Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Исминг муқаддас бўлсин»

«Исминг муқаддас бўлсин»

Эй Яҳова, исминг абадий бор бўлади. ЗАБ. 135:13

10- ҚЎШИҚ Аллоҳимиз Яҳовани улуғланг!

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Қайси мавзулар Яҳованинг Шоҳидлари учун жуда муҳим?

БУГУНГИ кунда иккита жуда муҳим масала олдида турибмиз — Худонинг ҳукмдорлиги ва Унинг исми муқаддас бўлиши. Яҳованинг Шоҳидлари сифатида бундай қизиқарли мавзуларни муҳокама қилишни яхши кўрамиз.

2 Барчамиз Худонинг исми муқаддас бўлиши кераклигини тушунамиз. Бундан ташқари, биз Яҳованинг ҳукмдорлиги, яъни бошқариш усули энг аълоси экани исботланиши кераклигини билиб олдик. Иккала масала ҳам муҳим. Бу иккита ҳар хил масалами? Йўқ.

3. Яҳова исми нимани ўз ичига олади?

3 Аслида Яҳова исми У ҳақидаги барча нарсани, жумладан, Унинг бошқарув усулини ҳам ўз ичига олади. Демак, агар биз Худонинг исми ҳар қандай исноддан покланиши энг муҳим масала эканини айтсак, Яҳованинг бошқарув усули энг аъло экани тасдиқланиши кераклигини ҳам айтган бўламиз. Худонинг исми қодир Ҳукмдор сифатида бошқариши билан чамбарчас боғлиқ. (« Мунозарали масаланинг қирралари» номли рамкага қаранг.)

4. Забур 135:13 да Худонинг исми ҳақида нима дейилган ва ушбу мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

4 Яҳова деган исм ўз турида ягонадир. (Забур 135:13 ни ўқинг.) Нега Худонинг исми шунчалик муҳим? Қачон биринчи маротаба бу исм қораланган? Қандай қилиб Худо уни муқаддас қиляпти? Қай йўсин бу исмни ҳимоя қилишга ёрдам бера оламиз? Келинг, бу саволларга жавоб топамиз.

ИСМНИНГ МУҲИМЛИГИ

5. Баъзилар Худонинг исми муқаддас бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаганда қандай саволлар беришлари мумкин?

5 «Исминг муқаддас бўлсин». (Мат. 6:9) Исо Худонинг исми муқаддас бўлиши ҳақида сўраш ибодатларимизда муҳим ўринни эгаллаши кераклигини айтган. Исонинг сўзлари нимани англатади? Бирон-бир нарсани муқаддас қилиш уни тозалаш ёки поклашни англатади. Баъзилар: «Худонинг исми шундоқ ҳам муқаддас, тоза ва пок эмасми?» — деб сўраши мумкин. Бу саволга жавоб бериш учун исм нимани ўз ичига олиши борасида ўйлаб кўришимиз керак.

6. Нега исм шунчалик муҳим?

6 Исм қоғозда ёзилган ёки овоз чиқариб айтилган ҳарфлар йиғиндисидан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Муқаддас Китобда нима дейилганига эътибор беринг: «Яхши ном катта бойликдан афзалроқ». (Ҳик. 22:1; Воиз 7:1) Нега исм шунчалик муҳим? Чунки исм инсоннинг обрўйини, яъни бошқалар бу исмнинг соҳиби ҳақида қандай фикрда эканини ўз ичига олади. Энг муҳими исм қоғозда қандай ёзилиши ёки талаффуз этилиши эмас, балки бошқалар бу исмни эшитганида уларнинг онгию қалбида қандай инсон гавдаланишидир.

7. Қандай қилиб инсонлар Худонинг исмини қоралашмоқда?

7 Инсонлар Яҳова ҳақида ёлғон гапирганида бошқалар У ҳақида ёмон фикрга боришини мақсад қилишади. Бу каби ёмон нарсаларни эшитганлар эса Худони айблашади ва Унинг исмини қоралашади. Илк бор Адан боғида бир шахс Худо тўғрисида ёмон нарсалар айтиб инсонлар У ҳақида ёмон фикрга боришини мақсад қилганди. Бу воқеадан нимани ўрганишимиз мумкин?

ХУДОНИНГ ИСМИ ИЛК БОР ҚАНДАЙ ҚОРАЛАНГАН?

8. Одамато билан Момоҳаво нималарни билишган ва қандай саволлар туғиляпти?

8 Одамато билан Момоҳаво Худонинг исми Яҳова эканини билишган. Шунингдек, У ҳақида кўп муҳим нарсалардан хабардор бўлишган. Мисол учун, улар У Яратувчи эканини, уларга ҳаёт, яшаш учун чиройли жой ҳамда мукаммал умр йўлдош тақдим этганини билишарди. (Ибт. 1:26–28; 2:18) Улар мукаммал онгини ишга солиб Яҳова тақдим этган барча нарсалар устида мулоҳаза юритишда давом этишдими? Бу исм ортида турган Шахсга нисбатан севгисини мустаҳкамлаб, миннатдорчилигини оширишдими? Худонинг душмани уларни синаганида бу саволларнинг жавоби аниқ бўлди.

9. Ибтидо 2:16, 17 ҳамда 3:1–5 га кўра, Яҳова илк жуфтликка нима деди ва қандай қилиб Шайтон ҳақиқатни бузиб кўрсатди?

9 Ибтидо 2:16, 17; 3:1–5 ни ўқинг. Илонни гўё гапираётгандай кўрсатиб Шайтон Момоҳаводан шундай деб сўради: «Худо боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтгани ростми?» Шайтоннинг саволи Худо ҳақида ёлғондан иборат эди ва шу сабабли Момоҳаво Худо тўғрисида салбий фикр юрита бошлади. Аслида Худо улар фақат битта дарахтдан ташқари барча дарахтларнинг мевасидан ейишлари мумкинлигини айтганди. Одамато ва Момоҳаво турли хил дарахтларнинг мевасидан ея олишарди. (Ибт. 2:9) Ҳа, чиндан ҳам Яҳова сахий Худо. Лекин Худо Одамато билан Момоҳавога фақат битта дарахтнинг мевасидан ейишни тақиқлаганди. Шайтоннинг саволи эса ҳақиқатни бузиб кўрсатган. Шайтон Худо сахий эмас деган фикрга олиб борган. Момоҳаво шубҳаланиб: «Худо бирор яхши нарсани яширмаяптимикин?» — деб ўйлагандир.

10. Қандай қилиб Шайтон Худонинг исмини тўғридан-тўғри қоралади ва бунинг натижаси қандай бўлди?

10 Шайтон бу саволни берганида, Момоҳаво ҳали ҳам Яҳовани ўз Ҳукмдори деб билар эди. У Шайтонга жавобан Худонинг аниқ амрини такрорлади. Момоҳаво ҳатто дарахтга тегмаслик кераклигини ҳам айтди. У итоатсизлик ўлимга олиб келиши ҳақидаги Худонинг огоҳлантирувини биларди. Шайтон эса жавобан: «Асло ўлмайсизлар»,— деди. (Ибт. 3:2–4) Энди Шайтон шунчаки Яҳова ёлғончи эканини айтмаётганди. У Момоҳавога Яҳовани ёлғончи, деб Худога туҳмат қилди ва Унинг исмини тўғридан-тўғри қоралади. Шу йўсин у Иблис, яъни туҳматчига айланди. Момоҳаво Шайтонга ишониб қаттиқ алданди. (1 Тим. 2:14) У Яҳовадан кўра унга кўпроқ ишонди. Бу туфайли Момоҳаво осонликча энг ёмон қарорни чиқарди. У Яҳовага қулоқ солмасликка қарор қилди. Момоҳаво Яҳова тақиқлаган мевани ейишни бошлади. Кейин эса Одаматога берди. (Ибт 3:6)

11. Илк ота-онамиз Шайтоннинг ёлғонига қандай жавоб бериши мумкин эди, аммо улар қай йўсин йўл тутишди?

11 Бир зумга Момоҳаво Шайтонга нима дейиши керак бўлгани ҳақида ўйлаб кўринг. У шундай деганини бир тасаввур қилинг: «Мен сени танимайман, лекин Отам Яҳовани биламан, Уни яхши кўраман ҳамда Унга ишонаман. У Одам билан менга биз эга бўлган барча нарсани берди. У ҳақида бундай ёмон гапиришга қандай журъат этдинг? Йўқол бу ердан!» Яҳова севикли қизидан садоқатни кўрсатувчи шундай сўзларни эшитганида қанчалар мамнун бўлар эди! (Ҳик. 27:11) Лекин на Одаматода, на Момоҳавода Яҳовага нисбатан меҳр-садоқат бор эди. Одамато ва Момоҳавода Отасига нисбатан бундай севги етмаганлиги туфайли, улар Унинг исмини қораланишдан ҳимоя қилишмади.

12. Қандай қилиб Шайтон Момоҳавонинг қалбига шубҳа уруғларини экди ва Одамато билан Момоҳаво нима қилишмади?

12 Кўриб чиққанимиздай, Шайтон Момоҳавонинг қалбига шубҳа уруғларини эка бошлади. Шайтон савол бериб Яҳова исми ортида қандай Шахс тургани борасида Момоҳавода шубҳа уйғотди. Одамато билан Момоҳаво эса Яҳованинг исмини ва обрўйини ҳимоя қилишмади. Бу туфайли улар осонликча Шайтонга қулоқ солиб, Отасига қарши исён кўтаришди. Бугунги кунда ҳам Шайтон шунга ўхшаш усуллардан фойдаланяпти. У Яҳова ҳақида ёмон нарсалар гапириб Унинг исмини қоралаяпти. Шайтоннинг ёлғонига ишонган инсонлар Яҳованинг адолатли ҳукмдорлигини осонликча рад этишяпти.

ХУДО ЎЗ ИСМИНИ МУҚАДДАС ҚИЛАДИ

13. Қандай қилиб Ҳизқиё 36:23 да Муқаддас Китобдаги асосий хабар таъкидланмоқда?

13 Яҳова Ўзини ҳимоя қилмай бу туҳматга кўз юмдими? Йўқ, У бундай қилмади! Бутун Муқаддас Китобда Яҳова Адан боғида У ҳақида айтилган ёлғонларнинг нотўғрилигини исботлаши ҳақида гап боради. (Ибт. 3:15) Хулоса қиладиган бўлсак, Муқаддас Китобдаги асосий хабар қуйидагича: Яҳова Ўғли томонидан бошқариладиган Шоҳлик орқали Ўз исмини муқаддас қилиб, ер юзида адолат ва тинчликни тиклайди. Муқаддас Китобдаги маълумот бизга Яҳова қандай қилиб Ўз исмини муқаддас қилишини тушунишга ёрдам беради. (Ҳизқиё 36:23 ни ўқинг.)

14. Худо Ўз исмини муқаддас қилиш учун Адан боғидаги исёнга қандай муносабат билдирди?

14 Яҳова Ўз ниятига эриша олмаслиги учун Шайтон қўлидан келганча ҳаракат қилди. Лекин у қайта-қайта муваффақиятсизликка учради. Муқаддас Китобдан Яҳова қандай йўл тутганини ҳамда У чинакамига меҳрибон Ота ва энг яхши Ҳукмдор эканини билиб оляпмиз. Ҳақиқатан ҳам Шайтон ва унинг томонини эгаллаганларнинг исёни Яҳованинг дилини қаттиқ оғритди. (Заб. 78:40) Яҳова ушбу масалани донолик, сабр ва адолат билан ҳал қилди. Шунингдек, У буюк қудратини турли йўллар билан кўрсатди. Бундан ташқари, У барча қилган ишларида севгини намоён этди. (1 Юҳан. 4:8) Худо Ўз исмини муқаддас қилиш учун тинмасдан ҳаракат қилди.

Шайтон Момоҳавога Яҳова ҳақида ёлғон гапирган ва асрлар оша Худога туҳмат қилишда давом этяпти (9- , 10- , 15- хатбошиларига қаранг.) *

15. Қандай қилиб бугунги кунда Шайтон Худонинг исмини қоралаяпти ва бунинг натижаси қандай?

15 Шайтон ҳанузгача Худонинг исмини қоралаяпти. У инсонларда Худонинг кучи, адолати, донолиги ва севгиси борасида шубҳа уйғотишга ҳаракат қиляпти. Мисол учун, Шайтон инсонларни Яҳова Яратувчи эмаслигига ишонтирмоқчи. Борди-ю, инсонлар Худонинг мавжудлигига ишонишса, унда Шайтон уларга Худо ва Унинг меъёрлари чегаралайдиган ва адолатсиз деган фикрни сингдирмоқчи бўлади. Бундан ташқари, Шайтон Худо шафқатсиз ҳамда одамларни оловли дўзахда ёндиради, деб ўргатмоқда. Агар инсонлар ушбу даҳшатли ёлғонларга ишонишса, улар осонликча Яҳованинг адолатли ҳукмдорлигини рад этишади. Шайтон йўқ қилинмагунича, Яҳовага туҳмат қилишда давом этади ҳамда сизни ҳам Ундан юз ўгиришга оғдирмоқчи бўлади. У бунинг уддасидан чиқадими?

МУҲИМ МАСАЛАДА СИЗНИНГ ЎРНИНГИЗ

16. Одамато ва Момоҳаво қила олмаган қайси ишни сиз қилишингиз мумкин?

16 Яҳова Ўз исми муқаддас бўлишида номукаммал инсонлар ҳам ҳисса қўшишига йўл қўйяпти. Бу туфайли Одамато ва Момоҳаво қила олмаган ишни сиз қилишингиз мумкин. Худонинг исмини қоралаб ҳақорат қиладиган одамларга тўла дунёда яшаётганингизга қарамай, сизда ҳақиқат томон туриб Яҳова муқаддас, адолатли, ҳимматли ва севувчи эканини айтиш имкони бор. (Ишаё 29:23) Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлай оласиз. Сиз бошқа инсонларга фақат Яҳованинг ҳукмдорлиги буткул адолатли эканини ҳамда барча мавжудотга тинчлик ва бахт келтиришини тушунишга ёрдам беришингиз мумкин. (Заб. 37:9, 37; 146:5, 6, 10)

17. Исо Отасининг исмини танитиш учун нима қилган?

17 Худонинг исмини ҳимоя қилиб, биз Исо Масиҳнинг ўрнагига эргашган бўламиз. (Юҳан. 17:26) Исо нафақат Отасининг исмини қўллаб, балки обрўйини ҳимоя қилиб Унинг исмини танитган. Мисол учун, у Яҳовани жаҳлдор, талабчан, одамлардан олис ва меҳр-шафқатсиз қилиб кўрсатган фарзийларга қарши чиққан. Исо инсонларга Отаси мулоҳазакор, сабр-тоқатли, севувчи ва кечиримли эканини кўришга ёрдам берган. Бундан ташқари, кундалик ҳаётида мукаммал даражада Отасининг фазилатларига тақлид қилиб одамларга Яҳовани шахс сифатида таниб-билишга кўмаклашган. (Юҳан. 14:9)

18. Қандай қилиб Яҳова ҳақидаги ёлғонлар ва туҳматлар нотўғри эканини кўрсата оламиз?

18 Исо каби биз ҳам бошқалар билан Яҳова ҳақида билганларимизни бўлишиб, У қанчалар севувчи ва меҳрибон Худо эканини ўргатишимиз мумкин. Агар шундай қилсак, Худо ҳақидаги ёлғонлар ва туҳматлар нотўғри эканини кўрсатамиз. Бошқаларга Худонинг исмини табаррук тутишга кўмаклашиб Унинг исмини муқаддас қилган бўламиз. Шунингдек, Яҳовага тақлид қилишимиз мумкин. Номукаммал бўлсак-да, бунинг иложи бор. (Эфес. 5:1, 2) Сўзларимиз ва ишларимиз билан инсонларга Яҳова аслида қандай Худо эканлигини кўрсатиб, Унинг исми муқаддас бўлишига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Одамларга бу борадаги нотўғри тушунчаларидан озод бўлишга кўмаклашиб Унинг исмини оқлаган бўламиз *. Бундан ташқари, номукаммал инсонлар бенуқсонликни сақлай олишини исботлаймиз. (Аюб 27:5)

Муқаддас Китобни тадқиқ қилувчиларга Яҳова меҳрибон ва севувчи Шахс эканини тушунишга ёрдам беришни хоҳлаймиз (18- , 19- хатбошиларига қаранг.) *

19. Ишаё 63:7 га биноан, таълим берганимизда асосий мақсадимиз нима бўлиши керак?

19 Худонинг исмини шарафлаш учун яна бир нарса қила оламиз. Одамларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўргатаётиб кўпинча Худонинг ҳукмдорлигига, яъни Яҳова бутун коинот устидан ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқига эга эканига урғу берамиз. Бу ҳақиқатдир. Гарчи Худонинг қонунларига диққат қаратиш муҳим бўлса-да, бизнинг асосий мақсадимиз бошқаларга Отамиз Яҳовани севиш ва Унга садоқатли қолишга ёрдам беришдир. Шу боис, Яҳова исми ортида қандай Шахс турганига диққат қаратиб, Унинг ёқимли фазилатларига эътибор беришимиз керак. (Ишаё 63:7 ни ўқинг.) Шу йўсин таълим берар эканмиз, бошқаларга Яҳовани севишга ва Унга садоқатли қолишни истаганлари учун қулоқ солишга ёрдамлашамиз.

20. Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

20 Хатти-ҳаракатларимиз ва қай йўсин таълим бераётганимиз бошқаларга Худонинг исми ҳақида тўғри фикрга боришга ёрдам бераётганига қандай ишонч ҳосил қилишимиз мумкин? Кейинги мақола ушбу саволга жавоб беради.

2- ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова

^ абз. 5 Барча онгли мавжудотлар қандай муҳим масалага дуч келяпти? Нега бу масала шунчалик муҳим ва у ҳал қилинишида биз қандай ўрин эгаллаймиз? Бу ва улар билан боғлиқ саволларнинг жавобини тушуниш Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

^ абз. 18 Олдинлари адабиётларимизда Худонинг исми оқланишга муҳтож эмас, чунки ҳеч ким Худонинг бу исмга эга бўлиш ҳуқуқини шубҳа остига қўймаган, деб ўргатиларди. Лекин 2017 йили бўлиб ўтган йилги мажлисда бу борадаги тушунчамиз ойдинлашгани ҳақида айтилганди. Дастур раиси шундай деганди: «Оддий қилиб айтсак, Яҳованинг исми оқлансин, деб ибодат қилиш нотўғри эмас, чунки Унинг обрўйи оқланиши зарур». 2018 йилги январь ойи кўрсатувини jw.org® сайтида томоша қилинг. КУТУБХОНА > JW ИНТЕРНЕТ-ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ сарлавҳаси остига қаранг.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Шайтон Момоҳавога Худо ёлғончи эканини айтиб Унга туҳмат қилган. Худо шафқатсиз ва Яратувчи эмас каби нотўғри фикрларни Шайтон асрлар давомида олға суряпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Биродар Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётиб Худонинг шахсиятига диққат қаратяпти.