Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Ҳаворий Павлус: «Қонун учун қонун орқали ўлдим»,— деб айтганда нимани назарда тутган? (Галат. 2:19)

Павлус шундай деб ёзган: «Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун қонун орқали ўлдим». (Галат. 2:19)

Павлуснинг ёзганлари Римнинг Галатия вилоятидаги жамоатларга айтган асосий фикрларига мос эди. У ердаги баъзи масиҳийлар сохта устозларнинг таъсири остида эди. Улар нажотга эришиш учун киши Мусонинг Қонунидаги талабларга, айниқса, суннат масаласига амал қилиш кераклиги тўғрисида таълим берарди. Лекин Павлус Аллоҳ художўй кишилардан суннат қилинишни бошқа талаб қилмаслигини биларди. У мантиқан музокара юритиб, ушбу таълимотлар сохта эканини исботларди ҳамда биродарларини Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига бўлган ишончини мустаҳкамларди. (Галат. 2:4, 5:2)

Муқаддас Китобда одам ўлса, ҳеч нарсани билмаслиги ёки атрофидаги биронта нарса унга таъсир қилмаслиги аниқ қилиб айтилган. (Воиз 9:5) Павлус «қонун учун ўлдим» деганда, энди Мусонинг Қонуни бўйича яшамаяпман, деб айтмоқчи бўлган. У тўлов қурбонлигига бўлган ишончи орқали «Худо учун яшаётганига» амин эди.

Павлуснинг вазиятидаги бу ўзгариш «қонун орқали» содир бўлган эди. Қандай қилиб? У буни сал аввалроқ қуйидагича тушунтирган: «Одам қонунга амал қилгани туфайли эмас, Исо Масиҳга бўлган имони орқали одил деб эълон қилинади». (Галат. 2:16) Тўғри, Мусонинг Қонуни муҳим вазифани бажарган. Павлус галатияликларга буни қуйидагича тушунтирган: «Таврот... ваъдани олган зурриёт келмагунча жиноятларни ошкор этиш учун... берилган». (Галат. 3:19) Ҳа, Мусонинг Қонунидан номукаммал гуноҳкор одамлар бу қонунга аъло даражада амал қила олмаслиги ва улар сўнгги мукаммал қурбонликка муҳтож экани яққол кўринган. Хуллас, Мусонинг Қонуни одамларни «зурриёт», яъни Масиҳга етаклаган. Исо Масиҳга ишониш орқали киши Худо томонидан одил, деб эълон қилиниши мумкин. (Галат. 3:24) Павлус Мусонинг Қонуни орқали Масиҳни қабул қилгани ва унга ишонгани туфайли одил, деб эълон қилинган. Бунинг натижасида, Павлус «қонун учун» ўлган, «Худо учун» эса яшай бошлаган. Энди, у Қонуннинг кучи остида эмас, балки Худонинг қудрати остида эди.

Павлус римликларга йўллаган мактубида ҳам шунга ўхшаш фикрни айтиб ўтган: «Биродарларим, сизлар ҳам Масиҳ бадани воситасида Таврот учун ўлгансиз. [...] Бизни қачонлардир маҳкам ушлаб турган Таврот учун ўлиб, ундан озод бўлдик». (Рим. 7:4, 6) Бу оятларда ва Галатияликларга 2:19 да Павлус Мусонинг Қонуни остида ҳукм этилган гуноҳкор сифатида ўлиш кераклиги ҳақида айтмаган. Аксинча, у озод бўлиш тўғрисида айтган. Энди, Мусонинг Қонуни Павлус ва унга ўхшаб Масиҳнинг тўловига ишонган ва озод этилганлар устидан ҳеч қандай кучга эга эмас эди.