Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Биз борамиз! Бизни юбор!»

«Биз борамиз! Бизни юбор!»

Эҳтиёж катта бўлган жойга, эҳтимол, ўзга юртга кўчиб, хизматингизни кенгайтиришни истайсизми? Агар шундай бўлса, Бергейм жуфтлигининг мисоли сиз учун фойдали бўлиши мумкин.

Жэк ва Мери-Лайн 1988 йилдан бери тўла вақтли хизматда биргаликда қатнашиб келяпти. Улар турли шароитларга мослаша олади ҳамда Гваделупа ва Франция Гвианасида турли вазифаларни бажарган. Мазкур иккала жой ҳам ҳозир Франция филиали назорати остида. Келинг, Жэк ва Мери-Лайнга бир нечта савол берайлик.

Тўла вақтли хизматни бошлашга сизни нима ундаган?

Мери-Лайн: Гваделупада улғаяр эканман, кўпинча ойим билан куни бўйи ваъз қилардим. У ғайратли ваъзгўй эди. Одамларни яхши кўраман, шу сабабли 1985 йили мактабни тугатишим билан кашшофликни бошладим.

Жек: Ёшлигимданоқ хизматни севган тўла вақтли хизматчилар билан доим ҳамкорлик қилардим. Мактабда таътилга чиққанда, кўмакчи кашшофликни олардим. Дам олиш кунлари баъзида автобусда кашшофларга қўшилиб, уларнинг ҳудудига борардик. Куни билан ваъз қилардик ва охири соҳил бўйида дам олардик. Ўша пайтлари маза эди!

1988 йили Мери-Лайн билан оила қурганимиздан кўп ўтмай, ўзимга шундай дедим: «Эркинмиз, демак кўпроқ хизмат қилишимиз керак». Хуллас, мен ҳам Мери-Лайн каби кашшофликни олдим. Бир йил ўтгач, кашшофлар мактабида ўқидик ва биз махсус кашшоф этиб тайинландик. Гваделупада бизга қувонч келтирган бир нечта вазифани бажардик. Сўнг бизга Франция Гвианасига кўчишни таклиф қилишди.

Йиллар давомида вазифаларингиз кўп марта ўзгарган. Янги шароитларга мослашишингизга нима ёрдам берган?

Мери-Лайн: Франция Гвианаси Байтилидаги биродарлар ёқтирган оятимиз Ишаё 6:8 эканини билишарди. Шу боис, бизни чақиришганда кўпинча ҳазиллашиб: «Ёқтирган оятингиз эсингиздами?» — дейишарди. Шунда бизни янги вазифа кутаётганини тушунардик. Шу боис: «Биз борамиз! Бизни юбор!» — дердик.

Янги вазифамизни олдингилари билан солиштиришдан қочардик. Чунки бу қувончни йўқотишга сабаб бўлиши мумкин эди. Қолаверса, биродару опа-сингиллар билан яқинроқ танишиш учун ташаббус кўрсатардик.

Жэк: Олдинлари айрим дўстларимиз яхши ниятлар ила бизни кўчиш фикридан қайтаришга уринишган. Уларга яқин бўлишимизни исташган. Лекин Гваделупадан кетганимизда, битта биродар Исонинг Матто 13:38 даги «дала — дунё» деган сўзларини эслатган. Шунинг учун вазифамиз ўзгарганида, қаерда бўлмайлик, ўша-ўша далада хизмат қилаётганимизни ўзимизга эслатамиз. Ахир энг муҳими одамлар ва ҳудуд-ку!

Янги ҳудудга келганимизда, бошқалар бу ерда бахтиёр яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шунга маҳаллий аҳоли каби яшашга ҳаракат қиламиз. Озиқ-овқати фарқ қилиши мумкин, аммо соғлик борасида ўринли чоралар кўрган ҳолда, улар еган нарсани ейишга ва ичганини ичишга интиламиз. Ҳар бир вазифамиз тўғрисида ижобий гапиришга ҳаракат қиламиз.

Мери-Лайн: Маҳаллий имондошлардан ҳам кўп нарсани ўрганамиз. Масалан, Франция Гвианасига илк бор келганимни эслайман. Қаттиқ ёмғир ёғаётган эди. Шу боис, ёмғир тингач ваъзгўйликка чиқамиз, деб ўйладик. Лекин бир опамиз мендан: «Кетдикми?» — деб сўради. Мен ҳайрон қолиб: «Қанақасига?»— дедим. У бўлса: «Соябонингизни олинг. Велосипедда борамиз»,— деди. Шундай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳам соябон ушлашни, ҳам велосипед ҳайдашни ўргандим. Акс ҳолда, ёмғир мавсумида хизматга чиқа олмаган бўлардим!

Тахминан 15 марта кўчгансиз. Кўчиш борасида бошқаларга қандай маслаҳатлар бера оласиз?

Мери-Лайн: Кўчиш қийинчилик бўлиши мумкин. Лекин хизматдан кейин ўзингизни бемалол ҳис эта оладиган жой топишингиз муҳим.

Жэк: Одатда янги уйимизнинг ички қисмини бўяб чиқардим. Филиалдаги биродарлар у ерда узоқ вақт қолмаслигимиз мумкинлигини тушуниб, гоҳида шундай дейишарди: «Жэк, бу уйни бўяманг!»

Мери-Лайн нарсаларни жойлаш борасида устаси фаранг! У барча нарсани қутиларга жойлаб, «ваннахона», «ётоқхона», «ошхона» ва шунга ўхшаш ёзувлар қўйиб чиқади. Янги уйимизга келганимизда, қутиларни тезда керакли хонага жойлаштирамиз. Керакли нарсани осонликча топа олишимиз учун у ҳар бир қутига ичида нима борлигини ёзиб қўяди.

Мери-Лайн: Тартибли бўлишга ўрганганимиз туфайли хизматга тезда киришиб кета оламиз.

«Хизматингни тўла адо эт» деган сўзларга амал қилиш учун қандай жадвал тузасиз? (2 Тим. 4:5)

Мери-Лайн: Душанба кунлари дам оламиз ва йиғилишга тайёргарлик кўрамиз. Сешанбадан бошлаб хизматга чиқамиз.

Жэк: Гарчи биз учун соат нормаси белгиланган бўлса-да, бу билан чегараланиб қолмаймиз. Хизмат ҳаётимизда марказий ўринни эгаллайди. Уйдан чиқиб кетганимиздан бошлаб то қайтиб келгунимизча, барчага ваъз қилишга ҳаракат қиламиз.

Мери-Лайн: Масалан, табиат қўйнига чиққанимизда, доим ўзим билан букламалар оламан. Баъзида ҳатто Яҳованинг Шоҳидлари эканимизни айтмасак ҳам, одамлар бизга мурожаат қилиб адабиётларимизни сўрайди. Шу боис, кийимимиз ва хулқимиз ўринли бўлишига диққат қаратамиз. Одамлар бундай нарсаларни сезади.

Жэк: Қўшниларимизга яхшиликлар қилиб ҳам шоҳидлик беришга интиламиз. Мисол учун, уйимиз атрофидаги қоғоз ва ахлатни йиғаман, кўчани барглардан тозалайман. Қўшниларимиз буни сезади ва гоҳида: «Балки биз учун Муқаддас Китобингиз ҳам бордир?» — дейишади.

Кўпинча олис ҳудудларда хизмат қилгансиз. Шу сафарлардан бирида бўлган қайси воқеа эсингизда қолган?

Жэк: Гвиананинг айрим ҳудудларига етиб бориш қийин. Кўпинча ғадир-будур йўллардан юриб, бир ҳафта ичида 600 километр масофани босиб ўтамиз. Амазонка ўрмонидаги Сен-Эли қишлоғига борганимиз унутилмас воқеа бўлган. У ерга етиб бориш учун бир неча соат кетди. Йўл танламас автомобиль ва моторли қайиқдан фойдаландик. У ердаги аксарият аҳоли олтин қидирувчилар эди. Адабиётларимиз учун миннатдорчилик билдириш мақсадида, баъзилар хайр-эҳсон сифатида соф олтиннинг кичик бўлакчаларини беришди. Оқшомда уларга ташкилотимиз видеоларини кўрсатдик. Маҳаллий аҳолининг кўпи ташриф буюрди.

Мери-Лайн: Яқинда Жэкдан Камопи қишлоғида Қутлуғ Кечлик нутқини айтишни сўрашди. У ерга Ояпок дарёси бўйлаб тўрт соат мотор қайиқда сузиб етиб олдик. Бу таассуротли воқеа бўлган!

Жэк: Дарёнинг сув юқори бўлган қисмларида унинг тез оқадиган жойи жуда хавфли бўлиши мумкин эди. Сизни ишонтириб айтаманки, бундай тез оқимларни ўз кўзингиз билан кўриш одамни эсанкиратиб қўяди. Қайиқчи қайиқни йўналтира олиш учун маҳоратли бўлиши керак. Лекин бу ажойиб бўлган. Гарчи у ерда атиги 6 та Шоҳид бўлса-да, Қутлуғ Кечлик маросимига тахминан 50 та одам, жумладан, Америка ҳиндулари ташриф буюрган.

Мери-Лайн: Яҳовага кўпроқ беришни истаган ёшларни шундай ажойиб воқеалар кутмоқда. Бундай вазиятларда Яҳовага таянишингиз керак ва имонингиз мустаҳкамланади. Яҳова бизга ёрдам берганининг тез-тез гувоҳи бўламиз.

Бир нечта тилни ўргангансиз. Сиз учун бу осонми?

Жэк: Йўқ. Эҳтиёж бўлгани учун тилларни ўрганганман. Ҳатто Муқаддас Китоб қироати топширилмасидан аввал, менга сранан-тонго тилида * «Қўриқчи минораси» тадқиқини ўтказиш вазифаси берилди. Кейин биродардан мени тушундими йўқми сўрадим. У: «Баъзи сўзларни тушунмадик, лекин жуда яхши бажардингиз»,— деди. Болалар менга анча ёрдам берди. Хато қилганимда, улар буни айтишарди. Бироқ катталар бундай қилмасди. Ёшлардан кўп нарсани ўргандим.

Мери-Лайн: Ҳудудимизда француз, португал ва сранан-тонго тилларида тадқиқ ўтказардим. Бир опа тадқиқни мен учун энг қийин бўлган тилда бошлашни ва тушунишим учун энг осон бўлган тилда тугатишни маслаҳат берди. Тез орада бу доно маслаҳат бўлганини тушундим.

Бир куни сранан-тонго ва португал тилларида тадқиқ ўтказишим керак эди. Иккинчи тадқиқни бошлаганимда, опамиз менга: «Мери-Лайн, менимча, қандайдир муаммо бор!» — деди. Ўшанда бразилиялик аёлга португал тилида гапиришнинг ўрнига, сранан-тонго тилида гапираётган эканман!

Сизлар билан хизмат қилганлар сизларни жуда қадрлайди. Қандай қилиб имондошлар билан яқин бўла олдингиз?

Жэк: Ҳикматлар 11:25 да: «Сахий инсон равнақ топади»,— дейилган. Бошқалар билан вақт ўтказиш ва улар учун бирон нима қилишдан тортинмаймиз. Йиғилиш залларини таъмирлаш ишларига келсак, баъзилар менга: «Буни ваъзгўйлар қилсин»,— дейишади. Шунда: «Ҳа, мен ҳам ваъзгўйман. Қандайдир иш қилиш керак бўлса, мен тайёрман»,— деб жавоб қайтараман. Ўзимиз учун вақт ажратишимиз керак бўлса-да, бу бизни бошқалар учун яхшиликлар қилишдан тўхтатмаслиги кераклигини ўзимизга тез-тез эслатамиз.

Мери-Лайн: Биродару опа-сингилларимизга шахсий қизиқиш кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Шундай қилиб кимнинг болаларига қараб туриш ёки мактабдан олиб келиш кераклигини билиб оламиз. Шунда уларга кўмаклашиш учун режаларимизни қайта кўриб чиқишимиз мумкин. Бошқалар муҳтож бўлганда, уларга ёрдамлашишга тайёр бўлиш орқали улар билан яқин муносабатларни ривожлантирамиз.

Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиб қандай баракалар олдингиз?

Жэк: Тўла вақтли хизмат ҳаётимизни бойитди. Кўпинча табиат қўйнига чиқиб, Яҳованинг турли-туман ижодларидан завқ олардик. Қийинчиликлар бўлган бўлса-да, қалбимизда тинчлик ҳукм суради, чунки қаерда бўлмайлик, Худонинг хизматчилари бизни қўллаб-қувватлашини биламиз.

Ёшлигимда ҳарбий хизматдан бош тортганим учун Франция Гвианасида қамоққа ташланган эдим. Бир кун келиб бу ерга тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида қайтишимни ва маҳбусларга ваъз қила олишимни ҳатто тасаввур қилмаган эдим! Ҳа, Яҳова сахийлик билан барака беради!

Мери-Лайн: Ўзимни бошқалар учун тақдим этиш менга улкан қувонч бағишлайди. Яҳовага хизмат қилишдан бахтиёрмиз. Бу туфайли никоҳимиз ҳам мустаҳкамланди. Баъзида Жэк тушкунликда бўлган жуфтликни овқатга таклиф қилиш ҳақида сўрайди. Кўпинча: «Мен ҳам айнан шу ҳақида ўйлаётгандим!» — дейман. Икковимиз бир хил нарса ҳақида ўйлаган бўламиз.

Жэк: Яқинда менга простата саратони ташхиси қўйилди. Мери-Лайн буни эшитишни ёқтирмаса-да, унга шундай дедим: «Азизам, эртага ўлишимга тўғри келса, “узоқ умр” кўрмай кетган бўламан. Лекин ҳаётдан мамнун бўлиб кетган бўламан, сабаби ҳаётим маънавий ва арзигулик ишларга тўла!» (Ибт. 25:8)

Мери-Лайн: Яҳова биз учун кутилмаган эшикларни очди ва тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроғини қилишимизга йўл қўйди. Ҳаётимиз ажойиб баракаларга тўла. Худога буткул ишониб шуни айтамизки, Унинг ташкилоти бизни қаерга тайинламасин, ўша ерга боришга тайёрмиз!

^ абз. 32 Сранан-тонго инглиз, немис, португал ва Африка тилларининг қўшилиши натижасида қуллар орасида пайдо бўлган тил.