Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

49- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошқалар билан муомала қилиш борасида Левилар китобидан нималарни ўрганяпмиз?

Бошқалар билан муомала қилиш борасида Левилар китобидан нималарни ўрганяпмиз?

Яқинингизни ўзингизни севгандай севинглар. ЛЕВ. 19:18

109- ҚЎШИҚ Самимий севги

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Ўтган мақолада нимани кўриб чиқдик ва бу сафар нималарни муҳокама қиламиз?

 ОЛДИНГИ мақолада Левилар 19- бобдан қандай амалий сабоқлар олишимиз мумкинлигига эътибор бердик. Масалан, 3- оятда айтилганидай, Яҳова исроилликлардан ота-онасига ҳурмат кўрсатишни талаб қилган. Ҳозирда ота-онамизга жисмоний, ҳиссий ва маънавий томондан ғамхўрлик қилиб, мазкур маслаҳатни амалда қўллашимиз мумкинлигини билиб олдик. Ўша оятда Худонинг халқига Шаббатга амал қилиш муҳим экани эслатилганди. Бугунги кунда бу қонунга амал қилишимизга ҳожат бўлмаса-да, маънавий ишлар учун мунтазам вақт ажратиб унинг ортидаги принципни қўллай оламиз. Бундай йўл тутиб, Левилар 19:2 ва 1 Бутрус 1:15 да айтилганидай, муқаддас бўлиш учун жон куйдираётганимизни кўрсатамиз.

2 Мазкур мақолада Левилар 19- бобни кўриб чиқишда давом этамиз. Бу бобда жисмоний имкониятлари чегараланган кишиларга меҳрибон бўлиш, иш масаласида ҳалол бўлиш ҳамда ўзгаларга севги кўрсатиш ҳақида сабоқлар оламиз. Биз муқаддас бўлишни истаймиз, чунки Яҳова муқаддас Худо. Шундай экан, келинг, бу мақоладаги фикрларни кўриб чиқайлик.

ЖИСМОНИЙ ИМКОНИЯТЛАРИ ЧЕГАРАЛАНГАН КИШИЛАРГА МЕҲРИБОН БЎЛИНГ

Қулоғи эшитмайдиган ёки кўзи ожиз инсонга қандай муомала қилишимиз кераклиги ҳақида Левилар 19:14 да нима дейилган? (3–5- хатбошиларига қаранг.) *

3, 4. Левилар 19:14 га кўра, қулоғи эшитмайдиган ва кўзи ожиз одамларга қандай муомала қилиш керак эди?

3 Левилар 19:14 ни ўқинг. Яҳова Унинг хизматчилари жисмоний имкониятлари чегараланган инсонларга меҳрибон бўлишини истаган. Масалан, У исроилликларга: «Кар одамни лаънатламанглар»,— деб айтган. Бундай лаънатлаш бирор кишига таҳдид қилиш ёки у ҳақда ёмон гап айтишни ўз ичига олган бўлиши мумкин. Қулоғи эшитмайдиган инсонга нисбатан бундай йўл тутиш даҳшатли, шундай эмасми? Чунки бундай киши у ҳақда айтилган сўзларни эшита олмасди ва ўзини ҳимоялаш учун ҳеч нарса дея олмасди.

4 Бундан ташқари, 14- оятдан шуни кўряпмизки, Худо хизматчиларига: «Кўзи ожиз инсоннинг йўлига тўсиқ қўйманглар»,— деб айтганди. Бир манбада жисмоний имкониятлари чегараланган одамлар ҳақида қуйидаги фикр келтирилганди: «Қадимги Яқин Шарқда уларга кўпинча ноҳақлик қилишган ёки шафқатсизлик кўрсатишган». Бемеҳр одамлар кўзи ожиз инсонга жароҳат етказиш ёки устидан кулиш учун унинг йўлига тўсиқ қўйган. Ҳа, бу севгидан бўлмаган. Яҳова эса мазкур амрни бериб, халқини жисмоний имкониятлари чегараланган кишиларга раҳм-шафқатли бўлишга ўргатган.

5. Жисмоний имкониятлари чегараланганларга қай йўсин раҳм-шафқат кўрсата оламиз?

5 Исо жисмоний имкониятлари чегараланган инсонларга раҳм-шафқат кўрсатган. Эсингизда бўлса, у Яҳёга шундай хабарни етказганди: «Кўрлар кўряпти, чўлоқлар юряпти, моховлар пок бўляпти, карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти». Бу мўъжизаларни кўрган «одамларнинг барчаси Тангрига ҳамду санолар айта бошлади». (Луқо 7:20–22; 18:43) Биз масиҳийлар Исо жисмоний имкониятлари чегараланган кишиларга кўрсатган нуқтаи назарга тақлид қилишдан хурсандмиз. Шу боис, уларга нисбатан меҳрибон, эътиборли ва сабрлимиз. Албатта, Яҳова бизга мўъжизалар яратиш қудратини бермаган. Лекин барчага, жумладан, жисмонан ёки маънан ожиз инсонларга одамлар ер юзидаги жаннатда мукаммал бўлиши ва Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиши тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш шарафига эгамиз. (Луқо 4:18) Бу хушхабар туфайли ҳозирнинг ўзида кўплар Худога ҳамду сано айтяпти.

ИШ МАСАЛАСИДА ҲАЛОЛ БЎЛИНГ

6. Қандай қилиб Левилар 19- боб Ўнта амрни тушунишимизга ёрдам беряпти?

6 Левилар 19- бобдаги айрим оятлар Ўнта амрни яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради. Масалан, 8- амрда: «Ўғрилик қилманглар»,— дейилган. (Чиқ. 20:15) Баъзилар бировнинг нарсасини олмаган бўлса, бу амрга амал қиляпман, деб ўйлагандир. Аммо у бошқа йўллар орқали ўғрилик қилган бўлиши мумкин.

7. Қай йўсин савдогар ўғрилик ҳақидаги саккизинчи амрни бузиши мумкин эди?

7 Борди-ю, савдогар унга тегишли бўлмаган нарсани олмаса, мен ўғирлик қилмаяпман деган фикрга бориши мумкин эди. Аммо унинг савдо ишлари ҳақида нима деса бўлади? Левилар 19:35, 36 да Яҳованинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз: «Узунлик, оғирлик ёки ҳажмни ўлчаганда алдаманглар. Тарозингиз, тарози тошларингиз, қуруқ нарсалар ва суюқликлар ўлчови тўғри бўлсин». Демак, савдогар мижозларни алдаш ниятида нотўғри тарозидан фойдаланса ёки тўғри ўлчаб бермаса, бу ўғриликка тенг. Левилар 19- бобдаги бошқа оятларда ҳам бу аниқ айтилган.

Левилар 19:11–13 га кўра, масиҳий қай йўсин иш юритаётгани борасида ўзига қандай савол бериб кўриши керак? (8–10- хатбошиларига қаранг.) *

8. Левилар 19:11–13 қай йўсин яҳудийларга саккизинчи амр ортида турган принципни тушунишга ёрдам берган ва бундан биз қандай фойда олишимиз мумкин?

8 Левилар 19:11–13 ни ўқинг. Левилар 19:11: «Ўғрилик қилманглар»,— деган сўзлар билан бошланади. 13- оятда: «Ўз яқинингизни алдаманглар»,— деб ёзилган. Демак, кимдир иш масаласида алдаса, ўғрилик қилган бўлади. Саккизинчи амрда ўғрилик қилиш қораланган, бироқ Левиларда келтирилган оятлар яҳудийларга бу амр ортида турган принципни, яъни ҳар нарсада ҳалол бўлиш кераклигини тушунишга ёрдам берган. Ҳалоллик ва ўғрилик борасида Яҳованинг нуқтаи назари устида мулоҳаза қилсак, фойда оламиз. Ўзимиздан: «Левилар 19:11–13 асосида ҳаётимнинг бирон-бир соҳасида ўзгаришим керакми? Иш масаласида ҳалолманми?» — деб сўрашимиз мумкин.

9. Левилар 19:13 даги қонун ишчиларни қандай ҳимоялаган?

9 Масиҳий бошқаларни ишга олганда ҳам ҳалол бўлиб яна бир нарсани инобатга олиши керак. Левилар 19:13 да: «Мардикорнинг иш ҳақини эрталабгача сақлаб қолманглар»,— деб ёзилган. Қадимда Исроилда кўплар қишлоқ хўжалик ишлари билан банд бўлган. Ҳар бир иш кунининг охирида ёлланган ишчиларга иш ҳақи тўланарди. Агар бу пул ўша куни тўланмаганида, улар оиласига ғамхўрлик қила олмасди. Яҳова шундай деб тушунтирган: «У бунга муҳтож ва унинг ҳаёти топган пулига боғлиқ». (Қонун. 24:14, 15; Мат. 20:8)

10. Левилар 19:13 дан қандай сабоқ оляпмиз?

10 Бугунги кунда иш ҳақи ҳар куни эмас, балки икки ҳафтада бир ёки бир ойда бир марта тўланади. Лекин Левилар 19:13 даги принцип бугун ҳам айни муддао. Айрим иш берувчилар ноҳақлик қилиб ишчиларига аслида улар лойиқ бўлган ҳақни тўламайди. Сабаби, улар чорасиз эканини ва маоши кам бўлса ҳам ишлашга мажбур эканини билади. Қайсидир маънода улар мардикорнинг иш ҳақини «сақлаб қолган» ёки бермаган бўлади. Иш юритадиган масиҳий бунга эътиборли бўлиши керак. Энди эса, келинг, Левилар 19- бобдан яна қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.

ЯҚИНИНГИЗНИ ЎЗИНГИЗНИ СЕВГАНДАЙ СЕВИНГ

11, 12. Исо Левилар 19:17, 18 ни иқтибос сифатида келтириб нимага эътибор қаратган?

11 Худо биз бошқа одамларга шунчаки зарар келтирмасликдан кўпроғини қилишимизни истайди. Буни Левилар 19:17, 18 дан (ўқинг) билиб олишимиз мумкин. Яҳова аниқ қилиб: «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинглар»,— деган. Масиҳийлар Худога маъқул келишни хоҳласа, бундай йўл тутиши лозим.

12 Исо Левилар 19:18 даги амр муҳим эканини қай йўсин таъкидлаганига эътибор беринг. Бир сафар фарзий ундан: «Тавротнинг қайси амри энг муҳим?» — деб сўраган. Жавобан Исо Тангримиз Яҳовани бутун қалбимиз, бутун жонимиз ва бутун онгимиз билан севиш «биринчи ва энг муҳим амр» эканини айтган. Кейин эса у Левилар 19:18 ни иқтибос сифатида келтириб шундай деган: «Иккинчиси эса унга ўхшаш: “Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг”». (Мат. 22:35–40) Яқинимизга севги кўрсатишнинг йўллари беҳисоб. Уларнинг баъзиларини Левилар 19- бобдан билиб оламиз.

13. Юсуф ҳақидаги баёнотни кўриб чиқаётиб Левилар 19:18 даги сўзларни қандай қилиб яхшироқ тушуна оламиз?

13 Яқинимизга севги кўрсатишнинг йўлларидан бири Левилар 19:18 даги маслаҳатга амал қилишдир. У ерда шундай ёзилган: «Ўч олманглар ва... кек сақламанглар». Аксариятимиз одамлар ҳатто йиллар давомида ҳамкасби, мактабдоши ёки оила аъзоларига кек сақлаб юришини биламиз. Мисол учун, Юсуфнинг ўнта акаси унга кек сақлаган ва охири даҳшатли ишга қўл урган. (Ибт. 37:2–8, 25–28) Лекин Юсуф уларга умуман бошқача муносабат кўрсатган. Акаларидан ўч олиш имкони бўлганда, Юсуф уларга раҳм-шафқат намоён этган. Юсуф уларга кек сақламаган. Аксинча, у кейинчалик Левилар 19:18 да ёзилган маслаҳатга мувофиқ йўл тутган. (Ибт. 50:19–21)

14. Левилар 19:18 ортидаги принциплар бугун ҳам амалий эканини нимадан кўрсак бўлади?

14 Юсуф кек сақламади ёки ўч олмади. Бу Худони мамнун қилишни истаётган масиҳийлар учун кечиримли бўлиш борасида ажойиб ўрнакдир. Қолаверса, бундай йўл тутиш Исонинг намунали ибодатига мувофиқ бўлади. Чунки у бизга қарши гуноҳ қилганларни кечиришга ундаган. (Мат. 6:9, 12) Шунингдек, ҳаворий Павлус имондошларига: «Азизларим, ўзингиз учун қасос олманглар»,— деб маслаҳат берган. (Рим. 12:19) Бундан ташқари, у: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин»,— деб ундаган. (Колос. 3:13) Ҳа, Яҳованинг принциплари ўзгармайди. Левилар 19:18 ортидаги принциплар бугунги кунда ҳам амалийдир.

Том маънодаги ярани тегавермаслик яхши бўлганидек, хафагарчилик ҳақида ҳам ўйламаслик яхши бўларди. Уни ортда қолдиришга интилишимиз лозим (15- хатбошига қаранг.) *

15. Қайси мисол кечириш ва унутиш бизга ёрдам бериши мумкинлигини тушунишимизга ҳисса қўшади?

15 Бир мисолга диққат қаратайлик. Яраланган туйғуларни том маънодаги жароҳатларга ўхшатиш мумкин. Баъзилари кичик, бошқалари эса каттароқ бўлар. Айтайлик, сабзавотларни арчиётганда, бармоғимизни кесиб олдик. Тўғри, бу оғриқли бўлади, лекин қисқа вақт ичида оғриқ тўхтайди ва жароҳат олган жой битиб кетади. Бир ёки икки кундан кейин балки қаеримиз кесилганини ҳатто билмай қолармиз. Шунга ўхшаб, бизга қарши қилинган баъзи нарсалар унчалик муҳим эмасдир. Масалан, дўстимиз бизни ранжитадиган гаплар айтиши ёки нимадир қилиши мумкин. Бироқ уни осонликча кечирамиз. Аммо жароҳатимиз жиддийроқ бўлса, шифокорга мурожаат қиламиз. У жароҳатланган жойни тикиб, бинт билан боғлаб қўяди. Жароҳатланган жойни ҳадеб тегаверсак, фақат ўзимизга зарар етказамиз. Афсуски, қаттиқ хафа бўлган инсон шундай қилиши мумкин. У қанчалик қаттиқ хафа бўлгани ва уни ранжитишгани ҳақида тинмай ўйлар. Аммо кек сақлаган киши фақат ўзига зиён келтиради. У Левилар 19:18 га амал қилса яхшироқ бўларди.

16. Исроилликлардан мусофирларга қандай муомала қилиши кутиларди ва бундан қандай сабоқ оляпмиз? (Левилар 19:33, 34)

16 Яҳова Исроил халқига яқинини ўзини севгандай севишни айтганида, улар фақатгина ўз ирқи ёки миллатидан бўлганларни севиши кераклигини англатмаган. Уларга шунингдек, мусофирларни севиш амр этилганди. Буни Левилар 19:33, 34 даги (ўқинг) сўзлардан кўрсак бўлади. Исроилликлар мусофирларга «маҳаллий аҳоли каби» муомала қилиши ва уларни ўзларини севгандай севиши кутиларди. Масалан, ҳам исроилликлар, ҳам мусофиру камбағаллар ўрим-йиғимдан қолган бошоқларни териши мумкин эди. (Лев. 19:9, 10) Мусофирларни севиш тўғрисидаги принцип бугунги масиҳийларга ҳам тегишли. (Луқо 10:30–37) Қанақасига? Ҳозирда миллионлаб муҳожирлар бор ва уларнинг айримлари сизнинг ҳудудингизда яшар. Муҳожирлар хоҳ эркак, хоҳ аёл, хоҳ бола бўлсин, уларнинг барига ҳурмат ила муомала қилишимиз керак.

ЛЕВИЛАР 19- БОБ ОРТИДАГИ ПРИНЦИПЛАР

17, 18. а) Левилар 19:2 ва 1 Бутрус 1:15 бизни нимага ундаши керак? б) Ҳаворий Бутрус бизни қандай муҳим ишда қатнашишга ундаган?

17 Левилар 19:2 ва 1 Бутрус 1:15 да Худонинг халқи муқаддас бўлиши кераклиги ҳақида айтилган. Левилар 19 даги бошқа кўп оятлар ёрдамида Яҳовага маъқул келиш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оляпмиз. Бу оятларни кўриб чиқиб, қилишимиз керак бўлган яхши ва қочишимиз керак бўлган баъзи ёмон ишларни аниқладик *. Юнонча ёзувлардан Яҳова ўша принципларга амал қилишимизни хоҳлаётганини кўряпмиз. Лекин ҳаворий Бутрус яна бир фикрни қўшиб қўйган.

18 Турли маънавий ишлар билан банд бўлишимиз ва кўп савоб ишлар қилишимиз мумкин. Лекин ҳаворий Бутрус яна бир нарсага алоҳида эътибор қаратган. Бутун юриш-туришимизда муқаддас бўлишимиз кераклигини айтишдан аввал у: «Зеҳнингизни ишга солиш учун ҳозирланг»,— деб ундаган. (1 Бутр. 1:13, 15) Хўш, бу иш нимани ўз ичига олади? Бутрус Масиҳнинг мойланган биродарлари уларни даъват этган Шахснинг «олий фазилатларини ҳар ерда эълон этишини» айтган. (1 Бутр. 2:9) Чиндан ҳам Масиҳнинг барча издошлари энг муҳим ишда қатнашиш шарафига эга. Бу энг катта савоб иш ҳисобланади. Муқаддас халқ сифатида ваъз қилиш ва таълим бериш ишида мунтазам ҳамда ғайрат ила қатнашиш ўзгача туҳфадир. (Марк 13:10) Левилар 19 даги принципларни қўллаш учун жон куйдириб, Худони ва яқинимизни севишимизни кўрсатамиз. Қолаверса, бутун юриш-туришимизда «муқаддас бўлишни» истаётганимизни исботлаймиз.

111- ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик Манбаидир

^ Биз масиҳийлар Мусонинг Қонуни остида эмасмиз, лекин у ерда нима қилишимиз ва нима қилмаслигимиз кераклиги ёзилган. Бу фикрларни билиб олиш бошқаларга севгимизни кўрсатишга ва Худони мамнун қилишга кўмаклашади. Бу мақолада Левилар 19- бобдаги сабоқларни қандай қўллашимиз мумкинлиги муҳокама қилинади.

^ Олдинги ва бу мақолаларда юзхотирчилик кўрсатиш, туҳмат қилиш, қон истеъмол қилиш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, фолбинлик ва жинсий ахлоқсизлик ҳақида ёзилган оятларни муҳокама қилмадик. (Лев. 19:15, 16, 26–29, 31) Ушбу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Яҳованинг Шоҳиди қулоғи эшитмайдиган биродарга шифокор билан гаплашишга ёрдам беряпти.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Таъмирлаш ишлари билан шуғулланадиган биродаримиз ишчига иш ҳақини беряпти.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Имондошимиз бармоғидаги кичик жароҳатни осонликча унутди. Жароҳат жиддийроқ бўлса, у худди шундай қиладими?