Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳова билан муносабатингизни тикланг

Яҳова билан муносабатингизни тикланг

ҲАР ЙИЛИ кўплаб имондошларимиз жамоатда тикланади. Уларнинг ҳар бири учун «осмонда катта хурсандчилик» бўлишини бир тасаввур қилинг! (Луқо 15:7, 10) Агар сиз ҳам тикланган бўлсангиз, Исо, фаришталар ва Яҳованинг Ўзи қайтганингиздан жуда бахтиёр. Яҳова билан муносабатларингизни тиклар экансиз, қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин. Хўш, уларнинг баъзилари қандай? Уларни енгишга сизга нима ёрдам бериши мумкин?

ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

Кўплар жамоатга қайтганидан кейин салбий туйғулар билан курашади. Эҳтимол, улар ўзини шоҳ Довуддай ҳис қилиши мумкин. Гуноҳлари кечирилганидан кейин ҳам, у: «Хатоларим бошимдан ошиб кетди»,— деб айтганди. (Заб. 40:12; 65:3) Киши жамоатга қайтганидан кейин ҳам, айбдорлик ва уят ҳисси уни йиллар давомида қийнаши мумкин. Масалан, Изабелла 20 йилдан ошиқ вақт давомида жамоатдан четлатилганди *. У шундай бўлишди: «Яҳова мени кечириши мумкинлиги ҳақидаги фикрни қабул қилишим қийин кечганди». Агар руҳингиз тушса, Яҳова билан дўстлигингизга яна путур етади. (Ҳик. 24:10) Бу юз беришига йўл қўйманг.

Бошқалар эса Яҳова билан муносабатларини тиклаш учун қиладиган ҳаракатлар тўғрисида ўйлаб, хавотирланар. Жамоатга қайтганидан сўнг Антон шундай бўлишди: «Масиҳий сифатида қандай ҳаёт кечирганимни бутунлай унутгандай эдим». Бундай фикрлар баъзиларга маънавий ишлар билан банд бўлишига халақит қилиши мумкин.

Дейлик, бир кишининг уйи бўрон туфайли катта зарар кўради. Ўша инсон уйини қайта тиклаш учун қанча вақт ва меҳнат талаб қилиниши ҳақида ўйлаб тушкунликка тушар. Шу сингари, жиддий гуноҳ қилганингиз туфайли Яҳова билан бўлган дўстлигингизга путур етган бўлса, уни қайта тиклаш учун жуда кўп ҳаракат қилишингиз ҳақида ўйлаб, руҳингиз тушиши ҳеч гап эмас. Лекин, бунинг имкони бор.

Яҳова: «Келинг, орамиздаги масалани ҳал қилайлик»,— деб бизни чорлаяпти. (Ишаё 1:18) Сиз масалани ҳал қилиш учун жон куйдирдингиз. Қилган ҳаракатларингиз учун Яҳова сизни севади. Бир ўйлаб кўринг: бунинг асосида Яҳова Шайтоннинг айбловлари ғирт ёлғон эканини исботлайди! (Ҳик. 27:11)

Бу қадамни қўйиб, аллақачон Яҳовага яқинлашдингиз, У эса жавобан сизга яқинлашди. (Ёқб. 4:8) Бошқалар яна жамоатда эканингизни кўргани яхши. Лекин бундан ҳам кўпроғини қилишингиз кутилади. Отангиз ва Дўстингиз Яҳовага бўлган севгингизни мустаҳкамлашда тўхтаманг. Хўш, буни қандай қилиш мумкин?

ЭРИШСА БЎЛАДИГАН МАҚСАДЛАР

Эришса бўладиган мақсадлар қўйишга интилинг. Унутмангки, маънавий пойдеворингиз — Яҳова ва Унинг келажак борасидаги ваъдалари тўғрисидаги билимингиз — ҳеч қачон ўзгармайди. Лекин шу билан бирга, масиҳийларга хос ҳаёт тарзини тиклашингиз керак бўлади. Бунга мунтазам ваъзгўйлик қилиш, йиғилишларга қатнаш ва имондошлар билан вақт ўтказиш киради. Қуйида айрим мақсадлар келтирилган.

Яҳовага тез-тез ибодат қилинг. Айбдорлик ҳисси туфайли ибодат қилиш сизга осон бўлмаслиги мумкин. Яҳова буни яхши тушунади. (Рим. 8:26) Бироқ Яҳовага У билан дўстлашишни қанчалик истаётганингизни айтиб, «доимо ибодат қилинг».(Рим. 12:12) Андрей шундай эслади: «Айбдорлик ва уят ҳисси мени қийнарди. Лекин ҳар ибодат қилганимдан кейин ўзимни яхши ҳис қилардим ва ички хотиржамликка эга бўлардим». Нима деб ибодат қилишни билмасангиз, тавба қилган шоҳ Довуднинг Забур 51- ва 65- саноларидаги ибодатларини кўриб чиқинг.

Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилинг. Бу маънан озиқланишингизга ва Яҳовага бўлган севгингиз кучайишига кўмаклашади. (Заб. 19:7–11) Филип шундай деди: «Муқаддас Китобни шахсан ўқиш ва тадқиқ қилиш ҳаётимда биринчи ўринда бўлмагани учун Яҳова билан бўлган муносабатим заифлашди ва охири йўққа чиқди. Бундай бўлишини бошқа хоҳламайман. Шунинг учун, шахсий тадқиқни ҳимоямга айлантиришга қарор қилдим». Сиз ҳам худди шундай қилишингиз мумкин. Шахсий тадқиқ учун тўғри келадиган мавзуни аниқлашда маънан етук дўстингиздан ёрдам сўрасангиз бўлади.

Биродару опа-сингиллар билан дўстлигингизни тикланг. Жамоатга қайтган баъзилар бошқалар уларга салбий нуқтаи назарда бўлишидан хавотирланади. Лариса қуйидагича бўлишди: «Роса уялардим. Ўзимни гўёки жамоатга хиёнат қилгандай ҳис қилардим. Бу туйғулар мени узоқ вақтгача тарк этмади». Шунга амин бўлингки, оқсоқоллар ва маънан етук имондошлар Яҳова билан муносабатларингизни тиклашга бажонидил ёрдам беради. (« Оқсоқоллар нима қилиши мумкин?» номли рамкага қаранг.) Улар жамоатга қайтганингиздан хурсанд ва қувониб яшашингизни истайди. (Ҳик. 17:17)

Қандай қилиб жамоатга яқинроқ бўла оласиз? Имондошларингиз қилаётган ишлар — йиғилишларга бориш ва ваъзгўйлик ишида қатнашиш — билан банд бўлинг. Бу қандай ёрдам беради? Феликс шундай бўлишди: «Жамоатдагилар мени кутган экан. Буни билиб, қадрли эканимни ҳис этдим. Улар яна бу оиланинг аъзоси бўлишимга, кечирилганимни ҳис этишимга ва маънан ўсишимга кўмаклашди». (« Нима қилсангиз бўлади?» номли рамкага қаранг.)

ТАСЛИМ БЎЛМАНГ!

Яҳова билан дўстлигингизни қайта қуришга ҳаракат қилганингизда, Шайтон сизни бу йўлдан қайтариш учун янада кўпроқ «бўрон» юборади. (Луқо 4:13) Шундай экан, маънавий уйингизни мустаҳкамлаш орқали ҳозирдан тайёр бўлинг.

Қўзичоқлари борасида Яҳова қуйидагиларни ваъда бермоқда: «Мен йўқолганини излаб топаман, адашиб қолганини қайтариб олиб келаман, яраланганининг ярасини боғлайман ва заифини мустаҳкамлайман». (Ҳиз. 34:16) Яҳова кўплаб инсонларга У билан муносабатларини тиклашга ёрдам берди. Амин бўлингки, У сизга ҳам ёрдам бермоқчи. Яҳова У билан муносабатларингиз ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам бўлишини хоҳлайди.

^ абз. 4 Бу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.