Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

30- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳованинг оиласидаги ўрнингизни қадрланг

Яҳованинг оиласидаги ўрнингизни қадрланг

Сен уни фаришталардан бир оз паст қилиб, улуғворлик ва шон-шарафни унга тож қилиб кийгиздинг. ЗАБ. 8:5

123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова яратган барча нарсалар устида мулоҳаза қилганимизда хаёлимизга нима келади?

ЯҲОВА яратган улкан коинот ҳақида мулоҳаза юритганимизда, ўзимизни қуйидагича ибодат қилган сано бастакори Довуд каби ҳис қилармиз: «Мен осмонга, қўлларинг маҳсулига, Сен яратган ой ва юлдузларга қараганимда: “Ўткинчи инсон недирки, уни ёдга оласан? Инсон ўғли недирки, унга ғамхўрлик қиласан?” — деб ўйланиб қоламан». (Заб. 8:3, 4) Унга ўхшаб, Яҳова яратган юлдузларга қараганимизда, заррачадай эканимизни англаймиз ва У бизга эътибор бераётганидан ҳайратланамиз. Келинг, Яҳова нафақат илк жуфтлик — Одамато ва Момоҳавога ғамхўрлик қилганига, балки уларни оила аъзолари сифатида қабул қилганига назар соламиз.

2. Яҳова Одамато ва Момоҳавога қандай вазифа берган эди?

2 Одамато билан Момоҳаво Яҳованинг ер юзидаги илк фарзандлари эди ва У уларнинг ғамхўр самовий Отаси бўлган. Худо бу жуфтликка вазифа бериб, шундай деган: «Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар ва ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар». (Ибт. 1:28) Улар фарзандли бўлиши ва ер юзини парвариш қилиши керак эди. Илк жуфтлик итоатли бўлиб, Худо айтганларини қилганида, уларнинг авлоди Худо оиласининг абадий аъзолари бўлиб қоларди.

3. Нега Одамато ва Момоҳаво Яҳованинг оиласида шарафли ўринга эга эди, деб айта оламиз?

3 Одамато ва Момоҳаво Яҳованинг оиласида шарафли ўринга эга эди. Забур 8:5 да ёзилганидай, Довуд Яҳова яратган инсон тўғрисида шундай деган: «Сен уни фаришталардан бир оз паст қилиб, улуғворлик ва шон-шарафни унга тож қилиб кийгиздинг». Тўғри, Худо одамларга фаришталарникидай қудрат, ақл ва қобилиятлар бермаган. (Заб. 103:20) Бироқ инсонлар бу қудратли мавжудотларга қараганда «бир оз паст». Бир ўйлаб кўринг, Яҳова илк ота-онамизга ажойиб ҳаётни ато этган эди.

4. Илк жуфтлик Яҳовага итоатсизлик қилгани туфайли нима бўлди ва бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

 4 Афсуски, илк жуфтлик Яҳованинг оиласидаги ўрнини йўқотди. Бу уларнинг авлодларига аянчли оқибатлар олиб келди. Буни мақоланинг давомида кўриб чиқамиз. Лекин Яҳованинг нияти ўзгаргани йўқ. У итоатли инсонлар абадулабад Унинг фарзандлари бўлишини истайди. Аввалига, келинг, Яҳова бизни қай йўсин шарафга сазовор қилганига диққат қаратамиз. Кейин Яҳова оиласининг бир қисми бўлишни истаётганимизни ҳозирда қандай кўрсатишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Шунингдек, Яҳованинг ердаги фарзандлари ҳаётдан тоабад завқланиб яшашига эътибор берамиз.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА ИНСОНИЯТНИ ШАРАФГА САЗОВОР ҚИЛДИ?

Қай йўсин Яҳова бизни шарафга сазовор қилди? (5–11- хатбошиларига қаранг.) *

5. Худога монанд қилиб яратилганимиз учун Унга қай йўсин шараф келтира оламиз?

5Яҳова бизни Ўзига монанд қилиб яратгани билан бизни шарафга сазовор қилди. (Ибт. 1:26, 27) Худога монанд қилиб яратилганимиз туфайли Унинг севги, меҳр-шафқат, садоқат ва адолат каби кўп ажойиб фазилатларини ривожлантиришимиз ва намоён этишимиз мумкин. (Заб. 86:15; 145:17) Шу йўсин, Яҳовага шараф келтирамиз ва Ундан миннатдор эканимизни кўрсатамиз. (1 Бутр. 1:14–16) Самовий Отамизга ёқадиган ҳаёт тарзини кечирсак, бундан бахтиёр ва мамнун бўламиз. Қолаверса, Яҳованинг фазилатларига эга бўлганимиз туфайли У оиласида кўришни истаган одамга айланишимиз мумкин.

6. Яҳова ер юзини тайёрлаганида қай йўсин одамларни шарафга сазовор қилди?

6Яҳова биз учун ажойиб уй тайёрлади. Яҳова илк одамни яратишдан анча аввал ер юзини одамлар учун тайёрлади. (Аюб 38:4–6; Ерм. 10:12) Яҳова меҳрибон ва сахий бўлгани туфайли бахтиёр бўлишимиз учун яхши нарсаларни мўл-кўл қилиб яратди. (Заб. 104:14, 15, 24) У яратганлари ҳақида фикр юритиш учун вақт ажратиб, улар «яхши эканини кўрди». (Ибт. 1:10, 12, 31) Худо одамларга ер юзидаги ажойиб ижодлари «устидан ҳокимликни» бериб, уларни шарафга сазовор қилди. (Заб. 8:6) Худо мукаммал инсонлар тоабад Унинг ижодларига ғамхўрлик қилиб, завқ олишини истайди. Бу ажойиб умид учун Яҳовага мунтазам равишда миннатдорчилик билдиряпсизми?

7. Қай йўсин Ёшуа 24:15 одам ирода эркинлигига эга эканини кўрсатяпти?

7Яҳова бизга ирода эркинлиги каби туҳфани берди. Ҳар биримиз қандай ҳаёт кечиришни танлаш имкониятига эгамиз. (Ёшуа 24:15 ни ўқинг.) Танлаш қобилияти — ирода эркинлиги деб аталади. Меҳрибон Тангримизга хизмат қилишни танлаганимизда У қувонади. (Заб. 84:11; Ҳик. 27:11) Ирода эркинлигимиздан фойдаланиб, кўпгина тўғри қарорлар чиқара оламиз. Келинг, Исо бунда қандай ўрнак кўрсатганига диққат қаратайлик.

8. Исо ирода эркинлигидан қандай фойдалангани борасида мисол келтиринг.

8 Исога эргашиб, бошқаларнинг манфаатини ўзимизникидан устун қўйишни танлашимиз мумкин. Бир сафар Исо ҳаворийлари билан жуда чарчаб, оз-моз дам олиш учун хилват жойни излаган эди. Лекин уларда дам олиш имкони бўлмади. Халойиқ уларни топди ва Исодан таълим олишни жуда истади. Аммо Исонинг бундан жаҳли чиқмади. Аксинча, уларга ачинди. Хўш, Исо қандай йўл тутди? У «уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади». (Марк 6:30–34) Бошқаларга ёрдам бериш учун Исога тақлид қилиб, вақтимизу кучимиздан фойдаланганда, самовий Отамизга шараф келтирган бўламиз. (Мат. 5:14–16) Қолаверса, Яҳова оиласининг бир қисми бўлишни истаётганимизни Унга кўрсатамиз.

9. Ота-она нимани ёдда тутиши керак?

9Яҳова одамларга фарзанд кўриш қобилиятини ҳамда уларга Уни севишни ва Унга хизмат қилишни ўргатиш масъулиятини берди. Ота ёки она бўлсангиз, бу ўзгача туҳфа учун миннатдормисиз? Яҳова фаришталарга кўп баракалар ато этган бўлса ҳам, бу қобилиятни уларга бермаган. Буни ёдда тутган ҳолда, фарзанд катта қилаётганлар бу шарафни қадрлаши лозим. Ота-онага фарзандига «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг панд-насиҳати билан ўстириш» каби муҳим вазифа ишониб топширилган. (Эфес. 6:4; Қонун. 6:5–7; Заб. 127:3) Худонинг ташкилоти ота-оналарга ёрдам бериш мақсадида адабиёт, видео, мусиқа ва веб-мақолалар каби Муқаддас Китобга асосланган кўп асбобларни тақдим этмоқда. Дарҳақиқат, ҳам самовий Отамиз, ҳам Унинг Ўғли ёшларимизни яхши кўради. (Луқо 18:15–17) Ота-оналар Яҳовага таянса ва қадрли фарзандларига ғамхўрлик қилишга жон куйдирса, У мамнун бўлади. Бундай ота-оналар, шунингдек, болаларига тоабад Яҳова оиласининг бир қисми бўлишга ёрдам бермоқда.

10, 11. Тўлов орқали Яҳова нимага йўл очди?

10Яҳова яна Унинг оила аъзоси бўлишимиз учун энг азиз Ўғлини берди.  4- хатбошида айтилганидай, Одамато билан Момоҳаво Яҳованинг оиласидаги ўрнини ҳам ўзлари, ҳам фарзандлари учун йўқотди. (Рим. 5:12) Илк жуфтлик била туриб Худога итоатсизлик қилгани туфайли бундай шарафдан маҳрум бўлишга лойиқ эди. Лекин уларнинг авлоди ҳақида-чи, нима деса бўлади? Тангри Яҳова итоатли инсонларни оиласига қабул қилиш учун севги ила чора кўрди. У буни ягона Ўғли Исо Масиҳни қурбон қилиш орқали амалга оширди. (Юҳан. 3:16; Рим. 5:19) Исонинг қурбонлиги туфайли Худо бенуқсон бўлиб қолаётган 144 000 та одамни ўғиллари сифатида қабул қилади. (Рим. 8:15–17; Ваҳ. 14:1)

11 Бундан ташқари, миллионлаб бошқа садоқатли инсонлар итоаткорлик ила Худонинг иродасини бажо келтирмоқда. Улар Минг йиллик бошқарувнинг охирида бўладиган сўнгги синовдан кейин Худо оиласининг аъзоси бўлишга умид қилади. (Заб. 25:14; Рим. 8:20, 21) Бундай умиди борлиги учун улар ҳозирнинг ўзида Яратувчиси Яҳовага «Ота» деб мурожаат қилади. (Мат. 6:9) Тирилганлар ҳам Яҳова улардан нимани кутаётгани борасида ўрганиш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, Худонинг йўл-йўриқларига амал қилишни танлаганлар ниҳоят Унинг оила аъзосига айланади.

12. Ҳозир қайси саволнинг жавобини кўриб чиқамиз?

12 Кўриб чиққанимиздай, Яҳова одамларни шарафга сазовор қилиш учун кўп ишларни амалга оширди. У мойланган масиҳийларни аллақачон ўғиллари сифатида қабул қилган ва «улкан оломонга» янги дунёда Унинг фарзандлари бўлиш умидини берган. (Ваҳ. 7:9) Абадулабад Яҳованинг оила аъзоси бўлиб қолишни хоҳлаётганимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?

ЯҲОВАГА УНИНГ ОИЛА АЪЗОСИ БЎЛИШНИ ИСТАЁТГАНИНГИЗНИ КЎРСАТИНГ

13. Худонинг оила аъзоси бўлиш учун нима қилсак бўлади? (Марк 12:30)

13Яҳовага бутун қалбингиз билан хизмат қилиб, Уни севишингизни кўрсатинг. (Марк 12:30 ни ўқинг.) Аллоҳ бизга кўп инъомларни тақдим этяпти. Уларнинг энг қимматбаҳоси Унга топиниш қобилиятидир. Худонинг «амрларига риоя қилиб», Уни севишимизни кўрсатамиз. (1 Юҳан. 5:3) Исо шогирдларни тайёрлаш ва уларни сувга чўмдириш амрини берган. Яҳова ҳам айнан шуни истайди. (Мат. 28:19) Исо, шунингдек, бизга бир-биримизни севишни амр этган. (Юҳан. 13:35) Яҳова итоаткор одамларни топинувчиларидан иборат умумжаҳон оиласининг аъзоси сифатида қабул қилади. (Заб. 15:1, 2)

14. Қандай қилиб бошқаларга севгимизни кўрсатишимиз мумкин? (Матто 9:36–38; Римликларга 12:10)

14Бошқаларга севги кўрсатинг. Севги Яҳованинг энг муҳим фазилати. (1 Юҳан. 4:8) Яҳова биз Уни танимасимиздан олдин бизга севги кўрсатган. (1 Юҳан. 4:9, 10) Бошқаларга севги кўрсатганимизда, Унга тақлид қилган бўламиз. (Эфес. 5:1) Ҳали вақт бор экан, инсонларни севишимизни кўрсатишнинг энг аъло йўлларидан бири уларга Яҳова ҳақида билиб олишга ёрдам беришдир. (Матто 9:36–38 ни ўқинг.) Бундай қилганимизда, уларга Худонинг оила аъзоси бўлиш учун нима қилиш кераклигини ўргатишимиз мумкин. Киши сувга чўмганидан сўнг, уни севишда ва ҳурмат қилишда давом этишимиз керак. (1 Юҳан. 4:20, 21) Хўш, буни қандай қила оламиз? Мисол учун, ниятлари яхши эканидан шубҳаланмай унга ишонаётганимизни кўрсатамиз. Шунингдек, нега у бирон ишни қилганини тушуна олмасак, у буни ғаразли ниятда қилди, деган фикрга бормаймиз. Аксинча, уни ҳурмат қилиб, ўзимиздан устун қўямиз. (Римликларга 12:10 ни ўқинг; Филип. 2:3)

15. Кимларга раҳм-шафқат ва меҳр кўрсатишимиз лозим?

15Барча инсонларга раҳм-шафқат ва меҳр кўрсатинг. Абадият давомида Яҳованинг оиласига тегишли бўлишни истасак, Унинг Каломида ёзилганларни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз лозим. Масалан, Исо барчага, ҳатто душманларимизга раҳм-шафқат ва меҳр кўрсатишимиз кераклигини ўргатган. (Луқо 6:32–36) Бундай йўл тутиш баъзида осон бўлмаслиги мумкин. Агар шундай бўлса, Исо каби фикр юритишга ва йўл тутишга ўрганишимиз керак. Яҳовага итоатли бўлиш ва Исога тақлид қилиш учун жон куйдирсак, самовий Отамизга Унинг оиласига абадулабад тегишли бўлишни истаётганимизни кўрсатамиз.

16. Яҳова оиласининг обрўсини қандай ҳимоя қилишимиз мумкин?

16Яҳова оиласининг обрўсини ҳимоя қилинг. Том маънодаги оилани олсак, одатда кенжа ўғил акасига тақлид қилади. У Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилса, укасига яхши ўрнак кўрсатади. Аммо у нотўғри йўл тутса, укаси унинг ёмон ўрнагига эргашади. Яҳованинг оиласида ҳам худди шундай. Садоқатли масиҳий муртад бўлиб қолса ёки ахлоқсиз ё жирканч ишларга қўл урса, қолганлар унга эргашиб, нотўғри иш қилиши мумкин. Бундай қилганлар Яҳова оиласининг обрўсига доғ туширади. (1 Салон. 4:3–8) Бу каби нотўғри йўл тутадиган инсонларга эргашмаслигимиз ва меҳрибон самовий Отамиз билан бўлган муносабатларимизга бирон нима ёмон таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз керак.

17. Қандай фикрлаш тарзидан қочиш керак ва нега?

17Моддий нарсаларга эмас, Яҳовага ишонинг. Шоҳлик пайида бўлсак ва Яҳованинг адолатли меъёрлари бўйича яшасак, У бизни озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана билан таъминлашни ваъда қиляпти. (Заб. 55:22; Мат. 6:33) Буни ёдда тутсак, бу дунёдаги моддий нарсалар чинакам хавфсизлик ва бахт келтиради, деган фикрлаш тарзидан қочамиз. Биламизки, Яҳованинг иродасини бажаришгина чинакам хотиржамлик келтиради. (Филип. 4:6, 7) Кўп нарса харид қилишга қурбимиз етса-да, улардан фойдаланиш ва уларга ғамхўрлик қилиш учун вақтимизу кучимиз чиндан ҳам етиш-етмаслиги борасида ўйлаб кўришимиз керак. Мол-мулкимизга ҳаддан ортиқ боғланиб қолмаяпмизми? Шуни унутмаслик керакки, Яҳова оила аъзоларидан уларга топширилган вазифани бажаришларини кутади. Бу ҳеч нарса бизни чалғитишига йўл қўймаслигимиз кераклигини англатади. Шубҳасизки, ер юзидаги мол-мулкига ҳаддан ташқари боғлангани туфайли Исога эргашмаган йигитга ўхшаб қолишни истамаймиз. Бу туфайли у Яҳовага хизмат қилиш ва Унинг ўғилларидан бири бўлиш имконини қўлдан бой берган. (Марк 10:17–22)

ЯҲОВАНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ НИМАЛАРДАН ТОАБАД ЗАВҚЛАНИБ ЯШАЙДИ?

18. Итоаткор инсонлар тоабад қандай шараф ва баракаларга эга бўлади?

18 Итоатли одамлар энг юксак шарафга, яъни Яҳовани яхши кўриш ва Унга абадий топиниш шарафига эга бўлади. Ер юзида яшашга умид қилаётганлар Яҳова барча шароитларни яратиб берган гўзал сайёрага ғамхўрлик қилишдан завқ олади. Яқинда Худонинг Шоҳлиги остида ер юзи ва ундаги барча нарса чиройли ҳолатга қайтади. Илк жуфтлик Худонинг оиласини тарк этишга қарор қилгани натижасида пайдо бўлган барча оқибатларни Исо Масиҳ йўққа чиқаради. Яҳова миллионлаб инсонларни тирилтиради ва жаннатга айланган ер юзида мукаммал ҳамда соғлом бўлиб абадий яшаш имконини беради. (Луқо 23:42, 43) Яҳовага хизмат қиладиган инсонлар мукаммалликка эришгач, ҳар бири Довуд тилга олган «улуғворлик ва шон-шарафни» акс эттира олади. (Заб. 8:5)

19. Нимани ёдда сақлашимиз керак?

19 «Улкан оломонга» тегишли бўлсангиз, демак, ажойиб умидга эгасиз. Худо сизни севади ва Унинг оила аъзоси бўлишингизни истайди. Шундай экан, Уни мамнун этиш учун қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг. Ҳар куни Худонинг ваъдаларини онгингизу қалбингизда сақлаб яшанг. Азиз самовий Отамизга топиниш фурсатини ва Уни тоабад шарафлаш умидини қадрланг.

107- ҚЎШИҚ Аллоҳ — севги намунасидир

^ абз. 5 Оила бахтли бўлиши учун унинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини билиши ва бир-бирига ёрдам бериши керак. Оилада ота севги ила бошқариши, она уни қўллаб-қувватлаши, фарзандлари эса ота-онасига итоат этиши лозим. Тангри Яҳованинг оиласида ҳам худди шундай. Унинг бизга нисбатан нияти бор. Ўша ниятга мувофиқ яшасак, Аллоҳнинг оиласига абадий тегишли бўламиз.

^ абз. 55 РАСМГА ШАРҲ. Жуфтлик Худога монанд қилиб яратилгани туфайли бир-бирига ва ўғилларига севги ҳамда меҳр-шафқат намоён этяпти. Жуфтлик Яҳовани севади. Фарзандли бўлиш қобилияти уларга ўғилларини Яҳованинг йўлида тарбиялаш имконини беряпти. Улар видео ёрдамида ўғилларига Яҳова нега Исони тўлов сифатида берганини тушунтиряпти. Қолаверса, бу жуфтлик фарзандларига бўлажак жаннатда ҳайвонларга ғамхўрлик қилишимиз тўғрисида айтяпти.