Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

35- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Садоқатли ёши улуғ имондошларимизни қадрланг

Садоқатли ёши улуғ имондошларимизни қадрланг

Оқарган сочлар гўзаллик тожидир. ҲИК. 16:31

138- ҚЎШИҚ Оқарган сочлар — гўзаллик тожидир

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. а) Ҳикматлар 16:31 га кўра, садоқатли кекса имондошларимизга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? б) Мазкур мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

 АРКАНЗАС штатининг (АҚШ) миллий боғига ташриф буюрувчилар ер устида олмослар ётганини кўриши мумкин. Аммо бу олмослар табиий ва уларга ишлов берилмаган. Бу туфайли кўплар олмосларга қараб нимани томоша қилаётганини тушунмаслиги ва шунчаки олдидан ўтиб кетиши мумкин.

2 Қайсидир маънода садоқатли ёши улуғ биродару опаларимизни шу каби олмосларга ўхшатса бўлади; улар бебаҳо хазина кабидир. Худонинг Каломида уларнинг оқарган сочлари тожга ўхшатилган. (Ҳикматлар 16:31 ни ўқинг; 20:29) Аммо бу хазиналар осонликча назардан четда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Ёшроқ имондошлар қариялар жуда қадрли эканини тушунганида, том маънодаги бойликдан афзалроғига эга бўлади. Ушбу мақолада учта саволга жавоб топамиз. Нега Яҳова садоқатли ёши улуғ имондошларимизни хазина деб билади? Нима учун улар Яҳованинг ташкилотида муҳим аҳамиятга эга? Уларнинг мисолидан тўлиқ фойда олиш учун нима қилишимиз мумкин?

НЕГА ЯҲОВА САДОҚАТЛИ КЕКСА ХИЗМАТЧИЛАРИНИ ХАЗИНА ДЕБ БИЛАДИ?

Садоқатли кекса имондошлар Яҳова ҳамда Унинг халқи учун қадрли (3- хатбошига қаранг.)

3. Нега садоқатли кекса имондошларимиз Яҳова учун қадрли? (Забур 92:12–15)

3 Тангри Яҳова садоқатли кекса хизматчиларини жуда қадрлайди. У уларнинг ички оламини кўради ва улар қандай шахс эканини билади ҳамда ажойиб фазилатларини қадрлайди. Улар ҳаёти давомида садоқат ила хизмат қилиб орттирган донолигини ёшлар билан бўлишганида, Худо хурсанд бўлади. (Аюб 12:12; Ҳик. 1:1–4) Шунингдек, Яҳова уларни сабр-бардош қилаётгани учун қадрлайди. (Мал. 3:16) Улар ҳаёти давомида муаммоларга дуч келган бўлса-да, Яҳовага бўлган садоқатини сақлаяпти. Қолаверса, ҳақиқатни илк бор эшитганида эга бўлган умиди ҳозир мустаҳкамроқ бўлган. Яҳова уларни яхши кўради, чунки улар «кексаликда ҳам» Унинг исмини эълон қилишда давом этмоқда. (Забур 92:12–15 ни ўқинг.)

4. Ёши улуғ биродару опаларимизга қайси фикрлар далда бериши мумкин?

4 Ёшингиз ўтиб бораётган бўлса, шунга амин бўлингки, Яҳова ўтмишда қилган меҳнатингизни унутмайди. (Иброн. 6:10) Сизлар ваъзгўйлик ишини ғайрат ила қўллаб-қувватлаб келяпсиз ва самовий Отамиз бундан хурсанд. Муаммолар пайтида — ҳатто кўнглингизни қаттиқ оғритган қийинчиликларда ҳам — сабр-бардошли бўлиб, Муқаддас Китобдаги адолатли меъёрларга амал қиляпсиз. Қолаверса, Яҳованинг ташкилотидаги муҳим вазифаларни садоқат ила бажариб, бошқаларга таълим бериб келяпсиз. Унинг илдам ташкилоти билан ҳамқадам бўлиш учун жон куйдиряпсиз. Тўла вақтли хизматдагиларни қўллаб-қувватлаб келяпсиз. Тангри Яҳова садоқатли эканингиз учун сизларни севади. Худо «Унга содиқ бўлганларни тарк этмасликни» ваъда қиляпти. (Заб. 37:28) У сизни қуйидагига ишонтиряпти: «Сочингиз оқарса ҳам сизларни қўлимда олиб юраман». (Ишаё 46:4) Шу боис, ёшингиз ўтгани туфайли: «Энди Яҳованинг ташкилотида муҳим ўринга эга эмасман»,— деб ўйламанг. Сиз жуда ҳам қадрлисиз!

КЕКСА ИМОНДОШЛАРИМИЗ ЯҲОВАНИНГ ТАШКИЛОТИДА МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

5. Ёшу улуғ имондошларимиз нимани ёдда сақлаши керак?

5 Ёши улуғ имондошларимиз Яҳованинг ташкилотига турли йўллар орқали фойда келтириши мумкин. Бу имондошларимизнинг кучи, эҳтимол, олдингидай бўлмаса-да, улар йиллар давомида анчагина тажриба орттирган. Яҳова турли йўллар орқали улардан фойдаланишда давом эта олишини қуйида келтирилган қадимги ва замонавий мисоллардан кўрамиз.

6, 7. Муқаддас Китобда садоқат ила хизмат қилгани учун барака олган кекса инсонларнинг мисолини келтиринг.

6 Муқаддас Китобда кексаликда ҳам Яҳовага садоқат ила фаол хизмат қилганларнинг ажойиб мисолларини топишимиз мумкин. Масалан, Мусо тахминан 80 ёшда бўлганида Исроил халқи учун Яҳованинг пайғамбари ва танланган йўлбошчиси сифатида хизмат қилишни бошлаган. Дониёрнинг ҳам ёши, эҳтимол, 90 дан ошганида Яҳова ундан пайғамбар сифатида фойдаланишда давом этган. Шунингдек, ҳаворий Юҳанно ҳам Ваҳий китобини ёзишга илҳомлантирилганда, 90 ёшдан ошган бўлиши мумкин.

7 Бошқа кўп садоқатли хизматчилар унча таниқли бўлмаган ва кўзга ташланмагандир. Шунда ҳам Яҳова уларга аҳамият бериб, садоқати учун тақдирлаган. Мисол учун, «одил, худотарс» бўлган Шимўн ҳақида Муқаддас Китобда қисқача айтилган. Бироқ Яҳова у қандай инсон эканини билган ва чақалоқ бўлган Исони кўриш ҳамда у ва онаси тўғрисида башорат қилиш шарафига муяссар қилган. (Луқо 2:22, 25–35) Бундан ташқари, бева пайғамбар аёл Анна ҳақида ўйлаб кўринг. У 84 ёшда бўлиб «маъбадни ҳеч тарк этмасди». Анна доимо маъбадга боргани учун Яҳова унга барака берди ва чақалоқ бўлган Исони кўришга уни сазовор деб топди. Шимўн ва Анна Яҳова учун қадрли эди. (Луқо 2:36–38)

Дидур опамизнинг ёши 80 дан ошган. У садоқат ила хизмат қилишда давом этмоқда (8- хатбошига қаранг.)

8, 9. Бева қолган бир опамиз Яҳованинг ташкилоти учун нима қилишда давом этяпти?

8 Ҳозирги кунда кўпдан-кўп садоқатли ёши улуғ биродару опаларимиз ёшлар учун аъло ўрнак. Келинг, Лоис Дидур опамизнинг мисолини кўриб чиқайлик. У Канадада махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишни бошлаганида, бор-йўғи 21 ёшда эди. Сўнг эри Жон билан бир неча йил мобайнида туман нозирлик хизматида иштирок этди. Кейинроқ улар Канададаги Байтилда 20 йилдан зиёд вақт давомида хизмат қилди. Лоис опамиз 58 ёшда бўлганида, эри иккови Украинада хизмат қилишга таклиф этилди. Хўш, улар қандай йўл тутди? Улар бошқа мамлакатда хизмат қилиш учун қарилик қиламиз, деган хулосага келдими? Улар таклифни қабул қилди. Жон у ердаги Филиал қўмитасида хизмат қилиш учун тайинланди. Етти йил ўтгач, Жон ҳаётдан кўз юмди. Лоис эса Украинада қолиб хизматини давом эттиришга қарор қилди. Ҳозирда бу опамизнинг ёши 81 да. У Украинадаги Байтил оиласи билан бирга Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этмоқда. Улар уни жуда яхши кўради.

9 Лоис каби бева аёллар эри тирик бўлган пайтдагидай эътиборда бўлмаслиги мумкин. Бироқ бевалик уларнинг қадр-қимматини пасайтирмайди. Яҳова эрини йиллар давомида қўллаб-қувватлаган ва Худога садоқат ила хизмат қилишда давом этаётган аёлларни жуда қадрлайди. (1 Тим. 5:3) Шунингдек, улар ёшлар учун далда.

10. Тони биродаримиз қандай ажойиб ўрнак кўрсатди?

10 Қариялар уйида яшовчи ёки уйидан чиқа олмайдиган кўпгина садоқатли кекса имондошларимиз ҳам маънавий хазинамиздир. Шундай уйда яшайдиган Тони исмли биродаримизни олайлик. У 1942 йили августда, 20 ёшида Пенсильванияда (АҚШ) сувга чўмди. Кўп ўтмай, унинг бетарафлиги синалди ва натижада у икки ярим йилга қамалди. У ва хотини Хилда иккита фарзандини ҳақиқат йўлида катта қилди. Тони йиллар давомида оқсоқоллар кенгашининг раиси ва туман анжуманларининг нозири сифатида хизмат қилди. У қамоқларга бориб, у ерда йиғилишлару Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказарди. Ҳозир Тони биродаримизнинг ёши 98 да. Лекин у етарлича хизмат қилиб қўйдим, деган фикрда эмас. Биродаримиз Яҳовага хизмат қилиш ва жамоатдагилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш учун жон куйдиришда давом этяпти.

11. Ёлғиз ўзи ёки имондош бўлмаган оила аъзолари билан яшаётган кекса имондошларимизни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

11 Ёлғиз ўзи ёки имондошимиз бўлмаган оила аъзолари билан яшаётган кекса биродару опаларимизни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Имкон бўлганда, оқсоқоллар уларга ёрдам бера олади. Масалан, улар учрашувларда қатнашиши, дастурни тинглаши ҳамда ваъз қилишига кўмаклашади. Биз уларни кўришга бориб ёки видеоқўнғироқ орқали боғланиб, шахсий қизиқиш кўрсата оламиз. Жамоат ҳудудидан узоқда ёлғиз ё бўлмаса, имондош бўлмаган оила аъзолари билан яшаётган кекса имондошларимизга алоҳида эътибор беришни истаймиз. Акс ҳолда, уларни назардан четда қолдиришимиз ҳеч гап эмас. Кекса имондошларимизнинг баъзилари ўзи ҳақида гапиришни ўринли деб билмаслиги мумкин. Бироқ улар билан яқиндан танишсак ва Яҳованинг ташкилотида ҳис қилган қувончлари ҳақида айтганларида тинглаш учун вақт ажратсак, кўпдан-кўп фойда оламиз.

12. Жамоатимизда қандай мисолларни топишимиз мумкин?

12 Жамоатимизда ажойиб ўрнак кўрсатган садоқатли кекса имондошларимиз борлигини билиб ҳайрон қолишимиз мумкин. Масалан, Гариета исмли опамиз Нью-Жерсида (АҚШ) Яҳовага ўнлаб йиллар давомида садоқат ила хизмат қилган. Сўнг у қизи билан яшаш учун кўчиб кетган. Янги жамоатидаги биродарлар Гариета билан танишиш учун вақт ажратганда, ажойиб хазина топганини тушунишди. У 1920 йилларда — ҳақиқатни энди билиб олган пайтларида — хизматда юз берган воқеаларни бўлишиб, уларга далда берди. Ўшанда Гариета ҳибсга олиниш эҳтимоли бўлгани туфайли ҳар сафар хизматга чиқишдан аввал ўзи билан тиш чўткасини олган экан. Дарҳақиқат, у 1933 йили икки марта бир ҳафтадан қамоқда ўтириб чиққан. Бундай пайтларда Гариетани Яҳовага хизмат қилмаган эри қўллаб-қувватлаб, учта фарзандига ғамхўрлик қилган. Ҳа, Гариета сингари садоқатли кекса имондошларимиз уларни қадрлашимизга арзийди.

13. Кекса имондошларимиз Яҳованинг ташкилотида муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида нимани билиб олдик?

13 Кекса биродару опаларимиз Яҳованинг ташкилотида муҳим аҳамиятга эга. Бундай имондошларимиз Яҳова Ўз ташкилотига ва уларга кўп йўллар орқали барака ато этганининг гувоҳи бўлган. Улар йўл қўйган хатоларидан муҳим сабоқлар олган. Уларни «донолик чашмаси» деб билинг ва тажрибасидан фойда олинг. (Ҳик. 18:4) Улар билан яқиндан танишиш учун вақт ажратсангиз, имонингиз мустаҳкамланиб анча нарсаларни билиб оласиз.

КЕКСА ИМОНДОШЛАРИМИЗНИНГ МИСОЛЛАРИДАН ТЎЛАҚОНЛИ ФОЙДА ОЛИНГ

Илёс билан вақт ўтказиш Элишайга фойда келтирганидай, анча йилдан бери Яҳовага хизмат қилаётганларнинг ҳикоясини тинглаш ҳам бизга фойда келтиради (14-, 15- хатбошиларига қаранг.)

14. Қонунлар 32:7 га кўра, ёшлар қандай йўл тутиши кутилади?

14 Ёши улуғ имондошлар билан суҳбатлашиш учун ташаббус кўрсатинг. (Қонунлар 32:7 ни ўқинг.) Тўғри, уларнинг кўзи хиралашгандир, унча тез ҳаракат қила олмас ва овози жарангдор эмасдир. Лекин уларнинг қалби ёш ва улар Яҳованинг олдида «яхши ном» орттирган. (Воиз 7:1) Яҳова уларни нега қадрлашини эсдан чиқарманг. Уларга ҳурмат кўрсатишда давом этинг. Элишай сингари бўлинг. У Илёснинг сўнгги кунларида унинг ёнида бўлишга қатъий қарор қилганди. Элишай уч марта: «Сизни ташлаб кетмайман»,— деб айтган. (4 Шоҳ. 2:2, 4, 6)

15. Кекса имондошлардан нималарни сўрасак бўлади?

15 Кекса имондошларга мулойимлик ила савол бериб самимий қизиқиш кўрсатинг. (Ҳик. 1:5; 20:5; 1 Тим. 5:1, 2) Эҳтимол, шундай деб сўрарсиз: «Ёшроқ бўлганингизда, бу ҳақиқат эканига сизни нима ишонтирган? Бошдан кечирганларингиз Яҳовага яқинлашишингизга қай йўсин ёрдам берган? Сизнингча, Яҳованинг хизматида қувончни йўқотмасликнинг сири қандай?» (1 Тим. 6:6–8) Сўнг ҳикояларини тингланг.

16. Кексалару ёшлар суҳбат қурганда, қай йўсин уларнинг ҳар бири фойда олади?

16 Кекса ва ёшроқ имондошларимиз ўзаро суҳбатлашганда, уларнинг ҳар бири фойда олади. (Рим. 1:12) Масалан, сиз — ёшроқ бўлганлар — Яҳова садоқатли хизматчиларига ғамхўрлик қилишини кўриб, Унга бўлган миннатдорлигингиз ошади. Кексалар эса ўзини севикли ҳис қилади. Улар Яҳовадан қандай баракалар олганини айтиб беришдан хурсанд бўлади.

17. Нега садоқатли кекса имондошларимиз йиллар ўтгани сайин гўзаллашиб боряпти, деб айта оламиз?

17 Ташқи гўзаллик одатда ёш ўтгани сайин йўқолади. Лекин Яҳовага содиқ бўлганлар У учун йиллар ўтгани сайин гўзаллашиб боради. (1 Салон. 1:2, 3) Нега бундай дея оламиз? Сабаби, улар йиллар давомида Худонинг муқаддас руҳи уларни шакллантиришига ва гўзал фазилатларни ривожлантиришига йўл қўйган. Қадрдон кекса имондошларимизни қанча кўп яқиндан билсак, ҳурмат қилсак ва улардан ўргансак, шунча кўп уларни бебаҳо хазинадай кўрамиз.

18. Навбатдаги мақолада нима ҳақида гап боради?

18 Ёшроқ бўлганлар кексаларни қадрлаганда, кексалар эса ёшроқ бўлганларни қадрлаганда жамоат мустаҳкам бўлади. Навбатдаги мақолада ёши улуғ имондошларимиз ёшроқ бўлганларни қадрлаётганини қай йўсин кўрсата олиши ҳақида гап боради.

144- ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

^ абз. 5 Ёши улуғ биродару опалар қимматбаҳо хазина кабидир. Мазкур мақоладан уларни кўпроқ қадрлашга ўрганамиз. Шунингдек, уларнинг донолигию тажрибасидан қай йўсин тўлақонли фойда олишимизни кўриб чиқамиз. Қолаверса, бу мақола кекса имондошларимизни улар Худонинг ташкилотида муҳим аҳамиятга эга эканига ишонтиради.