Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

12- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Қачон гапириш ўринли бўларди?

Қачон гапириш ўринли бўларди?

Сукут сақлашнинг ҳам, гапиришнинг ҳам ўз вақти бор. ВОИЗ 3:7

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. Воиз 3:1, 7 дан қандай сабоқ оляпмиз?

БАЪЗИЛАР кўп гапиришни яхши кўради. Бошқалар эса сукут сақлашни ёқтиради. Ушбу мақоланинг очқич оятида келтирилганидек, ҳам гапиришнинг, ҳам сукут сақлашнинг ўз вақти бор. (Воиз 3:1, 7 ни ўқинг.) Балки айрим биродару опа-сингилларимиз кўпроқ гапиришини исташимиз мумкин. Бошқалар эса камроқ гапиришини хоҳлармиз.

2. Қачон ва қандай гапиришимиз борасида ким меъёрлар ўрнатишга ҳақли?

2 Гапириш қобилияти Яҳованинг ҳадясидир. (Чиқ. 4:10, 11; Ваҳ. 4:11) У Каломи орқали мазкур ҳадядан қай йўсин тўғри фойдаланишни тушунишимизга кўмаклашяпти. Ушбу мақолада қачон гапиришни ва қачон сукут сақлашни билишимизга ёрдамлашадиган Муқаддас Китобдаги мисолларни кўриб чиқамиз. Қолаверса, бошқаларга нималар деяётганимиз ҳақида Яҳова қандай фикрда эканини билиб оламиз. Аввал, келинг, қачон гапиришимиз кераклигини муҳокама қилайлик.

ҚАЧОН ГАПИРИШИМИЗ КЕРАК?

3. Римликларга 10:14 га кўра, қачон гапиришимиз керак?

3 Яҳова ҳамда Шоҳлик тўғрисида гапиришга доим тайёр туришимиз зарур. (Мат. 24:14; Римликларга 10:14 ни ўқинг.) Шу йўсин Исога тақлид қиламиз. Исо ер юзига келганининг муҳим сабабларидан бири Отаси тўғрисидаги ҳақиқатни бошқаларга айтиш эди. (Юҳан. 18:37) Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, қандай гапиришимиз ҳам муҳим. Шу боис, бошқаларга Яҳова ҳақида айтганда буни «мулойимлик ва камоли эҳтиром билан» қилишимиз керак. Кишининг ҳис-туйғуларию эътиқодини ҳурмат қилишимиз лозим. (1 Бутр. 3:15) Шунда гапиришдан кўпроғини қилган бўламиз — таълим берамиз ва балки айтганларимиз кишининг қалбига етиб боради.

4. Ҳикматлар 9:9 га биноан, гапиришимиз бошқаларга қай йўсин кўмаклаша олади?

4 Агар оқсоқоллар биродар, опа ё сингил маслаҳатга муҳтож эканини кўрса, гапиришдан тортинмаслиги керак. Албатта, кишини хижолатга қўймаслик мақсадида, улар гапириш учун ўринли вақтни танлашади. Эҳтимол, улар атрофда бошқа одамлар бўлмайдиган вақтни кутиши мумкин. Оқсоқоллар доим тингловчининг ҳурматини жойига қўйган ҳолда гапиришга интилишади. Лекин улар бошқаларга оқилона йўл тутишга кўмаклашадиган Муқаддас Китоб принциплари билан бўлишишни ортга суришмайди. (Ҳикматлар 9:9 ни ўқинг.) Керак бўлганида гапириш учун жасоратли бўлиш нега шунчалик муҳим? Бир-биридан фарқ қиладиган иккита мисол ҳақида ўйлаб кўринг. Бирида киши ўғилларини тузатиши керак эди, иккинчисида эса аёл киши бўлажак шоҳга нотўғри қарор чиқарганини айтиши лозим эди.

5. Қачон олий руҳоний Элах гапириши керак бўлганда бундай қилмади?

5 Олий руҳоний Элахнинг иккита ўғли бўлиб, у уларни жуда ҳам яхши кўрарди. Бироқ ўғиллари Яҳовани ҳурмат қилишмасди. Улар муқаддас чодирда руҳоний бўлиб хизмат қилиш каби муҳим вазифага эга эди. Лекин улар ҳокимиятини суиистеъмол қилиб, Яҳовага келтирилган назрларга умуман ҳурмат кўрсатишмасди ва очиқчасига жинсий ахлоқсизлик билан шуғулланишарди. (1 Шоҳ. 2:12–17, 22) Мусонинг Таврот китобига кўра, Элахнинг ўғиллари ўлимга лойиқ эди. Аммо Элах бўшлик қилди ва уларни мулойимлик ила шунчаки койиди ҳамда муқаддас чодирдаги хизматларини давом эттиришларига йўл қўйди. (Қонун. 21:18–21) Элах масалага бундай ёндашганига Яҳова қандай қаради? У Элахга: «Нега бундай қилиб ўғилларингни Мендан ортиқ кўряпсан?!» — деди. (1 Шоҳ. 2:29, 34)

6. Элахдан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Элахдан муҳим сабоқ оляпмиз. Дўстимиз ёки қариндошимиз илоҳий қонунни бузганидан хабар топсак, унга Яҳованинг меъёрларини эслатишимиз керак. Сўнг у Яҳованинг вакилларидан керакли ёрдам олишига ишонч ҳосил қилишимиз зарур. (Ёқб. 5:14) Элахдан фарқли равишда, дўст ёки қариндошимизни Яҳовадан ортиқ кўришни асло истамаймиз. Кимдир тузатилишга муҳтож бўлса, унга гапириш учун жасорат керак, лекин ҳаракат қилиш арзийди. Келинг, Элах ва исроиллик аёл Обигайлнинг мисоллари ўртасида қандай фарқ борлигига диққат қаратайлик.

Гапириш учун ўринли вақтни танлашда Обигайл яхши ўрнакдир (7–8- хатбошиларига қаранг.) *

7. Нега Обигайл Довудга гапирди?

7 Обигайл Навол исмли бой ер эгасининг хотини эди. Довуд одамлари билан шоҳ Шоулдан қочиб юрганида, Наволнинг чўпонлари билан бир оз вақт ўтказди ва унинг қўйларини қароқчилардан ҳимоя қилди. Хўш, Навол уларнинг ёрдами учун миннатдор бўлдими? Йўқ. Довуд ўзи ва одамлари учун озгина озиқ-овқат ҳамда сув сўраганида, Наволнинг жаҳли чиқди-да, уларни ҳақоратлаб бақириб берди. (1 Шоҳ. 25:5–8, 10–12, 14) Бунинг оқибатида Довуд Наволнинг хонадонидаги барча эркакларни ўлдиришга қарор қилди. (1 Шоҳ. 25:13, 22) Бундай фалокатдан қочишнинг иложи бормиди? Обигайл гапириш вақти келганини тушунди. Шу сабабли, оч, ғазабга минган ва қуролланган 400 кишини қарши олиш учун жасорат ила йўлга чиқди ҳамда Довудга гапирди.

8. Обигайлнинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

8 Обигайл Довуд билан учрашганда, жасорат ва ҳурмат ила гапириб, фикрларини аниқ етказди. Гарчи бу муаммода Обигайлнинг айби бўлмаса-да, у Довуддан кечирим сўради. У Довуд яхши одам эканини ва тўғри йўл тутишини билишини айтди ҳамда Яҳованинг ёрдамига таянди. (1 Шоҳ. 25:24, 26, 28, 33, 34) Кимдир хавфли йўлга оғиб кетаётганини пайқасак, унга гапириш учун Обигайл сингари жасоратли бўлишимиз зарур. (Заб. 141:5) Унга ҳурмат кўрсатишимиз, лекин шу билан бирга жасур бўлишимиз лозим. Кишига у муҳтож бўлган маслаҳатни меҳр ила берсак, чин дўст эканимизни исботлаймиз. (Ҳик. 27:17)

9–10. Оқсоқоллар бошқаларга маслаҳат беришганда, нимани ёдда сақлашлари керак?

9 Айниқса оқсоқоллар жамоатда хато қилганларга гапириш учун жасоратли бўлишлари даркор. (Галат. 6:1) Улар номукаммал эканини ва бир кун келиб маслаҳатга муҳтож бўлиши мумкинлигини камтаринлик ила тан олишади. Бироқ оқсоқоллар бу нарса таълим-тарбияга муҳтож бўлганларга танбеҳ беришларига тўсқинлик қилишига йўл қўйишмайди. (2 Тим. 4:2; Титус. 1:9) Кишига маслаҳат берганда маҳорат ва сабр ила таълим бериш мақсадида оқсоқоллар гапириш қобилиятидан фойдаланишади. Улар биродарини севишади ва бу севги уларни ҳаракатга ундайди. (Ҳик. 13:24) Аммо уларнинг асосий мақсади — Яҳованинг меъёрларини қўллаб-қувватлаш ва жамоатни ҳимоя қилиш орқали Уни улуғлаш. (Ҳавор. 20:28)

10 Ҳозиргача қачон гапириш кераклигини кўриб чиқдик. Аммо шундай пайтлар бўладики, ҳеч нима демаслик энг яхшисидир. Бундай вазиятларда қандай қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин?

ҚАЧОН СУКУТ САҚЛАШИМИЗ КЕРАК?

11. Ёқуб қандай мисолдан фойдаланган ва нега у ўринли?

11 Гапларимизни назорат қилиш қийин бўлиши мумкин. Муқаддас Китоб ёзувчиси Ёқуб бу қийинчиликни тасвирлаш учун ўринли мисолдан фойдаланган. У қуйидагича деган: «Борди-ю, кимдир сўзида хато қилмаса, у бутун танасини жиловлай оладиган мукаммал инсондир». (Ёқб. 3:2, 3) Жилов отнинг бошига, сувлуқ эса оғзига солинади. Жиловни тортиш орқали отлиқ отни йўналтириши ёки уни тўхтатиши мумкин. Борди-ю, отлиқ жиловни қўлдан чиқарса, от қутурганча югуриши ва ҳам ўзига, ҳам отлиққа зарар етказиши мумкин. Шу сингари, гапларимизни назорат қилмасак, бу кўп зарар келтиради. Келинг, «жиловимизни тортишимиз» ва гапирмаслигимиз керак бўлган айрим вазиятларни кўриб чиқайлик.

12. Қачон «жиловимизни тортиб», гапирмаслигимиз керак?

12 Биродар, опа ё сингил махфий маълумотга эга бўлса, бунга қандай қарайсиз? Масалан, фаолиятимиз тақиқланган ҳудудда яшайдиган имондошимизни учратдингиз дейлик. У ерда фаолиятимиз қай йўсин олиб борилаётгани борасида тафсилотларни сўраш васвасасига бериласизми? Албатта, ниятларингиз ёмон эмас. Имондошларимизни севамиз ва улар билан нималар бўлаётгани биз учун қизиқ. Шунингдек, улар учун аниқ ибодат қилишни истаймиз. Лекин бу «жиловимизни тортиш» ва гапирмаслик вақтидир. Махфий маълумотга эга инсонга босим ўтказсак, ҳам унга, ҳам у уларнинг фаолияти тўғрисида бошқаларга айтмаслигига ишонган биродару опа-сингилларга севги кўрсатмаган бўламиз. Шубҳасизки, фаолиятимиз тақиқланган ҳудудларда яшайдиган биродару опа-сингилларимизнинг қийинчиликларига қийинчилик қўшишни ҳеч биримиз истамаган бўлардик. Шунга ўхшаб, бундай ҳудудда яшайдиган биродар, опа ё синглимиз у ерда яшовчи Шоҳидларнинг хизмати ва маънавий тадбирлар қандай ўтказилиши борасида тафсилотларни айтишни хоҳламаган бўларди.

13. Ҳикматлар 11:13 да таъкидланганидек, оқсоқоллар нима қилиши керак ва нега?

13 Маълумотни махфий сақлаш борасида Ҳикматлар 11:13 да (ўқинг) келтирилган Муқаддас Китоб принципига хусусан оқсоқоллар амал қилиши даркор. Айниқса, оқсоқол уйланган бўлса бу қийин бўлиши мумкин. Турмуш ўртоқлар ўзаро тез-тез суҳбатлашиб, қалби тубидаги фикрлар, туйғулар ва ташвишлар билан бўлишиб муносабатларини мустаҳкам сақлайди. Лекин оқсоқол жамоатдагилар билан бўлган «махфий суҳбат» тўғрисида гапирмаслиги кераклигини тушунади. Акс ҳолда, у бошқаларнинг ишончини йўқотади ва номига доғ туширади. Жамоатда масъулиятга эга бўлганлар «иккиюзламачи» ёки ёлғончи бўлмаслиги даркор. (1 Тим. 3:8) Бу дегани улар айёр ва ғийбат қилишга мойил бўлмаслиги лозим. Оқсоқол хотинини севса, у билиши керак бўлмаган маълумот билан бўлишмайди.

14. Қай йўсин оқсоқолнинг хотини унга яхши номини сақлашга ёрдам бера олади?

14 Хотин эрига махфий маълумот билан бўлишиши учун босим ўтказмаса, унга яхши номини сақлашга ёрдамлашади. Бу маслаҳатга амал қилса, нафақат турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлайди, балки эрига ишонган одамларга ҳам ҳурмат кўрсатган бўлади. Энг асосийси у жамоатнинг тинчлигию бирлигига ҳисса қўшаётгани туфайли Яҳованинг қалбини қувонтиради. (Рим. 14:19)

НИМАЛАР ДЕЯЁТГАНИМИЗ ҲАҚИДА ЯҲОВА ҚАНДАЙ ФИКРДА?

15. Яҳова Аюбнинг учта дўсти ҳақида қандай фикрда эди ва нима учун?

15 Қандай ва қачон гапириш борасида Аюб китобидан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Аюб қалбни тилка-пора қиладиган қийинчиликларга дуч келгач, унга тасалли ва маслаҳат бериш учун тўрт киши келди. Улар узоқ вақт жим ўтиришди. Лекин кейин уч киши, яъни Элифаз, Билдад ва Зўфарнинг гапларидан улар бу вақт давомида Аюбга ёрдам бериш тўғрисида ўйлашмагани аён бўлди. Аксинча, улар Аюб қандайдир нотўғри иш қилиб қўйганини исботлаш ҳақида ўйлашган. Улар бир нечта тўғри фикрлар айтишди, лекин айтганларининг аксарияти Аюб ва Яҳова тўғрисидаги бемеҳр ҳамда ёлғон гаплар эди. Улар Аюбни бешафқатларча ҳукм қилишди. (Аюб 32:1–3) Яҳова бунга қандай муносабат билдирди? Ўша учта кишига нисбатан Яҳованинг ғазаби қайнади. Яҳова уларни ақлсиз деб атади ва Аюбдан улар учун ибодат қилишини сўрашларини айтди. (Аюб 42:7–9)

16. Элифаз, Билдад ва Зўфарнинг салбий мисолларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

16 Элифаз, Билдад ва Зўфарнинг салбий мисолларидан бир нечта сабоқ олишимиз мумкин. Биринчидан, имондошларимизни ҳукм қилмаслигимиз лозим. (Мат. 7:1–5) Аксинча, бир нима дейишдан олдин уларни диққат ила тинглашимиз керак. Шундагина уларнинг вазиятини тушуна оламиз. (1 Бутр. 3:8) Иккинчидан, меҳр ила тўғри сўзларни айтаётганимизга ишонч ҳосил қилишимиз зарур. (Эфес. 4:25) Учинчидан, Яҳова бир-биримизга нималар деяётганимиз билан жуда қизиқади.

17. Элихунинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

17 Аюбни кўришга келган тўртинчи киши Иброҳимнинг қариндоши Элиху эди. У Аюб ва ўша учта кишининг гапларини тинглади. У айтилганларни диққат ила тинглаганга ўхшайди. Чунки Аюбнинг фикрлаш тарзини тузатиш учун унга ёрдамлашган бир нечта маслаҳатни ҳамдардлик ила, лекин тўғридан-тўғри берди. (Аюб 33:1, 6, 17) Элихунинг асосий мақсади ўзини ёки бирон кимни эмас, балки Яҳовани улуғлаш эди. (Аюб 32:21, 22; 37:23, 24) Элихунинг мисолидан кўряпмизки, сукут сақлашнинг ҳам, тинглашнинг ҳам ўз вақти бор. (Ёқб. 1:19) Қолаверса, маслаҳат берганда биринчи навбатда ўзимизни эмас, Яҳовани улуғлаш кераклигини билиб олдик.

18. Гапириш қобилияти каби ҳадяни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

18 Қачон ва қандай гапириш борасида Муқаддас Китоб принципларига амал қилиб, гапириш қобилияти каби ҳадяни қадрлаётганимизни кўрсата оламиз. Доно шоҳ Сулаймон илоҳий илҳом остида шундай ёзган: «Ўз вақтида айтилган сўз, кумуш патнисдаги олтин олмалар кабидир». (Ҳик. 25:11) Бошқаларни диққат ила тингласак ва ўйлаб гапирсак, сўзларимиз олтин олмалар каби қадрли ва чиройли чиқиши мумкин. Шунда кам гапирамизми ё кўпми, гапларимиз бошқаларни мустаҳкамлайди ва Яҳова биз билан фахрланади. (Ҳик. 23:15; Эфес. 4:29) Бу Худонинг ҳадяси учун миннатдорчилик билдиришнинг аъло йўлидир!

82- ҚЎШИҚ Нурингиз порлаб турсин

^ абз. 5 Худонинг Каломида қачон гапиришни ва қачон сукут сақлашни аниқлашимизга ёрдам берадиган принциплар келтирилган. Муқаддас Китобда ёзилганларни билсак ва уларни қўлласак, гапларимиз билан Яҳовани мамнун этамиз.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Опамиз имондошимизга оқилона маслаҳат беряпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Биродар тозалик борасида тавсиялар айтяпти.

^ абз. 66 РАСМГА ШАРҲ. Обигайл ўринли пайтда Довудга гапирди ва натижаси яхши бўлди.

^ абз. 68 РАСМГА ШАРҲ. Бир жуфтлик фаолиятимиз тақиқланган ҳудудда ишимиз қандай олиб борилиши тўғрисида тафсилотларни айтмаяпти.

^ абз. 70 РАСМГА ШАРҲ. Оқсоқол махфий нарсалар тўғрисида гапираётганини ҳеч ким эшитмаётганига ишонч ҳосил қиляпти.