Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова доим сиз билан, сиз ёлғиз эмассиз

Яҳова доим сиз билан, сиз ёлғиз эмассиз

Яҳова Уни чақираётган кишиларга... яқиндир. ЗАБ. 145:18

28- ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега баъзида Яҳованинг хизматчилари ўзини ёлғиз ҳис қилиши мумкин?

АКСАРИЯТИМИЗ вақти-вақти билан ўзимизни ёлғиз ҳис этамиз. Баъзилар бундай туйғулар билан қисқа, бошқалар эса узоқ вақт давомида курашиши мумкин. Атрофимизда одамлар бўлса ҳам, ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимиз ҳеч гап эмас. Баъзилар учун янги жамоатга кўникиш қийин кечади. Бошқалар қариндошлари билан яқин муносабатларга эга. Лекин улардан узоқроққа кўчиб ўтганда, ўзини ёлғиз ҳис қилиб қийналиши мумкин. Айримлар ҳаётдан кўз юмган яқинини қаттиқ соғинади ва у билан вақт ўтказишни истайди. Баъзи масиҳийлар, айниқса, яқинда ҳақиқатни билганлар оила аъзолари ва дўстлари улардан воз кечгани ёки таъқибларга дуч келгани туфайли ўзини ажралиб қолгандай ҳис қилади.

2. Бу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

2 Яҳова биз ҳақимизда ҳаммасини билади ва бизни тушунади. Ўзимизни ёлғиз ҳис этганимизда, Яҳова буни кўради ва бу туйғуларни енгишимиз учун ёрдам беришни истайди. Яҳова бизга қай йўсин ёрдам беради? Ўзимизга кўмаклашиш учун нима қилишимиз мумкин? Жамоатимизда ўзини ёлғиз ҳис қиладиганларга қандай ёрдам бера оламиз? Келинг, бу саволларнинг жавобини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА БИЗГА БЕФАРҚ ЭМАС

Яҳова фариштасини юбориб, Илёсни ёлғиз эмаслигига ишонтирган (3- хатбошига қаранг.)

3. Яҳова Илёс учун қайғураётганини қай йўсин кўрсатди?

3 Яҳова Унинг барча хизматчилари бахтиёр бўлишини хоҳлайди. У ҳар биримизга яқин ва қайғурганимизда ёки руҳимиз тушганда бунга бефарқ бўлмайди. (Заб. 145:18, 19) Яҳова Илёс пайғамбарга қай йўсин эътиборли бўлганига диққат қаратинг. Бу садоқатли киши Исроил тарихидаги қийин даврда яшаган. Яҳованинг топинувчилари шиддатли таъқиблар остида эди. Илёс эса Худога қарши чиққан қудратли душманларнинг нишонига айланганди. (3 Шоҳ. 19:1, 2) Бундан ташқари, Илёс ўзини Яҳовага хизмат қилаётган ёлғиз пайғамбар, деб ўйлаб хавотирланган бўлиши мумкин. (3 Шоҳ. 19:10) Шунда Худо унга ёрдам бериш учун дарҳол чора кўрди. Яҳова бу пайғамбарни ёлғиз эмаслигига ишонтириш учун фариштасини юборди. У Илёсга бошқа кўпгина худотарс исроилликлар борлигини айтди. (3 Шоҳ. 19:5, 18)

4. Қай йўсин Марк 10:29, 30 дан Яҳова бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлаётган хизматчилари ҳақида қайғураётганини кўрсак бўлади?

4 Яҳовага хизмат қилишни танлаганимизда, баъзиларимиз кўп нарсадан воз кечишимизга тўғри келишини У яхши тушунади. Бу Яҳовага хизмат қилмайдиган қариндошлар ва собиқ дўстларимизнинг ёрдамини ҳам ўз ичига олиши мумкин. Эҳтимол, ҳаворий Бутрус Исодан ғамгин оҳангда шундай деб сўрагандир: «Биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига биз нимага эга бўламиз?» (Мат. 19:27) Исо илиқлик ила шогирдларини улар улкан маънавий оилага эга бўлишига ишонтирди. (Марк 10:29, 30 ни ўқинг.) Қолаверса, маънавий оиламизнинг Боши бўлмиш Яҳова Унга хизмат қилишни истайдиганларни қўллаб-қувватлашга ваъда бермоқда. (Заб. 9:10) Ёлғизлик туйғуси билан курашганингизда, Яҳованинг ёрдамини олиш учун қўйишингиз мумкин бўлган баъзи амалий қадамларга диққат қаратинг.

ЎЗИНГИЗНИ ЁЛҒИЗ ҲИС ҚИЛАЁТГАН БЎЛСАНГИЗ, НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?

5. Яҳова сизни қай йўсин қўллаб-қувватлаётганига диққат қаратишдан қандай фойда оласиз?

5 Яҳова сизни қай йўсин қўллаб-қувватлаётганига диққат қаратинг. (Заб. 55:22) Бу сизга вазиятингизга мувозанатли нуқтаи назарни сақлашга кўмаклашади. Турмуш қурмаган Кэрол * исмли синглимиз оиласида ёлғиз ўзи Яҳованинг Шоҳиди. У шундай дейди: «Ортга қараб, Яҳова барча қийинчиликларимда мени қандай қўллаб-қувватлагани ҳақида фикр юритиш ёлғиз эмаслигимни ҳис қилишимга кўмаклашяпти. Қолаверса, бу келажакда ҳам Яҳова ёнимда бўлишига ишонтиряпти».

6. Қандай қилиб 1 Бутрус 5:9, 10 ёлғизлик туйғуси билан курашаётганларга далда бериши мумкин?

6 Ўзини ёлғиз ҳис қилаётган имондошларимизга Яҳова қандай ёрдам бераётгани ҳақида ўйланг. (1 Бутрус 5:9, 10 ни ўқинг.) Кўп йиллардан бери оилада ёлғиз ўзи Яҳовага хизмат қилиб келаётган Хироши исмли биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Жамоатда шуни кўриш мумкинки, ҳаммада ўзига яраша муаммоси бор. Барчамиз Яҳовага хизмат қилиш учун энг аълосини бераётганимизни билиш ҳақиқатда ёлғиз бўлганларга далда бериши мумкин».

7. Ибодат сизга қандай ёрдам беради?

7 Мунтазам равишда ибодат қилинг, Каломни ўқинг ва йиғилишларга қатнанг. Бу ичимиздаги борини Яҳовага тўкиб-солишни ўз ичига олади. (1 Бутр. 5:7) Массиель шундай деб бўлишди: «Ёлғизлик билан курашишимга ёрдам берган энг муҳим нарсалардан бири Яҳовага сидқидилдан ибодат қилишим бўлди». Бу ёш синглимиз ҳақиқат тарафини эгаллаганида, ўзини оила аъзоларидан ажралиб қолгандай ҳис этган. У қуйидагича қўшиб қўйди: «Яҳова мен учун чинакам Отамдай эди ва ҳар куни кўп марта Унга ибодат қилардим. Нималарни ҳис қилаётганимни билишини истардим».

Муқаддас Китоб ва адабиётларимизнинг аудиоёзувларини тинглаш ўзини ёлғиз ҳис қилаётганларга ёрдам бериши мумкин (8- хатбошига қаранг.) *

8. Муқаддас Китобни ўқиш ва устида мулоҳаза юритиш сизга қай йўсин ёрдам беради?

8 Яҳованинг шахсан сизга нисбатан севгиси намоён бўлган аниқ баёнотлар устида мулоҳаза юритиб, Муқаддас Китобни мунтазам равишда ўқинг. Биянка исмли имондошимиз оила аъзоларининг қаттиқ ботадиган гапларига сабр-бардош қилишига тўғри келади. У қуйидагича бўлишди: «Муқаддас Китобдаги баёнотларни ҳамда вазиятимга ўхшаш қийинчиликларни бошдан кечирган имондошларимизнинг таржимаи ҳолларини ўқиш ва улар устида мулоҳаза юритиш менга жуда ёрдам беряпти». Баъзи масиҳийлар Забур 27:10 ва Ишаё 41:10 каби, айниқса, тасалли бахш этадиган оятларни ёдлаб олади. Айримларга эса йиғилишга тайёргарлик кўрганда ёки Муқаддас Китобни ўқиганда, аудиоёзувларни тинглаш ўзини камроқ ёлғиз ҳис этишга кўмаклашади.

9. Йиғилишларга қатнаш сизга қандай фойда келтиради?

9 Йиғилишларга мунтазам боришга жон куйдиринг. У ерда далдали дастурдан фойда оласиз ва биродару опа-сингиллар билан яхшироқ танишасиз. (Иброн. 10:24, 25) Юқорида тилга олинган Массиель қуйидагича бўлишди: «Уятчан бўлишимга қарамай, учрашувларнинг ҳар бирига боришга ҳамда шарҳ беришга қарор қилдим. Бу ўзимни жамоатнинг бир қисмидай ҳис қилишимга кўмаклашди».

10. Нима сабабдан садоқатли масиҳийлар билан дўстлашиш муҳим?

10 Садоқатли масиҳийлар билан дўстлашинг. Жамоатдан сизга ўрнак бўла оладиган дўстларни изланг. Уларнинг ёши ёки келиб чиқиши сизникидан фарқ қилиши мумкин. Муқаддас Китобда «ҳикмат ёши улуғларда» экани айтилган. (Аюб 12:12) Ёши катталар ҳам садоқатли ёшлардан кўп нарсани ўрганиши мумкин. Масалан, Довуд Йўнатандан анча ёш эди, лекин бу улар яқин дўст бўлишига тўсқинлик қилмаган. (1 Шоҳ. 18:1) Довуд ва Йўнатан жиддий қийинчиликларга қарамай, бир-бирига Яҳовага хизмат қилишга ёрдам берган. (1 Шоҳ. 23:16–18) Ҳозирда ёлғиз ўзи Яҳовага хизмат қиладиган Ирина шундай деди: «Чиндан ҳам, биродару опа-сингилларимиз маънавий ота-она, ака-ука ва опа-сингилларимизга айланиши мумкин. Яҳова улардан фойдаланиб, эҳтиёжларимизни қондира олади».

11. Яқин дўст орттириш учун нима қилишимиз лозим?

11 Дўст орттириш, айниқса, уятчан бўлсангиз, осон бўлмаслиги мумкин. Ратна исмли тортинчоқ синглимиз таъқибларга қарамай, ҳақиқатни ўрганган. У шундай деди: «Маънавий оиламнинг кўмаги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож эканимни тушунганман». Балки ҳис-туйғуларингизни ким биландир бўлишиш қийиндир, аммо бу каби очиқ мулоқот яқин дўстликнинг асосидир. Дўстларингиз сизга далда беришни ва қўллаб-қувватлашни истайди. Бироқ улар буни қилиши учун сиз нимага муҳтож эканингизни билиши керак.

12. Қай йўсин хизмат яхши дўстлар орттиришингизга кўмаклашиши мумкин?

12 Дўст орттиришнинг энг яхши йўлларидан бири хизматда имондошлар билан ҳамкорлик қилишдир. Юқорида тилга олинган Кэрол қуйидагича деди: «Опа-сингиллар билан ваъзгўйликда ҳамкорлик қилиб ҳамда Яҳованинг хизматида бошқа ишларни бажариб, кўп яхши дўстлар орттирдим. Яҳова мени бундай дўстлар орқали йиллар мобайнида қўллаб-қувватлаб келяпти». Дарҳақиқат, садоқатли масиҳийлар билан дўстлашиш учун жон куйдириш арзийди. Яҳова бундай дўстлардан фойдаланиб, ёлғизлик каби тушкунликка туширадиган туйғулар билан курашишингизга ёрдам беради. (Ҳик. 17:17)

БОШҚАЛАРГА ЎЗИНИ ОИЛАМИЗ АЪЗОСИДАЙ ҲИС ҚИЛИШИГА ЁРДАМ БЕРИНГ

13. Жамоатдаги барча қандай масъулиятга эга?

13 Ҳеч ким ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги учун барчамиз жамоатда севги ҳамда тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшиш каби масъулиятга эгамиз. (Юҳан. 13:35) Қилган ишимиз ва айтган гапимиз бошқаларга далда бериши мумкин. Бир опамиз нима деб айтганига эътибор беринг: «Ҳақиқатга келганимда жамоат оиламга айланди. Уларнинг кўмагисиз Яҳованинг Шоҳиди бўла олмасдим». Ҳақиқатда ёлғиз бўлганлар ўзини жамоатнинг бир қисмидай ҳис этиши учун нима қилсангиз бўлади?

14. Янги келганлар билан қай йўсин дўстлаша оласиз?

14 Дўст тутинишда ташаббус кўрсатинг. Жамоатга янги келганларни илиқ қарши олишдан бошлашимиз мумкин. (Рим. 15:7) Лекин илиқ салом-алик қилишнинг ўзи етарли эмас. Вақт ўтгани сайин, дўстлигимиз янада мустаҳкам бўлишини хоҳлаймиз. Шундай экан, янги келганларга илиқ ва самимий қизиқиш кўрсатинг. Хижолатга соладиган саволларни бермай, улар қандай муаммоларни бошдан кечираётганини тушунишга интилинг. Баъзилар учун ҳис-туйғуларини ифода қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Шу боис, гапиришга мажбурлашдан эҳтиёт бўлинг. Бунинг ўрнига мулоҳазакорлик ила саволлар бериб, сабр билан тингланг. Шу йўсин, мулойимлик ила уларнинг фикрларию ҳис-туйғуларини билинг. Масалан, улар ҳақиқатни қандай билиб олганини сўрасангиз бўлади.

15. Қай йўсин маънан етук масиҳийлар жамоатдагиларга кўмаклаша олади?

15 Маънан етук масиҳийлар, айниқса, оқсоқоллар жамоатдаги барчага қизиқиш кўрсатса, улар маънан ўсади. Мелисса ҳақиқатда улғайган ва фақат онаси Яҳовага хизмат қилади. Мелисса шундай деди: «Йиллар давомида биродарлар мен учун маънавий ота бўлиб, доим ёнимда бўлгани учун жуда миннатдорман. Ҳар қачон гаплашмоқчи бўлганимда, мени тинглайдиган одам бўларди». Маурисио исмли ёш биродар билан тадқиқ ўтказган биродар фаолиятсиз бўлиб қолган. Ўшанда Маурисио ўзини ташлаб кетилгандай ҳис қилган. У қуйидагича бўлишди: «Оқсоқолларнинг кўрсатган шахсий қизиқиши менга катта ёрдам берди. Улар мунтазам равишда мен билан суҳбатлашарди, хизмат қиларди, шахсий тадқиқида топган марваридлар билан бўлишарди ва ҳатто спорт ўйинларини ўйнарди». Мелисса ҳамда Маурисио тўла вақтли хизматда иштирок этишни давом эттирмоқда.

Жамоатингизда ким, айниқса, у билан вақт ўтказишингизга муҳтож? (16–19- хатбошиларига қаранг.) *

16, 17. Қандай амалий йўллар орқали бошқаларга ёрдам беришимиз мумкин?

16 Амалий ёрдам кўрсатинг. (Галат. 6:10) Оила аъзоларидан узоқда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилаётган Лео қуйидагиларни айтди: «Кўпинча сиз муҳтож бўлган нарса ўз вақтида қилинган яхшилик, холос. Бир сафар автоҳалокатга учрагандим. Уйга келганимда роса стрессда эдим. Аммо бир жуфтлик мени уйига меҳмонга таклиф қилди. Нима еганимиз эсимда йўқ, лекин мени диққат ила тинглашгани ҳали ҳам ёдимда. Натижада ўзимни анча яхши ҳис қилдим».

17 Туман анжуманлари ва ҳудудий анжуман каби маънавий тадбирлардан завқ оламиз. Бунинг сабабларидан бири биргаликда вақт ўтказамиз ва дастур тўғрисида суҳбатлашамиз. Аммо юқорида тилга олинган Кэрол шундай деди: «Анжуманларда ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан». Нима учун? «Гарчи атрофимда юзлаб, ҳатто минглаб биродару опа-сингиллар бўлса-да, кўпинча уларнинг барчаси оиласи билан бўлади. Бу пайтда менда ёлғизлик туйғуси, айниқса, кучли бўлади». Бошқалар учун эса турмуш ўртоғи ҳаётдан кўз юмгандан кейин илк бор анжуманга бориш қийин кечади. Бу каби қийинчиликларни бошдан ўтказаётган бирон кишини биласизми? Балки кейинги маънавий тадбирда унга оилангиз билан бирга бўлишни таклиф этарсиз.

18. Меҳмондорчилик кўрсатганингизда, қай йўсин 2 Коринфликларга 6:11–13 ни қўллай оласиз?

18 Бирга вақт ўтказинг. Турли биродару опа-сингиллар, айниқса, ўзини ёлғиз ҳис қилиши мумкин бўлганлар билан вақт ўтказишга ҳаракат қилинг. Ҳа, бундай имондошларимизга «бағримизни кенг очишни» истаймиз. (2 Коринфликларга 6:11–13 ни ўқинг.) «Биродару опа-сингилларимиз бизни меҳмонга таклиф қилганда жуда хурсанд бўлардик»,— деб айтди юқорида тилга олинган Мелисса. Жамоатингиздан кимга меҳмондорчилик кўрсатишингиз мумкин?

19. Айниқса, қачон имондошларимиз билан вақт ўтказиш уларга ёрдам бериши мумкин?

19 Гоҳида шундай пайтлар бўлиши мумкинки, имондошларимиз улар билан бирга вақт ўтказганимиз учун жуда миннатдор бўлади. Баъзилар учун байрамлар пайтида Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган қариндошлари орасида бўлиш қийин кечиши мумкин. Бошқалар учун эса муайян саналар, масалан, яқинининг ўлган куни жуда оғриқли кечар. Бу каби қийинчиликларни бошдан ўтказаётган биродару опа-сингилларга вақт ажратсак, улар учун «чин дилдан ғам чекаётганимизни» кўрсатамиз. (Филип. 2:20)

20. Исонинг Матто 12:48–50 даги сўзлари ўзимизни ёлғиз ҳис этганда, қандай ёрдам бериши мумкин?

20 Масиҳийлар нега гоҳида ўзларини ёлғиз ҳис қилишининг кўпгина сабаблари бор. Бироқ Яҳова бундай ҳиссий кечинмаларимиздан тўлиқ бохабар эканини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз даркор. У биз муҳтож бўлган нарсани кўпинча имондошлар орқали тақдим этади. (Матто 12:48–50 ни ўқинг.) Биродару опа-сингилларимизга ёрдам бериш учун қўлдан келганини қилганимизда, Яҳова ато этган жамоат учун миннатдор эканимизни кўрсатамиз. Баъзида ўзимизни қандай ҳис қилишимиздан қатъи назар, асло ёлғиз эмасмиз, чунки Яҳова доим ёнимизда!

46- ҚЎШИҚ Раҳмат Сенга, Яҳова

^ абз. 5 Баъзида ёлғизлик туйғуси билан курашиб турасизми? Ундай бўлса, амин бўлингки, Яҳова бу курашингиздан хабардор ва сизни қўллаб-қувватлашни истайди. Бу мақолада ёлғизлик туйғусини енгиш учун нима қилишингиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Қолаверса, ўзини ёлғиз ҳис қилаётган имондошларимизга қай йўсин далда бериш мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 5 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Хотини ҳаётдан кўз юмган биродар Муқаддас Китоб ва адабиётларимизнинг аудиоёзувларини тинглашдан фойда оляпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Биродар қизи билан жамоатидаги ёши катта биродарникига келиб меҳрибонлик кўрсатяпти.