Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

27- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тангри Яҳова каби сабр-бардошли бўлинг

Тангри Яҳова каби сабр-бардошли бўлинг

Сабр-бардош қилиб жонингизни қутқарасизлар. ЛУҚО 21:19

114- ҚЎШИҚ «Сабр-тоқат қилинг»

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Қай йўсин Яҳованинг Ишаё 65:16, 17 даги сўзлари таслим бўлмаслигимизга кўмаклашмоқда?

«ТАСЛИМ БЎЛМАНГ!» — 2017 йилги ҳудудий анжуман дастурининг далда бахш этувчи номи. Мазкур дастурдан бошимизга тушаётган муаммоларда қай йўсин сабр-бардошли бўлишимиз мумкинлигини билиб олдик. Мана, орадан тўрт йил ўтди ва ҳанузгача ушбу ёвуз дунёда яшаяпмиз.

2 Яқин орада қандай муаммоларга дуч келдингиз? Оила аъзоингиз ёки яқин дўстингиз вафот этдими? Жиддий касалликка йўлиқдингизми? Ёшингиз ўтгани туфайли ҳаёт қийинлашяптими? Табиий офат, зўравонлик ё таъқибларга дуч келдингизми? Ёки COVID-19 пандемияси каби касаллик асоратидан азоб чекяпсизми? Барчамиз буларнинг бари ортда қоладиган, унутиладиган ва асло такрорланмайдиган пайтни интиқиб кутяпмиз. (Ишаё 65:16, 17 ни ўқинг.)

3. Ҳозир нима қилишимиз керак ва нега?

3 Бу дунёдаги ҳаёт қийин ва келажакда бундан ҳам мушкулроқ муаммоларга дуч келишимиз мумкин. (Мат. 24:21) Шуниси аниқки, янада сабр-бардошли бўлишни ўрганишда давом этишимиз керак. Негаки, Исо: «Сабр-бардош қилиб жонингизни қутқарасизлар»,— деб айтган. (Луқо 21:19) Бошқалар бизникига ўхшаш муаммоларга қай йўсин сабр-бардош қилиб келаётгани ҳақида ўйласак, янада сабр-бардошли бўламиз.

4. Нега Яҳовани сабр-бардош борасида энг аъло намуна деб айта оламиз?

4 Сабр-бардош борасида энг аъло намуна ким? Тангри Яҳова. Жавобидан ҳайронмисиз? Эҳтимол. Лекин бир нарса ҳақида ўйлаб кўринг. Бу дунё Иблиснинг назорати остида ва у муаммоларга тўлиб-тошган. Яҳова уларни бир зумда бартараф этишга қодир, бироқ У мақбул вақтни кутяпти. (Рим. 9:22) Аммо Аллоҳ бу дунёни йўқ қилгунига қадар сабр-бардош қилади. Келинг, Яҳова сабр-бардош қилаётган тўққизта соҳани кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА НИМАЛАРГА САБР-БАРДОШ ҚИЛЯПТИ?

5. Худонинг исми қай йўсин оёғости қилинмоқда ва бундан нималарни ҳис қиляпсиз?

5 Яҳованинг исмига доғ туширилган. Яҳова исмини яхши кўради ва барча бу исмга нисбатан ҳурмат кўрсатишини истайди. (Ишаё 42:8) Бироқ сўнгги олти минг йил давомида Унинг исми оёғости қилиняпти. (Заб. 74:10, 18, 23) Бу Адан боғида бошланган. Ўшанда Иблис (маъноси «туҳматчи») Худони Одамато ва Момоҳаво бахтли бўлмаслиги учун улардан бир нарсани яширишда айблаган. (Ибт. 3:1–5) Ўшандан бери Худованд Яҳова одамлардан улар муҳтож бўлган нарсани яширишда айбланмоқда. Исо Отасининг исмига доғ туширилаётганидан хавотирланган. Шунинг учун, шогирдларини шундай ибодат қилишга ўргатган: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин». (Мат. 6:9)

6. Нега Яҳова ҳукмдорлигига тегишли масала ҳал қилиниши учун шунча вақт ўтишига йўл қўймоқда?

6 Кўплар Худога ва Унинг ҳукмдорлигига қарши. Яҳова осмону ерни бошқариш ҳуқуқига мутлақ лойиқ бўлиб, Унинг бошқариш тарзи энг аълосидир. (Ваҳ. 4:11) Бироқ Иблис фаришталару одамлар Худо бундай ҳуқуққа эга эмас, деган фикрга боришини истаб, уларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилди. Ҳукмдорлик қилишга Яҳова ҳақли экани борасидаги масалани бир кечада ҳал қилиб бўлмасди. Худо одамлар узоқ вақт давомида мустақил равишда ҳукмронлик қилишига йўл қўйди. Бу билан У одамлар Яратувчисиз муваффақиятга эришмаслигини кўрсатмоқчи. (Ерм. 10:23) Худонинг сабр-бардоши туфайли У еру осмонни бошқариш ҳуқуқига эга эканига ҳеч кимнинг шубҳаси қолмайди. Яҳованинг бошқариш тарзи энг аълоси эканини ва фақат Унинг Шоҳлиги ер юзида ҳақиқий тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишини барча билиб олади!

7. Яҳовага қарши ким исён кўтарди ва У қандай чора кўради?

7 Унинг баъзи фарзандлари исён кўтарди. Яҳова фаришталарни ва одамларни мукаммал, яъни нуқсонсиз қилиб яратганди. Лекин кейинчалик Шайтон (маъноси «душман») бўлган битта фаришта илк мукаммал жуфтликни Яҳовага қарши исён кўтаришга ундади. Бошқа фаришталар ва одамлар бу исёнга қўшилди. (Яҳд. 6) Кейинчалик ҳатто Худо танлаган халқдаги — Исроил халқидаги баъзилар Яҳовани рад этиб, сохта худоларга сажда қила бошлади. (Ишаё 63:8, 10) Ҳа, улар Яҳовага хиёнат қилди. Бироқ У сабр-бардош қилмоқда. Барча исёнчиларни йўқ қилиш вақти келгунига қадар У сабр-бардош қилишда давом этади. Ўша вақт келганида эса Яҳова ҳамда Унга садоқатли бўлганлар сабр-бардош қилишга ҳожат бўлмагани учун қувонади!

8, 9. Яҳова ҳақида қандай ёлғонлар айтиляпти ва бу борада биз нима қилишимиз мумкин?

8 Иблиснинг чексиз ёлғонлари. Шайтон Яҳованинг бенуқсон хизматчиси Аюбни айблаган. Шу йўсин, у Яҳованинг барча садоқатли топинувчилари Унга худбин ниятлари туфайли хизмат қилишини айтган. (Аюб 1:8–11; 2:3–5) Иблис айбловларидан ҳозиргача тингани йўқ. (Ваҳ. 12:10) Қийинчиликларда сабр-бардошли бўлиш ва Яҳовани севганимиз учун Унга содиқ қолиш орқали Шайтон ёлғончи эканини исботлашга ҳисса қўша оламиз. Аюб каби биз ҳам сабр-бардош қилганимиз учун барака оламиз. (Ёқб. 5:11)

9 Шайтон Яҳовани шафқатсиз ва азоб-уқубатларга сабабчи қилиб кўрсатишда сохта дин раҳбарларидан фойдаланяпти. Баъзилар ҳатто болалар ҳаётдан кўз юмса, осмонда кўпроқ фаришталар керак бўлгани учун Худо уларни Ўз ҳузурига олиб кетади, деб айтади. Ахир бу ғирт ёлғон-ку! Бироқ Яҳова севувчи Ота эканини биламиз. Жиддий касалликка йўлиқсак ёки яқинимиз ҳаётдан кўз юмса, ҳеч қачон Худони айбламаймиз. Аксинча, куни келиб У барча нарсани ўз ўрнига қўйишига ишонамиз. Тинглашга тайёр бўлган ҳар бир инсонга Яҳова меҳрибон Худо эканини айтишимиз мумкин. Шунда Яҳова Уни мазах қилувчиларга бемалол жавоб бера олади. (Ҳик. 27:11)

10. Забур 22:23, 24 дан Яҳова тўғрисида нимани билиб оляпмиз?

10 Қадрли хизматчиларининг азоб-уқубатлари. Яҳова раҳмдил Худодир. Қийинчиликлар, эҳтимол, қувғун, касаллик ёки номукаммаллигимиз дастидан азоб чекканимизни кўриш Яҳовага оғир ботади. (Забур 22:23, 24 ни ўқинг.) Яҳова оғриғимизни ҳис қиляпти, У бунга чек қўймоқчи ва буни албатта қилади. (Чиқиш 3:7, 8; Ишаё 63:9 ни солиштиринг.) Шундай кун келадики, Яҳова кўзларимиздаги «ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди». (Ваҳ. 21:4)

11. Ҳаётдан кўз юмган садоқатли хизматчиларга келсак, Яҳова нималарни ҳис қиляпти?

11 У дўстларидан айрилган. Яҳова ҳаётдан кўз юмган садоқатли хизматчиларига келсак, нималарни ҳис қиляпти? У уларни яна кўришга муштоқ. (Аюб 14:15) Яҳова дўсти Иброҳимни қанчалар соғинганини тасаввур қила оласизми? (Ёқб. 2:23) У «юзма-юз сўзлашган» Мусо ҳақида-чи, нима деса бўлади? (Чиқ. 33:11) Қолаверса, Яҳова Довуд ва бошқа сано бастакорлари куйлаган чиройли мадҳларни эшитишни жуда қўмсагандир. (Заб. 104:33) Яҳованинг бу дўстлари ўлим уйқусига кетган бўлса-да, У уларни унутмаган. (Ишаё 49:15) У уларнинг шахсиятига хос барча тафсилотларни ёдида сақламоқда. Муқаддас Китобда ёзилишича, Худо учун «уларнинг ҳаммаси тирикдир». (Луқо 20:38) Бир кун келиб Худо уларни ҳаётга қайтаради ва яна уларнинг чин дилдан қилган ибодатларини тинглаб, топинишини қабул қилади. Яқинингиз ҳаётдан кўз юмган бўлса, мазкур фикрлар сизни юпатиши ва тасалли бахш этиши мумкин.

12. Ушбу сўнгги ёвуз кунларда, айниқса, нима Яҳовани қайғуга соляпти?

12 Разил одамлар бошқаларга зарар етказяпти. Адан боғида исён бошланганда Яҳова вазият яхшиланишидан олдин ёмонлашишини билган. Яҳова бу дунёдаги ёвузлик, адолатсизлик ва зўравонликдан нафратланади. У, айниқса, заиф, кучсиз, ҳимоясиз ва етиму беваларга ҳамдардлик кўрсатиб келяпти. (Закр. 7:9, 10) Яҳова садоқатли хизматчилари таъқиб қилинаётганини ва қамоққа ташланаётганини кўришдан жуда қайғуда. Шунга амин бўлингки, Яҳова У билан сабр-бардош қилиб келаётган барчангизни яхши кўради.

13. Одамлар Худонинг назарида қандай таназзулга учраган ва У бу борада қандай чора кўради?

13 Инсоният оиласининг ахлоқий таназзулга учраши. Худога монанд қилиб яратилган инсонлар ахлоқсиз ишларга қўл урганда, Шайтон завқланади. Нуҳнинг даврида одамлар «қабиҳликка ботиб кетганини» кўрганида, «Яҳова ер юзида инсонни яратганига ачиниб, қалби эзилиб кетди». (Ибт. 6:5, 6, 11) Хўш, ўшандан бери вазият яхшиландими? Асло. Иблис жинсий ахлоқсизликнинг барча тури, жумладан, ўзга жинсдаги ва жинсдош одамлар орасидаги ахлоқсиз ишлар кенг тарқалаётганини кўриб, роса қувонаётгандир-а?! (Эфес. 4:18, 19) Шайтон, айниқса, Худонинг хизматчиларини гуноҳ тузоғига илинтира олса, жуда суюнади. Яҳованинг сабр косаси тўлганида, У ахлоқсиз хулқдан қай даражада нафратланишини кўрсатади.

14. Одамларнинг хатти-ҳаракати ер юзи ва ҳайвонларга қандай таъсир қиляпти?

14 Табиатга етказилаётган зарар. Нафақат «инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилаётгани» зарар келтиряпти, балки Яҳова уларга ишониб топширган ер ва ҳайвонларга ғамхўрлик қилинмаяпти. (Воиз 8:9; Ибт. 1:28) Айрим олимларнинг айтишича, одамларнинг хатти-ҳаракати дастидан ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бир миллиондан ошиқ тури яқин бир неча йил давомида йўқ бўлиб кетиши мумкин. Улар бежизга табиат жар ёқасида, деб айтмаяпти. Бироқ қувонарлиси шуки, Яҳова «ерни хароб этувчиларни хароб қилишини» ва бутун ер юзини жаннатга айлантиришини ваъда қилган. (Ваҳ. 11:18; Ишаё 35:1)

ЯҲОВАНИНГ САБР-БАРДОШИДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛЯПМИЗ?

15, 16. Яҳова каби сабр-бардош қилишга бизни нима ундаши керак? Мисол келтиринг.

15 Самовий Отамиз минглаб йиллар давомида оғриқ келтирадиган барча муаммоларга сабр-бардош қилиб келаётгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. (« Яҳова нималарга сабр-бардош қиляпти?» номли рамкага қаранг.) Яҳова бу ёвуз дунёга истаган пайтда чек қўя оларди. Лекин Унинг сабри биз учун баракага айланди. Буни тасаввур қилиш учун қуйидаги мисолни кўз олдингизга келтиринг. Айтайлик, бир жуфтликка туғилмаган фарзандида жиддий жисмоний муаммолар борлиги, туғилса-да, ҳаёт кечириш унга осон бўлмаслиги ва бевақт ўлиши айтилди. Жуфтлик бу уларга осон бўлмаслигини билса ҳам боласининг туғилишидан бахтиёр бўлади. Улар боласини севгани сабабли у учун иложи борича энг яхши шароитларни яратиб бериш ниятида ҳар қандай қийинчиликка бардош қилади.

16 Шу сингари, Одамато ва Момоҳавонинг барча авлодлари дунёга келганида номукаммал бўлади. Шунда ҳам Яҳова уларни севади ва уларга ғамхўрлик қилади. (1 Юҳан. 4:19) Мисолдаги жуфтликдан фарқли равишда, Яҳова вазиятни ўзгартира олади. У одамлар бошидан кечираётган барча қийинчиликка чек қўядиган кунни белгилаб қўйган. (Мат. 24:36) Яҳованинг севгиси бизни ҳам қанча керак бўлса, шунча сабр-бардош қилишга ундаяпти, шундай эмасми?!

17. Қай йўсин Ибронийларга 12:2, 3 даги Исонинг мисоли сабр-бардошли бўлиб қолишимизга кўмаклашади?

17 Сабр-бардошли бўлишда Яҳова энг аъло ўрнакдир. Исо Отасининг сабр-бардошига тақлид қилган. Исо бизни деб ҳақоратланган, шарманда қилинган ва азоб устунига осилган. (Ибронийларга 12:2, 3 ни ўқинг.) Шубҳасизки, Яҳованинг сабр-бардош борасидаги ўрнаги Исога сабр қилишга куч берган. Бу бизга ҳам куч бериши мумкин.

18. Яҳова сабрини намоён этаётгани нимага йўл очяпти? (2 Бутрус 3:9)

18 Бутруснинг иккинчи мактуби 3:9 ни ўқинг. Яҳова бу ёвуз дунёга чек қўйишнинг мақбул пайтини билади. Худо сабрли бўлгани туфайли Унга топинадиган ва Уни мадҳ этадиган миллионлаб одамлардан иборат улкан оломон йиғилишига йўл очилди. Уларнинг барчаси Яҳованинг сабр-бардоши учун миннатдор. Сабаби, бу туфайли улар дунёга келди, Уни севишга ўрганди ва ўзини Унга бағишлади. Яҳова охиригача бардош қилган миллионлаб одамларни қувонч ила мукофотлайди. Ўшанда У сабрини намоён этгани оқилона қарор бўлгани яққол намоён бўлади.

19. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим ва бу қандай мукофот келтиради?

19 Яҳовадан қувонч ила сабр-бардош қилишни ўрганяпмиз. Шайтон келтириб чиқараётган барча муаммолару азоб-уқубатларга қарамай, Яҳова «бахтиёр Тангри» бўлиб қолмоқда. (1 Тим. 1:11) Яҳованинг исми муқаддас бўлишини, Унинг ҳукмдорлиги оқланишини, барча ёвузликларга чек қўйилишини ҳамда ҳозирги муаммоларга барҳам берилишини сабр ила кутар эканмиз, биз ҳам қувончни сақлай оламиз. Келинг, самовий Отамиз ҳам сабр-бардошли эканини ёдда тутган ҳолда, сабр-бардошли бўлиш ва бошқаларга тасалли бериш қароримиз қатъий бўлсин. Шундай қилсак, мазкур сўзлар ҳар биримизда амалга ошади: «Синовларни сабр-тоқат билан бошдан кечираётган инсон бахтлидир. Зеро у Яҳованинг марҳаматига эга бўлиб, Уни севганларга ваъда қилган ҳаёт тожини олади». (Ёқб. 1:12)

139- ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик

^ абз. 5 Барчамиз турли муаммоларни бошдан кечиряпмиз. Айни пайтда уларнинг кўпига ечим йўқ. Фақат сабр-бардош қилишимиз керак. Лекин ёлғиз эмасмиз, Яҳова ҳам кўп нарсага сабр-бардош қиляпти. Ушбу мақолада улардан тўққизтасини кўриб чиқамиз. Қолаверса, Яҳованинг сабр-бардоши натижасида нималарга эришилганини ва Унинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.