Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

21- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Худонинг ҳадялари учун миннатдормисиз?

Худонинг ҳадялари учун миннатдормисиз?

Қилган ишларинг беҳисобдир, эй, Аллоҳим Яҳова, ажойиб ишларингу бизга қаратилган ниятларинг кўпдан-кўпдир. ЗАБ. 40:5

5- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг ажойиб ишлари

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Забур 40:5 га кўра, Яҳова бизга қандай ҳадяларни тақдим этди ва нега уларни муҳокама қиламиз?

ЯҲОВА сахий Худодир. У бизга тақдим этган ҳадяларнинг айримлари ҳақида бир ўйлаб кўринг: гўзал ва ноёб уйимиз бўлмиш Ер сайёраси; қойилмақом қилиб яратилган миямиз; Худонинг бебаҳо Каломи — Муқаддас Китоб. Мазкур учта ҳадяси орқали Яҳова яшашимиз учун жой тақдим этди, фикр юритиш ва мулоқот қилиш қобилиятини ато этди ҳамда бизда пайдо бўлиши мумкин бўлган энг муҳим саволларга жавоб берди. (Забур 40:5 ни ўқинг.)

2 Мазкур мақолада ушбу учта ҳадяни қисқача муҳокама қиламиз. Улар устида қанча кўп мулоҳаза юритсак, улар учун миннатдорчилигимиз шунча ошади. Бундан ташқари, севувчи Яратувчимиз Яҳовани мамнун қилиш истагимиз янада кучаяди. (Ваҳ. 4:11) Шунингдек, эволюция назариясига алданган ва ишонадиган одамлар билан самаралироқ музокара қила оламиз.

НОЁБ САЙЁРАМИЗ

3. Нима учун Ер сайёраси ноёб?

3 Уйимиз бўлмиш ер юзи қандай яратилганидан Худонинг донолиги аниқ кўринмоқда. (Рим. 1:20; Иброн. 3:4) Қуёш атрофида бошқа сайёралар ҳам айланади, аммо инсон яшай олиши учун керакли шароитлар ер юзида бўлгани туфайли у ноёбдир.

4. Нима сабабдан Ер сайёраси ҳар қандай кемадан яхшироқ, деб айта оламиз?

4 Қайсидир маънода коинотдаги Ер сайёрасини уммондаги кемага ўхшатса бўлади. Лекин одам тўла кема ва Ер сайёрамиз ўртасида муҳим фарқлар бор. Масалан, том маънодаги кемадагилар ўзлари кислород, озиқ-овқат ва сув ишлаб чиқариши керак бўлса, чиқиндини эса кема ташқарисига ташлашнинг иложи бўлмаса, улар қанчагача яшай олади? Кўп ўтмай кемадагилар ҳалок бўлади. Бундан фарқли равишда, ер юзи миллиардлаб тирик мавжудотларни ҳаёт билан таъминлайди. У биз муҳтож бўлган кислород, озиқ-овқат ва сувни ишлаб чиқаради ҳамда бу нарсаларнинг бари доим етарличадир. Унинг чиқиндилари коинотга ташланмайди, шунга қарамай, ер юзи гўзал бўлиб қолмоқда ва яшаш учун шароит мавжуд. Хўш, бунинг қандай иложи бор? Яҳова Ерни ўз ресурсларини қайта ишлаш имконияти билан яратган. Келинг, кислород қайта ҳосил бўлиши ва сув айланишида Яҳованинг донолиги қандай акс этганини қисқача кўриб чиқамиз.

5. Кислороднинг қайта ҳосил бўлиш жараёни қандай юз беради ва бу нимани тасдиқламоқда?

5 Кислород одамлар ва ҳайвонлар яшаши учун керак бўлган газдир. Ҳисоботларга кўра, тирик мавжудотлар нафас олганда ҳар йили юз миллиард тонна кислород ютади. Худди шу мавжудотлар нафас чиқарганида карбонат ангидрид деб номланган газ ҳосил бўлади. Бироқ бу тирик мавжудотлар ҳеч қачон бор кислородни ютиб юбормайди, атмосфера эса «чиқинди» гази — карбонат ангидрид — билан ифлосланиб кетмайди. Нима учун? Боиси, Яҳова карбонат ангидридни ютиб кислород чиқарадиган бошқа организмларни — улкан дарахтлардан тортиб майда сув ўтларигача — яратган. Дарҳақиқат, кислород қайта ҳосил бўлиши Ҳаворийлар 17:24, 25 даги Аллоҳ «ҳаммага ҳаёт, нафас» бериб келаётгани тўғрисидаги сўзларни тасдиқламоқда.

6. Сув айланиш жараёни қандай юз беради ва бу нимани тасдиқламоқда? (« Сув айланиш жараёни Яҳованинг ҳадясидир» номли рамкага қаранг.)

6 Ер сайёрамиз қуёшдан керакли масофада жойлашгани туфайли бу ерда сув суюқ ҳолатда мавжуддир. Борди-ю, у қуёшга озгина яқин бўлганида, сув буғланиб кетарди ва ер юзи иссиқ ҳамда қуруқ бўлиб, ҳаёт мавжуд бўлмасди. Ер юзи қуёшдан озгина узоқда бўлганида, сув музлаб қоларди ва сайёрамиз баҳайбат муз шарига айланган бўларди. Яҳова Ерни керакли масофада жойлаштиргани учун ундаги сув айланиши ҳаётни таъминлайди. Қуёш уммонлардаги ва ер юзидаги сувларни иситади. Қолаверса, булут ҳосил бўлиши учун сувларни буғлантиради. Ҳар йили буғланадиган сув миқдори узунлиги, кенглиги ва чуқурлиги 1 километрга етадиган 500 000 та ҳовузни тўлдириши мумкин. Буғланган сув ёмғир ёки қор кўринишида ерга тушишидан аввал тахминан ўн кун давомида атмосферада бўлади. Охири сув уммон ва бошқа сув ҳавзаларига қайта тушади ва бу жараён такрорланади. Яҳова ер юзида сув доим мавжуд бўлиши учун мазкур жараённи яратди. Бу Яҳова ҳам доно, ҳам қудратли эканини тасдиқламоқда. (Аюб 36:27, 28; Воиз 1:7)

7. Забур 115:16 да тилга олинган ҳадя учун миннатдорчилик билдиришнинг баъзи йўллари қандай?

7 Ажойиб сайёрамиз ва ундаги барча яхши нарсалар учун қай йўсин янада миннатдор бўла оламиз? (Забур 115:16 ни ўқинг.) Бунинг бир йўли Яҳова яратган нарсалар устида мулоҳаза юритишдир. Бу Яҳова бераётган барча яхши нарсалар учун бизни ҳар куни Унга миннатдорчилик билдиришга ундайди. Бундан ташқари, яшаётган ҳудудимизни иложи борича тоза сақлаб ер юзини қадрлаётганимизни кўрсата оламиз.

НОЁБ МИЯМИЗ

8. Нима учун мияни муҳандислик соҳасидаги мўъжиза, деб айта оламиз?

8 Одам мияси муҳандислик соҳасидаги мўъжизадир. Онанинг бачадонида ҳомиланинг мияси олдиндан белгиланган режага биноан шаклланади ва ҳар дақиқада минглаб янги мия ҳужайралари пайдо бўлади. Тадқиқотчиларнинг айтишича, катта одамнинг миясида нейронлар деб аталадиган 100 миллиардга яқин ҳужайра мавжуд. Тахминан 1,5 килограмм чиқадиган миямиз мазкур ҳужайралардан ташкил топган. Миянинг атиги бир нечта ажойиб имконияти устида ўйлаб кўринг.

9. Гапириш қобилияти Худонинг ҳадяси эканига сизни нима ишонтиряпти?

9 Гапириш қобилиятимиз мўъжизадир. Гапирганимизда нима юз бериши устида бир ўйлаб кўринг. Ҳар бир сўзни айтганингизда миянгиз тил, томоқ, лаб ва кўкрак қафасидаги деярли 100 та мушакни уйғунликда ҳаракатга келтириши керак. Сўзларни аниқ талаффуз қилишингиз учун бу мушаклар муайян тартибга кўра ҳаракатланиши зарур. Турли тилларда гапира олиш қобилияти борасида 2019 йили нашр этилган изланишларга биноан, янги туғилган чақалоқлар муайян сўзларни англай олишар экан. Мазкур изланиш тадқиқотчиларнинг қуйидаги тахминини тасдиқлади: биз англаш ва тилларни ўрганиш қобилияти билан туғиламиз. Дарҳақиқат, гапириш қобилияти Худонинг ҳадясидир. (Чиқ. 4:11)

10. Худонинг ҳадяси бўлмиш гапириш қобилияти учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

10 Гапириш қобилияти учун миннатдор эканимизни кўрсатишнинг йўлларидан бири — эволюция назариясига ишонадиганларга Худога нега эътиқод қилишимизни тушунтириш. (Заб. 9:1; 1 Бутр. 3:15) Бу назарияни олға сурадиганлар ер юзи ва ундаги бор нарса ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб ҳисоблайди. Муқаддас Китоб ва ушбу мақоладаги баъзи фикрлар ёрдамида самовий Отамизни ҳимоя қилишимиз ва тинглашга тайёр бўлганларга Яҳова осмону ерни яратганига нима учун амин эканимизни тушунтиришимиз мумкин. (Заб. 102:25; Ишаё 40:25, 26)

11. Миямиз ажойиб эканининг сабабларидан бири қандай?

11 Эслаб қолиш қобилиятимиз ажойибдир. Ўтмишда бир ёзувчи инсон мияси 20 миллионта китобга сиғадиган маълумотни эслаб қола олишини айтганди. Лекин ҳозир биз анча кўпроқ маълумотни эслаб қола оламиз, деб ҳисобланади. Ҳа, одамларда ноёб қобилият бор!

12. Ахлоқий сабоқ олиш қобилияти бизни ҳайвонлардан қанақасига ажратиб туради?

12 Ер юзидаги барча мавжудотлар орасида фақатгина одамлар ўтмишдаги воқеаларни эслаш ва уларни таҳлил қилиш орқали ахлоқий сабоқ олиш қобилиятига эга. Бунинг натижасида фикрлаш ва ҳаёт тарзимизни ўзгартиришимиз ҳамда яхшироқ инсонга айланишимиз мумкин. (1 Кор. 6:9–11; Колос. 3:9, 10) Шунингдек, яхшини ёмондан ажратиш учун виждонимизни тарбиялай оламиз. (Иброн. 5:14) Севги, раҳм ва меҳр-шафқат кўрсатишга ўргана оламиз. Шунингдек, Яҳованинг адолатига тақлид қилишга ўрганишимиз мумкин.

13. Забур 77:11, 12 га биноан, хотира каби ҳадядан қай тарзда фойдаланишимиз керак?

13 Хотира каби ҳадя учун миннатдор эканимизни кўрсатишнинг йўлларидан бири — ўтмишда Яҳова бизга ёрдам ва тасалли берганини ёдда сақлашга ҳаракат қилиш. Бу туфайли Яҳова келажакда ҳам бизга ёрдам беришига бўлган ишончимиз мустаҳкамланади. (Забур 77:11, 12 ни ўқинг; 78:4, 7) Яна бир йўли бошқа одамлар бизга қилаётган яхшиликларини унутмаслик ва булар учун миннатдор бўлишдир. Тадқиқотчилар шуни аниқлашдики, миннатдор одамларда бахтли бўлиш эҳтимоли кўпроқ экан. Лекин шу билан бирга Яҳовага тақлид қилган ҳолда баъзи нарсаларни унутсак, яхши бўларди. Мисол учун, Яҳованинг хотираси мукаммал бўлса-да, тавба қилганимизда У бизни кечиради ва хатоларимизни унутади. (Заб. 25:7; 130:3, 4) Кўнглимизни оғритган кишилар биздан кечирим сўраганида, Яҳова уларга нисбатан худди шундай йўл тутишимизни истайди. (Мат. 6:14; Луқо 17:3, 4)

Миямиздан Яҳовани улуғлаш йўлида фойдаланиб, бу ҳадя учун миннатдор эканимизни кўрсата оламиз (14- хатбошига қаранг.) *

14. Мўъжизавий ҳадя бўлмиш миямиз учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

14 Миямиздан уни тақдим этган Шахсни улуғлаш йўлида фойдаланиб, бу мўъжизавий ҳадя учун миннатдор эканимизни кўрсата оламиз. Айримлар миясидан худбин истакларини қондириш — нима яхши ва нима ёмон экани борасида ўз меъёрларини ўрнатиш — учун фойдаланади. Аммо бизни Яҳова яратган экан, Унинг меъёрлари биз ўзимиз учун ўрнатадиган ҳар қандай меъёрлардан яхшироқ деб хулоса қилиш оқилонадир. (Рим. 12:1, 2) Унинг меъёрлари бўйича яшасак, ҳаётимизда тинчлик ҳукм суради. (Ишаё 48:17, 18) Боз устига, яшашимиздан аниқ мақсад бор: Яратувчимиз ва Отамизни улуғлашни ҳамда Унинг қалбини қувонтиришни истаймиз. (Ҳик. 27:11)

МУҚАДДАС КИТОБ — НОЁБ ҲАДЯ

15. Қай йўсин Муқаддас Китоб Яҳованинг одамларга бўлган севгисини акс эттирмоқда?

15 Муқаддас Китоб Худо севги ила тақдим этган ҳадядир. Самовий Отамиз ер юзидаги фарзандларини жуда севгани учун инсонларни бу китобни ёзишга илҳомлантирган. Муқаддас Китоб орқали Яҳова бизда пайдо бўлиши мумкин бўлган қуйидаги каби муҳим саволларга жавоб бермоқда: қандай пайдо бўлганмиз? Ҳаётнинг мазмуни нимада? Келажакда бизни нима кутмоқда? Яҳова Унинг барча фарзандлари юқоридаги саволларга жавоб топишини истайди. Шу сабабли У асрлар давомида одамларни Муқаддас Китобни кўп тилларга таржима қилишга ундаган. Бугунги кунда Муқаддас Китоб бутунлайин ёки қисман 3 000 дан ошиқ тилда мавжуд. Муқаддас Китоб тарихда энг кўп таржима қилинган ва тарқатилган китобдир. Одамлар қаерда яшашидан ёки қайси тилда гапиришидан қатъи назар, уларнинг аксарияти Муқаддас Китобдаги хабарни она тилида ўқиши мумкин. (« Муқаддас Китобни Африка тилларига ўгириш» номли рамкага қаранг.)

16. Матто 28:19, 20 га биноан, Муқаддас Китоб учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

16 Муқаддас Китобни кунда ўқиб, унда ёзилганлар устида мулоҳаза юритиб ва билиб олганларимизни амалда қўллаш учун жон куйдириб, бу ҳадя учун миннатдор эканимизни кўрсата оламиз. Шунингдек, Муқаддас Китобдаги хабарни имкон борича кўпроқ одам билан бўлишиб, Худога миннатдорчилик билдира оламиз. (Заб. 1:1–3; Мат. 24:14; Матто 28:19, 20 ни ўқинг.)

17. Мазкур мақолада қайси ҳадяларни кўриб чиқдик ва навбатдаги мақолада нима ҳақида гап боради?

17 Ушбу мақолада уйимиз бўлмиш Ер сайёраси, қойилмақом қилиб яратилган миямиз ва Худонинг илҳомлантирилган Каломи — Муқаддас Китоб каби Худонинг ҳадяларини кўриб чиқдик. Лекин Яҳова кўзга кўринмайдиган бошқа ҳадяларни ҳам берган. Навбатдаги мақолада ушбу кўзга кўринмас хазиналар ҳақида гап боради.

12- ҚЎШИҚ Буюк Аллоҳ Яҳова

^ абз. 5 Ушбу мақола Яҳовага ҳамда У бизга тақдим этган учта ҳадя учун миннатдорчилигимизни оширади. Қолаверса, Худо мавжуд эканидан шубҳаланадиганлар билан музокара қилишимизга кўмаклашади.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Имондошимиз муҳожирларга Худо Каломидаги ҳақиқатларни айтиш учун ўзга тилни ўрганяпти.