Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яратувчига нисбатан имонингизни мустаҳкамланг

Яратувчига нисбатан имонингизни мустаҳкамланг

Имон бу... нарсалар кўринмайдиган бўлса ҳам, бу нарсалар чин эканига амин бўлишдир. ИБРОН. 11:1

11- ҚЎШИҚ Бор мавжудот Аллоҳни улуғламоқда

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яратувчимиз ҳақида сизга нималарни ўргатишган?

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ оиласида улғайган бўлсангиз, эҳтимол, кичиклигингиздан сизга Худо ҳақида ўргатишган. У Яратувчи экани, Унинг ажойиб фазилатлари ва ер юзини жаннатга айлантиришни исташи тўғрисида ўргангансиз. (Ибт. 1:1; Ҳавор. 17:24–27)

2. Баъзилар Яратувчига ишонадиганларга қандай қарайди?

2 Кўп одамлар Худо Яратувчимиз экани у ёқда турсин, Унинг борлигига ҳам ишонмайди. Аксинча, улар ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлганига ва ҳаётнинг оддий шакллари аста-секин мураккаброқ шаклларига айланганига ишонади. Бундай фикрдагиларнинг баъзилари ўқимишли инсонлар. Улар илм-фан Муқаддас Китоб нотўғри эканини исботлаган ҳамда ўқимаган, саводсиз ёки содда одамларгина Яратувчи борлигига ишонади, деб айтиши мумкин.

3. Нега имонимизни мустаҳкам сақлашимиз зарур?

3 Ўқимишли одамларнинг бундай нуқтаи назари Яҳова меҳрибон Яратувчимиз эканига бўлган ишончимизни заифлаштирадими? Бу асосан нега Яҳова Яратувчимиз эканига ишонишимиз билан боғлиқ. Бунга ишонишимиз керак, деб айтилгани сабабли ишонамизми ёки вақт ажратиб ўзимиз учун далилларни аниқлаганимиз туфайлими? (1 Кор. 3:12–15) Қанчадан бери Яҳованинг Шоҳиди эканимиздан қатъи назар, барчамиз имонимизни мустаҳкамлашимиз керак. Бундай қилсак, Худонинг Каломига қарши инсонлар ўргатаётган «фалсафа ва қуруқ гаплар»га алданиб қолмаймиз. (Колос. 2:8; Иброн. 11:6) Келинг, ёрдам сифатида бу мақолада қуйидагиларни кўриб чиқайлик: нега кўплар Яратувчи борлигига ишонмайди? Қай йўсин Яратувчимиз Яҳовага бўлган ишончингизни мустаҳкамлай оласиз? Қандай қилиб бу ишончингизни мустаҳкам сақлашда давом эта оласиз?

НЕГА КЎПЛАР ЯРАТУВЧИ БОРЛИГИГА ИШОНМАЙДИ?

4. Ибронийларга 11:1 га кўра, чинакам имон нимага асосланади?

4 Баъзиларнинг фикрича, имон бу далилсиз бирон нимага ишониш демакдир. Бироқ Муқаддас Китобга кўра, бундай имон ҳақиқий эмас. (Ибронийларга 11:1 ни ўқинг.) Каломда айтилишича, имон далилга асосланади. Шу боис, Яҳова, Исо ва Самовий Шоҳликни кўра олмасак ҳам, улар чин эканига исботларимиз бор. (Иброн. 11:3) Яҳованинг Шоҳиди бўлган бир биокимёгар шундай деди: «Яҳованинг Шоҳидлари ишонадиган нарсалар асослидир. Улар илмий фактларни инкор қилмайди».

5. Нега кўплар ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлганига ишонади?

5 Худо барча нарсани яратганини исботловчи далиллар бўлишига қарамай, нега кўплар Унинг борлигига ишонмайди? Баъзилар далилларга эга бўлиш учун ҳеч қачон изланиш олиб бормаган. Яҳованинг Шоҳиди бўлган Роберт қуйидагича бўлишди: «Мактабда яратилиш тўғрисида ҳеч ҳам ўргатилмагани туфайли ҳамма нарса ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб ўйлардим. 22 ёшимда Яҳованинг Шоҳидлари билан танишиб, яратилиш борасида Муқаддас Китобдаги мантиқий ва ишончли далилларни тингламагунимча бундай фикрда бўлганман» *. (« Ота-оналар эътиборига» номли рамкага қаранг.)

6. Нега баъзилар Яратувчи борлигига ишонмайди?

6 Баъзилар нега Яратувчига ишонмаслигининг сабабини улар фақат кўра оладиган нарсаларига ишониши билан тушунтиради. Лекин аслида улар кўринмас нарсаларга, масалан, гравитация, яъни бутун олам тортишиш кучига ишонади. Чунки улар бунинг исботига эга. Муқаддас Китобда тилга олинган имон ҳам «кўринмайдиган»  нарсалар борлигининг далилларига асосланади. (Иброн. 11:1) Бундай далилларни топиш вақт ҳамда куч талаб қилади. Кўпчилик буни қилишга уриниб ҳам кўрмайди. Далилларга эга бўлиш ниятида тадқиқ қилиб кўрмайдиган инсон Худо йўқ деган хулосага келиши ҳеч гап эмас.

7. Барча ўқимишли одамлар Худо бутун борлиқни яратганини инкор қиладими? Тушунтиринг.

7 Айрим олимлар далилларни тадқиқ қилгач, Худо бутун оламни яратганига амин бўлди *. Юқорида тилга олинган Робертга ўхшаб баъзилар университетда яратилиш ҳақида таълим олмагани боис, Яратувчи йўқ, деб ҳисоблайди. Бироқ кўп олимлар Яратувчини таниб-билди ва Уни яхши кўради. Олимлар билан бўлганидек, билим даражамиз қандай бўлмасин, барчамиз Худога бўлган имонни ривожлантиришимиз керак. Бизнинг ўрнимизга буни ҳеч ким қила олмайди.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯРАТУВЧИГА НИСБАТАН ИМОНИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙ ОЛАСИЗ?

8, 9. а) Қайси саволни кўриб чиқамиз? б) Ижодларни тадқиқ қилишдан қандай фойда оласиз?

8 Яратувчига нисбатан имонингизни қандай мустаҳкамлашингиз мумкин? Келинг, бунинг тўртта йўлини кўриб чиқайлик.

9Яратилган нарсаларни тадқиқ қилинг. Яратувчига нисбатан имонингизни мустаҳкамлаш учун ҳайвонларни, ўсимликларни ва юлдузларни кузатинг. (Заб. 19:1; Ишаё 40:26) Бу каби нарсаларни қанча кўп тадқиқ қилсангиз, Яҳова Яратувчи эканига бўлган ишончингиз шунча мустаҳкамланади. Адабиётларимизда мавжудотларнинг турли хусусиятлари тушунтирилган мақолалар тез-тез келтирилади. Бундай мақолаларни тўлиқ тушунишга қийналсангиз ҳам, уларни четга суриб қўйманг. Иложи борича кўпроқ ўрганинг. Шунингдек, сўнгги йиллар давомида бўлиб ўтган ҳудудий анжуманлардаги ижодлар ҳақидаги ажойиб видеоларни томоша қилиб туришни унутманг. Улар jw.org сайтимизда келтирилган.

10. Яратувчи мавжуд эканини тасдиқловчи қандай мисол келтирган бўлардингиз? (Римликларга 1:20)

10 Ижодларни тадқиқ қилганингизда улар Яратувчимиз ҳақида нималарни очиб бераётганига диққат қаратинг. (Римликларга 1:20 ни ўқинг.) Мисол учун, биламизки, қуёш ёруғлик ва иссиқлик манбаи. Лекин шу билан бирга, унинг баъзи ультрабинафша нурлари зарарли бўлиши мумкин. Биз бу нурлардан ҳимоя қилинишга муҳтожмиз ва шундай қилиняпмиз ҳам. Қизиқ, қанақасига? Уйимиз бўлмиш ер юзининг ҳимоя қобиғи бор. Бу озон газидан иборат қатламдир. У зарарли нурларни ўтказмайди. Қуёшнинг ультрабинафша нурлари кучайгани сайин, озон қатлами ҳам қалинлашади. Бу жараён ортида Кимдир турганига ва У севувчи ҳамда доно Яратувчи эканига қўшилсангиз керак.

11. Ижодлар ҳақидаги имонни мустаҳкамлайдиган кўп далилларни қаердан топса бўлади? (« Имонни мустаҳкамлайдиган баъзи манбалар» номли рамкага қаранг.)

11 Ижодлар ҳақидаги имонни мустаҳкамлайдиган кўп далилларни «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва jw.org сайти ёрдамида изланиш ўтказиш орқали топишингиз мумкин. «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» мақолалар туркумидаги видеолару мақолалардан бошласангиз бўлади. Бу мақолалар қисқа бўлиб, уларда ҳайвонлару бошқа ижодлар тўғрисида бир нечта ажойиб факт келтирилган. Уларда, шунингдек, олимлар қай йўсин табиатдаги ижодлардан андаза олишга уринаётганининг мисоллари бор.

12. Муқаддас Китобни тадқиқ қилганда қайси баъзи нарсаларга эътибор қаратиш керак?

12Муқаддас Китобни тадқиқ қилинг. Юқорида тилга олинган биокимёгар бошида Яратувчи мавжудлигини рад этганди. Вақт ўтиб, у Яратувчи борлигига ишонди. У қуйидагича бўлишди: «Шунчаки илм-фан соҳасида ўрганганларим эмас, балки Муқаддас Китобни чуқур тадқиқ қилганим учун Худога ишонаман». Эҳтимол, Муқаддас Китобдаги аниқ билимга эгадирсиз. Шундай бўлса-да, Яратувчига нисбатан имонингизни мустаҳкамлаш учун Муқаддас Китобни тадқиқ қилишда давом этишингиз зарур. (Ёшуа 1:8; Заб. 119:97) Муқаддас Китобда тарихий воқеалар батафсил ёзилганига эътибор беринг. Ундаги башоратлар ва мавзулар бир-бирига уйғун эканига назар солинг. Бундай қилиб, севувчи ва доно Яратувчимизнинг ижоди эканимизга ҳамда Муқаддас Ёзувлар У томонидан илҳомлантирилганига бўлган ишончимиз мустаҳкамланади *. (2 Тим. 3:14; 2 Бутр. 1:21)

13. Худонинг Каломидаги доно маслаҳатлардан бирини келтиринг.

13 Худонинг Каломини тадқиқ қилганингизда, у ердаги маслаҳатлар қанчалик фойдали эканига аҳамият беринг. Мисол учун, Муқаддас Китобда бундан анча олдин пулпарастлик зиён келтириши ва «кўпгина азобларга» сабаб бўлиши ҳақида айтилган. (1 Тим. 6:9, 10; Ҳик. 28:20; Мат. 6:24) Хўш, мазкур сўзлар ҳали ҳам ўринлими? Бир китобда одамлар бу борада қандай нуқтаи назарда экани ҳақида шундай фикр келтирилган: «Асосан моддий нарсалар пайида юрган инсонлар камроқ қувонч ҳис қилиб, кўпроқ тушкунликка тушади». («The Narcissism Epidemic») Ҳатто шунчаки кўпроқ пулга эга бўлишни истаганлар бахтсиз ва анчагина соғлиқ муаммоларига дуч келяпти. Ҳа, пулга меҳр қўймаслик борасида Муқаддас Китобда ёзилган сўзлар чиндан ҳам фойдали. Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни қанча кўп қадрласак, меҳрибон Парвардигоримизнинг доно ва амалий маслаҳатларига шунча кўп таянамиз. (Ёқб. 1:5) Натижада ҳаётимиз қувончга тўлади. (Ишаё 48:17, 18)

14. Муқаддас Китобни тадқиқ қилсангиз, Яҳова ҳақида нималарни билиб оласиз?

14Муқаддас Китобни тўғри ниятда — Яҳовани яхшироқ таниб-билиш мақсадида тадқиқ қилинг. (Юҳан. 17:3) Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилар экансиз, Яҳованинг шахсияти ва фазилатлари ҳақида билиб оласиз. Шунда, бу фазилатлар ижодларни тадқиқ қилганингизда билиб олган ўша-ўша фазилатлар эканини англайсиз. Бу фазилатлар чиндан ҳам мавжуд Шахсга тегишли бўлиб, улар бирор кимнинг тасаввури эмас. (Чиқ. 34:6, 7; Заб. 145:8, 9) Яҳовани қанча кўп таниб-билсангиз, Унга бўлган ишончингиз шунча кўп мустаҳкамланади, севгингиз кучаяди ва дўстлик ришталарингиз қалинлашади.

15. Эътиқодингизни бошқалар билан бўлишиш сизга қандай фойда келтиради?

15Эътиқодингизни бошқалар билан бўлишинг. Шундай йўл тутганингизда, имонингиз мустаҳкамланади. Кимдир Худо мавжуд экани тўғрисида савол кўтарса ва қандай жавоб беришни билмасангиз-чи? Адабиётларимиздан бу саволга Муқаддас Китоб асосида келтирилган жавобни топишга ҳаракат қилинг. Сўнг ўша киши билан буни бўлишинг. (1 Бутр. 3:15) Бундан ташқари, тажрибали имондошимиздан ёрдам сўрасангиз бўлади. Ўша киши Муқаддас Китоб асосидаги жавобингизни қабул қиладими ёки йўқми, изланиш ўтказганингиз сизга фойда келтириши турган гап. Масалан, имонингиз мустаҳкамланади. Натижада Худо йўқ, деб таъкидлаётган доно ва ақлли бўлиб кўринганларнинг гапига ишониб кетмайсиз.

ИМОНИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАШДА ДАВОМ ЭТИНГ

16. Имонимизни ривожлантиришда ва мустаҳкамлашда давом этмасак нима бўлиши мумкин?

16 Яҳовага қанчадан бери хизмат қилишимиздан қатъи назар, Унга нисбатан имонимизни ривожлантиришда ва уни мустаҳкамлашда давом этишимиз керак. Нега деганда, эҳтиёт бўлмасак, имонимиз заифлашиб қолиши ҳеч гап эмас. Юқорида кўриб чиққанимиздай, имон кўринмайдиган нарсаларнинг далилига асосланади. Кўринмайдиган нарсаларни осонгина унутиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун, ҳаворий Павлус заифлашган имонни «осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ» деб атаган. (Иброн. 12:1) Хўш, қай йўсин бу тузоқдан қоча оламиз? (2 Салон. 1:3)

17. Имонимизни мустаҳкамлаш учун нима қилишимиз керак?

17 Аввалига, муқаддас руҳ сўраб Яҳовага илтижо қилинг ва буни тез-тез қилинг. Нега деганда, имон — муқаддас руҳ самараси. (Галат. 5:22, 23) Муқаддас руҳ ёрдамисиз Яратувчига нисбатан имонни на ривожлантира оламиз, на мустаҳкамлай оламиз. Яҳовадан муқаддас руҳини сўрасак, уни бизга беради. Ҳатто: «Имонимизга имон қўш»,— деб сўрашимиз мумкин. (Луқо 17:5)

18. Забур 1:2, 3 га кўра, қандай шарафга эга бўлишдан қувона оламиз?

18 Бундан ташқари, Худонинг Каломи асосида мунтазам равишда шахсий тадқиқ ўтказинг. (Забур 1:2, 3 ни ўқинг.) Бу сўзлар ёзилганда, Худо Каломининг тўлиқ нусхаси исроилликларнинг озчилигида бор эди. Лекин шоҳ ва руҳонийларда бу нусхалар бўлган. Худо Каломининг қироатини тинглаш учун Исроилдаги эркагу аёллар, болалар ва мусофирлар ҳар етти йилда бирга йиғилган. (Қонун. 31:10–12) Исонинг даврида битиклар камчиликда ва ибодатхоналарда бор эди. Бундан фарқли равишда, ҳозир аксарият одамлар Худонинг Каломини бутунлай ёки қисман ўқий олади. Бу катта шараф. Бундай шарафни қадрлаётганимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?

19. Имонимизни мустаҳкам сақлаш учун нима қилишимиз керак?

19 Худонинг Каломига эга бўлиш шарафини қадрлаётганимизни уни мунтазам ўқиш орқали кўрсата оламиз. Шахсий тадқиқни вақтимиз бўлганидагина ёки хаёлимиз кўчасига келганидагина қилмаслигимиз керак. Тадқиқ учун аниқ жадвал тузиб, унга риоя қилсак, имонимизни мустаҳкам сақлаб қолишимиз мумкин.

20. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши даркор?

20 Бу дунёдаги «доною зукколардан» фарқли ўлароқ, Худонинг Каломига асосланган мустаҳкам имонга эгамиз. (Мат. 11:25, 26) Муқаддас Китобни тадқиқ қилганимиз туфайли нега ердаги аҳвол ёмонлашаётганини ва Яҳова бу борада қандай чора кўришини билиб оламиз. Шундай экан, келинг, имонимизни мустаҳкамлашга ва имкон қадар кўпроқ инсонларга Парвардигоримизга нисбатан имонни ривожлантиришга ёрдам бериш қароримиз қатъий бўлсин. (1 Тим. 2:3, 4) Қолаверса, ер юзидаги барча Ваҳий 4:11 да келтирилган қуйидаги сўзларни айтадиган пайтни интиқиб кутишда давом этайлик: «Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шарафни... эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг».

2- ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова

^ абз. 5 Муқаддас Ёзувларда Тангри Яҳова барча нарсани яратган, деб айтилган. Бироқ кўплар бунга ишонмайди. Улар ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган деган фикрни олға суради. Худога ва Муқаддас Китобга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаш учун жон куйдирсак, бундай даъволар имонимизни заифлаштирмайди. Мазкур мақолада буни қандай қилишимиз мумкинлиги тушунтирилган.

^ абз. 5 Дунё бўйлаб аксарият мактабларда ўқитувчилар Худо барча нарсани яратган бўлиши мумкинлигини ҳатто тилга ҳам олишмайди. Уларнинг фикрича, бундай йўл тутишса, ўқувчиларга Худога ишониш керак, деб босим ўтказишгандай бўлади.

^ абз. 7 Яратувчи борлигига ишонган мутахассисларнинг интервьюларини томоша қилинг. jw.org сайтида «Интервью ва ҳаётий воқеалар» туркумининг «Ҳаётнинг пайдо бўлгани борасидаги фикрлар» сарлавҳасига қаранг.

^ абз. 12 jw.org сайтидаги «Муқаддас Китоб илм-фан билан уйғунми?» ва «Қўриқчи минораси» 2018 йил № 2 «Амалга ошаётган башоратлар» номли мақолаларга қаранг.