Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

51- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Яҳова... руҳан эзилганларни... қутқаради»

«Яҳова... руҳан эзилганларни... қутқаради»

Яҳова қалби ўксиганларга яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради. ЗАБ. 34:18

30- ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

БАЪЗИДА умримиз қисқа ва кунларимиз «ғам-ташвишга тўла» экани ҳақида ўйлаб қолишимиз мумкин. (Аюб 14:1) Табиийки, гоҳида бунинг дастидан руҳан эзиламиз. Яҳованинг кўпгина қадимги хизматчилари ҳам бундай ҳис-туйғуларни бошдан кечирган. Айримлари ҳатто ўлишни истаган. (3 Шоҳ. 19:2–4; Аюб 3:1–3, 11; 7:15, 16) Аммо бу хизматчилар ишонган Тангри Яҳова уларга доимо далда берган ва мустаҳкамлаган. Уларнинг мисоллари бизга тасалли бериш учун ва ўрнак сифатида ёзиб қолдирилган. (Рим. 15:4)

2 Бу мақолада руҳан эзилишга сабаб бўлган қийинчиликларни бошдан кечирган Яҳованинг хизматчиларига диққат қаратамиз. Хусусан, Ёқубнинг ўғли Юсуф, бева Наима ва келини Рут, 73- санони ёзган леви ва ҳаворий Бутруснинг мисолларини кўриб чиқамиз. Қай йўсин Яҳова уларни мустаҳкамлаган? Уларнинг мисолларидан шахсан ҳар биримиз қандай сабоқ олсак бўлади? Бу саволларнинг жавоблари қуйидаги сўзлар чин эканига бўлган ишончимизни оширади: «Яҳова қалби ўксиганларга яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради». (Заб. 34:18)

ЮСУФ ЎТАКЕТГАН АДОЛАТСИЗЛИККА ДУЧ КЕЛГАН

3, 4. Юсуф ёшлигида у билан нима юз берди?

3 Юсуф иккита башоратли туш кўрганида тахминан 17 ёшда эди ва уларнинг иккаласи ҳам Худодан бўлган. Мазкур тушларга кўра, бир кун келиб Юсуф ҳурматга сазовор бўлиши ва оиласида муҳим ўрин эгаллаши керак эди. (Ибт. 37:5–10) Лекин Юсуф бу тушларни кўрганидан кўп ўтмай унинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетди. Ҳурмат кўрсатиш у ёқда турсин, акалари уни қулликка сотиб юборишди. У Пўтифар исмли мисрлик амалдорнинг хонадонига қул сифатида олиб келинди. (Ибт. 37:21–28) Ҳа, қисқа вақт ичида Юсуф отасининг суюкли ўғлидан Мисрдаги бутпараст амалдорнинг уйидаги арзимас қулга айланди. (Ибт. 39:1)

4 Бу ерда Юсуфнинг вазияти янада чигаллашди. Пўтифарнинг хотини Юсуфга туҳмат қилиб, уни зўрламоқчи бўлганликда айблади. Пўтифар эса бу ишнинг тагига етмай Юсуфни зиндонга ташлади ва энди унга темир кишан солинган эди. (Ибт. 39:14–20; Заб. 105:17, 18) Юсуф ҳали ёш эди ва зўрлашга урингани тўғрисидаги туҳмат унга қандай таъсир қилгани борасида бир ўйлаб кўринг. Устига-устак, бу ҳақида эшитган одамлар Юсуфнинг Худоси Яҳова ҳақида ёмон гаплар айтган бўлиши мумкин. Чиндан ҳам, буларнинг бари Юсуфни руҳан эзгани ҳеч гап эмас.

5. Қандай қилиб Юсуф тушкунликни енга олди?

5 Юсуф қул бўлганида ва зиндонга ташланганида вазиятини ўзгартира олмасди. Хўш, қай йўсин у ижобий нуқтаи назарни сақлай олди? Юсуф энди қила олмайдиган ишларига диққат қаратмади, аксинча, унга топширилган вазифани сидқидилдан бажаришга интилди. Энг асосийси, Юсуфнинг ҳаётида Яҳова энг муҳим Шахс бўлиб қолди. Бу туфайли Худо унинг барча ишларига ривож берди. (Ибт. 39:21–23)

6. Қай йўсин Юсуф кўрган тушларидан далда олган бўлиши мумкин?

6 Эҳтимол, Юсуф илгари кўрган башоратли тушлари устида мулоҳаза юритиб ҳам далда олгандир. Бу тушларига биноан, Юсуф бир кун келиб оиласи билан кўришиши ҳамда вазияти яхшиланиши лозим эди. Шундай бўлди ҳам! Юсуф тахминан 37 ёшда бўлганида унинг башоратли тушлари ажойиб тарзда амалга оша бошлади. (Ибт. 37:7, 9, 10; 42:6, 9)

7. Бутруснинг биринчи мактуби 5:10 га кўра, қийинчиликларда бардошли бўлишимизга нима ёрдам беради?

7 Бундан қандай сабоқлар оляпмиз? Юсуфнинг ҳикояси шуни эслатадики, бу дунё бешафқат ва одамлар бизга нисбатан адолатсизларча йўл тутади. Ҳатто имондошимиз қалбимизни оғритиши мумкин. Бироқ Яҳовани Қоямиз ва Бошпанамиз деб билсак, ҳаддан ортиқ тушкунликка тушмаймиз ва Унга хизмат қилишда давом этамиз. (Заб. 62:6, 7; 1 Бутрус 5:10 ни ўқинг.) Эсингизда бўлса, Яҳова Юсуфга башоратли тушларни берганида, у тахминан 17 ёшда эди. Шубҳасизки, Тангри ёш хизматчиларига ишонади. Бугунги кунда ҳам кўп ёшларнинг вазияти Юсуфникига ўхшайди. Улар ҳам Яҳовага ишонади. Ҳатто уларнинг баъзилари Худога содиқ қолгани туфайли қамоққа ташланмоқда. (Заб. 110:3)

ҚАЙҒУГА БОТГАН ИККИТА АЁЛ

8. Наима ва Рут билан нима юз берди?

8 Қаттиқ очарчилик дастидан Наима ва унинг оиласи Яҳудодаги уйини тарк этиб, Мўабда мусофирлар сифатида яшашига тўғри келди. Бу ерда Наиманинг эри Элималек вафот этди ва у иккита ўғли билан ёлғиз қолди. Вақт ўтиб унинг иккита ўғли ҳам Рут ва Ўрпа исмли мўаблик аёлларга уйланди. Тахминан ўн йил ўтгач эса ўғиллари ҳам вафот этди ва уларнинг фарзандлари йўқ эди. (Рут 1:1–5) Бу учта аёл қанчалик қайғуга ботганини бир тасаввур қилинг! Тўғри, Рут ва Ўрпа қайта турмушга чиқиши мумкин эди, аммо кекса Наима-чи, ким унга ғамхўрлик қиларди? Наима шунчалик руҳан эзилдики, ҳатто бир сафар қуйидагича деди: «Мени Наима эмас, Мара деб чақиринглар. Чунки Қодир Тангри ҳаётимни аччиқ қилди». Қалби тилка-пора бўлган Наима Байтлаҳмга қайтишга қарор қилди ва Рут у билан кетди. (Рут 1:7, 18–20)

Худо Наима ва Рутга топинувчиларига тушкунлик ва ғамгинликни енгишга ёрдам беришини исботлади. У сиз учун ҳам шундай йўл тутишига аминмисиз? (8–13- хатбошиларига қаранг.) *

9. Рут 1:16, 17, 22 га кўра, қай йўсин Рут Наимага далда берди?

9 Қизиқ, Наимага нима ёрдам берди? Бу меҳр-садоқат эди. Масалан, Рут Наима билан қолиб унга меҳр-садоқат кўрсатди. (Рут 1:16, 17, 22 ни ўқинг.) Байтлаҳмда Рут ўзи ва Наима учун бошоқ териш мақсадида оғир меҳнат қилди. Натижада бу ёш аёл яхши ном орттирди. (Рут 3:11; 4:15)

10. Қандай қилиб Яҳова Наима ва Рут сингари муҳтожликда бўлганларга севгисини кўрсатган?

10 Яҳова исроилликларга берган қонундан Унинг Наима ва Рут сингари муҳтожларга нисбатан раҳмдиллигини кўрса бўлади. У халқига ҳосилини йиғаётганда унинг чеккаларидаги ҳосилни тўлиқ ўриб олмасликни, балки уларни камбағалларга қолдиришни айтганди. (Лев. 19:9, 10) Шу боис, Наима ва Рут егулик сўраб юришига тўғри келмаган. Улар ўринли тарзда бунга эга бўла оларди.

11, 12. Қай йўсин Боз Наима ва Рутни бахтли қилди?

11 Рут бошоқ терган даланинг эгаси Боз исмли бой киши эди. У Рут қайнонасига кўрсатган садоқатию севгисидан қаттиқ таъсирланди ва бу уни қариндошлик бурчини ўтаб уларнинг оиласи учун мол-мулкини сотиб олишга ҳамда Рутга уйланишга ундади. (Рут 4:9–13) Бу жуфтлик ўғилли бўлиб, исмини Обид қўйишди ва у шоҳ Довуднинг бобоси бўлди. (Рут 4:17)

12 Наима жажжигина Обидни қўлларида ушлаб, Яҳовага қалбидаги миннатдорчилик туйғуларини изҳор этганида, қувончга тўлганини бир кўз олдингизга келтиринг! Аммо Наима ва Рут учун энг яхшиси ҳали олдинда. Улар тирилишганида Обид ваъда қилинган зурриёт — Исо Масиҳнинг аждоди бўлганини билиб олишади.

13. Наима ва Рутнинг мисолидан қандай сабоқлар оляпмиз?

13 Бундан қандай сабоқлар оляпмиз? Қийинчиликлардан ўтаётганимизда, тушкунликка тушишимиз ва ҳатто қалбимиз тилка-пора бўлиши мумкин. Муаммонинг ечимини тополмай, ўзимизни тўрт девор ичида қолгандай ҳис қилишимиз ҳеч гап эмас. Бундай пайтларда самовий Отамизга тўлиқ ишониб, имондошларимизга яқин бўлиб қолишимиз даркор. Тўғри, балки Яҳова қийинчилигимизни йўқ қилмас. Масалан, У Наиманинг эри ва ўғилларини тирилтирмади. Лекин У бизга ёрдам беради ва гоҳида буни биродару опа-сингилларимизнинг яхшиликлари орқали амалга оширади. (Ҳик. 17:17)

ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИ ТЎХТАТИШИГА САЛ ҚОЛГАН ЛЕВИ

73- сано бастакорига Яҳовага хизмат қилмайдиганлар муваффақиятга эришгандай туюлганида, қоқинишига сал қолган. Бу биз билан ҳам юз бериши мумкин (14–16- хатбошиларига қаранг.)

14. Нима сабабдан бир леви қаттиқ тушкунликка тушган?

14 Забурнинг 73- саносини бир леви ёзган. Ҳа, унда Яҳовага топинадиган жойда хизмат қилиш каби ажойиб шараф бўлган. Лекин ҳаётининг бир палласида ҳатто у тушкунликка тушган. Хўш, бунинг сабаби нимада эди? У ёвуз ва такаббур кишиларга ҳасад қила бошлаган. У ёмон ишлар қилишни истагани учун эмас, балки уларнинг ҳаёти гуллаб-яшнаётгандай кўрингани туфайли бундай ҳис-туйғуларга берилган. (Заб. 73:2–9, 11–14) Улар бойликка тўла ва ташвишлардан ҳоли яхши ҳаёт кечираётгандай туюлган. Буларни кўриб, ўша леви тушкунликка тушган ва: «Мен бекорга қалбимни пок сақлаб, айбсиз эканимни кўрсатиш учун беҳудага қўлимни ювган эканман»,— деб ёзган. Дарвоқе, у маънавий жар ёқасида бўлган.

15. Забур 73:16–19, 22–25 га биноан, қай йўсин 73- сано бастакори тушкунликни енга олди?

15 Забур 73:16–19, 22–25 ни ўқинг. Сўнг ўша леви «Худонинг муқаддас масканига» кирди. Бу ерда, эҳтимол, Яҳовага топинадиган имондошлари орасида у ибодат ила вазиятини хотиржамликда ва холисона баҳолай олган. Натижада у нодонларча фикр юритаётганини ва уни Яҳовадан узоқлаштирадиган хавфли йўлда эканини кўра бошлаган. Қолаверса, у ёвузлар «сирпанчиқ» ерда эканини ва «уларнинг умри даҳшатли» якун топишини тушунган. Дарҳақиқат, 73- санони ёзган леви вазиятга Яҳованинг нуқтаи назари билан қарагандан сўнг ҳасад ва тушкунликдан қутула олди. Бундай қилгач эса у яна хотиржамликка эга бўлиб, қувона бошлади. Ўша леви Яҳовага шундай деди: «Сен бор экансан, ерда ҳам менга ҳеч нарса керак эмас».

16. Бир левининг мисолидан қандай сабоқлар оляпмиз?

16 Бундан қандай сабоқлар оляпмиз? Гўёки гуллаб-яшнаётгандай туюлаётган ёвузларга ҳасад қилмайлик. Уларнинг қувончи юзаки ҳамда вақтинчаликдир; келажаги эса қисқа. (Воиз 8:12, 13) Уларга ҳасад қилсак, тушкунликка тушишимиз ва ҳатто Яҳова билан дўстлигимизни йўқотишимиз турган гап. Шу боис, муваффақиятли бўлиб кўринган ёвузларга ҳасад қила бошласангиз, ўша левининг ўрнагига эргашинг. Худонинг севги ила берган маслаҳатини амалда қўлланг ва Унинг иродасини бажарадиганлар билан мулоқот қилинг. Яҳовани ҳар нарсадан ва ҳар кимдан кўпроқ севсангиз, чинакам бахтга эришасиз. Шунда «ҳақиқий ҳаёт»га элтувчи йўлда қоласиз. (1 Тим. 6:19)

БУТРУС ЗАИФЛИКЛАРИ ТУФАЙЛИ ТУШКУНЛИККА ТУШГАН

Бутрус тушкунликни енгиб, диққатини Худога хизмат қилишга қаратгани устида мулоҳаза юритиш бизга кўмаклашиши ёки биз мазкур мисол ёрдамида бошқаларни қўллаб-қувватлашимиз мумкин (17–19- хатбошиларига қаранг.)

17. Бутрус нималар туфайли тушкунликка тушган?

17 Ҳаворий Бутрус ғайратли бўлган, лекин у ҳис-туйғуларга берилиши ва нимани ўйласа, шуни гапириши мумкин эди. Натижада баъзида у ўйламай айтган гаплари ва қилган ишларидан афсусланарди. Масалан, Исо ҳаворийларига азоб чекиши ва ўлиши тўғрисида айтганида, Бутрус унга таъна қилиб: «Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин»,— деганди. (Мат. 16:21–23) Ўшанда Исо Бутрусни тузатди. Бир тўда одам Исони ҳибсга олишга келганида эса Бутрус шошилиб ҳаракат қилди ва олий руҳоний қулининг қулоғини кесиб ташлади. (Юҳан. 18:10, 11) Исо яна бир бор бу ҳаворийни тузатди. Шунингдек, Бутрус бошқа ҳаворийлар Масиҳни деб қоқиниб қолса ҳам, у асло бундай қилмаслигини айтиб мақтанди. (Мат. 26:33) Лекин у ўзига ҳаддан ортиқ ишонгани туфайли одамлардан қўрқиш тузоғига илинди ва Исодан уч марта тонди. Қаттиқ қайғуга ботган Бутрус «ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади». (Мат. 26:69–75) У Исо: «Мени кечирармикин?» — деб ўйлаган бўлса керак.

18. Қай йўсин Исо Бутрусга тушкунликни енгишга ёрдам берди?

18 Лекин Бутрус тушкунлик уни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатишига йўл қўймади. Хато қилганидан сўнг Бутрус яна оёққа турди ва кейинчалик у бошқа ҳаворийлар билан бирга тилга олингани ҳақида ўқиймиз. (Юҳан. 21:1–3; Ҳавор. 1:15, 16) Хўш, унга нима ёрдам берди? Бутрус Исо у учун ибодат қилиб, имони кучли бўлишини сўраганини эслади. Қолаверса, Исо уни қайтишга ва биродарларини мустаҳкамлашга ундаганди. Яҳова ўша самимий ибодатга жавоб берди. Кейинчалик Исо Бутрусга шахсан кўринди ва шубҳасизки, бу унга далда берди. (Луқо 22:32; 24:33, 34; 1 Кор. 15:5) Бир сафар барча ҳаворийлар туни билан уриниб, балиқ тута олмаганида Исо уларга кўринди. Ўшанда у Бутрус уни қанчалик яхши кўришини айтишига имкон берди. Исо қадрли дўстини кечирди ва унга кўпроқ вазифани ишониб топширди. (Юҳан. 21:15–17)

19. Қандай қилиб Забур 103:13, 14 ёрдамида ўзимизга Яҳованинг назари билан қарай оламиз?

19 Бундан қандай сабоқлар оляпмиз? Исо Бутрусга қилган муомаласидан унинг раҳм-шафқатини ва у Отасининг шахсиятини мукаммал тарзда акс эттиришини кўряпмиз. Шундай экан, хатоларга йўл қўйсак, Яҳова бизни асло кечирмайди, деб ўйламаслигимиз керак. Унутманг, Шайтон ўзимизни айнан шундай ҳис қилишимизни истайди. Бунинг ўрнига эса, келинг, ўзимизга ва бизга қарши гуноҳ қилганларга Отамизнинг раҳм-шафқату севгига тўла назари билан қарашга ҳаракат қилайлик. (Забур 103:13, 14 ни ўқинг.)

20. Келаси мақолада нимани кўриб чиқамиз?

20 Юсуф, Наима ва Рут, леви ҳамда Бутруснинг мисоллари бизни «Яҳова қалби ўксиганларга яқин» эканига ишонтирмоқда. (Заб. 34:18) Баъзида У қийинчиликларга дуч келишимизга ва тушкунликка тушишимизга йўл қўяди. Аммо Яҳованинг кўмаги билан қийинчиликлар устидан ғалаба қозонганимизда имонимиз мустаҳкамланади. (1 Бутр. 1:6, 7) Келаси мақолада номукаммаллиги ёки қийин вазияти туфайли руҳан эзилган садоқатли хизматчиларини Яҳова қай йўсин қўллаб-қувватлашини янада чуқурроқ кўриб чиқамиз.

7- ҚЎШИҚ Яҳова — куч-қудратимиздир

^ абз. 5 Юсуф, Наима, Рут, бир леви ва ҳаворий Бутрус руҳан эзилишларига сабаб бўлган қийинчиликларга дуч келишган. Ушбу мақолада қай йўсин Яҳова уларга далда берганини ва мустаҳкамлаганини кўриб чиқамиз. Қолаверса, мазкур кишиларнинг мисолларидан қандай сабоқ олишимиз ва Яҳова уларга севги ила ёрдам берганидан нимани ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Наима, Рут ва Ўрпа турмуш ўртоқларини йўқотганидан тушкунликка тушиб, ғамга ботган. Кейинчалик Наима, Рут ва Боз Обид туғилганидан қувончга тўлишган.