Ўқувчиларнинг саволлари
Нима учун масиҳийлар тезкор хабарлашув иловаларидан фойдаланганда эҳтиёткор бўлишлари лозим?
Баъзи масиҳийлар замонавий технологиялар ёрдамида оиласи ва имондошлари билан хабарлашиб туради. Албаттаки, маънан етук масиҳий қуйидаги маслаҳатни ёдда тутади: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». (Ҳик. 27:12)
Яҳова бизни ҳимоя қилмоқчи ва бунинг учун миннатдормиз. Шу боис, бўлинишларга сабаб бўладиган, жамоатдан четлатилган ёки нотўғри тушунчаларни олға сурадиган кишилар билан мулоқот қилмаймиз. (Рим. 16:17; 1 Кор. 5:11; 2 Юҳан. 10, 11) Жамоатдаги баъзилар Муқаддас Китобдаги қонунларга итоатли бўлмасликлари мумкин. Ким биландир дўстлашганда буни ёдда тутамиз. (2 Тим. 2:20, 21) Лекин мессенжерлардан фойдаланганимизда, яхши дўстлар орттириш осон бўлмаслиги мумкин.
Тезкор хабарлашув иловаларидаги ёки мессенжерлардаги катта гуруҳларга келганда, яхши дўстларни танлаш ҳақида пухта ўйлаб кўриш айниқса муҳимдир. Бу каби гуруҳларга қўшилиб қолган айрим масиҳийлар салбий оқибатларга дуч келди. Хўш, қай йўсин биродару опа-сингиллар юзлаб ё ҳатто минглаб кишилардан иборат гуруҳга қўшилганида эҳтиёт бўлишлари мумкин? Ўша инсонларнинг ҳар бири аслида қандай эканини ва ўша гуруҳдагиларнинг маънавий ҳолатини билишнинг имкони йўқ. Забур 26:4 да шундай деб ёзилган: «Ёлғончи одамларга қўшилмайман, иккиюзламачилардан йироқда юраман». Бундан кўряпмизки, мессенжерлардан сиз шахсан таниган инсонлар билан мулоқот қилиш учун фойдаланиш яхшироқ, шундай эмасми?
Ҳатто мессенжердаги гуруҳ кичикроқ бўлса ҳам, қанча вақтингиз кетаётганини ва у ерда нималар ҳақида гап кетаётганини текшириб кўринг. Ёзишмалардаги мавзу нима ҳақида бўлишидан ва қанча вақт олишидан қатъи назар, мен ҳам жавоб беришим керак, деб ўйламаслигимиз лозим. Павлус Тимўтийни «ғийбат қилиб, бошқаларнинг ишига» аралашадиганлар ҳақида огоҳлантирган эди. (1 Тим. 5:13) Бугунги кунда электрон қурилмалар орқали ҳам бундай қилиш ҳеч гап эмас.
Ҳеч бир маънан етук масиҳий имондоши ҳақида бирорта танқидий фикрни ёки махфий маълумотни гапирмайди ҳам, тингламайди ҳам. (Заб. 15:3; Ҳик. 20:19) Қолаверса, у шов-шувга айланган ёки тасдиқланмаган хабарлардан қочади. (Эфес. 4:25) Биз jw.org сайтидан ҳамда JW Интернет телевидениесида кўрсатиладиган ойлик дастурлардан етарлича маънавий озуқани ва ишончли маълумотларни оламиз.
Айрим Яҳованинг Шоҳидлари мессенжерлардан олди-сотди ва реклама ёки иш таклиф қилиш мақсадида фойдаланади. Савдо-сотиққа алоқадор бу каби ишлар топинишимиз билан боғлиқ эмас. Пулпарастликдан холи ҳаёт кечиришни истайдиган масиҳийлар имондошлардан фойда олишни кўзламайди. (Иброн. 13:5)
Хўш, ёрдамга муҳтож бўлган ёки табиий офатлардан жабр кўрган имондошларимизга моддий жиҳатдан ёрдам бермоқчи бўлсак, пул йиғиш мақсадида мессенжерлардан фойдаланиш ўринлими? Биз доим бир-биримизга самимий қизиқиш кўрсатамиз ва далда берамиз. (Ёқб. 2:15, 16) Аммо буни мессенжерлардаги катта гуруҳлар орқали қилиш маҳаллий филиал ёки жамоат томонидан тузиладиган режаларга халақит бериши мумкин. (1 Тим. 5:3, 4, 9, 10, 16) Албаттаки, ҳеч биримиз бошқаларда биз Худонинг сурувига ғамхўрлик қилиш учун алоҳида тайинланганмиз, деган фикр пайдо бўлишини хоҳламаймиз.
Ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилишни истаймиз. (1 Кор. 10:31) Шундай экан, мессенжерлардан фойдаланасизми ё бошқа қурилмаларданми, пайдо бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдиндан кўра билинг ва эҳтиёт бўлинг.