ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Яҳовага асло йўқ демасликни ўргандик
КУЧЛИ бўрондан сўнг дарё жуда лойқаланиб кетганди ва сувлари шунчалик тез оққанидан харсангтошларни ҳам оқизиб кетаётганди. Биз нариги тарафга ўтишимиз керак эди, аммо шиддат билан оққан сувлар кўприкни ювиб кетганди. Турмуш ўртоғим Харви, мен ва ами тилида гапирадиган таржимонимиз роса қўрқиб, ўзимизни чорасиздай ҳис қилгандик. Нариги қирғоқда биродарлар хавотирланиб кузатиб турар экан, дарёни кечиб ўта бошладик. Аввал кичкина машинамизни сал каттароқ юк машинасининг орқасига ҳайдаб чиқардик. Сўнг машинани жойида ушлаш учун арқон ёки занжир бўлмагани сабабли, юк машинаси тез оқар дарё сувларидан аста-секин ўта бошлади. Бунинг охири йўқдай туюларди, аммо эсон-омон ўтиб олдик. Бу вақт давомида Яҳовага тинмай ибодат қилдик. Бу 1971 йил эди. Биз туғилиб ўсган жойларимиздан минглаб километр олисда бўлган Тайваннинг шарқий соҳилида эдик. Келинг, сизга ўз ҳикоямизни айтиб берай.
ЯҲОВАНИ СЕВИШНИ ЎРГАНДИК
Харви тўртта ака-уканинг тўнғичи. Унинг оиласи 1930 йилларда иқтисодий вазият оғир бўлганида Ғарбий Австралиянинг Мидлэнд Жанкшен шаҳарчасида ҳақиқатга келган. Харви Яҳовани севиб улғайган ва 14 ёшида сувга чўмган. Кўп ўтмай у ташкилотимиздаги вазифаларга йўқ демасликка ўрганди. Бир сафар Харви ўсмирлигида ўзини лаёқатсиз ҳисоблаб, «Қўриқчи минораси»нинг қироати билан чиқишдан бош тортган. Лекин битта биродар Харвига қуйидаги фикрни айтиб, мулоҳаза юритишига ёрдам берган: «Яҳованинг ташкилотида кимдир сиздан бирон нима қилишни сўраса, 2 Кор. 3:5)
демак, у сизни бунга лаёқатли, деб ҳисоблайди». (Мен эса онам ва опам билан бирга ҳақиқатни Англияда билиб олганман. Отам анча вақт ўтиб ҳақиқатни қабул қилган, лекин бошида у қарши бўлган. Гарчи у истамаган бўлса-да, ўн ёшга тўлмасимдан сувга чўмганман. Кашшоф ва сўнг тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлишни мақсад қилганман. Аммо отам 21 га кирмагунимча кашшоф бўлишимга рухсат бермоқчи эмасди. Менинг эса бунчалик узоқ кутиш ниятим йўқ эди. Шундай қилиб, 16 га кирганимда отам Австралияга кўчиб кетган катта опам билан яшашимга ижозат берди. Ниҳоят 18 га тўлганимда кашшофликни бошладим.
Австралияда Харви билан танишдик. Иккаламиз ҳам Яҳовага тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилишни истардик. 1951 йили турмуш қурдик. Биргаликда икки йил кашшофлик қилгач, туман нозирлик хизматини бошладик. Ҳудудимиз Ғарбий Австралиянинг улкан қисмидан иборат эди. Шу боис, қақраган ва олис ҳудудлар бўйлаб тез-тез сафарга чиқардик.
ОРЗУЙИМИЗ УШАЛДИ!
1954 йили бизни Гилад мактабининг 25- синфига таклиф қилишди. Кўп ўтмай тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиш орзуйимиз ушалди! Нью-Йоркка кемада келдик ва Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қила бошладик. Ўқув жараёнининг бир қисми сифатида испан тилини ҳам ўрганишимиз керак эди. Харви «р» ҳарфини тўғри талаффуз қила олмагани сабабли бу унга қийин бўлган.
Ўқув жараёнида устозлар Японияда хизмат қилишни истаганлар япон тили гуруҳига қўшилиш учун исмларини ёзишлари мумкинлигини эълон қилишди. Биз учун вазифани Яҳованинг ташкилоти тайинласин деган қарорга келдик. Кўп ўтмай Гилад устозларидан бири Альберт Шрёдер исмларимизни ёзмаганимизга эътибор берди. У бизга: «Яхшилаб ўйлаб кўринг»,— деди. Барибир иккиланганимизда, у шундай деди: «Бошқа устозлар ва мен исмларингизни киритиб қўйдик. Япон тилини ўрганишга ҳаракат қилиб кўринг». Бу тилни ўрганиш Харви учун қийин бўлмади.
1955 йили Японияга келганимизда, бутун мамлакат бўйлаб фақатгина 500 та ваъзгўй бор эди. Харвининг ёши 26 да, меники эса 24 да эди. Биз порт шаҳар Кобега тайинландик ва бу ерда тўрт йил хизмат қилдик. Сўнг яна туман нозирлик хизматига қайтдик ва Нагоя шаҳри яқинида хизмат қилдик. Вазифамизни бажарар эканмиз, барчаси — имондошлар, овқатлар ва табиат ёқарди. Бироқ кўп ўтмай Яҳовага йўқ демаслик учун яна бир имконият пайдо бўлди.
ЯНГИ ВАЗИФА — ЯНГИ ҚИЙИНЧИЛИКЛАР
Туман нозирлик хизматида уч йил қатнашганимиздан сўнг Япония филиали Тайванга бориб, у ерда ами тилида гапирадиган туб аҳоли билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. У ерда муртадлик юзага келганди ва Тайвандаги филиал вазиятни ҳал қилиш учун япон тилида бемалол гапирадиган биродарга муҳтож эди *. Япониядаги хизматимизга кўнгил қўйгандик ва бу борада қарор чиқариш қийин бўлган. Аммо Харви вазифаларга асло йўқ демасликни ўрганган эди ва мен унинг қарорини қўллаб-қувватладим.
У ерга 1962 йили келдик. Тайванда 2 271 та ваъзгўй бўлиб, уларнинг аксарияти ами тилида гапирарди. Лекин аввалига хитой тилини ўрганишимиз керак эди. Бизда биттагина китоб ва инглиз тилини билмайдиган устоз бор эди. Бироқ бу тилни ўргандик.
Тайванга келганимиздан кўп ўтмай Харви бу мамлакатдаги фаолиятимизни назорат қилиш учун филиалга тайинланди. Филиал кичкина бўлгани сабабли Харви у ердаги вазифаларини бажаргач, ҳар ой деярли уч ҳафта мобайнида ами тилида гапирадиган биродарлар билан ҳам ҳамкорлик қиларди. Қолаверса, у вақти-вақти билан вилоят нозири сифатида хизмат қиларди ва бу туман анжуманларида нутқлар билан чиқишни ўз ичига оларди. Харви нутқларни япон тилида айтиши мумкин эди ва ами тилида гапирадиган биродарлар уни тушунарди. Лекин ҳукумат диний йиғилишларни фақатгина хитой тилида ўтказишга рухсат берди. Шу боис, Харви бу тилда гапиришга қийналса ҳам хитой тилида нутқлар айтарди ва биродар уни ами тилига ўгирарди.
Ўшанда Тайванда ҳарбий ҳолат эълон қилингани туфайли биродарлар туман анжуманини ўтказиш учун рухсат олиши зарур эди. Рухсат олиш осон эмасди ва кўпинча полиция бу масалани чўзарди. Агар полиция анжуман бўладиган ҳафтагача рухсат бермаса, Харви уларнинг маҳкамасига бориб, рухсат беришмагунча ўша ерда ўтирарди. Полиция чет эллик киши уларнинг маҳкамасида кутиб ўтирганидан ўзини ноқулай ҳис этиб, тезда рухсат берарди.
БИРИНЧИ МАРТА ТОҚҚА ЧИҚИШИМ
Биродарлар билан ўтказган ҳафталаримиз мобайнида одатда тоғларга чиқиб ва дарёларни кечиб ўтиб, бир соат ёки ундан ҳам кўпроқ юрардик. Биринчи марта тоққа чиққаним эсимда. Тезда нонушта қилиб, олисдаги қишлоққа бориш учун саҳар беш яримда автобусга ўтирдик, кенг дарё сувларини кечиб ўтдик ва тоққа кўтарилдик. Тоғ шунчалик тик эдики, унга кўтарилаётган биродарнинг оёқлари шундоққина рўпарамда эди.
Ўша тонг Харви баъзи маҳаллий биродарлар билан ҳамкорлик қилди. Мен эса япон тилида гапирадиган одамлар яшайдиган қишлоқчада ёлғиз ўзим шоҳидлик бердим. Соат тўққизларга яқин қорним оча бошлади, чунки ҳеч нарса емаганимга бир неча соат бўлганди. Ниҳоят Харви билан кўришдик, у ёлғиз эди. У бир нечта журнални учта хом тухумга алмаштирган экан. Харви тухумнинг ҳар икки томонини тешиб, уни қандай ейишни кўрсатди. Бу иштаҳани унчалик очмаса-да, биттасини еб кўрдим. Хўш, учинчисини ким еди? Очликдан
ҳушимни йўқотсам, Харви мени тоғдан кўтариб тушира олмасди. Шу боис, учинчисини ҳам мен еб қўйдим.ЎЗГАЧА ШАРОИТЛАРДА ЧЎМИЛИШ
Бир туман анжуманида ўзгача қийинчиликка дуч келдим. Йиғилиш залининг ёнгинасида яшайдиган биродарнинг уйида тўхтаган эдик. Ами тилида гапирадиган одамлар ювинишни жуда муҳим ҳисоблагани учун туман нозирининг хотини чўмилишимиз учун керакли нарсаларни тайёрлаб қўйган экан. Харви банд бўлгани туфайли менга биринчи боришни айтди. Чўмилиш учун учта тос тайёрланган эди: биринчисида совуқ сув, иккинчисида иссиқ сув бор эди ва учинчиси бўш эди. Туман нозирининг хотини уларни ҳовлига — биродарлар анжуманга тайёргарлик кўраётган Йиғилиш залининг тўғрисига қўйганини кўриб, ҳайрон қолдим. Ундан бирон парда беришини сўрадим. У менга тиниқ пластик бўлагини олиб чиқди. Тосларни уйнинг орқасига кўчириш ҳақида ўйладим, аммо у ерда яқинлашган ҳар кимни чўқишга тайёр бўлган ғозлар панжарадан бошларини чиқарганча қараб турарди. Ўзимча, шундай ўйладим: «Биродарлар жуда банд ва чўмилаётганимга эътибор қилмайди. Чўмилмасам, уй эгалари хафа бўлади. Тезда бўламан». Шундай қилиб чўмилдим.
АМИ ТИЛИДА ГАПИРАДИГАН ОДАМЛАР УЧУН АДАБИЁТ
Харви шуни тушундики, ами тилида гапирадиган биродарлар ўқишни билмагани ва уларнинг тилида адабиёт бўлмагани сабабли маънан ўсишга қийналаётганди. Ўшанда ами тили лотинча ҳарфлар билан ёзила бошланганди ва биродарларга ўз тилида ўқишни ўргатиш амалий кўринди. Бу катта иш эди, лекин охири биродарларимиз Яҳова тўғрисида ўз она тилида ўргана оладиган бўлди. 1960 йилларнинг охирида ами тилида адабиётларимиз чиқа бошлади ва 1968 йилдан бери бу тилда «Қўриқчи минораси» чоп этилмоқда.
Лекин ҳукумат хитой тилида бўлмаган адабиётларни тақиқлаб қўйди. Муаммолардан қочиш учун ами тилидаги «Қўриқчи минораси» турли йўллар орқали чоп этиларди. Масалан, муайян вақт давомида «Қўриқчи минораси» ҳам хитой тилининг мандарин диалектидаги, ҳам ами тилидаги мақолалардан иборат эди. Агар кимдадир саволлар туғилса, биз гўёки маҳаллий одамларга хитой тилини ўргатаётгандай кўринардик. Ўшандан бери Яҳованинг ташкилоти бу қадрли одамларга Муқаддас Китоб ҳақиқатларини ўрганишга ёрдам бериш мақсадида ами тилида жуда кўп адабиётларни тақдим этиб келмоқда. (Ҳавор. 10:34, 35)
ТОЗАЛАНИШ ДАВРИ
1960 ва 1970 йиллар мобайнида ами тилида гапирадиган биродарларнинг кўпи Худонинг меъёрлари бўйича яшамаётган эди. Муқаддас Китоб принципларини тўлиқ тушунмагани сабабли, баъзилар ахлоқсиз ҳаёт кечирарди, ичкиликка берилганди, тамаки чекарди ёки бетель ёнғоғини чайнарди. Харви кўпгина жамоатларга ташриф буюриб, биродарларга Яҳованинг бу масалаларга бўлган нуқтаи назарини тушунишга ёрдам беришга уринди. Бу каби сафарлардан бирида юқорида келтирилган воқеа юз берганди.
Камтарин биродарлар ўзгаришлар қилишга тайёр эди, бироқ афсуски, кўплар бундай йўл тутмади. 20 йиллик давр мобайнида Тайвандаги 2 450 дан ошиқ ваъзгўйлар сони тахминан 900 тага тушди. Бу жуда қайғули эди. Аммо Яҳова нопок ташкилотга ҳеч қачон барака бермаслигини билардик. (2 Кор. 7:1) Ниҳоят нопок одатларга чек қўйилди ва Яҳованинг баракаси билан ҳозир Тайванда ваъзгўйлар сони 11 000 дан ошган.
1980 йиллардан бошлаб ами тилида гапирадиган жамоатлар маънан мустаҳкамланганига гувоҳ бўлдик ва Харви кўпроқ вақтини хитойликларга ажрата оларди. У бир қанча имондошимизнинг эрларига Яҳованинг Шоҳиди бўлишга ёрдам берганидан жуда хурсанд эди. Улардан бири Яҳовага илк маротаба ибодат қилганида, у қанчалар қувонганини айтгани ҳалиям эсимда. Мен ҳам кўпгина самимий одамларга Яҳовага яқинлашишга кўмаклашганимдан роса хурсандман. Ҳатто мен олдин тадқиқ ўтган аёлнинг ўғли ва қизи билан биргаликда Тайвань филиалида хизмат қилганимдан ғоят бахтиёрман.
ҚАЙҒУЛИ ЙЎҚОТИШ
Ҳозир умр йўлдошим ёнимда эмас. Турмуш қурганимиздан деярли 59 йил ўтгач, азизим Харви саратон билан курашиб 2010 йили 1 январда ҳаётдан кўз юмди. У деярли 60 йил тўла вақтли хизматда иштирок этди. Уни қаттиқ соғинаман. Иккита ажойиб мамлакатда у билан бирга хизмат қилганимдан роса бахтлиман! Биз Осиёнинг иккита қийин тилида гапиришни ўргандик. Харви эса бу тилларда ёзишни ҳам ўрганди.
Бир неча йил ўтгач, Етакчи кенгаш кексайиб қолганим туфайли мен учун Австралияга кўчиш яхшироқ эканини айтди. Ҳаёлимга келган биринчи фикр шундай эди: «Тайвандан кетишни истамайман». Лекин Харви Яҳованинг ташкилотига асло йўқ демасликни ўргатган эди, шу боис, бунинг аксини қилмоқчи эмасдим. Кейинчалик бу доно қарор бўлганини тушундим.
Ҳозир ҳафта мобайнида Австралосиё филиалида, дам олиш кунлари эса маҳаллий жамоат билан хизмат қиламан. Байтилда япон ва хитой тилларида экскурсиялар ўтказишдан хурсандман. Шу билан бирга Яҳовага асло йўқ демасликни ўрганган Харви ҳозир Унинг хотирасида эканини билиб, тирилиш ҳақидаги ваъда амалга ошишини интиқиб кутяпман. (Юҳан. 5:28, 29)
^ абз. 14 Гарчи ҳозир Тайваннинг расмий тили хитой тили бўлса-да, кўп йиллар мобайнида расмий тил япон тили бўлган. Шу боис, Тайвандаги турли ирқий гуруҳлар япон тилида гапирарди.