Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бугунги кунда «шимол шоҳи» ким?

Бугунги кунда «шимол шоҳи» ким?

Унинг куни битади, ҳеч ким унга ёрдам қўлини чўзмайди. ДОН. 11:45

95- ҚЎШИҚ Нур янада ёрқинроқ порламоқда

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

ҲОЗИР ҳар қачонгига қараганда бизда замонанинг охирги кунларида яшаётганимизни кўрсатувчи кўп исботлар бор. Яқинда Яҳова ҳамда Исо Масиҳ Осмон Шоҳлигига қаршилик қилаётган барча ҳукуматларни йўқ қилишади. Бу воқеа содир бўлишидан олдин, шимол ва жануб шоҳлари ўзаро ва Худонинг халқи билан курашишда давом этишади.

2 Ушбу мақолада Дониёр 11:40–12:1 да ёзилган башоратни кўриб чиқамиз. Ундан ҳозирги кунда шимол шоҳи кимлигини ва нима юз беришидан қатъи назар, нега хотиржам қолиб, Яҳова бизни қутқаришига ишонишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

ЯНГИ ШИМОЛ ШОҲИ

3, 4. Кимлар ўзини шимол шоҳи сифатида кўрсата бошлади? Тушунтиринг.

3 Совет Иттифоқи 1991 йили қулагач, ушбу катта ҳудудда Худонинг халқи «озгина ёрдам» олди, яъни эркинлик давридан баҳраманд бўлди. (Дон. 11:34) Натижада улар эркин ваъз қиладиган бўлишди ва кўп ўтмай собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мамлакатларда ваъзгўйларнинг сони бир неча юз мингга етди. Бир неча йил ўтгач, Россия ва унинг иттифоқчилари ўзларини шимол шоҳи сифатида кўрсата бошлашди. Олдинги мақолада муҳокама қилинганидек, шимол ва жануб шоҳлари ролини бажарадиган ҳукуматлар: 1) Худонинг халқига тўғридан-тўғри таъсир ўтказиши, 2) ўз ишлари билан Яҳовага ҳамда Унинг халқига душманлик қилаётганини кўрсатиши ва 3) рақиб шоҳ билан рақобатлашиши керак.

4 Бугун Россия ва унинг иттифоқчиларини шимол шоҳи деб айтишимизнинг бир нечта сабаблари бор. 1) Улар ваъзгўйлик ишини тақиқлаб ва назоратлари остидаги ҳудудда яшаётган юз минглаб биродару опа-сингилларимизни таъқиб қилиб, Худонинг халқига тўғридан-тўғри таъсир ўтказишмоқда. 2) Бу ҳаракатлари билан Яҳовага ҳамда Унинг халқига душманлик қилаётганини кўрсатишмоқда. 3) Улар жануб шоҳи бўлмиш Англия-Америка жаҳон империяси билан рақобатлашмоқда. Келинг, қандай қилиб Россия ва унинг иттифоқчилари шимол шоҳи ролини бажараётганини билиб олайлик.

ЖАНУБ ШОҲИ ШИМОЛ ШОҲИ БИЛАН ТЎҚНАШИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

5. Дониёр 11:40–43 да қандай давр ҳақида гап кетган ва бу вақт оралиғида нималар юз беради?

5 Дониёр 11:40–43 ни ўқинг. Башоратнинг ушбу қисми бизни охирзамон деб аталадиган давр билан таништиради. Бу парча диққатимизни шимол ва жануб шоҳлари ўртасидаги рақобатга қаратади. Дониёр пайғамбар башорат қилганидек, охирзамон пайтида шимол ва жануб шоҳлари «тўқнашади». (Дон. 11:40)

6. Иккита шоҳ бир-бири билан тўқнашаётгани нимадан кўриняпти?

6 Шимол ва жануб шоҳлари дунёга эгалик қилиш учун рақобат қилишда давом этишмоқда. Масалан, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Совет Иттифоқи ва унинг иттифоқчилари Европанинг талай қисмига таъсир ўтказа бошлаганидан сўнг нима бўлганини кўриб чиқайлик. Шимол шоҳининг бундай ҳаракатлари жануб шоҳини Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) деб номланган халқаро ҳарбий иттифоқни яратишга мажбур қилган. Шимол шоҳи қурол пойгасига кўп пул сарфлаб жануб шоҳи билан рақобат қилишда давом этмоқда. Шимол шоҳи парда ортида туриб Африка, Осиё ва Лотин Америкасида уруш олиб бориб, тартибсизликлар қилиб рақобатлашмоқда. Сўнгги йилларда Россия ва унинг иттифоқчилари дунё бўйлаб ўз таъсирини ўтказишмоқда. Шунингдек, улар жануб шоҳи билан кибер-уруш олиб боришмоқда. Шоҳлар бир-бирини вайрон қилувчи дастурлардан фойдаланиб иқтисодиёти ва сиёсий тизимларига зарар етказаётганликда айблашмоқда. Дониёр пайғамбар башорат қилганидек, шимол шоҳи Худонинг халқига ҳужум қилишни ҳам давом эттирмоқда. (Дон. 11:41)

ШИМОЛ ШОҲИ «ГЎЗАЛ ЎЛКАГА ҲАМ БОСТИРИБ КИРАДИ»

7. «Гўзал ўлка» бу нима?

7 Дониёр 11:41 да айтилишича, шимол шоҳи «Гўзал ўлкага ҳам бостириб киради». Бу ўзи қандай ўлка? Қадимда Исроил ўлкаси «юртлар ичида энг гўзали эди». (Ҳиз. 20:6) Бироқ бу юртни айниқса қадрли қилган нарса у ерда одамлар Яҳовага топингани эди. Милодий 33 йилнинг Ҳосил байрамидан эътиборан бу «ўлка» том маънодаги муайян географик жой бўлмай қолди ва бўла олмас эди ҳам, чунки Яҳованинг халқи бутун ер юзи бўйлаб тарқалган эди. «Гўзал ўлка» бугунги кунда Яҳова халқининг ҳаёт тарзини билдириб, йиғилишлар ҳамда ваъзгўйлик хизмати орқали Яҳовага топиниш каби нарсаларни ўз ичига олади.

8. Қандай қилиб шимол шоҳи «Гўзал ўлка»га бостириб кирган?

8 Охирзамон давомида шимол шоҳи қайта-қайта «Гўзал ўлка»га бостириб кирди. Масалан, нацистлар Германияси шимол шоҳи бўлганида, хусусан Иккинчи жаҳон уруши пайтида, Худонинг халқини таъқиб қилиб ва ўлдириб «Гўзал ўлка»га бостириб кирган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Совет Иттифоқи шимол шоҳи бўлгач, Худонинг халқини таъқиб ва сургун қилиб «Гўзал ўлка»га бостириб кирган эди.

9. Сўнгги йиллари Россия ва унинг иттифоқчилари қандай қилиб «Гўзал ўлка»га бостириб киришди?

9 Сўнгги йиллари Россия ва унинг иттифоқчилари ҳам «Гўзал ўлка»га бостириб киришди. Қандай қилиб? 2017 йили амалдаги шимол шоҳи Яҳова халқининг фаолиятини тақиқлади ва айрим биродару опа-сингилларимизни қамоққа ташлади. Бундан ташқари, у адабиётларимизни, шу қаторда «Янги дунё таржимаси»ни ҳам тақиқлади. Кейин шимол шоҳи Россиядаги филиалимизни ва шу қаторда Йиғилиш ва Анжуман залларини мусодара қилди. Бу ишларидан кейин 2018 йили Етакчи кенгаш Россия ва унинг иттифоқчилари шимол шоҳи эканини айтди. Бироқ Яҳованинг халқи қаттиқ таъқиб қилинган бўлса ҳам, улар ҳукуматларни ағдариш ёки ўзгартиришда қатнашишдан бош тортишяпти. Бунинг ўрнига, улар Муқаддас Китобдаги «юқори мавқега эга кишилар учун» ибодат қилиш маслаҳатига амал қилишмоқда, айниқса, бундай кишилар Худога эркинликда топинишга таъсир қиладиган қарорлар чиқаришганида. (1 Тим. 2:1, 2)

ШИМОЛ ШОҲИ ЖАНУБ ШОҲИНИ МАҒЛУБ ҚИЛАДИМИ?

10. Шимол шоҳи жануб шоҳини мағлуб қиладими? Тушунтиринг.

10 Дониёр 11:40–45 да ёзилган башоратда асосий эътибор шимол шоҳининг фаолиятига қаратилган. Хўш, бу у жануб шоҳини мағлуб қилади деганими? Йўқ. Яҳова ҳамда Исо барча инсоний ҳукуматларни Армагеддон жангида йўқ қилишганида жануб шоҳи ҳануз «тирик» бўлади. (Ваҳ. 19:20) Нега бунга шунчалик аминмиз? Дониёр ҳамда Ваҳий китобларидаги башоратларда нима дейилганини кўриб чиқинг.

Армагеддон жангида тошга ўхшатилган Худонинг Шоҳлиги бу расмда улкан ҳайкал сифатида тасвирланган инсоний ҳукуматларга чек қўяди (11- хатбошига қаранг.)

11. Дониёр 2:43–45 нимага ишора қилади? (Муқовадаги расмга қаранг.)

11 Дониёр 2:43–45 ни ўқинг. Дониёр пайғамбар Худонинг халқига таъсир ўтказган бир қатор инсоний ҳукуматлар ҳақида айтиб ўтган. Улар баҳайбат металл ҳайкалнинг турли қисмлари кўринишида тасвирланган. Ўша ҳукуматларнинг сўнггиси ҳайкалнинг темир билан лой қоришган оёқ панжалари кўринишида ифода этилган. Оёқ панжалари Англия-Америка жаҳон империясини билдиради. Бу башоратдан кўриниб турганидек, Худонинг Шоҳлиги инсоний ҳукуматларга зарба бериб, уларни йўқ қилганида Англия-Америка жаҳон империяси ҳануз фаолият юритаётган бўлади.

12. Йиртқич ҳайвоннинг еттинчи боши нимани билдиради ва буни билиш нега муҳим?

12 Ҳаворий Юҳанно ҳам Яҳованинг халқига таъсир ўтказган бир қатор жаҳон империялари ҳақида гапирган. Мазкур ҳукуматлар етти бошли йиртқич ҳайвон кўринишида тасвирлаган. Ушбу ҳайвоннинг еттинчи боши Англия-Америка жаҳон империясини билдиради. Бу муҳим маълумот, чунки ҳайвоннинг бошқа бошлари ўсиб чиққани кўрсатилмаган. Масиҳ ўз самовий кучлари билан еттинчи бошни ва ҳайвоннинг ўзини йўқ қилганида мазкур бош ҳали ҳукмронлик қилаётган бўлади *. (Ваҳ. 13:1, 2; 17:13, 14)

ШИМОЛ ШОҲИ КЕЛАЖАКДА НИМА ҚИЛАДИ?

13, 14. «Магўг юртидаги Гўг» ким ва у Худонинг халқига ҳужум қилишига нима туртки бўлади?

13 Ҳизқиё ёзган башорат охирзамонда шимол ва жануб шоҳлари билан нима юз бериши мумкинлиги борасида озгина тушунча беряпти. Ҳизқиё 38:10–23, Дониёр 2:43–45, 11:44–12:1 ҳамда Ваҳий 16:13–16, 21 даги башоратлар ўша-ўша ҳодисаларни тасвирлаганга ўхшайди. Агар бу шундай бўлса, қуйидаги воқеалар юз беришини кутишимиз мумкин.

14 Буюк мусибат бошланганидан кўп ўтмай, «барча жаҳон шоҳлари» халқлар иттифоқини яратишади. (Ваҳ. 16:13, 14; 19:19) Мазкур иттифоқ Муқаддас Китобда «Магўг юртидаги Гўг» деб номланган. (Ҳиз. 38:2) Ушбу халқлар иттифоқи Худонинг халқига ёппасига якуний ҳужумни уюштиради. Бундай ҳужумни уюштиришга нима туртки бўлади? Бу вақт ҳақидаги башоратда ҳаворий Юҳанно Худонинг душманлари устига йирик дўл ёғиши ҳақида айтиб ўтган. Мажозий маънодаги бу дўл Яҳованинг халқи етказадиган фош этувчи ҳукм хабарини билдириши мумкин. Натижада бу Магўг юртидаги Гўгни Худонинг халқини йўқ қилиб юбориш учун унга ҳужум қилишга ундайди. (Ваҳ. 16:21)

15, 16. а) Дониёр 11:44, 45 да қандай воқеалар айтиб ўтилган? б) Шимол шоҳи ва Магўг юртидаги Гўгни ташкил этувчи бошқа халқлар билан нима юз беради?

15 Ушбу фош этувчи хабар ва Худо душманларининг якуний ҳужуми Дониёр 11:44, 45 да (ўқинг) айтиб ўтилган ўша-ўша воқеалар бўлиши мумкин. Дониёр пайғамбарнинг ёзишича, «шарқ ва шимолдан келган хабарлар» шимол шоҳининг тинчини бузади ва у «ғазабга миниб» чиқади. Шимол шоҳи «кўпларни... қириб ташлаш»ни ният қилади. «Кўплар» дегани, эҳтимол, Яҳованинг халқини билдиради. Бу оятларда Дониёр Худонинг халқига ёппасига уюштириладиган якуний ҳужум ҳақида айтаётган бўлиши мумкин *.

16 Шимол шоҳи ҳамда бошқа ҳукуматлар Худонинг халқига ҳужум уюштирганда, бу Қодир Тангрининг қаттиқ ғазабини қўзғатади ва кейин Армагеддон жанги бошланади. (Ваҳ. 16:14, 16) Бу пайтда шимол шоҳи Магўг юртидаги Гўгни ташкил этувчи бошқа халқлар билан бирга йўқ қилиб юборилади ва «ҳеч ким унга ёрдам қўлини чўзмайди». (Дон. 11:45)

Армагеддон жангида Исо Масиҳ ўзининг самовий қўшини билан келиб Шайтоннинг дунёсини йўқ қилади ва Худонинг халқини қутқаради (17- хатбошига қаранг.)

17. Дониёр 12:1 да ёзилган «буюк саркарда» Микоил ким ва у нима қилади?

17 Дониёрнинг баёнотидаги кейинги оят шимол шоҳи ва унинг иттифоқчилари билан нима юз бериши ҳамда қандай қилиб биз қутқарилишимиз ҳақида қўшимча тафсилотларни очиб беряпти. (Дониёр 12:1 ни ўқинг.) Бу оятнинг маъноси қандай? Микоил бошқараётган Шоҳимиз Исо Масиҳнинг бошқа номидир. 1914 йили Шоҳлиги осмонда ўрнатилганидан буён, у Худо халқининг «томонида» турибди. Яқин келажакда у «кўтарилади», яъни Армагеддон жангида душманларини йўқ қилади. Ушбу жанг Дониёр тарихдаги энг «мусибатли кунлар» деб атаган даврнинг якуний ҳодисаси бўлади. Ваҳий китобида ёзилган Юҳаннонинг башоратида бу жанг ва унинг арафасидаги вақт оралиғи «буюк мусибат» деб аталган. (Ваҳ. 6:2; 7:14)

ИСМИНГИЗ «КИТОБДА» ЁЗИЛАДИМИ?

18. Нима учун келажакка ишонч билан боқа оламиз?

18 Биз келажакка ишонч билан боқамиз, чунки Дониёр ҳам, Юҳанно ҳам таъкидлашганидек, Яҳова ва Исо ўз хизматчиларини буюк мусибатда омон сақлаб қолишади. Дониёрнинг ёзишича, нажот топганларнинг исмлари «китобда» ёзиб қўйилган бўлади. (Дон. 12:1) Исмларимиз бу китобда ёзилиши учун нима қилсак бўлади? Биз Худонинг Қўзиси бўлмиш Исога ишонаётганимизни аниқ кўрсатишимиз керак. (Юҳан. 1:29) Худога ҳаётимизни бағишлаганимизнинг рамзи сифатида сувга чўмишимиз даркор. (1 Бутр. 3:21) Бошқаларга Яҳова ҳақида таълим бериб Худо Шоҳлигини қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатишимиз лозим.

19. Ҳозир нима қилишимиз керак ва нега?

19 Ҳозир Яҳовага ва садоқатли хизматчиларидан иборат ташкилотига ишончимизни мустаҳкамлашнинг айни пайти. Ҳозир Худо Шоҳлигини қўллаб-қувватлашнинг мавриди. Бундай қилсак, Худонинг Шоҳлиги шимол ва жануб шоҳларини йўқ қилганда омон қоламиз.

149- ҚЎШИҚ Ғалаба қўшиғи

^ абз. 5 Бугунги кунда «шимол шоҳи» ким? Қандай қилиб унинг куни битади? Бу саволларнинг жавобини билиш имонимизни мустаҳкамлаб, яқин келажакда дуч келадиган синовларга тайёр бўлишимизга кўмаклашади.

^ абз. 12 Дониёр 2:36–45 ва Ваҳий 13:1, 2- оятлари «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 июнь сони, 7–19- саҳифаларида батафсил муҳокама қилинган.