Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

«Муқаддас руҳ самараси»га фақат Галатияликларга 5:22, 23 да санаб ўтилган фазилатлар кирадими?

Ушбу оятда қуйидаги тўққизта фазилат санаб ўтилган: «Севги, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш». Худонинг руҳи фақат шу фазилатларни ривожлантиришимизга ёрдам беради, деб ўйламаслигимиз лозим.

Эътибор берсак, Павлус бундан олдинги оятларда: «Тана ишлари аниқ-равшандир: зино, ифлослик, ахлоқсиз хулқ, бутпарастлик, сеҳр-жоду, адоват, жанжалкашлик, рашк-ҳасад, дарғазаб бўлиш, талаш-тортиш, бўлинишлар, мазҳаблар яратиш, ҳасад, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар»,— деб ёзганди. (Галат. 5:19–21) Павлус «тана ишлари» қаторида Колосаликларга 3:5 да тилга олинган нарсаларни ҳам санаб ўтиши мумкин эди. У Галатияликларга 5:22, 23 да айтиб ўтган тўққизта яхши хислат борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Павлус муқаддас руҳ ёрдамида ривожлантиришимиз мумкин бўлган яхши хислатларнинг тўлиқ рўйхатини келтирмоқчи бўлмаган.

Муқаддас руҳ самарасини Павлус Эфесдаги жамоатга ёзган нур самараси билан солиштирганда буни тушунишимиз мумкин. У шундай деган: «Нурнинг самараси эса ҳар қандай ҳиммат, адолат ва ҳақиқатдир». (Эфес. 5:8, 9) Ҳа, адолат ва ҳақиқат каби «ҳиммат» ҳам нур самарасининг бир қисми, аммо у «муқаддас руҳ самараси»нинг ҳам бир қиррасидир.

Павлус Тимўтийни олтита яхши хислатни, яъни «одиллик, художўйлик, имон, муҳаббат, сабр-бардош ва мулойимлик каби фазилатларни ривожлантиришдан» тўхтамасликка ундаган. (1 Тим. 6:11) Улардан фақат учтаси (имон, севги ва мулойимлик) «муқаддас руҳ самараси»нинг қирраси сифатида айтиб ўтилган. Аммо Тимўтий одиллик, художўйлик ва сабр-бардошни ҳам ривожлантириши керак эди ва бунинг учун у муқаддас руҳ ёрдамига муҳтожлигини биларди. (Колосаликларга 3:12 ва 2 Бутрус 1:5–7 ни солиштиринг.)

Хулоса қиладиган бўлсак, Галатияликларга 5:22, 23 да масиҳийлар ривожлантириши керак бўлган фазилатларнинг тўлиқ рўйхати келтирилмаган. Худонинг руҳи бизга «муқаддас руҳ самараси»нинг тўққизта қиррасини ривожлантиришга ёрдам беради. Лекин етук масиҳий бўлиш ва «ҳақиқий одиллик ва садоқатга асосланган, Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни кийиб» олишимиз учун ривожлантиришимиз керак бўлган яна кўп фазилатлар бор. (Эфес. 4:24)