Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

34- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳованинг ҳимматини «тотиб кўринг». Қанақасига?

Яҳованинг ҳимматини «тотиб кўринг». Қанақасига?

Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан, Унда паноҳ топган инсон бахтлидир. ЗАБ. 34:8

117- ҚЎШИҚ Ҳимматли бўлайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Забур 34:8 га кўра, Яҳованинг ҳиммати ҳақида қай йўсин билиб олишимиз мумкин?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, сизга олдин ҳечам тотиб кўрмаган таомни таклиф қилишди. Унга қараб, ҳидлаб ва қандай масаллиқлар кетганини билиб ёки бошқалардан бу таом борасида фикрини сўраб, у ҳақда муайян тушунчага эга бўласиз. Аммо уни тотиб кўрганингиздагина, аслида, у сизга ёқиш-ёқмаслигини аниқлай оласиз.

2 Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни ўқиш, бошқаларнинг Яҳовадан қандай баракалар олгани тўғрисидаги ҳикояларини тинглаш орқали Унинг ҳиммати ҳақида билиб оламиз. Лекин Яҳова қанчалик яхши эканини тушуниш учун Унинг ҳимматини ўзимиз «тотиб кўришимиз» лозим. (Забур 34:8 ни ўқинг.) Буни қандай қилишимиз мумкинлигини билиш учун, келинг, қуйидаги мисолга эътибор берайлик. Айтайлик, тўла вақтли хизматнинг қайсидир турида иштирок этмоқчимиз. Бу мақсадга эришиш учун эса ҳаётимизни соддалаштиришимиз керак. Шоҳликни биринчи ўринга қўйсак, Яҳова бизга керакли нарсаларни тақдим этиши ҳақидаги Исонинг ваъдасини тез-тез ўқирмиз. Бироқ бу ваъда ўзимизда амалга ошганини ҳеч ҳис қилмагандирмиз. (Мат. 6:33) Аммо Исонинг бу ваъдасига ишонаётганимиз учун, харажатларимизни камайтиришга, иш жадвалимизга ўзгаришлар киритишга ва хизматимизга диққат қаратишга интилаётгандирмиз. Шундай қилсак, Яҳова чиндан ҳам эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилишини ўзимизда ҳис этишга ўрганамиз. Яҳованинг ҳимматини шахсан «тотиб кўрамиз».

3. Забур 31:19 га биноан, кимлар Яҳованинг ҳимматига эга бўлади?

3 Яҳова «барча яратганларига», ҳатто Уни танимайдиганларга ҳам «марҳаматли» ёки бошқача қилиб айтганда, ҳимматли. (Заб. 145:9; Мат. 5:45) Лекин, айниқса, Яҳовани севадиган ва Унга сидқидилдан хизмат қиладиганлар мўл-кўл баракаларга эга бўлади. (Забур 31:19 ни ўқинг.) Яҳова биз учун қилаётган айрим яхшиликларини кўриб чиқайлик.

4. Яҳова Унга яқинлашишни бошлаганларга ҳимматини қай йўсин кўрсатмоқда?

4 Яҳовадан билиб олаётганларимизга ҳар сафар амал қилганимизда, бу ҳаётимизга яхши таъсир қилишини кўрамиз. Худони таниб-билганимиз ва Унга бўлган севгимиз ошгани сайин, У қачонлардир бизни Ундан узоқлаштирган фикрлаш тарзинию одатларни енгишимизга ёрдам берди. (Колос. 1:21) Ўзимизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганимизда, У бизга пок виждон ва У билан яқин дўст бўлиш имкониятини берганида, Унинг ҳимматини янада кўпроқ ҳис этдик. (1 Бутр. 3:21)

5. Қандай қилиб хизматимизда Яҳованинг ҳимматини ҳис этяпмиз?

5 Хизматда иштирок этганимиз сайин Яҳованинг ҳимматини ҳис қилишда давом этамиз. Тортинчоқ инсонмисиз? Яҳованинг кўп хизматчилари тортинчоқ. Балки Унга хизмат қилишни бошлашдан аввал мутлақ бегона кишининг уйига бориб эшигини тақиллатишни ва Калом асосида суҳбат қуришни хаёлингизга ҳам келтирмагандирсиз. Ҳозир эса бу билан доим бандсиз. Энг муҳими, Яҳованинг кўмаги билан ваъзгўйлик ишидан завқ олишга ўргандингиз! У сизни турли йўллар орқали қўллаб-қувватлашини ҳис этяпсиз. Сизга қарши чиққанларга дуч келганингизда, Худо хотиржамликни сақлашингизга кўмаклашяпти. Шунингдек, У қизиқиш билдирган инсон билан бўлишиш учун айни керакли оятни эслашингизга ёрдам беряпти. Қолаверса, хушхабарга бефарқ одамлар яшайдиган ҳудудда хизматингизни давом эттира олишингиз учун куч беряпти. (Ерм. 20:7–9)

6. Қандай қилиб Яҳова бераётган таълим У ҳимматли эканини исботламоқда?

6 Қолаверса, Яҳова қандай хизмат қилиш борасида таълим бериб бизга Ўз ҳимматини намоён этмоқда. (Юҳан. 6:45) Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувда пухта ўйланган тахминий суҳбатларни томоша қиламиз ва уларни хизматда қўллашга ундаламиз. Аввалига бирон янги нарсани қилиб кўришга хавотирланармиз. Аммо бундай қилганимизда бу яхши иш берганининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, йиғилишлару анжуманларда бизни ваъз қилишнинг турли усулларидан фойдаланишга ундашади. Эҳтимол, олдин уларни ҳеч қачон қилиб кўрмагандирмиз. Бу ҳам бизни ташвишлантириши мумкин. Лекин уриниб кўрсак, Яҳова барака беради. Келинг, вазиятимиз турлича бўлса ҳам Яҳовага энг аълосини бериб янги усулларни қўллаганимизда қандай баракалар олишимизни кўриб чиқайлик. Кейин эса қайси йўллар орқали хизматимизни кенгайтира олишимизга эътибор берамиз.

ЯҲОВА УНГА ТАЯНАДИГАНЛАРГА БАРАКА БЕРАДИ

7. Хизматимизни кенгайтириш учун жон куйдирганимизда, қандай баракаларга эга бўламиз?

7Яҳовага янада яқинлашамиз. Келинг, оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Сэмюэл * ва хотинининг мисолига диққат қаратайлик. Улар Колумбияда хизмат қилади. Бу жуфтлик жамоатида кашшоф бўлиб хизмат қилишни ёқтирарди, лекин эҳтиёж катта бўлган жамоатда ёрдам бериш ниятида хизматини кенгайтирмоқчи бўлди. Ушбу мақсадга эришиш учун улар фидойиликни намоён этди. Сэмюэл шундай деди: «Матто 6:33 ни амалда қўлладик ва аслида бизга керак бўлмаган нарсаларни харид қилишни тўхтатдик. Аммо энг мушкул қадам уйимиздан кўчиш бўлди. Уйимиз айнан биз истагандай эди ва у ерда бепул яшардик». Улар янги жамоатга кўчганда, олдингига қараганда яшаш учун анча камроқ пул сарфларди. «Яҳова бизни қандай йўналтирганини ва ибодатларимизга жавоб берганини кўрардик.— деди Сэмюэл.— Яҳова биздан мамнун эканини ва Унинг севгисини турли йўллар орқали ҳис қиляпмиз. Олдин бунақаси ҳечам бўлмаган». Хўш, қайсидир йўл орқали хизматингизни кенгайтира оласизми? Бундай йўл тутиб, Яҳовага янада яқинлашасиз ва У сизга ғамхўрлик қилишига амин бўласиз. (Заб. 18:25)

8. Иван ва Викториянинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

8Хизматимиздан қувонч топамиз. Қирғизистонда кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Иван билан Виктория нима деб айтганига аҳамият беринг. Улар ҳар қандай вазифани олишга, жумладан, қурилиш лойиҳаларида иштирок этишга тайёр бўлиш учун ҳаётини соддалаштирган. Иван шундай деди: «Ҳар бир вазифани чин кўнгилдан бажариш учун жон куйдирдик. Ҳатто кун охирида чарчаган бўлсак ҳам, кучимизни Шоҳлик иши учун сарфлаганимизни билиш ички хотиржамлик ва мамнуният ҳис қилишга ёрдам берган. Қолаверса, янги дўстлар орттирдик ва ёқимли хотираларга эга бўлдик». (Марк 10:29, 30)

9. Вазияти қийин бўлган бир опамиз хизматини кенгайтириш учун нима қилди ва бунинг натижаси қандай бўлди?

9 Қийин вазиятда бўлсак ҳам, Яҳовага хизмат қилишдан қувона оламиз. Мисол учун, Ғарбий Африкадаги кекса ва бева опамиз Мерах илгари шифокор бўлган. Нафақага чиққач, у кашшофликни бошлаган. У оғир касалликка (артрит) чалинган ва баъзида уйма-уй хизматда атиги бир соат иштирок эта олади. Бироқ Мерах жамоат жойларида ваъз қила олади. Қолаверса, опамиз кўп такрорий ташрифлар қилади ва Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказади. Уларнинг баъзилари билан телефон орқали боғланади. Мерах опамизни Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга нима ундади? «Яҳова ҳамда Исо Масиҳга бўлган севгим қалбимда жўш уради. Шунингдек, тез-тез ибодат қилиб, хизматда имкон қадар кўпроқ қилишим учун Яҳовадан ёрдам сўрайман»,— деди у. (Мат. 22:36, 37)

10. Хизматини кенгайтирганлар Яҳовадан қандай барака оляпти? (1 Бутрус 5:10)

10Яҳовадан қўшимча таълим оламиз. Маврикийда кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Кенни бу сўзлар чин эканига амин бўлди. У ҳақиқатни билганида, университетни қолдирди, сувга чўмди ва доимий кашшоф бўлиб хизмат қила бошлади. Кенни қуйидагича бўлишди: «Ишаё пайғамбарнинг: “Мен бораман! Мени юбор!” — деган сўзларига мувофиқ яшашга интиляпман». (Ишаё 6:8) Кенни анчагина қурилиш лойиҳаларида қатнашди ва адабиётларимизни она тилига таржима қилишга ёрдам берди. «Олган таълимим ёрдамида вазифаларимни бажаришда асқатадиган қобилиятларни ривожлантира олдим»,— деди Кенни. У шунчаки ишини қандай бажариш кераклигидан кўра кўпроғини билиб олди. У шундай деб қўшиб қўйди: «Яҳовага яхшироқ хизмат қила олишим учун қандай фазилатларни ривожлантиришим кераклигини ва нималар мен учун қийин эканини билиб олдим». (1 Бутрус 5:10 ни ўқинг.) Балки сиз ҳам Яҳовадан қўшимча таълим олиш учун қандайдир ўзгаришлар қила оларсиз?

Жуфтлик ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудда ваъз қиляпти; синглимиз Йиғилиш залининг қурилишида ёрдам беряпти; кекса жуфтлик телефон орқали ваъз қиляпти. Уларнинг барчаси хизматидан улкан қувонч топяпти (11- хатбошига қаранг.)

11. Жанубий Кореядаги опаларимиз хизматини кенгайтириш учун нималар қилди ва бу қандай натижа келтирди? (Муқовадаги расмга ҳам қаранг.)

11 Ҳатто кўп йиллар давомида хизмат қилаётган Шоҳидлар хизматнинг янги усулини қўллашдан аввал таълим олиши керак бўлади. COVID-19 пандемияси пайтида Жанубий Кореядаги оқсоқоллар қуйидагича ёзди: «Соғлик туфайли ваъзгўйлик хизматида қатнаша олмайман, деб ўйлаган баъзилар ҳозирда видеоконференция орқали буни қила оляпти. Ёши 80 дан ошган учта опамиз бу фаолиятда қатнашиш учун компьютердан фойдаланишни ўрганди. Ҳозир улар деярли ҳар куни хизмат қиляпти». (Заб. 92:14, 15) Сиз ҳам хизматингизни кенгайтириб, Яҳованинг ҳимматини янада кўпроқ тотиб кўришни хоҳлармидингиз? Бу мақсадга эришиш учун сизга қайси баъзи қадамлар ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.

МАҚСАДГА ҚАНДАЙ ЭРИША ОЛАСИЗ?

12. Яҳова Унга таянадиганларга қандай ваъда бермоқда?

12Яҳовага таянишни ўрганинг. Худо Унга таяниб, ўзимиздаги энг аълосини берганимизда баракалар ёғдиришини ваъда бермоқда. (Мал. 3:10) Колумбиядаги Фабиола Яҳова унинг вазиятида бу ваъдасининг устидан чиққанини кўрди. У сувга чўмганидан кўп ўтмай, доимий кашшоф сифатида хизмат қилишни истаганди. Бироқ учта фарзандини моддий тарафдан таъминлаш учун эрига ёрдам бериши кутиларди. Нафақага чиқиш ёши келганда, у Яҳовадан ёрдам сўраб сидқидилдан ибодат қилди. У шундай деди: «Одатда одамлар нафақа пулини олишни узоқ кутишига тўғри келади. Лекин мен бир ой ўтгач, нафақа пулимни ола бошладим. Бу мўъжиза эди!» Икки ой ўтгач, опамиз кашшофликни бошлади. Ҳозир унинг ёши 70 дан ошган ва 20 йилдан зиёд вақтдан бери кашшофлик қиляпти. Бу вақт давомида у саккизта кишига сувга чўмишга кўмаклашди. Опамиз: «Гоҳида ўзимни ҳолсиз ҳис қилсам ҳам, Яҳова кашшофликни давом эттиришимга ҳар куни ёрдам беряпти»,— деди.

Қандай қилиб Иброҳим билан Сора, Ёқуб ва Иордан дарёсини кечиб ўтган руҳонийлар Яҳовага таянаётганини кўрсатди? (13- хатбошига қаранг.)

13, 14. Қайси мисоллар Яҳовага таянишимизга ва мақсадимизга эришишга ёрдам бериши мумкин?

13Яҳовага таянган одамлардан сабоқ олинг. Муқаддас Китобда Яҳовага хизмат қилиш учун жон куйдирган одамларнинг мисоллари бисёр. Кўп мисоллардан шуни кўряпмизки, ўша хизматчилар биринчи қадамни қўйганидан кейингина Яҳова уларга ўзгача барака берган. Масалан, Иброҳим «ҳатто ўзи қаерга кетаётганини билмаса-да», уйини тарк этган. Бундан сўнг Яҳова унга барака берган. (Иброн. 11:8) Ёқуб фаришта билан курашганидан кейингина ўзгача баракага эга бўлган. (Ибт. 32:24–30) Исроил халқи ваъда қилинган юрт остонасида турганида, руҳонийларнинг оёқлари Иордан соҳилидаги сувларга тегиши биланоқ сувлар қуриб қолган ва халқ ундан ўта олган. (Ёшуа 3:14–16)

14 Яҳовага таяниб мақсадига эришган замонавий Шоҳидларнинг мисолидан ҳам фойда олишингиз мумкин. Масалан, Пэйтон хотини Диана билан «Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар» * туркумидаги хизматини кенгайтирган имондошларимиз ҳақида ўқишни ёқтирарди. Пэйтон шундай деди: «Уларнинг ҳикояларини ўқиганимизда, гўёки мазали таомдан баҳраманд бўлаётган инсонларни томоша қилаётгандай бўлардик. Кўрганимиз сайин, “тотиб кўриб, Яҳова яхши эканини” билиб олиш истагимиз кучаярди». Охири Пэйтон ва Диана эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун кўчиб ўтди. Сиз ҳам бу туркумдаги мақолаларни ўқиганмисиз? jw.org сайтида кўп тилларда чиққан «Олис ҳудудда ваъз қилиш. Австралия» ва «Олис ҳудудда ваъз қилиш. Ирландия» номли видеоларни томоша қилганмисиз? Бу маълумот хизматингизни кенгайтириш йўлларини топишингизга ёрдам бериши мумкин.

15. Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга ундайдиганлар билан мулоқот қилиш қандай ёрдам бериши мумкин?

15Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга ундайдиган инсонлар билан мулоқот қилинг. Масалан, умримизда еб кўрмаган таомни уни ёқтирадиганлар билан бирга есак, иштаҳамиз очилади. Шу сингари, Яҳовага хизмат қилиш ҳаётида марказий ўринни эгаллайдиган инсонлар билан мулоқот қилсак, хизматимизни кенгайтиришга интилишимизнинг эҳтимоли кўпаяди. Кент ва Вероника исмли турмуш ўртоқлар билан бу юз берди. «Дўстларимиз ва оила аъзоларимиз бизни хизматнинг янги усулларини қўллаб кўришга ундади. Шоҳлик пайида бўлганлар билан мулоқот қилиб, янги нарсаларни қила олишимизга бўлган ишончимиз ошганини тушундик»,— деди Кент. Ҳозир бу жуфтлик Сербияда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилмоқда.

16. Исо келтирган мисолдан кўрганимиздай, нега фидойи бўлишга тайёр бўлишимиз лозим? (Луқо 12:16–21)

16Яҳованинг хизматида фидойи бўлинг. Яҳовани мамнун қилиш учун бизга қувонч келтирадиган барча нарсадан воз кечиш кутилмайди. (Воиз 5:19, 20) Аммо ўзимизга ёқадиган нарсалардан воз кечишни истамаганимиз учунгина Худонинг хизматида кўпроқ қилишни ортга сурсак, Исонинг мисолидаги киши қилган хатони такрорлашимиз ҳеч гап эмас. У ўзи учун қулай ҳаёт тарзини яратган, аммо Худони назарига илмаган. (Луқо 12:16–21 ни ўқинг.) Франциядаги Кристиан шундай деди: «Вақт ҳамда кучимга келганда, Яҳовага ва оиламга энг яхшисини бермаётгандим». У ва хотини кашшофликни бошлашга қарор қилди. Бироқ бу мақсадга эришиш учун улар ишидан бўшаши керак эди. Эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун улар тозалик ишлари билан шуғулланарди ва борига қаноат қилишни ўрганди. Хўш, бу арзигуликмиди? Кристиан: «Ҳозирда хизматимиз янада мазмунли. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганлар ва биз такрорий ташриф қиладиган одамлар Яҳова ҳақида кўпроқ билиб олаётганини кўриш қувончли»,— деди.

17. Нега хизматнинг янги турларини қўллаш осон бўлмаслиги мумкин?

17Хизматнинг янги усулларини қўллашга тайёр бўлинг. (Ҳавор. 17:16, 17; 20:20, 21) АҚШдаги Ширли исмли кашшоф COVID-19 пандемияси давомида хизматига ўзгаришлар киритишига тўғри келди. Аввалига у телефон орқали ваъз қилишдан ҳадиксиради. Аммо туман нозирининг ташрифи мобайнида бу борада таълим олди. Ҳозир у мунтазам равишда хизматнинг бу турида қатнашяпти. Ширли қуйидагича бўлишди: «Бошида қўрқинчли эди, бироқ ҳозир бундан қувонч топяпман. Уйма-уй хизмат қилишга қараганда, ҳозир кўпроқ одамлар билан суҳбат қура оляпмиз».

18. Хизматни кенгайтиришга интилаётиб, қийинчиликларга чидашимизга нима ёрдам бериши мумкин?

18Режа тузинг ва унга мувофиқ йўл тутинг. Муаммоларга дуч келганимизда, уларни ҳал қилиш учун ибодат қилиш ва тафаккуримизни ишга солиш ёрдам беради. (Ҳик. 3:21) Европада лўли тилидаги гуруҳда доимий кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Соня шундай деди: «Мақсадларимни қоғозга ёзиб қўйишни ёқтираман. Уни кўринадиган жойга қўяман. Яна столим устида иккита турли йўналиш тасвирланган йўлларнинг расми туради. Қарор чиқаришим керак бўлганда, бу расмга қарайман ва қарорим эришмоқчи бўлган мақсадимга олиб борадими-йўқми ўйлаб кўраман». Соня дуч келаётган қийинчиликларига ижобий нуқтаи назарда бўлишга интилади. У қуйидагича айтди: «Ҳар бир янги вазият йўлимни тўсадиган девор ёки менга ёрдам берадиган кўприк бўлиши мумкин. Бу нуқтаи назаримга боғлиқ».

19. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

19 Яҳова кўп йўллар орқали бизга баракалар ато этмоқда. Унга шараф келтириш учун жон куйдирганимизда, бу баракалар учун жуда миннатдор эканимизни кўрсатамиз. (Иброн. 13:15) Яҳованинг хизматида кўпгина ишларни амалга ошира оламиз, У эса ўз навбатида мўл-кўл баракалар беради. Келинг, ҳар куни: «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»,— деган сўзлар чин эканини ҳис қилиш имкониятларини излайлик. Шунда Исо каби йўл тутган бўламиз. У қуйидагича деган: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир». (Юҳан. 4:34)

80- ҚЎШИҚ «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»

^ абз. 5 Барча яхши нарсаларнинг Манбаи Тангри Яҳовадир. У ҳаммага, ҳатто ёвуз инсонларга ҳам яхши нарсаларни бермоқда. Лекин У, айниқса, садоқатли хизматчилари учун яхши нарсалар қилишни хуш кўради. Бу мақоладан Яҳова хизматчиларига қай йўсин баракалар бераётганини билиб оламиз. Шунингдек, хизматини кенгайтирмоқчи бўлганлар қандай қилиб Яҳованинг ҳимматини ўзгача тарзда ҳис қила олиши ҳақида гап боради.

^ абз. 7 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 14 Бу туркум олдинлари «Қўриқчи минораси»да нашр этиларди, ҳозир эса уни jw.org сайтидан топиш мумкин. БИЗ ҲАҚИМИЗДА > ҲИКОЯЛАР > МАЪНАВИЙ МАҚСАДЛАРГА ЭРИШИШ сарлавҳасига қаранг.