павлусга тинчлик бермаган. (2 Кор. 2:4; 11:28) Павлус ваъз қилганида, қарши чиққан одамлар уни дўппослашган ва қамоққа ташлашган. Шунингдек, у «муҳтожлик» каби хавотирланишга сабаб бўладиган қийинчиликларга дуч келган. (Филип. 4:12) Бунинг устига, Павлус камида уч марта кема ҳалокатига учрагани устида мулоҳаза юритсак, у қанчалар хавотирланганини тасаввур қила оламиз, холос. (2 Кор. 11:23–27) Қандай қилиб Павлус ташвишлари билан курашган?

12. Павлусга ҳаддан ортиқ ташвишланмасликка нима ёрдам берган?

12 Биродару опа-сингилларининг қийинчиликлари Павлусга тинчлик бермаган, лекин у ўша муаммоларнинг барчасини ёлғиз ҳал қилишга интилмаган. Чунки ёлғиз ўзи ечим топа олмаслигини билган. У бошқалардан жамоат ишларида ёрдам беришларини сўраган. Мисол учун, у Тимўтий ва Титус каби ишончли кишиларга кўпгина масъулиятли вазифалар топширган. Шубҳасизки, ўша биродарларнинг ёрдами туфайли Павлуснинг ташвишлари камайган. (Филип. 2:19, 20; Титус. 1:1, 4, 5)

Ҳаворий Павлуснинг мисолидан кўрганимиздай, ортиқча хавотирларга берилмаслик учун нима қила оламиз? (13–15- хатбошиларига қаранг.)

13. Қай йўсин оқсоқоллар Павлусга тақлид қила олади?

13 Бошқалардан сизга ёрдам беришларини сўранг. Павлус сингари меҳрибон оқсоқолларнинг кўпи жамоатдаги имондошлари дуч келаётган қайғулар туфайли хавотирга берилишади. Аммо битта оқсоқол жамоатдаги барчага ёрдам бера олмаслиги мумкин. Агар у буни тан олса, талабларга мос келадиган бошқа биродарлардан ёрдам сўрайди ва жамоат ишларига ғамхўрлик қилишда ёшларга таълим беради. (2 Тим. 2:2)

14. Павлус нимадан ташвишланмаган ва бундан қандай сабоқ оляпмиз?

14 Тасаллига муҳтож эканингизни тан олинг. Павлус камтарин бўлгани учун дўстларининг тасаллисига муҳтож эканини билган. У бошқаларнинг тасаллисига муҳтож эканини тан олса, одамлар уни заиф деб ўйлашидан хавотирланмаган. Филимўнга йўллаган мактубида Павлус қуйидагича ёзган: «Севгингиз менга кўп қувонч ва тасалли келтирди». (Филим. 7) Шунингдек, Павлус қийинчиликлар пайтида унга яхшигина тасалли берган бошқа бир нечта имондошини ҳам эслатиб ўтган. (Колос. 4:7–11) Далдага муҳтож эканимизни тан олсак, биродару опа-сингилларимиз бизни қўллаб-қувватлашдан хурсанд бўлади.

15. Павлус қайғули вазиятга дуч келганида қай йўсин тасалли топган?

15 Худонинг Каломига таянинг. Павлус Муқаддас Ёзувлардан тасалли топа олишини билган. (Рим. 15:4) Қолаверса, Худонинг сўзлари туфайли қийинчиликлар пайтида доноликка эга бўлиши мумкин эди. (2 Тим. 3:15, 16) Павлус Римда иккинчи сафар қамоқда бўлганида ўлими яқин эканини ҳис этган. Бундай қайғули вазиятга рўбарў келганда, у нима қилган? Павлус Тимўтийдан унинг олдига тезроқ келишини ва «ўрама битикларни» олиб келишини сўраган. (2 Тим. 4:6, 7, 9, 13) Нима учун? Эҳтимол, ўша битиклар Ибронийча ёзувларнинг қисмлари бўлган ва Павлус шахсий тадқиқида улардан фойдалана олган. Павлусга эргашиб Муқаддас Китобни доим тадқиқ қилсак, қандай қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъи назар, кўнглимизни кўтариш учун Яҳова Каломидан фойдаланади.

ШОҲ ДОВУДДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛЯПМИЗ?

Шоҳ Довуднинг вазиятидан кўрганимиздай, жиддий хатога йўл қўйсак, бизга нима ёрдам бера олади? (16–19- хатбошиларига қаранг.)

16. Довуд жиддий хатоси туфайли нималарни ҳис қилган?

16 Довуд виждони қийнагани туфайли хавотирга берилган. У Ботшева билан зино қилган, унинг эри ўлдирилишини ташкиллаштирган ва муайян вақт давомида қилмишларини яширишга уринган. (2 Шоҳ. 12:9) Бошида Довуд виждонига қулоқ солмаган. Оқибатда у нафақат маънан, балки ҳиссан ва жисмонан ҳам қийналган. (Заб. 32:3, 4) Жиддий хатолари туфайли орттирган хавотирларини енгишга Довудга нима ёрдам берган? Борди-ю, жиддий хатога йўл қўйсак бизга нима кўмаклаша олади?

17. Забур 51:1–4 дан Довуд чин дилдан тавба қилганини қай йўсин кўришимиз мумкин?

17 Кечирим сўраб ибодат қилинг. Охири Довуд Яҳовага ибодат қилди. У чин дилдан тавба қилиб, гуноҳларини тан олди. (Забур 51:1–4 ни ўқинг.) Бундай йўл тутиб у тинчланди ва қувончини қайтара олди. (Заб. 32:1, 2, 4, 5) Жиддий гуноҳга қўл урсангиз, уни яширишга ҳаракат қилманг. Аксинча, Яҳовага ибодат қилиб, гуноҳингизни очиқчасига тан олинг. Бундай йўл тутиб тинчликка эга бўласиз ва ўзингизни бошқа айбдор ҳис этмайсиз. Лекин Яҳова билан дўстлигингизни тикламоқчи бўлсангиз, ибодатдан кўпроғини қилишингиз зарур.

18. Довуд тарбияга қандай муносабат кўрсатган?

18 Тарбияни қабул қилинг. Яҳова Довуднинг гуноҳини ошкор қилиш учун Натан пайғамбарни юборганида, у ўзини оқламаган ёки гуноҳининг аҳамиятини пасайтирмаган. У нафақат Ботшеванинг эрига, балки биринчи навбатда Яҳовага қарши гуноҳ қилганини шу заҳоти тан олган. Довуд Яҳованинг тарбиясини қабул қилган ва Яҳова уни кечирган. (2 Шоҳ. 12:10–14) Жиддий гуноҳга қўл урган бўлсак, Яҳова чўпон сифатида тайинлаган биродарларга мурожаат қилишимиз зарур. (Ёқб. 5:14, 15) Шунингдек, ўзимизни оқлашдан қочишимиз лозим. Биз берилган ҳар қандай тарбияни қанча тез қабул қилсак, тинчлик ва қувончга шунча тез эришамиз.

19. Нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши керак?

19 Ўша-ўша хатоларни такрорламаслик қарорингиз қатъий бўлсин. Довуд яна ўша-ўша гуноҳларга қўл урмаслик учун Яҳованинг ёрдамига муҳтож эканини билган. (Заб. 51:7, 10, 12) Яҳова Довудни кечиргач, у ёмон фикрлаш тарзидан қочишга қатъий қарор қилган. Натижада ички хотиржамликка эга бўлган.

20. Яҳова бизни кечиргани учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

20 Тавба қилсак, Яҳованинг тарбиясини қабул қилсак ва хатоларимизни такрорлашдан қочсак, Унинг кечирими учун миннатдор эканимизни кўрсатамиз. Бу қадамларни қўйгач, қалбимиздаги тинчлик тикланади. Жиддий гуноҳга қўл урган Жеймс биродаримиз мазкур сўзлар чин эканига амин бўлди. У шундай деди: «Гуноҳим ҳақида оқсоқолларга айтганимда, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Қалбимда яна тинчлик ҳукм сура бошлади». Қуйидаги сўзлар бизга нақадар далда бахш этади: «Яҳова қалби ўксиганларга яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради». (Заб. 34:18)

21. Яҳова кўнглимизни кўтаришига қай йўсин йўл қўя оламиз?

21 Охирзамон ўз ниҳоясига етар экан, ташвишланишимиз учун сабаблар кўпайиши мумкин. Сизни хавотирга солувчи фикрлар пайдо бўлса, Яҳовадан ёрдам излашни орқага сурманг. Муқаддас Китобни қунт билан тадқиқ қилинг. Ханна, Павлус ва Довуднинг мисолларидан сабоқ олинг. Ташвишларингизга нима сабаб бўлаётганини аниқлаш учун самовий Отангиздан ёрдам сўранг. (Заб. 139:23) У юкингизни, айниқса, сиз унча ёки умуман назорат қила олмайдиганларини кўтаришига йўл қўйинг. Шунда ўзингизни қуйидаги сўзларни айтган сано бастакоридай ҳис этасиз: «Ташвишлар гирдобида қолганимда, менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг». (Заб. 94:19)

4- ҚЎШИҚ «Яҳова менинг Чўпонимдир»

^ абз. 5 Вақти-вақти билан барчамиз муаммоларимиз дастидан хавотирланамиз. Бу мақолада хавотирлар билан курашган Худонинг қадимги учта хизматчисининг мисолига диққат қаратамиз. Шунингдек, Яҳова қай йўсин уларнинг ҳар бирига тасалли бериб, кўнглини кўтарганини билиб оламиз.

^ абз. 1 ИБОРА МАЪНОСИ. Хавотирланиш бирон нимадан қўрқиш ёки ташвишланиш. Пул билан боғлиқ ташвишлар, соғлик масаласи, оилавий муаммолар ёки бошқа қийинчиликлар бунга сабаб бўлиши мумкин. Бунинг устига, ўтмишдаги хатоларимиз ёки келажакда қандай қийинчиликларга дуч келишимиз ҳақида ўйлаб ташвишларга берилишимиз ҳеч гап эмас.