Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

36- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ёшларнинг куч-қувватини қадрланг

Ёшларнинг куч-қувватини қадрланг

Ёшларнинг фахри — куч-қувватида, кексаларнинг шарафи эса оқарган сочидир. ҲИК. 20:29

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

БУ МАҚОЛАДА *

1. Ёшимиз ўтгани сайин қандай амалий мақсад қўя оламиз?

 ЁШИМИЗ ўтгани сайин Яҳовага олдингидай фойда келтира олмайман, деб қўрқишимиз мумкин. Тўғри, кучимиз аввалгидай эмасдир. Лекин орттирган донолик ва тажрибамиздан фойдаланиб, ёшроқ бўлганларга Яҳовага тўлиқ хизмат қилишга ва янги вазифаларни бажариш учун тайёр бўлишга кўмаклаша оламиз. Анчадан бери оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган бир биродар шундай деди: «Кексалик туфайли имкониятларим чегараланганини ҳис эта бошлаганимда, вазифани олишга лаёқатли ёшроқ биродарлар борлиги учун миннатдор бўлгандим».

2. Мазкур мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Ўтган мақолада ёшлар кекса имондошлар билан дўстлашганда қандай фойда олиши мумкинлиги тўғрисида сўз юритилди. Мазкур мақолада кекса имондошларимиз камтарлик, ўз ҳаддини билиш, миннатдорлик ва сахийлик каби фазилатларни кўрсатиб, ёшлар билан бирга ҳамкорлик қилиш орқали қай йўсин жамоатга барака келтиришини муҳокама қиламиз.

КАМТАР БЎЛИНГ

3. Филиппиликларга 2:3, 4 га кўра, камтарлик нима ва бу фазилат масиҳийга қандай ёрдам бериши мумкин?

3 Кекса имондошларимиз ёшроқ бўлганларга ёрдам беришни истаса, камтар бўлиши керак. Камтар инсон бошқаларни ўзидан устун қўяди. (Филиппиликларга 2:3, 4 ни ўқинг.) Кексалар шуни тушунадики, кўп ҳолларда вазифани яхши бажаришда турли оятлар қўл келиши ва ҳар хил усуллардан фойдаланиш мумкин. Шу боис, улар муайян нарсалар ўтмишдагидек қилиниши керак, деб ўйламайди. (Воиз 7:10) Улар ёшлар билан бўлишиш учун катта тажрибага эга бўлса-да, «бу дунёнинг саҳнаси ўзгариб бораётганини» ва янги вазиятга мослашиш кераклигини тушунади. (1 Кор. 7:31)

Кекса имондошлар тажрибаси билан бажонидил бўлишади (4-, 5- хатбошиларига қаранг.) *

4. Қай йўсин туман нозирлари левиларникига ўхшаш муносабатни намоён этяпти?

4 Камтар кекса имондошларимиз олдингидай кўп вазифаларни бажара олмаслигини тан олади. Келинг, туман нозирларининг мисолига диққат қаратайлик. Ёши 70 га етганда, уларга бошқа вазифани бажариш таклиф этилади. Бу осон бўлмаслиги мумкин. Улар биродарлари билан хизмат қилиш шарафини жуда яхши кўради. Бу уларнинг севган вазифаси бўлиб, уни бажариш истаги ҳанузгача қалбида ёняпти. Бироқ улар бу вазифани ёшроқ биродарлар бажариши маъқулроқ эканини тушунади. Шу боис, улар 50 ёшга тўлганда муқаддас чодирдаги хизматини тўхтатиши керак бўлган Исроилдаги левилар каби муносабатни намоён этади. Ёши катта ўша левиларнинг қувончи муайян шарафли вазифага боғлиқ эмасди. Улар эга бўлган шарафли вазифаларини тўлақонли бажариб, ёшроқ бўлганларга ёрдам бериш учун жон куйдирган. (Саҳ. 8:25, 26) Ҳозирда туман нозирлари 70 га киргач, жамоатларга ташриф буюрмайди. Шунга қарамай, улар тайинланган жамоатига кўп ёрдам ва далда бера оляпти.

5. Дэн ва Кэтининг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

5 Келинг, 23 йил давомида туман нозири бўлиб хизмат қилган Дэннинг мисолига диққат қаратамиз. У 70 ёшга кирганда, хотини Кэти билан махсус кашшоф бўлиб тайинланди. Хўш, улар янги шароитларга қандай мослашди? Дэннинг айтишича, у ҳозир ҳар қачонгидан ҳам банд. У жамоатдаги вазифаларни бажаради, биродарларга жамоат хизматкори бўлиш учун талабларга мос келишга кўмаклашади ва бошқаларни одамларнинг иш жойларида ҳамда қамоқхоналарда шоҳидлик беришга ўргатади. Азиз ёши улуғ имондошлар, тўла вақтли хизматда иштирок этасизми ёки йўқми, бошқаларга анчагина ёрдам бера оласиз. Қандай қилиб? Ўзгарган вазиятингизга мослашинг, янги мақсадлар қўйинг ва диққатингизни нима қила олмаслигингизга эмас, нима қила олишингизга қаратинг.

ЎЗ ҲАДДИНГИЗНИ БИЛИНГ

6. Нега ўз ҳаддини билиш оқилона? Мисол келтиринг.

6 Ўз ҳаддини биладиган инсон, имкониятлари чегараланганини тан олади. (Ҳик. 11:2, изоҳ) У ўз ҳаддини билгани туфайли қила оладиган нарсаларидан кўпроғини кутмайди. Натижада у қувончини сақлайди ва жон куйдириб меҳнат қилишда давом этади. Ўз ҳаддини биладиган киши тепаликка ҳаракатланаётган велосипедчига ўхшайди. У тепаликка кўтарилар экан, олдинги тезликда ҳаракатлана олмайди. Тўғри, эҳтимол, у секинроқ ҳаракатланар, лекин олдинга интилишдан тўхтамайди. Шу сингари, ўз ҳаддини биладиган инсон Яҳовага фаол тарзда хизмат қилиш ва бошқаларга ёрдам беришда давом эта олиши учун қачон бирон нимани ўзгартириши ҳамда секинроқ ҳаракат қилиши кераклигини билади. (Филип. 4:5)

7. Борзулай ўз ҳаддини билишини қай йўсин кўрсатди?

7 Борзулайнинг мисолига эътибор берайлик. У 80 ёшга бориб қолганда, шоҳ Довуд уни маслаҳатчиларидан бири бўлишга таклиф қилди. У ҳаддини билиб бу таклифни қабул қилмади. У ёши ўтгани туфайли имкониятлари чегараланганини тушуниб, ўрнига ёшроқ бўлган Химхам боришини таклиф қилди. (2 Шоҳ. 19:35–37) Борзулай сингари кекса биродарларимиз ёшроқ биродарларга хизмат қилиш имконини беришдан хурсанд.

Шоҳ Довуд маъбадни унинг ўғли қуриши борасидаги Худонинг қарорига рози бўлди (8- хатбошига қаранг.)

8. Қай йўсин шоҳ Довуд маъбадни қуришни истаганида, ўз ҳаддини билишини кўрсатди?

8 Шоҳ Довуд ҳам ўз ҳаддини билиш борасида ажойиб ўрнак кўрсатган. У бутун қалби билан Яҳовага атаб уй қуришни истаган. Бироқ Яҳова бу шарафли вазифани ёш Сулаймонга беришини айтди. Довуд Яҳованинг қарорини қабул қилди ва жон-жаҳди билан қурилишни амалга оширишга кўмаклашди. (1 Сол. 17:4; 22:5) У Сулаймон «ёш ва тажрибасиз» бўлгани учун бу ишни ундан яхшироқ бажараман, деб ўйламаган. (1 Сол. 29:1) Довуд шуни билганки, ўша қурилишнинг муваффақияти, вазифани бўйнига олган кишининг ёши ёки тажрибасига эмас, Яҳованинг баракасига боғлиқ. Бугунги кунда Довуд каби кекса имондошларимиз ҳам вазияти ўзгаришига қарамай, Яҳованинг хизматида фаол бўлишда давом этмоқда. Қолаверса, кекса имондошлар Яҳова илгари улар бажарган вазифани ҳозир бажараётган ёшларга барака беришини билади.

9. Филиал қўмитасининг аъзоси ўз ҳаддини билишда қандай ўрнак кўрсатди?

9 Ўз ҳаддини билиш борасида замонавий мисоллардан Шегеё исмли биродаримизнинг ҳикоясини кўриб чиқайлик. 1976 йили у 30 ёшда бўлганида, Филиал қўмитасида хизмат қилишга тайинланди. 2004 йили у Филиал қўмитасининг раиси бўлди. Кейинчалик Шегеё жисмоний кучи чегараланганини ва ишини олдингидай тезда бажара олмаётганини тушунди. У вазифаларини ёшроқ биродарга топшириш фойда келтириши борасида ибодат ила фикр юритди. Ҳозир у Филиал қўмитасининг раиси бўлмаса-да, бу қўмитадаги биродарлар билан ҳамкорлик қилишда давом этмоқда. Борзулай, шоҳ Довуд ва Шегеёнинг мисолларидан шуни кўряпмизки, камтар ва ўз ҳаддини биладиган инсон ёшларнинг тажрибасизлигига эмас, балки уларнинг кучига диққат қаратади. Бундай одам уларни рақиб эмас, ҳамкор деб билади. (Ҳик. 20:29)

МИННАТДОР БЎЛИНГ

10. Кекса имондошлар жамоатидаги ёшроқ биродарларга қандай нуқтаи назарда?

10 Кекса имондошлар ёшроқ биродарларни Яҳовадан ҳадя деб билиб, улардан миннатдор бўлади. Кекса имондошларимизнинг кучи заифлашар экан, улар куч-қувватга эга ёшларнинг тайёрлиги, вазифаларни бажара олаётганидан ҳамда жамоат учун хизмат қилаётганидан миннатдор.

11. Рут 4:13–16 га кўра, қай йўсин кексалар миннатдорлик ила ёшларнинг ёрдамини қабул қилиб баракаларга эга бўла олади?

11 Ёшроқ бўлганларнинг ёрдамини миннатдорлик ила қабул қилишда ажойиб ўрнак кўрсатган Наима ҳақида Муқаддас Китобда ёзилган. Аввалига у бева қолган келини Рутни оиласи бағрига қайтишга ундаган. Аммо у Наима билан Байтлаҳмга кетишини айтиб туриб олган. Наима Рутнинг садоқат ила қўллаб-қувватлашини қабул қилган. (Рут 1:7, 8, 18) Дарҳақиқат, бу иккови учун ҳам ажойиб баракага айланган. (Рут 4:13–16 ни ўқинг.) Ҳа, камтарлик кекса имондошларимизни Наиманинг ўрнагига эргашишга ундайди.

12. Қай йўсин ҳаворий Павлус миннатдор эканини кўрсатган?

12 Ҳаворий Павлус олган ёрдамини қадрлаган. Масалан, Филиппидаги масиҳийларнинг юборган совғалари учун миннатдорлик билдирган. (Филип. 4:16) Павлус Тимўтийнинг ёрдами учун ҳам миннатдор бўлган. (Филип. 2:19–22) Павлус Римга маҳбус сифатида олиб кетилаётганда, имондошлари унга далда бергани учун Худога раҳматлар айтган. (Ҳавор. 28:15) Павлус ғайратли инсон бўлиб, ваъз қилиш ҳамда жамоатдагиларни мустаҳкамлаш учун минглаб километр йўл босган. Шунга қарамай, у биродару опа сингилларининг ёрдамини камтарлик ила қабул қилган.

13. Қай йўсин кекса имондошларимиз ёшлар учун миннатдор эканини кўрсата олади?

13 Жамоатингиздаги ёшроқ имондошлардан миннатдор эканингизни турли йўллар орқали кўрсата оласиз. Улар сизга транспорт, бозор-ўчар ёки уй ишларида ёрдам беришни истаса, бундай ёрдамни миннатдорлик ила қабул қилинг. Буни Яҳованинг севги изҳори деб билинг. Ёш имондошлар билан ўртангизда дўстлик ришталари ривожланганини кўриб ҳайрон қоларсиз. Уларга Яҳовага яқинроқ бўлишга доим ёрдам беринг. Ёшларга жамоатдаги вазифаларини бажараётганини кўришдан жуда бахтиёр эканингизни айтинг. Шунингдек, ҳаётингизда юз берган воқеаларни айтиб бериш учун вақт ажратишга тайёр бўлинг. Бундай йўл тутиб, Яҳова ёшларни жамоатига жалб қилгани учун «миннатдор эканингизни кўрсатасиз». (Колос. 3:15; Юҳан. 6:44; 1 Салон. 5:18)

САХИЙ БЎЛИНГ

14. Қай йўсин Довуд сахийликни намоён этди?

14 Кекса имондошларимиз шоҳ Довуд каби кўрсатиши керак бўлган яна бир муҳим фазилат сахийликдир. У маъбад қурилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз ҳисобидан кўп миқдорда пул ва керакли нарсаларни ажратган. (1 Сол. 22:11–16; 29:3, 4) Одамлар маъбадни Сулаймон қурган, деб айтиши мумкинлигига қарамай, Довуд қурилишга ўз ҳиссасини қўшган. Олдингидай жисмоний кучга эга бўлмаганимиз туфайли ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида иштирок эта олмасак, имконимиз йўл қўйганича хайр-эҳсон қилиш орқали бу лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом эта оламиз. Қолаверса, йиллар давомида орттирган тажрибамизни ёшлар билан бўлишиб ёрдам бера оламиз.

15. Ҳаворий Павлус Тимўтий билан қандай ажойиб ҳадяларни бўлишган?

15 Келинг, сахийлик борасида ҳаворий Павлус қандай ўрнак қолдирганига эътибор қаратамиз. У Тимўтийни ваъзгўйлик сафарида бирга ҳамкорлик қилишга таклиф этган ҳамда ваъз қилиш ва таълим бериш усулларини сахийлик ила бўлишган. (Ҳавор. 16:1–3) Павлуснинг таълими ёрдамида Тимўтий хушхабарни одамларга муваффақият ила етказа олган. (1 Кор. 4:17) Ўз навбатида, Тимўтий Павлуснинг усулларидан фойдаланиб бошқаларга ёрдам берган.

16. Нега Шегеё бошқаларга таълим берган?

16 Кекса имондошларимиз илгари жамоатда бажарган вазифамни ёшларга ўргатсам, бошқа фойдам тегмайди, деб қўрқмайди. Мисол учун, юқорида тилга олинган Шегеё йиллар давомида Филиал қўмитасининг ёшроқ аъзоларига таълим берди. У буни ўзи яшайдиган мамлакатда Шоҳлик манфаатлари олға сурилиши учун қилди. Натижада, вақти келиб унинг ўрнига Филиал қўмитасининг раиси сифатида яхши таълим олган биродар хизмат қила олди. Шегеё 45 йилдан ошиқ вақт давомида Филиал қўмитасида хизмат қилиб орттирган тажрибасини ёшроқ биродарлар билан бўлишишда давом этмоқда. Бундай инсонлар Худонинг халқи учун ажойиб барака!

17. Луқо 6:38 га кўра, кекса имондошларимиз бошқаларга нима бера олади?

17 Ёши катта биродару опалар, сизлар Яҳовага садоқат ва бенуқсонлик ила хизмат қилиш энг зўр ҳаёт йўли эканининг тирик мисолларисиз. Ўрнагингиз билан Муқаддас Китоб принципларини ўрганиш ва уларни қўллашда жон куйдириш арзигулик эканини кўрсатяпсиз. Баъзи ишлар ўтмишда қандай қилингани борасида тажрибага эгасиз. Аммо ўзгараётган вазиятларга мослашиш кераклигини ҳам кўряпсиз. Яқинда сувга чўмган кекса имондошлар, сиз ҳам кўп йўллар орқали ёрдам бера оласиз. Сизлар шу ёшга кириб, Яҳовага хизмат қилишдан қандай қувонч топганингизни айтиб бера оласиз. Ёшроқ имондошларимиз ҳаётингизда нималар юз берганини тинглаш ва сиздан сабоқ олиш имкониятини қадрлайди. Тажриба конингиздан «бошқаларга бериб турсангиз», Яҳова сизга мўл-кўл барака ато этади. (Луқо 6:38 ни ўқинг.)

18. Қай йўсин ёш ва ёши катталар бир-бирига кўмаклаша олади?

18 Азиз кекса имондошлар, ёшлар билан дўстлашганда бир-бирингизни қўллаб-қувватлай оласиз. (Рим. 1:12) Ҳар биримизда ўзгача қимматбаҳо хазина бор. Ёши катталарда ҳаёти давомида орттирган донолик ва тажриба бўлса, ёшларда куч-қувват бор. Ёш ва ёши катталар биргаликда ҳамкорлик қилганда, севувчи самовий Отамизга шараф, бутун жамоатга эса барака келтиради.

90- ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик

^ абз. 5 Жамоатларимизда Яҳованинг ташкилотини қўллаб-қувватлашга интилаётган кўп ёшлар биз учун ажойиб баракадир. Жамоатдаги кекса имондошларимиз маданияти ёки келиб чиқишидан қатъи назар, ёшларга Яҳованинг хизматида кучидан тўла-тўкис фойдаланишга кўмаклаша олади.

^ абз. 55 РАСМГА ШАРҲ. Туман нозири 70 га киргач, хотини билан янги вазифага тайинланди. Улар йиллар давомида орттирган тажрибаси ёрдамида жамоатидаги имондошларимизга таълим беряпти.