Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ибодат ҳақида одамларнинг фикри

Ибодат ҳақида одамларнинг фикри

«Нима қиларимни билмай қолганимда ибодат қиламан. Шунда гўёки Худо олдимда туриб, қўлимдан ушлаётганини ва мени йўналтираётганини ҳис қиламан». (МАРИЯ)

«Рафиқам 13 йил саратон касаллиги билан курашгач, вафот этди. Ўша пайтлари Тангрига ҳар куни ибодат қилиб, дардимни тўкиб солардим ва У мени тинглаётганини ҳис қилардим. Бу менга хотиржамлик бағишларди». (РАУЛЬ)

«Ибодат — Худо одамларга берган ажойиб совғадир». (АРНИ)

Мария, Рауль, Арни ва кўплаб бошқа инсонлар ибодатни ўзгача совға деб билишади. Ибодат уларга Худо билан гаплашиш, Унга миннатдорчилик билдириш ва Ундан ёрдам сўраш имконини беради. Шунингдек, улар Муқаддас Китобда Аллоҳга ибодат қилиш ҳақида ёзилган қуйидаги сўзлар рост эканига тўлиқ ишонишади: «Биз шунда аминмизки, Аллоҳга мурожаат қилиб Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади». (1 Юҳанно 5:14)

Бошқа тарафдан эса аксарият одамлар Худонинг Каломида ибодат ҳақида ёзилганларга ишонмайди. Стив ибодатга нисбатан муносабати қандай бўлгани борасида шуларни айтиб берди: «17 ёшлигимда иккита бахтсиз ҳодиса туфайли учта дўстимдан айрилдим. Улардан биттаси автоҳалокатда вафот этди, қолган иккитаси эса денгизда чўкиб кетди». Ўшанда Стив нима қилди? У шундай деди: «Худога ибодат қилиб, нега буларнинг ҳаммаси содир бўлганини сўрардим, аммо жавоб олмасдим. Шунда “Ўзи ибодат қилишдан фойда борми?” деб ўйлай бошладим». Кўпчилик ибодатларига жавоб олмагани учун «Ибодат қилишдан фойда бормикан?» деган фикрга боради.

Одамлар ибодат қилишни бефойда деб ҳисоблашларининг яна бошқа сабаблари ҳам бор. Баъзилар шундай дейди: «Агар Худо барча нарсадан хабардор бўлса ва эҳтиёжларимиз ёки муаммоларимиз тўғрисида олдиндан билса, унда бу нарсалар ҳақида Унга айтишнинг ҳожати йўқ».

Бошқалар эса ўтмишда қилган хатолари туфайли Аллоҳ уларнинг ибодатларини тинглашни истамайди, деб ўйлашади. Масалан, Жени исмли бир аёл қуйидагича бўлишди: «Ўзимни кераксиздай ҳис қилиш — менинг энг катта муаммойим. Афсусланишимга сабаб бўлган ишлар қилганман, шунга Худо мени тинглашига нолойиқман, деб ҳисоблайман».

Сиз-чи, ибодат ҳақида қандай фикрдасиз? Қачондир сизда ҳам ибодат борасида шунга ўхшаш саволлар туғилган бўлса, уларга Муқаддас Китобда қониқарли жавоблар борлиги сизга тасалли бериши мумкин. Худонинг Каломида ибодат ҳақида ёзилганларга ишонсак бўлади *. Унинг ёрдамида қуйидаги саволларга жавоб топа оламиз:

  • Аллоҳ чиндан ҳам ибодатларимизни эшитадими?

  • Нега баъзи ибодатлар жавобсиз қолади?

  • Худо сизни эшитиши учун қандай ибодат қилишингиз керак?

  • Ибодат сизга қай йўсин ёрдам бера олади?

^ абз. 9 Муқаддас Китобда Худонинг кўплаб хизматчилари, жумладан, Исо алайҳиссаломнинг ибодатлари ёзилган. Кўпчилик орасида Таврот ва Забур деб танилган Ибронийча ёзувларнинг ўзида 150 дан ошиқ ибодат қаламга олинган.