Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бир-бирингизни ихлос билан севинг

Бир-бирингизни ихлос билан севинг

Бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар. 1 БУТР. 1:22

109- ҚЎШИҚ Самимий севги

БУ МАҚОЛАДА *

Исо ўлимидан олдинги кеча ҳаворийлар билан бўлганида, севги фазилатини алоҳида таъкидлаган (1–2- хатбошиларига қаранг.)

1. Исо шогирдларига қандай ўзгача амр берган эди? (Муқовадаги расмга қаранг.)

ЎЛИМИДАН олдинги кеча Исо шогирдларига ўзгача амр берган эди. У шундай деган: «Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар. Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». (Юҳан. 13:34, 35)

2. Бир-биримизга севгини намоён этиш қанчалик муҳим?

2 Исо, издошлари у каби севгини намоён этган тақдирдагина унинг чинакам шогирдлари экани аниқ кўринишини айтган. Мазкур сўзлар биринчи асрда амалий бўлганидек бугун ҳам ўз кучини йўқотгани йўқ. Шу боис, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб, бир-биримизга севгини намоён этиш жуда муҳим!

3. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Номукаммаллик бир-биримизни ихлос билан севишни қийинлаштиради. Шунга қарамай, биз Масиҳга тақлид қилишга интилишимиз лозим. Бу мақолада қандай қилиб севги тинчлик ўрнатувчилар бўлишга, юзхотирчилик қилмасликка ва меҳмондўстлик кўрсатишга ёрдам беришини муҳокама қиламиз. Тадқиқ пайтида ўзингиздан: «Қийинчиликларга қарамай севгини намоён этаётган имондошларимдан нимага ўрганишим мумкин?» — деб сўранг.

ТИНЧЛИК ЎРНАТУВЧИЛАР БЎЛИНГ

4. Матто 5:23, 24 га биноан, нега биздан хафа бўлган имондошимиз билан ярашишимиз керак?

4 Исо, имондошимиз биздан хафа бўлса, у билан ярашишимиз муҳимлигини ўргатган эди. (Матто 5:23, 24 ни ўқинг.) У, Худони мамнун қилишни истасак, бошқалар билан яхши муносабатларни сақлаш кераклигини таъкидлаган. Имондошларимиз билан ярашиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилсак, Яҳова хурсанд бўлади. Борди-ю, бировдан хафа бўлиб юрсак ва ярашишдан бош тортсак, топинишимиз Унга маъқул бўлмайди. (1 Юҳан. 4:20)

5. Битта биродарга тинчлик ўрнатиш нега қийин бўлган?

5 Тинчлик ўрнатиш, яъни ярашиш қийин бўлиши мумкин. Нега? Келинг, Мурод * билан нима юз берганини кўриб чиқайлик. Битта биродар уни танқид қилиб, жамоатдагиларга уни ёмонлагани Муродга қаттиқ ботган. У бунга қандай муносабат билдирди? «Ўзимни тута олмадим, жаҳл устида унга гапирдим»,— деб эслайди Мурод. Сўнг у ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, ўша биродардан кечирим сўрашга ва у билан ярашишга ҳаракат қилган. Аммо ўша биродарнинг ярашгиси келмаган. Бошида Мурод: «У ярашишни истамас экан, нега мен ҳаракат қилишим керак?» — деб ўйлаган. Бироқ туман нозири уни таслим бўлмасликка ундаган. Хўш, Мурод қандай йўл тутган?

6. а) Қандай қилиб Мурод тинчлик пайида бўлган? б) Мурод Колосаликларга 3:13, 14 ни қандай қўллаган?

6 Мурод фикрлаш тарзини таҳлил қилгач, унга камтарлик етмаётганини ва ўзини бошқалардан яхшироқ, деб ўйлашга мойил эканини пайқаган. У муносабатини ўзгартириши кераклигини тушунган. (Колос. 3:8, 9, 12) У ўша биродар билан яна учрашиб, камтарлик ила ўз қилмиши учун ундан кечирим сўраган. Шунингдек, Мурод узр сўраб ва муносабатларни янгитдан бошламоқчи эканини айтиб ўша биродарга хатлар ёзган. У биродарга ёқади, деб ўйлаб ҳатто унга кичик совғалар берган. Афсуски ўша биродар кечиришни истамай, ундан ғазабланиб юрган. Шунга қарамай, Мурод Исонинг биродарни севиш ва кечиримли бўлиш амрига риоя қилишда давом этган. (Колосаликларга 3:13, 14 ни ўқинг.) Бошқалар тинчлик ўрнатиш йўлидаги ҳаракатларимизга жавоб қайтармаса ҳам, масиҳийларга хос севги бизни кечиримли бўлишда ва ҳаммаси яхши якун топиши учун ибодат қилишда давом этишга ундайди. (Мат. 18:21, 22; Галат. 6:9)

Ярашиш учун бир мартадан кўпроқ уринишлар қилиш талаб этилиши мумкин (7–8- хатбошиларига қаранг.) *

7. а) Исо бизни нима қилишга ундаган? б) Битта имондошимиз қандай қийин вазиятга дуч келган?

7 Исо бизни, бошқалар бизга қандай муомала қилишларини истасак, уларга шундай муомала қилишга ундаган. Шунингдек, бизни севганларнигина севиш билан чегараланиб қолмаслигимиз кераклигини ҳам айтган. (Луқо 6:31–33) Бу камдан-кам юз берса-да, лекин жамоатдан кимдир сиздан ўзини олиб қочса ва сиз билан салом-алик қилмаса-чи? Лара билан шундай ҳол юз берган. «Битта опамиз мени кўрмасликка оладиган бўлди ва мен сабабини билмасдим. Бундан сиқилдим ва йиғилишлар менга хурсандчилик келтирмай қўйди»,— деб бўлишди у. Аввалига Лара: «Айб менда эмас. Бошқалар ҳам у ўзини ғалати тутаётганини сезишяпти»,— деб мулоҳаза юритди.

8. Тинчлик ўрнатиш учун Лара қандай қадамлар қўйди ва бу воқеадан нимага ўрганяпмиз?

8 Лара тинчлик ўрнатиш учун қадамлар қўйди. У Яҳовага ибодат қилди ва ўша опамиз билан гаплашиб олишга қарор қилди. Улар муаммо ҳақида гаплашишди ва бир-бирларини қучоқлаб ярашиб олишди. Ҳаммаси жойига тушгандай эди. Лара давом этиб шундай деди: «Бироқ кейин ўша опа яна аввалгидай муносабат кўрсатадиган бўлди. Мен қаттиқ тушкунликка тушдим». Аввалига Лара ўша опа ўз муносабатини ўзгартирсагина кўнглим хотиржам бўлади, деб ўйлади. Лекин Лара тушундики, у қила оладиган энг яхши нарса ўша опамизга севги ила муомала қилишда давом этиш ва уни «чин дилдан кечириш». (Эфес. 4:32–5:2) Лара севги «хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди» ва «ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди» деган сўзларни эслади. (1 Кор. 13:5, 7) Шунда кўнгли хотиржам бўлди. Вақт ўтиб ўша опа унга дўстона муносабат кўрсатадиган бўлди. Имондошлар билан тинч муносабатларга эга бўлиш мақсадини кўзласангиз ва уларни севишда давом этсангиз, «севги ва тинчлик Худоси сизлар билан бўлади». (2 Кор. 13:11)

ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАНГ

9. Ҳаворийлар 10:34, 35 га биноан, нега юзхотирчилик қилмаслигимиз керак?

9 Яҳова юзхотирчилик қилмайди. (Ҳаворийлар 10:34, 35 ни ўқинг) Юзхотирчилик қилмасак Унинг фарзандлари эканимизни исботлаган бўламиз. Биз яқинимизни ўзимизни севгандай севиш амрига риоя қиламиз ва имондошларимиз билан тинч муносабатларни сақлаймиз. (Рим. 12:9, 10; Ёқб. 2:8, 9)

10–11. Бир имондошимиз салбий туйғуларини қандай енгди?

10 Баъзилар учун юзхотирчилик қилмаслик осон эмас. Рут исмли имондошимиз билан нима юз берганига эътибор беринг. Ўсмирлик чоғида бошқа мамлакатдан бўлган битта киши унга ёмон муомала қилган. Бу унга қандай таъсир этган? У тан олиб шундай деди: «Бу мамлакат билан боғлиқ ҳамма нарсадан нафратланардим. Ўша ерлик барча одамлар, ҳатто имондошлар ҳам шунақа инсонлар, деб ўйлаганман». Рут салбий туйғуларини қандай енгди?

11 Рут салбий фикрлар билан курашганини тан олди. У «Йилнома»дан шу мамлакатга тегишли воқеалар ва маълумотларни ўқиди. У қуйидагиларни айтди: «Ўша мамлакат одамлари ҳақида ижобий ўйлашга интилдим. У ердаги имондошларимиз Яҳовага ғайрат билан хизмат қилишини пайқайдиган бўлдим. Шунда улар ҳам умумжаҳон биродарлигимизнинг бир қисми эканини тушундим». Секин-аста Рут севгини намоён этиши кераклигини тушунди. У шундай деб бўлишди: «Бу мамлакатдан бўлган биродару опа-сингилларни учратганимда, улар билан дўстлашиш учун кўпроқ ҳаракат қилардим. Улар билан гаплашардим ва танишардим». Натижаси қанақа бўлди? «Вақт ўтиб салбий туйғуларим йўқолди»,— деб айтди Рут.

Имондошларимизни ихлос билан севсак, юзхотирчиликдан йироқда бўламиз (12–13- хатбошиларига қаранг.) *

12. Сара исмли имондошимизнинг қандай муаммоси бор эди?

12 Баъзилар ҳатто ўзи тушунмаган ҳолда юзхотирчилик қилиши мумкин. Мисол учун Сарани олайлик. У одамларни ирқи, моддий шароити ёки ташкилотдаги масъулиятларига қараб баҳоламагани туфайли юзхотирчилик қилмайман, деб ҳисоблаган. Бироқ у шундай деб қўшиб қўйди: «Мен аслида юзхотирчилик қилаётганимни тушуна бошладим». Қанақасига? Сара зиёли оиладан эди ва ўқимишли одамлар билан мулоқот қилишни афзал кўрарди. Бир сафар у ҳатто ўз дўстига: «Мен ўқимишли имондошлар билан мулоқот қиламан. Одам зиёли бўлмаса, ундан узоқроқ юраман»,— деб айтган. Ҳа, Сара муносабатини ўзгартириши керак эди. Қандай қилиб?

13. Сара муносабатини ўзгартирганидан нимага ўрганяпмиз?

13 Туман нозири Сарага муносабатини таҳлил қилишга кўмаклашди. У шундай айтиб берди: «У мени садоқатли хизматим, яхши шарҳларим ва Муқаддас Китобдан билимларга эга бўлганим учун мақтади. Билимимиз ошгани сайин камтарлик, ўз ҳаддимизни билиш ва раҳм-шафқат каби масиҳийларга хос фазилатларни ҳам ривожлантиришимиз кераклигини менга тушунтирди». Сара туман нозирининг сўзларига қулоқ солди. У: «Муҳими меҳрибон ва севувчи бўлишимиз кераклигини англадим»,— деб айтди. Натижада у биродару опа-сингилларга бошқача кўз билан қарайдиган бўлди. Сара: «Яҳованинг назарида уларни қайси фазилатлар қимматли қилишини тушунишга интилдим»,— деб айтди. Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Ўқимишли бўлганимиз учун асло ўзимизни бошқалардан устун деб ҳисоблашни истамаймиз! Агар имондошларимизни ихлос билан севсак, юзхотирчиликдан йироқда бўламиз. (1 Бутр. 2:17)

МЕҲМОНДЎСТ БЎЛИНГ

14. Ибронийларга 13:16 га биноан, меҳмондўстлик кўрсатсак Яҳова бунга қандай қарайди?

14 Яҳова меҳмондўстликни юқори қадрлайди. (Ибронийларга 13:16 ни ўқинг.) Айниқса муҳтожларга ёрдам берганимизда, У буни топинишимизнинг бир қисми деб билади. (Ёқб. 1:27; 2:14–17) Шу сабабли Муқаддас Китоб бизни «меҳмондўст бўлинглар» деб ундамоқда. (Рим. 12:13) Меҳмон чақирганимизда биз чинакам меҳр, севги ва дўстликни намоён этамиз. Бошқалар билан ширинлик, ичимлик, овқатни бўлишсак ёки вақт ва эътиборимизни аямасак, Яҳова хурсанд бўлади. (1 Бутр. 4:8–10) Бироқ меҳмондўст бўлишимизга тўсқинлик қиладиган нарсалар бўлиши мумкин.

«Ўтмишда меҳмондўстлик кўрсатишга иштиёқим йўқ эди, бироқ ўзгардим ва кўп хурсандчилик топдим» (16- хатбошига қаранг.) *

15–16. а) Нега баъзилар меҳмондўстлик кўрсатишдан тортиниши мумкин? б) Эдитга меҳмондўстлик кўрсатишга нима ёрдам берди?

15 Шароитимиз туфайли меҳмондўстлик кўрсатишдан тортинишимиз мумкин. Эдит исмли бева аёлнинг мисолини олайлик. Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан олдин у бошқалар билан камроқ алоқа қилишни афзал кўрарди. У бошқаларда меҳмон кутиш учун имконияти ва шароити яхшироқ, деб ўйлаган.

16 Яҳованинг Шоҳиди бўлгач, Эдит фикрини ўзгартирди. Меҳмондўст бўлиш учун қадамлар қўйди. У қуйидагиларни айтиб берди: «Янги Йиғилиш залимиз қурилаётганда, оқсоқол олдимга келиб қурилиш ишида қатнашадиган эр-хотинни икки ҳафтага яшашга қабул қила оласизми, деб сўради. Мен Зорафатлик бевага Яҳова қандай барака берганини эсладим». (3 Шоҳ. 17:12–16) Эдит ўша жуфтликни уйига қабул қилди. У баракага эга бўлдими? У шундай деб тушунтирди: «Улар икки ҳафта эмас, икки ой меникида қолишди. Бу вақт ичида қалин дўстга айландик». Шунингдек Эдит жамоатда ҳам яқин дўстларга эга бўлди. Ҳозир у кашшоф ва хизматдаги ҳамкорлари уникига меҳмонга келганда у хурсанд бўлади. У қуйидагиларни айтди: «Бериш мени бахтли қиляпти! Эвазига кўп баракалар оламан». (Иброн. 13:1, 2)

17. Лука ва хотини нимани тушунишди?

17 Биз меҳмондўстлик кўрсатаётгандирмиз, бироқ бу борада яхшиланишимиз мумкинми? Масалан, Лука ва хотини меҳмон кутишни яхши кўришади. Ота-оналарини, қариндошларини, яқин дўстларини ва туман нозири билан хотинини меҳмонга таклиф қилиш улар учун одат тусига кирган. Аммо Лука шундай деди: «Қарасак, биз фақатгина ўзимизга яқин бўлган кишиларни таклиф қилар эканмиз». Меҳмондўстлик кўрсатишда Лука ва хотини қандай яхшиланишди?

18. Меҳмондўстлик кўрсатишда Лука ва хотини қандай яхшиланишди?

18 Лука ва хотини Исонинг: «Агар сизларни севганларнигина севсангизлар, қандай мукофотга эришасизлар?» — деган сўзлари устида мулоҳаза юритиб, фикрларини ўзгартиришди. (Мат. 5:45–47) Улар ҳаммага нисбатан сахий бўлган Яҳовага тақлид қилишлари кераклигини англаб етишди. Шунда улар илгари таклиф қилмаган имондошларини меҳмонга чақиришни мақсад қилишди. Лука шундай деди: «Бирга вақт ўтказганимиздан барчамиз роса хурсанд бўламиз. Натижада бир-биримизга ва Яҳовага янада яқин бўлганимизни ҳис қиламиз».

19. Исонинг чинакам издошлари эканимизни қай йўсин исботлаймиз ва сиз қандай йўл тутишга қарор қилдингиз?

19 Кўриб чиққанимиздек, бир-биримизни ихлос билан севганимиз бизга тинчлик ўрнатувчи бўлишга, юзхотирчилик қилмасликка ва меҳмондўстлик кўрсатишга ёрдам беради. Ҳар қандай салбий туйғуларни енгиб, имондошларимизни чин юракдан ва ихлос билан севишимиз керак. Бундай йўл тутсак бахтли бўламиз ва Исонинг чинакам издошлари эканимизни исботлаймиз. (Юҳан. 13:17, 35)

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

^ абз. 5 Ҳазрати Исо айтганидай, севги чинакам масиҳийларни ажратиб турадиган белгидир. Имондошларимизни севиш бизни тинчлик ўрнатувчи бўлишга, юзхотирчилик қилмасликка ва меҳмондўстлик кўрсатишга ундайди. Буни қилиш доим ҳам осон бўлмаслиги мумкин. Ушбу мақолада бир-биримизни чин юракдан, ихлос билан севишда давом этишимизга кўмаклашадиган амалий фикрлар келтирилган.

^ абз. 5 Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 57 РАСМГА ШАРҲ. Имондошимизнинг масалани ҳал қилишга урингани самара келтирмайди, лекин у таслим бўлмайди. У ихлос билан севишни давом эттиради ва ниҳоят ярашиб олади.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Кекса биродар ўзини четда қолиб кетгандай ҳис қиляпти.

^ абз. 61 РАСМГА ШАРҲ. Бошида меҳмондўстлик кўрсатишдан тортинган имондошимиз фикрини ўзгартирди ва бу унга кўп қувонч келтирди.