Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

40- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Чин дилдан тавба қилиш нима дегани?

Чин дилдан тавба қилиш нима дегани?

Гуноҳкорларни тавба қилишга даъват этгани келганман. ЛУҚО 5:32

36- ҚЎШИҚ Қалбингизни асранг

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Иккита шоҳнинг қандай фарқли томони бор ва қайси саволларни кўриб чиқамиз?

КЕЛИНГ, ўтмишда яшаган иккита шоҳнинг мисолига диққат қаратайлик. Бири ўн қабилали Исроил шоҳлигида, бошқаси эса икки қабилали Яҳудо шоҳлигида бошқарган. Улар ҳар хил даврда яшаган бўлса ҳам, ўзаро ўхшаш кўп томонлари бор эди. Иккови ҳам Яҳовага қарши исён кўтарган ва Унинг халқини йўлдан оздирган. Иккаласи ҳам бутпараст ва қотил эди. Лекин фарқли томонлари ҳам бор эди. Бири ўлимига қадар ёвузликлар қилган, бошқаси эса тавба қилган ва даҳшатли қилмишларига қарамай, кечирилган. Қизиқ, улар ким эди?

2 Бири Исроил шоҳи Ахаб, иккинчиси Яҳудо шоҳи Манаше эди. Ушбу иккита кишининг фарқли томонидан жуда муҳим мавзу — тавба қилиш борасида кўп нарсани билиб олишимиз мумкин. (Ҳавор. 17:30; Рим. 3:23) Тавба қилиш нима дегани ва у қандай намоён бўлади? Буни билишимиз керак. Сабаби гуноҳ қилганимизда, Яҳова бизни кечиришини хоҳлаймиз. Мазкур саволларга жавоб топиш учун бу иккита шоҳнинг ҳаётини кўриб чиқамиз ва уларнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз. Сўнг Исо тавба қилиш борасида нимани ўргатганига эътибор берамиз.

ШОҲ АХАБНИНГ МИСОЛИДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛИШИМИЗ МУМКИН?

3. Ахаб қандай шоҳ бўлган?

3 Ахаб ўн қабилали Исроил шоҳлигининг еттинчи шоҳи эди. У шимолдаги бой-бадавлат Сидўн шоҳининг қизи Изабелга уйланганди. Бу Исроил юртига моддий томонлама кўп фойда келтиргандир. Лекин Исроил халқи Яҳовага қарши анча гуноҳлар қилишига ҳам сабаб бўлганди. Изабел Баалга сиғинган ва Ахабни ҳам сохта топинишга оғдирган. Улар ҳатто болаларни қурбонликка келтиришни ва ибодатхонада фоҳишалик қилишни маъқуллаган. Изабел маликалик қилган даврда Яҳованинг ҳамма пайғамбарлари хавф остида эди. Изабел уларнинг аксариятини ўлдирган. (3 Шоҳ. 18:13) Ахабнинг «Яҳова назарида қилган ёвузлиги ундан олдинги барча шоҳларникидан ошиб тушди». (3 Шоҳ. 16:30) Ахаб билан Изабелнинг қилмишлари Яҳованинг назаридан четда қолмаган эди. У барча ишларидан тўлиқ хабардор эди. Аммо Яҳова раҳм-шафқат кўрсатиб, кеч бўлмасидан уларни ва халқини ёмон йўлдан қайтариш ниятида Илёс пайғамбарни юборди. Минг афсуски, Ахаб ва Изабел унга қулоқ солишни истамади.

4. Ахабга қарши қандай ҳукм айтилди ва у бунга қандай муносабат кўрсатди?

4 Охири Яҳованинг сабр косаси тўлди. У Ахаб ва Изабелга қарши ҳукмини эълон қилишга Илёсни жўнатди. Илёс уларга бутун хонадонидагилари йўқ қилинишини айтди. Унинг сўзлари Ахабга қаттиқ ботди. Қизиғи шундаки, бу мағрур инсон «ўзини паст тутди». (3 Шоҳ. 21:19–29)

Шоҳ Ахаб чин дилдан тавба қилмагани учун Худонинг пайғамбарини зиндонга ташлади (5-, 6- хатбошиларига қаранг.) *

5, 6. Ахаб чин дилдан тавба қилмаганини қаердан биламиз?

5 Ахаб ўшанда ўзини паст тутган бўлса ҳам, кейинчалик қилган ишларидан у чин дилдан тавба қилмаганини кўриш мумкин. У ўз шоҳлигидан Баалга сиғинишни йўқ қилмади. Яҳовага топинишни ҳам олға сурмади. Ахаб қилган бошқа ишлари у ростдан ҳам тавба қилмаганини кўрсатди.

6 Кейинроқ Ахаб Яҳудонинг яхши шоҳи Ёҳушафатдан сурияликларга қарши жанг қилишга қўшилишини сўради. Ёҳушафат унга аввал Яҳованинг пайғамбари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтди. Бошида Ахаб бу фикрни рад этиб, шундай деди: «Яҳовага мурожаат қилса бўладиган яна бир пайғамбар бор. У Йимло ўғли Михиё. Бироқ мен уни ёмон кўраман. Чунки у мен ҳақимда яхши эмас, нуқул ёмон башорат айтади». Шунга қарамай, улар Михиё пайғамбар билан маслаҳатлашди. Ахаб ҳақ эди. Худонинг пайғамбари у ҳақда ёмон башорат айтди. Лекин ёвуз Ахаб Яҳовадан кечирим сўраб, тавба қилишнинг ўрнига пайғамбарни зиндонга ташлади. (3 Шоҳ. 22:7–9, 23, 27) Ахаб Яҳованинг пайғамбарини зиндонга қамаган бўлса ҳам, башорат амалга ошишига тўсқинлик қила олмади. Ахабни жангда ўлдиришди. (3 Шоҳ. 22:34–38)

7. Яҳова Ахабнинг ўлимидан кейин у ҳақда нимани аён қилди?

7 Ахабнинг ўлимидан сўнг Яҳова у ҳақда қандай фикрда эканини аён қилди. Яхши шоҳ Ёҳушафат уйига соғ-омон қайтгач, Яҳова унинг ёнига Ёҳу пайғамбарни юборди. Бу пайғамбар у Ахабга ёрдам бергани учун унга танбеҳ бериб, шундай деди: «Ёвузларга ёрдам бериб, Яҳовадан нафратланадиган кишиларни яхши кўришингиз тўғрими?» (2 Сол. 19:1, 2) Энди бир ўйлаб кўринг. Ахаб ростдан ҳам тавба қилган бўлса, пайғамбар уни Яҳовадан нафратланадиган ёвуз киши деган бўлармиди? Тўғри, Ахаб муайян даражада тавба қилди, аммо тўлиқ эмас.

8. Ахаб тавба қилганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

8 Ахабнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин? Илёс пайғамбар Ахабга унинг оиласи жар ёқасида эканини айтганида аввалига у ўзини паст тутди. Бошланиши ёмон эмас эди. Лекин кейинги хатти-ҳаракатлари у чин дилдан тавба қилмаганини кўрсатди. Шундай экан, тавба қилиш учун шунчаки пушаймон бўлишнинг ўзи кифоя эмас. Келинг, тавба қилиш нимани ўз ичига олишини тушунишимизга кўмаклашадиган яна бир мисолни кўриб чиқайлик.

ШОҲ МАНАШЕНИНГ МИСОЛИДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛИШИМИЗ МУМКИН?

9. Манаше қандай шоҳ эди?

9 Тахминан 200 йил ўтгач, Манаше Яҳудонинг шоҳи бўлди. У ёмонлик қилишда Ахабдан ҳам ошиб тушди. Муқаддас Китобда у ҳақда шундай ёзилган: «Яҳованинг назарида кўп ёвуз ишлар қилиб, Уни ранжитди». (2 Сол. 33:1–9) Манаше сохта худоларга атаб қурбонгоҳлар барпо этди ва Яҳованинг маъбадида ўйма тасвир ўйилган муқаддас устунни ўрнатди. Эҳтимол, бу маъбуданинг бути бўлгандир. Манаше сеҳр-жоду билан шуғулланиб, фол очарди. Шунингдек, у «кўпдан-кўп бегуноҳ одамларнинг қонини тўкди». Бундан ташқари, у сохта худоларга қурбонлик сифатида ҳатто «ўз ўғилларини... оловда куйдирди». (4 Шоҳ. 21:6, 7, 10, 11, 16)

10. Яҳова Манашени қай йўсин тарбиялади ва у бунга қандай муносабат кўрсатди?

10 Ахаб каби Манаше ҳам Яҳова пайғамбарлари орқали берган огоҳлантиришларни қайсарлик ила рад этди. Охири «Яҳова [Яҳудога] қарши Оссурия шоҳининг лашкарбошиларини юборди ва улар Манашени қармоққа илинтиришди-да, мис кишанлар солиб, Бобилга олиб кетишди». У қилмишлари устида ўзга юртда зиндонда чуқур мулоҳаза юритганга ўхшайди. У «ота-боболари Тангриси олдида бўйин эгди». Манаше бундан ҳам кўпроғини қилди. У «Худоси Яҳовадан илтифот кўрсатишини сўраб ёлворди». Ҳа, Манаше Худога «тинмай ибодат қилди». Бу ёвуз одам ўзгараётган эди. У Яҳовани «Худоси» деб била бошлади ва Унга тинмай ибодат қилди. (2 Сол. 33:10–13)

Шоҳ Манаше чин дилдан тавба қилгани учун сохта топинишга қарши чиқди (11- хатбошига қаранг.) *

11. Манаше чин дилдан тавба қилганини қаердан биламиз? (2 Солномалар 33:15, 16)

11 Вақт ўтгач, Яҳова Манашенинг ибодатларига жавоб берди. Яҳова Манашенинг қалби ўзгарганини кўрди. Бу унинг ибодатларида акс этганди. Манаше Яҳовадан уни кечиришини ва яна шоҳ бўлишни сўраган ибодатлари ижобат бўлди. У сидқидилдан тавба қилганини исботлаш учун жон куйдирди. У Ахаб умрида қилмаган ишни қилди. Манаше хатти-ҳаракатларини ўзгартириб, сохта топинишга қарши тиш қайради ва пок топинишни олға сурди. (2 Солномалар 33:15, 16 ни ўқинг.) Шубҳасизки, у жасоратли ва имони кучли бўлиши керак эди. Сабаби, тавба қилишдан аввал у кўп йиллар давомида оила аъзолари, асилзодалар ва халқ учун ёмон ўрнак бўлган. Лекин Манаше кексайиб қолганда, унинг дастидан пайдо бўлган айрим муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилди. У ёш невараси Йўшиёга яхши таъсир қилганга ўхшайди. Кейинчалик у яхши шоҳ бўлиб улғайди. (4 Шоҳ. 22:1, 2)

12. Манаше тавба қилганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

12 Манашенинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин? У нафақат ўзини паст тутди, балки ибодат қилиб, раҳм-шафқат кўрсатилишини сўраб ёлворди. Қолаверса, у хатти-ҳаракатларини ўзгартирди. Қилмишлари дастидан пайдо бўлган зарарни қоплаш учун Манаше жон куйдириб ҳаракат қилди ва Яҳовага топиниш пайида бўлди. Бошқаларга ҳам бундай йўл тутишга ёрдам берди. Манашенинг мисоли ҳатто ўтакетган разил ишга қўл урганларга ҳам умид бахш этмоқда. Бу Тангри Яҳова «меҳрибон ва кечиришга тайёр» эканини кўрсатувчи яққол мисолдир. (Заб. 86:5) Яҳова чин дилдан тавба қилганларни кечиради.

13. Тавба қилиш борасида муҳим фикрни тушунишга кўмаклашадиган мисол келтиринг.

13 Манаше гуноҳларидан пушаймон бўлишдан кўпроғини қилди. Бундан тавба қилиш масаласида муҳим сабоқ оляпмиз. Қуйидаги мисолга назар солайлик. Айтайлик, дўконга кириб бирон ширинлик сўрадингиз. Лекин сотувчи ўша ширинликнинг ўрнига сизга тухум берди. Хўш, мамнун бўласизми? Асло. Агар сотувчи тухум ўша ширинлик таркибидаги асосий масаллиқ деб айтса, уни ширинлик деб олиб кетаверасизми? Амримаҳол. Шу каби, Яҳова гуноҳ қилганлардан чин дилдан тавба қилишни сўраяпти. Гуноҳ қилган киши пушаймон бўлаётгани яхши. Бу тавба қилишга киради. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Яна нима қилиш керак? Келинг, бу билан боғлиқ Исонинг таъсирли масалига эътибор берайлик.

ЧИН ТАВБАНИНГ ФАРҚИГА БОРИНГ

Дарбадар ўғил нотўғри қарор чиқарганини тушунганда, узоқ йўл юриб уйига қайтди (14-, 15- хатбошиларига қаранг.) *

14. Исонинг масалига кўра, дарбадар ўғил тавба қилганининг илк белгилари қандай эди?

14 Луқо 15:11–32 да Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги таъсирли ҳикоясини ўқишимиз мумкин. Ёш йигит отасига қарши чиқиб, уйдан кетди ва «узоқ юртга» йўл олди. Ўша ерда у ахлоқсизлик ва кайфу сафо билан умр кечирди. Лекин қийинчиликларга дуч келганда, чиқарган нотўғри қарорлари устида мулоҳаза юритди. У отасининг уйида бўлганида ҳаёти нақадар яхши бўлганини тушунди. Исо айтганидай, йигит «эс-ҳушини йиғди». У уйига қайтишга ва отасидан кечирим сўрашга қарор қилди. Бу йигит кўп нотўғри қарор чиқарганини тушуниб етиши жуда муҳим эди. Бироқ бунинг ўзи етарлимиди? Йўқ. У хулқ-атворини ўзгартириши кутиларди.

15. Дарбадар ўғил чин дилдан тавба қилганини қандай кўрсатди?

15 Дарбадар ўғил қилмишларидан чин дилдан тавба қилаётганини кўрсатди. Уйга қайтиши учун у кўп йўл босиб ўтишига тўғри келди. Сўнг у отасига шундай деди: «Мен осмондаги Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Бундан буён ўғлингиз деб аталишга ҳам арзимайман». (Луқо 15:21) Йигитнинг сидқидилдан иқрор бўлгани Яҳова билан муносабатларини тикламоқчи эканини аён этди. У, шунингдек, қилмишлари отасига оғриқ келтирганини тан олди. Ўғил отасининг марҳаматига сазовор бўлиш учун меҳнат қилишга ва ҳатто ёлланган ишчидай бўлишга тайёр эди. (Луқо 15:19) Бу масал шунчаки таъсирли ҳикоя эмас. У оқсоқолларга жуда асқатади. Унинг ёрдамида оқсоқоллар жиддий гуноҳга қўл урган киши чиндан ҳам тавба қиляптими ёки йўқми тушуна олади.

16. Нега гуноҳ қилган киши чин дилдан тавба қилаётганини аниқлаш оқсоқолларга қийин бўлиши мумкин?

16 Жиддий гуноҳга қўл урган киши қай даражада тавба қилаётганини аниқлаш оқсоқоллар учун осон бўлмаслиги мумкин. Нега деганда, оқсоқоллар одамнинг қалбидагиларни ўқий олмайди. Шу боис, улар биродар қилган гуноҳига нисбатан нуқтаи назарини буткул ўзгартирган-ўзгартирмаганини билиш учун яққол исботини топишга ҳаракат қилади. Баъзи вазиятларда киши ўтакетган жирканч гуноҳга қўл ургани дастидан оқсоқоллар у чин дилдан тавба қилаётганига амин бўлмаслиги мумкин.

17. а) Киши афсусланаётганини айтса ҳам, чин дилдан тавба қилмаётганини қайси мисолдан кўриш мумкин? б) Чин дилдан тавба қилаётган кишидан нима кутилади? (2 Коринфликларга 7:11)

17 Бир мисолга назар солайлик. Биродар кўп йиллар мобайнида зино қилиб юради. Ёрдам излашнинг ўрнига у қилмишини хотини, дўстлари ва оқсоқоллардан яширади. Охири қилмиши ошкор бўлади. Оқсоқоллар бу киши зино қилганининг исботини унга келтирса, у қилмишини тан олади ва ҳатто пушаймон бўлаётгандай кўринади. Қизиқ, бу унинг тавба қилганини исботлайдими? Йўқ. Оқсоқоллар бундай вазиятни кўриб чиқаётганда, албатта афсусланишдан кўпроғига диққат қаратиши лозим. Ўша киши бу жиддий гуноҳни нотўғри қарори дастидан бир марта эмас, балки йиллар мобайнида қилиб келган. У ихтиёрий равишда гуноҳига иқрор бўлмаган, балки фош қилинган. Шунинг учун, оқсоқоллар ўша киши ўй-фикрларини, туйғуларини ва хатти-ҳаракатларини тубдан ўзгартирганининг исботини кўриши керак бўлади. (2 Коринфликларга 7:11 ни ўқинг.) У чин дилдан тавба қилаётганини тасдиқлайдиган ўзгаришлар қилиши учун анчагина вақт керак бўлиши мумкин. Эҳтимол, бу вақт давомида у жамоатдан четлатилади. (1 Кор. 5:11–13; 6:9, 10)

18. Жамоатдан четлатилган киши қай йўсин чиндан ҳам тавба қилаётганини кўрсатади ва бу қандай натижа келтиради?

18 Жамоатдан четлатилган киши чин дилдан тавба қилаётганини кўрсатиш учун учрашувларга мунтазам келади. У оқсоқоллар ибодат ва тадқиқни яхшилаш борасида берган маслаҳатларига амал қилади. Қолаверса, у ўша гуноҳни яна такрорлашга сабаб бўладиган васвасалардан қочишга жон куйдиради. Агар у Яҳова билан бўлган муносабатларини қайта тиклашга жон куйдирса, Яҳова уни тўлиқ кечиришига ҳамда оқсоқоллар у жамоатда тикланишига ёрдам беришига амин бўлиши мумкин. Оқсоқоллар киши чиндан ҳам тавба қилаётганини аниқлашга ҳаракат қилганда, улар ҳар бир вазият ўзгача эканини билади. Шу боис, улар ҳар бир вазиятни синчковлик билан кўриб чиқади ва бағритошлик билан ҳукм чиқаришдан қочади.

19. Чин дилдан тавба қилиш нимани ўз ичига олади? (Ҳизқиё 33:14–16)

19 Билиб олганимиздай, чин дилдан тавба қилиш гуноҳимдан пушаймонман, деб айтишдан кўра кўпроғини ўз ичига олади. Бу, шунингдек, ўй-фикрларни ва туйғуларни ўзгартириб, тавба қилаётганини кўрсатувчи қадамлар қўйиш кераклигини англатади. Бунга нотўғри йўлдан қайтиб, Яҳованинг меъёрларига амал қилишга интилиш киради. (Ҳизқиё 33:14–16 ни ўқинг.) Гуноҳ қилган киши учун энг муҳими Яҳова билан яқин муносабатларини қайта тиклаш бўлиши керак.

ГУНОҲ ҚИЛГАНЛАРГА ТАВБА ҚИЛИШГА КЎМАКЛАШИНГ

20, 21. Жиддий гуноҳга қўл урган инсонга қандай қилиб ёрдам беришимиз мумкин?

20 Исо ер юзидаги хизматининг муҳим бир қиррасини қуйидаги сўзларни айтиб тушунтирган: «Мен... гуноҳкорларни тавба қилишга даъват этгани келганман». (Луқо 5:32) Биз ҳам бундай йўл тутишни истаймиз. Дейлик, яқин дўстимиз жиддий гуноҳга қўл урганини билиб қолдик. Нима қилишимиз керак?

21 Гуноҳини яшириб унга фақатгина зиён келтирамиз. Бу яхшиликка олиб келмайди, чунки Яҳова ҳаммасини кўриб турибди. (Ҳик. 5:21, 22; 28:13) Дўстингизга оқсоқоллар унга ёрдам беришга тайёр эканини айтсангиз бўлади. Оқсоқолларга мурожаат қилишни хоҳламаса, сиз уларга ҳаммасини айтиб беришингиз лозим. Бу сиз дўстингизга ёрдам бермоқчи эканингизни кўрсатади. Унинг Яҳова билан бўлган муносабатлари хавф остида.

22. Навбатдаги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

22 Кимдир кўп вақт давомида жиддий гуноҳ қилаётган бўлса ва оқсоқоллар уни жамоатдан четлатиш керак деган қарорга келса-чи? Бу улар раҳм-шафқат кўрсатишмади деганими? Навбатдаги мақолада Яҳова гуноҳ қилганларга қай йўсин раҳм-шафқат кўрсатиб, тарбия беришига ҳамда биз Унга қандай тақлид қилишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

103- ҚЎШИҚ Чўпонлар — Аллоҳ берган ҳадялар

^ абз. 5 Чин дилдан тавба қилиш шунчаки гуноҳимиздан пушаймон бўлишни англатмайди. Мазкур мақолада Ахаб ва Манаше шоҳларининг мисолини ҳамда Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги масалини кўриб чиқамиз. Бу чинакам тавба қилиш нимани англатишини тушунишимизга кўмаклашади. Қолаверса, жиддий гуноҳ қилган биродар ёки опанинг тавба қилган-қилмаганини кўриб чиқаётганда, оқсоқоллар қайси омилларга диққат қаратиши кераклиги муҳокама қилинади.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Шоҳ Ахаб ғазабга миниб Михиё пайғамбарни зиндонга ташлашни буюряпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Шоҳ Манаше маъбаддаги ўзи ўрнатган бутларни йўқ қилишни буюряпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Узоқ йўл юриб келган дарбадар ўғил чарчаган ва уйини кўриш иштиёқида.