Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

47- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Фикрлаш тарзингизни тўғрилашда давом этасизми?

Фикрлаш тарзингизни тўғрилашда давом этасизми?

Хулласи калом биродарлар, хурсанд бўлиб юринглар, фикрингизни тўғрилаб туринглар. 2 КОР. 13:11

54- ҚЎШИҚ «Мана йўл»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Матто 7:13, 14 га кўра, қайси маънода саёҳатдамиз?

ҲАММАМИЗ саёҳатдамиз. Биз мўлжаллаган манзил, яъни мақсад Яҳова севги ила бошқарадиган янги дунёда яшашдир. Биз ҳар куни ҳаётга элтувчи йўлдан юришга интиламиз. Лекин Исо айтганидай, бу йўл тор ва гоҳида ундан юриш қийин кечади. (Матто 7:13, 14 ни ўқинг.) Номукаммал эканмиз, бу йўлдан осонгина оғиб кетишимиз ҳеч гап эмас. (Галат. 6:1)

2. Бу мақолада нималарни билиб оламиз? (« Камтарлик тор йўлда қолишимизга ёрдам беради» номли рамкага ҳам қаранг.)

2 Тор йўлда қолишни истасак, фикрлаш тарзимизни, нуқтаи назаримизни ва хатти-ҳаракатларимизни ўзгартиришга тайёр бўлишимиз керак. Ҳаворий Павлус Коринфдаги масиҳийларни фикрларини тўғрилаб туришда давом этишга ундаган. (2 Кор. 13:11) Мазкур маслаҳат бизга ҳам тегишлидир. Бу мақолада қай йўсин Муқаддас Китоб ёрдамида ўзгаришлар қилишимиз мумкинлиги ва етук дўстларимиз ҳаёт йўлида қолишимизга қандай қилиб кўмаклаша олиши муҳокама қилинади. Шунингдек, Яҳованинг ташкилоти берган йўл-йўриққа амал қилиш қачон қийин кечиши мумкинлиги кўриб чиқилади. Бундан ташқари, қай йўсин камтарлик фазилати ёрдамида Яҳовага хизмат қилишда қувончимизни йўқотмай ўзгаришлар қилишимиз ҳақида билиб оламиз.

ХУДОНИНГ КАЛОМИ СИЗНИ ТЎҒРИЛАШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИНГ

3. Худонинг Каломи нима қилишингизга ёрдам бера олади?

3 Фикрларимизу ҳис-туйғуларимизни текширганимизда қийинчиликка дуч келамиз. Қалбимиз ўта алдамчи экан, у бизни қаерга етаклаётганини билиш қийин бўлиши мумкин. (Ерм. 17:9) «Ҳақиқатга зид фикрлар» билан ўзимизни алдаш осон. (Ёқб. 1:22) Шундай экан, ўзимизни текширганда Худонинг Каломидан фойдаланишимиз лозим. Муқаддас Китоб аслида қандай шахс эканимизни — юрагимиздаги «нияту фикрларни» аниқлашга кўмаклашади. (Иброн. 4:12, 13) Қайсидир маънода, Худонинг Каломини рентген аппаратига ўхшатса бўлади. Унинг ёрдамида ичимизда нима борлигини кўра оламиз. Лекин Муқаддас Китобдаги ёки бошчиликни зиммасига олганлар берган маслаҳатдан фойда олиш учун камтар бўлишимиз даркор.

4. Шоҳ Шоул мағрурланиб кетганини қаердан биламиз?

4 Камтарликни намоён этмаганимизда нима юз бериши мумкинлигини шоҳ Шоулнинг мисолидан кўрсак бўлади. У шунчалик мағрурланиб кетганки, фикрлаш тарзини ва хатти-ҳаракатларини ўзгартириши зарурлигини ҳатто қалбида ҳам тан олмади. (Заб. 36:1, 2; Хаб. 2:4) Яҳова Шоулга у омолекларни мағлуб қилгач, қандай йўл тутиши кераклиги борасида аниқ йўл-йўриқ берганида бу яққол кўринди. Аммо Шоул Яҳовага қулоқ солмади. Шомуил пайғамбар унга итоатсизлик қилгани ҳақида айтганида, Шоул хатосини тан олмади. Аксинча, у қилмишининг аҳамиятини пасайтириб ва уни бошқаларга тўнкаб, ўзини оқлашга тушди. (1 Шоҳ. 15:13–24) Устига-устак, Шоул бундан олдин ҳам шунга ўхшаш йўл тутган эди. (1 Шоҳ. 13:10–14) Афсуски, у қалби мағрур бўлиб қолишига йўл қўйди. Шоул фикрлаш тарзини ўзгартирмагани учун Яҳова унга танбеҳ бериб, уни рад этди.

5. Шоул каби мағрурликка берилиб кетмаслик учун нима қилсак бўлади?

5 Шоул каби мағрурликка берилиб кетмаслик учун ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўларди: «Худонинг Каломидан бирон маслаҳатни ўқиганимда, ўзимни оқлашга мойилманми? Қилмишимнинг аҳамиятини пасайтираманми? Айбни бошқаларга тўнкайманми?» Мазкур саволларнинг ҳатто биттасига «ҳа» деб жавоб берган бўлсак, фикрларимизни ва нуқтаи назаримизни ўзгартиришимиз зарур. Акс ҳолда, қалбимиз мағрурликка берилиб кетганидан Яҳова бизни дўсти сифатида рад этади. (Ёқб. 4:6)

6. Шоҳ Шоул ва шоҳ Довуд ўртасидаги фарқни тушунтиринг.

6 Келинг, шоҳ Шоул ва шоҳ Довуд ўртасидаги фарқни кўриб чиқамиз. Довуд «Яҳованинг қонуни»ни яхши кўрган. (Заб. 1:1–3) Яҳова камтарларни қутқаришини, бироқ кеккайганларга қарши чиқишини у билган. (2 Шоҳ. 22:28) Шу сабабли, Довуд Худонинг қонуни унинг фикрлаш тарзини ўзгартиришига йўл қўйган. У қуйидагича ёзган: «Менга панд-насиҳат берган Яҳовани шарафлайман. Ҳатто тунда ҳам чуқур ўй-фикрларим менга таълим беради». (Заб. 16:7)

ХУДОНИНГ КАЛОМИ

Йўлдан оғганимизда Худонинг Каломи бизни огоҳлантириши мумкин. Камтар бўлсак, Худонинг Каломи нотўғри фикрларимизни тўғрилашига йўл қўямиз (7- хатбошига қаранг.)

7. Камтар бўлсак, нима қиламиз?

7 Камтар бўлсак, бирон иш қилишдан аввал Худонинг Каломи нотўғри фикрларимизни тўғрилашига йўл қўямиз. Муқаддас Китоб бизга гўёки: «Мана йўл, шу йўлдан юринг»,— дегандай бўлади. Ҳа, юраётган йўлимиздан ё чапга, ё ўнгга оғсак, у бизни огоҳлантиради. (Ишаё 30:21) Яҳовага қулоқ солиш бизга кўп фойда келтиради. (Ишаё 48:17) Масалан, кимдир бизни тузатишига ва хижолат бўлишимизга тўғри келадиган вазиятга тушмаймиз. Шунда Яҳовага яқинлашамиз, чунки У бизга севимли фарзанди каби муомала қилаётганини тушунамиз. (Иброн. 12:7)

8. Ёқуб 1:22–25 да айтиб ўтилганидай, қандай қилиб Худонинг Каломи биз учун кўзгудай бўлиши мумкин?

8 Худонинг Каломи биз учун кўзгудай бўлиши мумкин. (Ёқуб 1:22–25 ни ўқинг.) Аксариятимиз ҳар тонг кўчага чиқишдан олдин кўзгуга қараймиз. Шунда бошқаларга кўринишдан аввал қаеримизни тўғрилаш кераклигини кўрамиз. Шу сингари, Муқаддас Китобни кунда ўқиганимизда, қайси масалаларда фикрларимизу нуқтаи назаримизни ўзгартиришимиз лозимлигини кўра оламиз. Кўплар ҳар куни эрталаб уйдан чиқишдан аввал кунлик оятни ўқишни фойдали, деб топди. Улар ўқиганлари фикрлаш тарзига таъсир қилишига йўл қўяди. Сўнг кун давомида улар Худонинг Каломидан олган маслаҳатни амалда қўллаш йўлларини излайди. Бундан ташқари, Муқаддас Китобни ҳар куни ўқишимиз ва устида мулоҳаза юритишимиз даркор. Бу оддий сўзлардай эшитилар, аммо ушбу қадам ҳаётга элтувчи тор йўлда қолишимиз учун энг кўп ёрдам берадиган муҳим ишлардан биридир.

МАЪНАН ЕТУК ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҚУЛОҚ СОЛИНГ

МАЪНАН ЕТУК ДЎСТЛАР

Маънан етук имондошимиз бизни меҳр ила огоҳлантириши мумкин. Дўстимиз жасорат топиб бизга гапиргани учун миннатдор бўламизми? (9- хатбошига қаранг.)

9. Нима учун дўстингиз сизни тўғрилаши мумкин?

9 Сизни Яҳовадан узоқлаштирадиган йўлдан юрганмисиз? (Заб. 73:2, 3) Ўшанда маънан етук дўстингиз жасорат топиб сизни тўғрилаганида, маслаҳатига қулоқ солиб, унга амал қилганмисиз? Агар шундай бўлса, тўғри йўл тутгансиз ва шубҳасизки, дўстингиз сизни огоҳлантиргани учун миннатдорсиз. (Ҳик. 1:5)

10. Дўстингиз сизни тўғриласа, қандай муносабат кўрсатишингиз керак?

10 Худонинг Каломида шундай дейилган: «Дўстнинг яралаши садоқатидан даракдир». (Ҳик. 27:6) Қизиқ, мазкур сўзлар нимани англатади? Қуйидаги мисол борасида бир ўйлаб кўринг: айтайлик, гавжум кўчани кесиб ўтиш учун кутиб турибсиз. Шунда телефонингизга чалғиб қоласиз. Атрофга қарамай кўчадан юра бошлайсиз. Дўстингиз шу заҳоти қўлингиздан ушлаб сизни тротуарга тортади. У қаттиқ тортганидан қўлингиз кўкаради, аммо унинг тезкор ҳаракати сизни машина уриб кетишидан сақлаб қолади. Ҳатто унинг ҳаракати туфайли қўлингиз бир неча кун оғриса ҳам, қилган иши учун дўстингиздан хафа бўлармидингиз? Албаттаки, йўқ! Аксинча, ёрдами учун миннатдор бўласиз. Шунга ўхшаб, дўстингиз гап-сўзларингиз ёки ҳаракатларингиз Худонинг адолатли меъёрларига тўғри келмаётганини айтса, аввалига бу оғир ботиши мумкин. Лекин сизга маслаҳат бергани учун жаҳлингиз чиқмасин ёки ундан ранжиманг. Бу аҳмоқлик бўларди. (Воиз 7:9) Бунинг ўрнига, дўстингиз жасорат топиб сизга бу ҳақида айтгани учун миннатдор бўлинг.

11. Дўстнинг асосли маслаҳатини рад этишга нима сабаб бўлиши мумкин?

11 Меҳрибон дўстнинг асосли маслаҳатини рад этишга нима сабаб бўлиши мумкин? Мағрурлик. Бундай одамлар «қулоқларига ёқадиган нарсаларни» эшитишни ёқтиради. «Улар ҳақиқатни тингламайди». (2 Тим. 4:3, 4) Мағрур одам ўзини бошқалардан донороқ ва муҳимроқ, деб билгани учун маслаҳатга муҳтож эмасман, деб ўйлайди. Аммо ҳаворий Павлус: «Агар бирор киши ҳеч ким бўлмай туриб ўзи ҳақида юқори фикрда бўлса, у ўзини алдаган бўлади»,— деб ёзган. (Галат. 6:3) Шунингдек, шоҳ Сулаймон буни жуда яхши тушунтирган. У қуйидагича деган: «Кекса, лекин маслаҳатга қулоқ солмайдиган нодон шоҳдан кўра, камбағал доно йигит яхшироқдир». (Воиз 4:13)

12. Галатияликларга 2:11–14 га биноан, ҳаворий Бутруснинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

12 Павлус одамлар олдида ҳаворий Бутрусни тўғрилаганида, у қандай ўрнак қолдирганига диққат қаратинг. (Галатияликларга 2:11–14 ни ўқинг.) Павлус буни қай йўсин айтганига ва бошқалар олдида қилганига диққат қаратиб, Бутруснинг жаҳли чиқиши мумкин эди. Лекин Бутрус доно киши бўлган. У маслаҳатни қабул қилган ва Павлусга нисбатан гина сақлаб юрмаган. Аксинча, вақт ўтиб у Павлусни «азиз биродаримиз» деб тилга олган. (2 Бутр. 3:15)

13. Бошқаларга маслаҳат берганда, нималарни ёдда тутишимиз керак?

13 Борди-ю, дўстингиз маслаҳатга муҳтож, деб ўйласангиз, нималарни ёдда тутишингиз лозим? Унга мурожаат қилишдан аввал ўзингизга шундай савол беринг: «Бу инсон чиндан ҳам маслаҳатга муҳтожми ёки мен “ҳаддан ошиқ одил” бўлиб кетяпманми?» (Воиз 7:16) Ҳаддан ошиқ одил одам бошқаларни Яҳованинг эмас, балки ўз меъёрлари бўйича ҳукм қилади ва у раҳм-шафқатли бўлиши эҳтимолдан йироқ. Ўзингизни текширгандан кейин ҳам дўстингиз билан гаплашиб олишингиз кераклигини кўрсангиз, муаммо нимада эканини унга аниқ кўрсатинг ва нуқтаи назарини билиш учун саволлар беринг. У қандай фикрда эканини билсангиз, хатосини тушунишига ёрдам бериш осонроқ бўлади. Дўстингиз сизнинг эмас, балки Яҳованинг ҳакамлик курсиси олдида туриши кераклигини унутмай, айтаётганларингиз Муқаддас Китобга асосланганига ишонч ҳосил қилинг. (Рим. 14:10) Худонинг Каломидаги доноликка таянинг ва кимгадир маслаҳат берганингизда, Исонинг раҳмдиллигига тақлид қилинг. (Ҳик. 3:5; Мат. 12:20) Нега? Чунки бошқаларга қандай муносабат кўрсатсак, Яҳова ҳам бизга худди шундай муносабатда бўлади. (Ёқб. 2:13)

ХУДОНИНГ ТАШКИЛОТИ БЕРГАН ЙЎЛ-ЙЎРИҚҚА АМАЛ ҚИЛИНГ

ХУДОНИНГ ТАШКИЛОТИ

Бу ташкилот Худонинг Каломидаги маслаҳатларни амалда қўллашимизга ёрдам бериш мақсадида видеолар, адабиётлар ва йиғилишларни тақдим этмоқда. Уларнинг бари Муқаддас Китобга асосланган. Баъзида Етакчи кенгаш фаолиятимизга тегишли ўзгаришлар қилиши мумкин (14- хатбошига қаранг.)

14. Худонинг ташкилоти бизга нималарни тақдим этмоқда?

14 Ҳаётга элтувчи тор йўлдан юришимиз учун Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми орқали бизни йўналтиради. Бу ташкилот Худонинг Каломидаги маслаҳатларни амалда қўллашимизга ёрдам бериш мақсадида видеолар, адабиётлар ва йиғилишларни тақдим этмоқда. Уларнинг бари Муқаддас Китобга қатъий асосланган. Ваъзгўйлик ишини қай йўсин аъло тарзда ташкиллаштириш борасида қарор чиқараётиб, Етакчи кенгаш муқаддас руҳга таянади. Шунга қарамай, Етакчи кенгаш фаолиятимиз қандай ташкиллаштирилиши борасидаги қарорларини мунтазам равишда қайта кўриб чиқади. Нега деганда, «бу дунёнинг саҳнаси ўзгариб боряпти» ва Худонинг ташкилоти янги шароитларга мослашиши лозим. (1 Кор. 7:31)

15. Айрим имондошларимиз қандай қийинчиликка дуч келишди?

15 Шубҳасизки, таълимотларимиз ва одоб-ахлоқ масаласида Муқаддас Китобга асосланган йўл-йўриқларга тайёрлик ила амал қиламиз. Хўш, Худонинг ташкилоти ҳаётимизнинг бошқа соҳаларига таъсир этадиган ўзгаришлар қилса-чи, қандай муносабат кўрсатамиз? Мисол учун, сўнгги йилларда топиниш учун мўлжалланган биноларни қуриш ва уларга хизмат кўрсатишнинг баҳоси анча ошди. Шу боис, Етакчи кенгаш Йиғилиш залларидан тўлақонли фойдаланиш борасида йўл-йўриқ берди. Бундай ўзгаришлар натижасида жамоатлар бирлаштирилди ва айрим Йиғилиш заллари сотилди. Тушган маблағдан эса Йиғилиш залларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда уларни барпо этиш учун фойдаланилмоқда. Сиз яшаётган ҳудудда ҳам заллар сотилган ва жамоатлар бирлаштирилган бўлса, эҳтимол, янги шароитларга мослашишга қийналаётгандирсиз. Энди баъзи ваъзгўйлар йиғилишга бориши учун узоқ йўлни босиб ўтишига тўғри келади. Йиғилиш залини қуришда ёки унга хизмат кўрсатишда қатнашганлар эса: «Нега энди бу зал сотиляпти?» — деб ўйлаб қолиши мумкин. Улар вақти ва кучи бекор кетди, деган фикрга борар. Бироқ шунда ҳам улар бу қарорларни қабул қилиб, итоаткорликни намоён этишяпти. Бунинг учун улар мақтовга сазовор.

16. Қай йўсин Колосаликларга 3:23, 24 га амал қилиш қувончни йўқотмасликка ёрдам беради?

16 Барча ишни Яҳова учун қилаётганимизни ва У ташкилотини йўналтираётганини ёдда сақласак, қувончимизни сақлай оламиз. (Колосаликларга 3:23, 24 ни ўқинг.) Маъбад учун эҳсон қилишда шоҳ Довуд яхши ўрнак қолдирган. У қуйидагича деган: «Мен ва халқим ким бўлибмизки, Сенга мана шундай ихтиёрий назрлар келтирсак?! Ахир барча нарсаларнинг манбаи Сенсан! Сенинг қўлингдан олган нарсамизни Ўзингга қайтаряпмиз». (1 Сол. 29:14) Биз ҳам эҳсон қилганимизда, Яҳовадан олганларимизни Ўзига қайтарамиз. Бунга қарамай, Унинг ишини бажариш учун вақтимизни, кучимизни ва маблағимизни сарфласак, Яҳовани хурсанд қиламиз. (2 Кор. 9:7)

ТОР ЙЎЛДА ҚОЛИНГ

17. Йўлингизни ўзгартиришингиз кераклигини кўрсангиз, нега тушкунликка тушмаслигингиз керак?

17 Ҳаётга элтувчи тор йўлда қолиш учун барчамиз Исонинг изидан оғмай юришимиз керак. (1 Бутр. 2:21) Йўлимизни ўзгартириш кераклигини кўрсак, тушкунликка тушмайлик. Аслида бу Яҳованинг йўл-йўриғига қулоқ солаётганимизни кўрсатувчи ижобий белги бўлиши мумкин! Шуни унутмангки, ҳозир номукаммал эканмиз, Яҳова Исонинг ўрнагига мукаммал тарзда тақлид қилишимизни кутмайди.

18. Манзилимизга етиш учун нима қилишимиз керак?

18 Барчамиз диққатимизни келажакка қаратиб, фикрларимизни, нуқтаи назаримизни ва хатти-ҳаракатларимизни ўзгартиришга тайёр бўлайлик. (Ҳик. 4:25; Луқо 9:62) Камтарин бўлиб қолайлик, хурсанд бўлиб юрайлик ва фикрларимизни тўғрилаб турайлик. (2 Кор. 13:11) Шундай йўл тутсак, «севги ва тинчлик Худоси» биз билан бўлади. Қолаверса, нафақат манзилимизга етамиз, балки саёҳатдан завқ оламиз.

34- ҚЎШИҚ Бенуқсон бўлиб юринг

^ абз. 5 Баъзиларимиз учун фикрлаш тарзимизни, нуқтаи назаримизни ва хатти-ҳаракатларимизни ўзгартириш қийин бўлиши мумкин. Бу мақолада нега барчамиз ўзгаришлар қилишимиз кераклиги тушунтирилади. Қолаверса, ўзгаришлар қилаётиб қай йўсин қувончни сақлаб қолишимиз мумкинлиги кўриб чиқилади.

^ абз. 76 РАСМГА ШАРҲЛАР. Ёш биродар нотўғри қарор чиқаргани туфайли у билан нима юз берганини айтиб беряпти. Ёши каттароқ биродар эса (ўнгда) уни диққат ила тинглаб, маслаҳат бериш-бермаслик ҳақида ўйлаяпти.