Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Заиф бўлганимда, кучлиман»

«Заиф бўлганимда, кучлиман»

Масиҳни деб заиф бўлишдан, таҳқирланишдан, муҳтож бўлишдан, таъқиб қилинишдан ва қийинчиликлардан мамнуният топаман. 2 КОР. 12:10

38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

БУ МАҚОЛАДА *

1. Ҳаворий Павлус нимани очиқчасига тан олган?

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС гоҳида ўзини заиф ҳис қилганини очиқчасига тан олган. Павлус танаси «сўлиб бораётган»ини, тўғри бўлган нарсани қилиш учун курашганини ҳамда Яҳова ибодатларига доим ҳам у кутгандай жавоб бермаганини айтиб ўтган. (2 Кор. 4:16; 12:7–9; Рим. 7:21–23) Устига-устак, у душманлари унга заиф * инсондай қараганини таъкидлаган. Аммо бошқаларнинг нуқтаи назари ёки унинг заифликлари ўзини яроқсиз ҳис қилишига сабаб бўлишига йўл қўймаган. (2 Кор. 10:10–12, 17, 18)

2. Коринфликларга иккинчи мактуб 12:9, 10 га кўра, Павлус қандай қимматли сабоқ олганди?

2 Павлус қимматли сабоқ олганди: киши ўзини заиф ҳис этганда ҳам, кучли бўла олади. (2 Коринфликларга 12:9, 10 ни ўқинг.) Яҳова унга: «Қудратим заиф бўлганингда камол топади»,— деб айтган, яъни Худо Павлусга у муҳтож бўлган кучни бера оларди. Келинг, биринчи навбатда душманлар бизни таҳқирлаганда, нима учун ташвишланишга ҳожат йўқлигини кўриб чиқайлик.

«ТАҲҚИРЛАНИШДАН» МАМНУНИЯТ ТОПИНГ

3. Нима учун таҳқирланишдан мамнуният топишимиз мумкин?

3 Таҳқирланиш ҳеч кимга ёқмайди. Душманларимиз бизни таҳқирласа ва уларнинг сўзлари туфайли ҳаддан ортиқ ташвишлансак, тушкунликка тушишимиз ҳеч гап эмас. (Ҳик. 24:10) Хўш, уларнинг таҳқирларига қандай нуқтаи назарда бўлишимиз лозим? Павлус каби биз ҳам «таҳқирланишдан» мамнуният топишимиз мумкин. (2 Кор. 12:10) Нега деганда, таҳқирлар ва қаршиликлар Исонинг ҳақиқий шогирдлари эканимизнинг белгисидир. (1 Бутр. 4:14) Исо унинг издошлари таъқибларга дуч келишини айтган. (Юҳан. 15:18–20) Илк масиҳийлар билан ҳам шундай бўлган. Ўша пайтлари юнон маданияти таъсири остида масиҳийларга ўқимаган ва заиф инсонлардек қарашган. Яҳудийлар орасида ҳам масиҳийларни, масалан, ҳаворий Бутрус ва Юҳаннони «ўқимаган ва оддий одамлар», деб ҳисоблашган. (Ҳавор. 4:13) Масиҳийлар заифдек кўринган, боиси, улар на сиёсий таъсир ўтказа олган, на ҳарбий кучга эга бўлган. Қолаверса, одамлар уларни ҳурмат қилишмаган.

4. Илк масиҳийлар уларга қарши чиққанларнинг салбий нуқтаи назарига қандай муносабат кўрсатган?

4 Илк масиҳийлар душманларининг салбий нуқтаи назари уларни тўхтатишига йўл қўйганми? Асло. Мисол учун, ҳаворий Бутрус ва Юҳанно Исонинг издоши бўлишгани ва унинг таълимотларини ўргатишгани учун таъқиб қилинишни шараф, деб билишган. (Ҳавор. 4:18–21; 5:27–29, 40–42) Ҳа, шогирдларда уялиш учун ҳеч қандай сабаб бўлмаган. Гарчи жамиятдаги одамлар уларни ҳурмат қилишмаган бўлса-да, илк масиҳийлар бошқаларга уларни таъқиб қилганлардан кўра кўпроқ ёрдам беришган. Масалан, ўша масиҳийларнинг айримлари илоҳий илҳом остида ёзган китоблар миллионлаб одамларга ёрдам беришда ва умид бахш этишда давом этмоқда. Улар ваъз қилган Шоҳлик эса ҳозир нафақат мавжуд, балки тез орада бутун инсоният устидан бошқаради. (Мат. 24:14) Масиҳийларни таъқиб қилган қадимги қудратли Рим империяси аллақачон йўқ бўлиб кетган. Ўша садоқатли шогирдлар эса ҳозир осмонда шоҳлардир. Аммо уларга қарши чиққанлар ўлган ва ҳатто тирилган тақдирда ҳам, ўзлари нафратланган масиҳийлар ваъз қилиб юрган Шоҳликка бўйсунишади. (Ваҳ. 5:10)

5. Юҳанно 15:19 га биноан, нима учун Яҳованинг Шоҳидларига паст назар билан қарашади?

5 Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, баъзида одамлар бизга паст назар билан қарайди ёки ўқимаган ва заиф, деб ҳақорат қилади. Нима учун? Сабаби атрофимиздаги одамлар каби нуқтаи назарда эмасмиз. Биз камтар, мулойим ва итоаткор бўлишга ҳаракат қиламиз. Бундан фарқли равишда, бугунги кунда одамлар мағрур, такаббур ва исёнкорларни юксалтиришади. Қолаверса, сиёсатга аралашмаймиз ва ҳеч қайси мамлакатнинг ҳарбий кучларига қўшилмаймиз. Ҳа, бу дунёнинг одамларидан фарқ қиламиз, шу боис улар бизни менсимайди. (Юҳанно 15:19 ни ўқинг; Рим. 12:2)

6. Яҳова хизматчиларидан фойдаланиб нималарни амалга оширмоқда?

6 Дунё биз ҳақда қандай нуқтаи назарда бўлмасин, Яҳова биздан фойдаланиб ажойиб ишни амалга оширмоқда. У инсоният тарихидаги энг улкан ваъзгўйлик кампаниясини олиб бормоқда. Бугунги кунда Унинг хизматчилари журналларни кўплаб тилларга таржима қилиб, тарқатмоқда ва Муқаддас Китоб ёрдамида миллионлаб одамларга ҳаётини яхши тарафга ўзгартиришга кўмаклашмоқда. Бу ажойиб ютуқлар учун Яҳова шарафга лойиқдир. У заиф кўринган одамлар гуруҳидан фойдаланиб қудратли ишларни амалга оширмоқда. Хўш, ҳар биримиз ҳақида-чи, нима деса бўлади? Яҳова кучли бўлишимизга ёрдам бера оладими? Агар ёрдам берса, бу кўмакни олиш учун нима қилишимиз керак? Келинг, ҳаворий Павлуснинг мисолидан қандай учта сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

ЎЗ КУЧИНГИЗГА ТАЯНМАНГ

7. Павлуснинг мисолидан олишимиз мумкин бўлган биринчи сабоқ қандай?

7 Павлуснинг мисолидан олишимиз мумкин бўлган биринчи сабоқ қуйидагича: Яҳовага хизмат қилар экансиз, ўз кучингизга ёки қобилиятларингизга таянманг. Инсоний нуқтаи назардан қараганда, мағрурланиш ва ўзига таяниш учун Павлусда сабаблар бор эди. У Рим вилоятининг пойтахт шаҳри Тарсда улғайган. Тарс гуллаб-яшнаган ва таниқли ўқув юрти жойлашган шаҳар эди. Павлус ўқимишли эди: у ўз даврининг ҳурматга сазовор яҳудий раҳбарларидан бири бўлган Гамалиэлдан таълим олган. (Ҳавор. 5:34; 22:3) Қайсидир пайт Павлус яҳудийлар орасида муайян мавқега эга бўлган. У: «Мен халқимдаги тенгдошларимдан кўра, яҳудий динида кўпроқ муваффақият қозонганман»,— деб айтган. (Галат. 1:13, 14; Ҳавор. 26:4) Бироқ Павлус ўзига таянмаган.

Павлус бу дунёда ютуқдай кўринган нарсаларни Масиҳнинг издоши бўлиш шарафи олдида «ахлат», деб ҳисоблаган (8- хатбошига қаранг.) *

8. Филиппиликларга 3:8 га кўра, Павлус ортда қолдирган нарсаларига қандай нуқтаи назарда бўлган ва нима учун у: «Заиф бўлишдан... мамнуният топаман»,— деб айтган?

8 Павлус дунёнинг нуқтаи назарида уни кучли қилган нарсалардан бажонидил воз кечган. Қолаверса, у олдин эришган ва ютуқдай кўринган нарсаларни «ахлат» деб ҳисоблаган. (Филиппиликларга 3:8 ни ўқинг.) Масиҳнинг издоши бўлгани учун Павлус кўпгина қийинчиликларни бошдан кечирган. Ўз халқи ундан нафратланган. (Ҳавор. 23:12–14) Ҳамюртлари, яъни Рим фуқаролари уни дўппослаб, қамоққа ташлашган. (Ҳавор. 16:19–24, 37) Бунинг устига, Павлус номукаммал эканини ва тўғри иш қилиш осон эмаслигини тушунган. (Рим. 7:21–25) Лекин у душманлари ёки ўз камчиликлари уни тўхтатишига йўл қўймаган. Аксинча, Павлус: «Заиф бўлишдан... мамнуният топаман»,— деган. Нега? Сабаби заиф бўлганида, Худо унга қай йўсин ёрдам берганини кўрган. (2 Кор. 4:7; 12:10)

9. Дунёда одамларни муҳим қиладиган нарсаларга эга бўлмасак, бунга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак?

9 Яҳовадан куч олишни истасак, қанчалар қадрли эканимиз жисмоний кучимиз, билимимиз, маданиятимиз ёки бойлигимизга боғлиқ, деб ўйламаслигимиз даркор. Яҳованинг олдидаги ўрнимиз бу нарсалар билан белгиланмайди. Бундан ташқари, Яҳованинг хизматчилари орасида донишманд, қудратли ва асилзодалар кўп эмас. Аксинча, Яҳова «дунёнинг... назарида нодон бўлганларни танлади». (1 Кор. 1:26, 27) Шундай экан, юқорида тилга олинган нарсаларга эга бўлмасангиз ҳам, Яҳовага хизмат қила оласиз. Унутмангки, дунёда одамларни муҳим қиладиган нарсаларга эга бўлмаганингизда, Яҳова қай йўсин сизга куч беришининг гувоҳи бўласиз. Агар эътиқодингиз борасида шубҳа уйғотишга уринаётганлар дўқ-пўписа қилса, имонингизни ҳимоя қилиш учун Яҳова сизга жасорат беришини сўраб ибодат қилинг. (Эфес. 6:19, 20) Жиддий касаллик дастидан муаммоларни бошдан кечираётган бўлсангиз, хизматда имкон борича кўпроқ иштирок этиш учун Яҳовадан куч сўранг. Ҳар сафар Яҳованинг ёрдамини кўрганингизда, имонингиз мустаҳкамланади ва янада кучли бўласиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МИСОЛЛАРДАН ЎРНАК ОЛИНГ

10. Нега Ибронийларга 11:32–34 да келтирилган садоқатли кишиларники каби мисолларни тадқиқ қилишимиз лозим?

10 Павлус Муқаддас Ёзувларни пухта тадқиқ қилган. У Худонинг Каломи асосида тез-тез тадқиқ ўтказган ва у ерда тилга олинган садоқатли хизматчиларнинг мисолларидан кўп сабоқ олган. Масалан, Павлус иброний масиҳийларга мактуб ёзганида, уларни Яҳованинг кўплаб садоқатли хизматчилари қолдирган ўрнак устида мулоҳаза юритишга ундаган. (Ибронийларга 11:32–34 ни ўқинг.) Келинг, уларнинг бирини — шоҳ Довуднинг мисолини кўриб чиқамиз. У нафақат душманлари, балки қачонлардир унинг дўстлари бўлган баъзилар тарафидан ҳам қаршиликларга дуч келган. Довуднинг мисолига назар ташласак, нима учун унинг устида мулоҳаза юритиш Павлусга ёрдам берганини ва қай йўсин унга тақлид қилишимиз мумкинлигини тушунамиз.

Довуд ёш ва заифдай кўринган бўлса-да, Гўлиётга қарши жанг қилишдан қўрқмаган. Довуд Яҳовага таянган, чунки Гўлиётнинг устидан ғалаба қозониш учун Яҳова унга куч беришига амин бўлган. Шундай бўлган ҳам (11- хатбошига қаранг.)

11. Нима учун Довуд заифдай кўринган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

11 Жисмонан кучли жангчи Гўлиётнинг назарида Довуд заифдай кўринган. Гўлиёт Довудни кўрганида, «уни назар-писанд қилмай илжайиб қўйган». Ахир Гўлиёт каттароқ, яхшироқ қуролланган ва жанг қилишга ўргатилган эди. Ундан фарқли равишда, Довуд жангга яхши қуролланмаган тажрибасиз боладай кўринган. Аммо Довуднинг заифдай кўринган тарафи унинг кучли тарафи бўлиб чиққан. У Яҳованинг қудратига таянган ва душманини енгган. (1 Шоҳ. 17:41–45, 50)

12. Довуд яна қандай қийинчилик билан курашишига тўғри келган?

12 Довуд ўзини заифдай ҳис қилишига сабаб бўлган бошқа қийинчилик билан ҳам курашишига тўғри келган. У Яҳова Исроилнинг шоҳи этиб тайинлаган Шоулга садоқат ила хизмат қилган. Шоҳ Шоул бошида Довудни ҳурмат қилган. Кейинчалик эса мағрурлиги унга ҳасад қилишига сабаб бўлган. Шоул Довудга ёмон муомалада бўлган, ҳатто уни ўлдиришга уринган. (1 Шоҳ. 18:6–9, 29; 19:9–11)

13. Шоҳ Шоулнинг адолатсиз муносабатига Довуд қандай жавоб қайтарган?

13 Шоҳ Шоулнинг адолатсиз муносабатига қарамай, Довуд Яҳова тайинлаган шоҳга ҳурмат кўрсатишда давом этган. (1 Шоҳ. 24:6) Шоулнинг ёмонликлари учун у Яҳовани айбламаган. Аксинча, бу қийинчиликда бардошли бўла олиши учун Яҳова керакли кучни беришига ишонган. (Заб. 18:1, сўзбоши)

14. Павлус Довудникига ўхшаш қандай вазиятга дуч келган?

14 Ҳаворий Павлус ҳам Довудникига ўхшаш вазиятга дуч келган. Павлуснинг душманлари ундан анча кучлироқ бўлган. Ўз даврида таъсир доираси кенг бўлган раҳбарлар ундан нафратланишган. Улар уни тез-тез дўппослаб, қамоққа ташлашган. Довуд сингари Павлус ҳам аслида дўстлари бўлиши керак бўлган одамлар томонидан ёмон муносабатга дуч келган. Ҳатто масиҳийлар жамоатидаги айримлар унга қарши чиққан. (2 Кор. 12:11; Филип. 3:18) Лекин Павлус унга қарши бўлганларнинг барчасини енгган. Қанақасига? Қаршиликка қарамай, у ваъз қилишда давом этган. Ҳатто биродару опа-сингиллари Павлуснинг ҳафсаласини пир қилган бўлса-да, у уларга садоқатли қолган. Энг асосийси, Павлус умрининг охиригача Худога содиқ бўлган. (2 Тим. 4:8) У шунча қийинчиликни жисмонан кучли бўлгани учун эмас, балки Яҳовага таянгани туфайли енгган.

Эътиқодингизни шубҳа остига қўйганлар билан музокара қилар экансиз, ҳурмат ва меҳр кўрсатинг (15- хатбошига қаранг.) *

15. Мақсадимиз нима ва унга қандай эриша оламиз?

15 Синфдошларингиз, ҳамкасбларингиз ёки Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзоларингиз томонидан таҳқирлару таъқибларга дуч келяпсизми? Жамоатдан кимдир сизга ёмон муомалада бўлганми? Агар шундай бўлса, Довуд ва Павлуснинг мисолларини ёдга олинг. «Ёмонликни ҳамиша яхшилик билан мағлуб қила» оласиз. (Рим. 12:21) Бизга қарши чиқишганда, Довуд Гўлиёт билан курашгани сингари, курашишимизга ҳожат йўқ. Аксинча, бошқаларга Яҳова ҳамда Муқаддас Китоб ҳақида билиб олишга кўмаклашиб ёмонликни яхшилик билан мағлуб қиламиз. Одамларнинг саволларига жавоб бериш учун Муқаддас Китобдан фойдаланиб, сизга ёмон муомалада бўлганларга ҳурмат ва меҳр кўрсатиб ҳамда барчага, ҳатто душманлик қилаётганларга яхшилик қилиб бу мақсадга эриша оласиз. (Мат. 5:44; 1 Бутр. 3:15–17)

БОШҚАЛАРНИНГ ЁРДАМИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГ

16, 17. Павлус нимани асло ёдидан чиқармаган?

16 Ҳаворий Павлус Масиҳнинг шогирди бўлишдан аввал унинг издошларини таъқиб қилган сурбет киши бўлган. (Ҳавор. 7:58; 1 Тим. 1:13) Ўша пайтда Шоул деб танилган Павлусни масиҳийлар жамоатига таҳдид қилишдан Исонинг ўзи тўхтатган. У Павлусга осмондан гапириб, уни кўр қилиб қўйган. Яна кўра олиши учун Павлус ўзи таъқиб қилган одамлардан ёрдам сўрашига тўғри келган. Унинг кўриш қобилиятини тиклаган Ҳанания исмли шогирднинг ёрдамини Павлус камтарлик ила қабул қилган. (Ҳавор. 9:3–9, 17, 18)

17 Вақт ўтиб Павлус масиҳийлар жамоатининг таниқли аъзоларидан бирига айланган. Лекин Дамашққа кетаётганида Исо унга қандай сабоқ берганини асло ёдидан чиқармаган. Павлус доим камтарин бўлган ва биродару опа-сингилларининг ёрдамини тайёрлик ила қабул қилган. У имондошлари унга «яхшигина тасалли» берганини, яъни қўллаб-қувватлаганини тан олган. (Колос. 4:10, 11)

18. Нима учун бошқаларнинг ёрдамини қабул қилиш қийин кечиши мумкин?

18 Павлуснинг мисолидан қандай сабоқ олсак бўлади? Яҳованинг хизматчилари билан энди мулоқот қилишни бошлаганимизда, маънавий тарафдан чақалоқ эканимизни ва кўп нарсани ўрганишимиз кераклигини тушуниб, бошқаларнинг ёрдамини тайёрлик ила қабул қилгандирмиз. (1 Кор. 3:1, 2) Ҳозир-чи? Яҳовага анча йиллардан бери хизмат қилиб, кўп тажрибага эга бўлган бўлсак, бошқаларнинг, айниқса, ҳақиқатга нисбатан яқинда келганларнинг ёрдамини тайёрлик ила қабул қилиш қийин кечиши мумкин. Аммо Яҳова бизни мустаҳкамлаш учун кўпинча биродару опа-сингилларимиздан фойдаланади. (Рим. 1:11, 12) Агар Яҳова бизга куч беришини истасак, буни тушунишимиз лозим.

19. Нега Павлус муваффақиятли бўла олган?

19 Масиҳий бўлгач, Павлус кўп ажойиб ишларни амалга оширган. Нима учун? Чунки у муваффақият одамнинг жисмоний кучи, билими, бойлиги ёки ижтимоий келиб чиқишига эмас, камтарлигию Яҳовага таянишига боғлиқ эканини англаган. Келинг, 1) Яҳовага таяниб, 2) Муқаддас Китобдаги мисоллардан сабоқ олиб ва 3) имондошларнинг ёрдамини қабул қилиб Павлусга тақлид қилайлик. Шунда ўзимизни қанчалик заиф ҳис этсак ҳам, Яҳова бизни кучли қилади.

71- ҚЎШИҚ Биз — Яҳованинг лашкаримиз!

^ абз. 5 Ушбу мақолада ҳаворий Павлуснинг мисолини кўриб чиқамиз. Шунингдек, камтар бўлсак, ҳақоратларга дуч келганимизда бардошли бўлишга ва заифликларимизни енгишга Яҳова куч беришига диққат қаратамиз.

^ абз. 1 ИБОРА МАЪНОСИ. Номукаммаллик, камбағаллик, касаллик ёки камсаводлик каби бир қанча сабаблар туфайли ўзимизни заиф ҳис этишимиз мумкин. Бунинг устига, душманларимиз бизга ёмон гаплар айтиб ёки жисмоний зарар етказиб, ўзимизни заиф ҳис этишимизга ҳаракат қилишади.

^ абз. 57 РАСМГА ШАРҲ. Павлус Исо тўғрисида ваъз қилгани кетаётиб, собиқ фарзий сифатида фойдаланган муайян нарсаларини ортда қолдириб кетяпти. Масалан, бу дунёвий қўлёзмалар ва ичига Муқаддас Ёзувлардан парчалар солинган қути бўлгандир.

^ абз. 61 РАСМГА ШАРҲ. Биродаримиз туғилган кун базмига қўшилиши учун ҳамкасблари унга босим ўтказяпти.