Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Сиз яхши ҳамкормисиз?

Сиз яхши ҳамкормисиз?

«УНИНГ қошида мен моҳир ишчи эдим... Ҳузурида ҳамиша шод-хуррам юрардим». (Ҳик. 8:30) Бу оятда Исо ер юзига келишидан аввал Отаси билан узоқ йиллар давомида қандай ҳамкорлик қилгани очиб бериляпти. Шунингдек, мазкур оятдан у Худо билан ҳамкорлик қилишдан «шод-хуррам» бўлганини билиб оляпмиз.

Исо осмонда бўлганида яхши ҳамкор бўлишига ёрдам берган анча фазилатлар ҳақида билиб олган. Кейинчалик эса у ер юзида бўлганида, бошқалар билан хизмат қилишда аъло ўрнак кўрсатган. Хўш, Исонинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Унинг мисолини яхшилаб ўрганиб, бошқалар билан ҳамкорлик қилишимизга асқатадиган учта принципга эътибор қаратамиз. Улар ёрдамида имондошларимиз билан аҳил бўлиб, яхши ҳамкорлик қилишимиз мумкин.

Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагини ёдда тутиб, ҳамкорларингиз билан тажрибаю билимингизни бажонидил бўлишинг

1- ПРИНЦИП: «БИР-БИРИНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ»

Яхши ҳамкор камтар бўлиб, ҳамкасбларини қадрлайди ва бошқаларнинг диққатини ўзига жалб қилмайди. Исо камтарона нуқтаи назарга Отасидан ўрганган. Гарчи фақатгина Яҳова Яратувчи деб аталишга лойиқ бўлса-да, У Ўғли муҳим ишлар қилганига урғу берган. Буни Худонинг қуйидаги сўзларидан билсак бўлади: «Ўзимизга монанд қилиб,.. одамни яратайлик». (Ибт. 1:26) Исо бу сўзларни эшитганида, Отаси жуда камтар эканини кўрган. (Заб. 18:35)

Исо ер юзида бўлганида шунга ўхшаш камтарликни кўрсатган. У доим шарафни Яҳовага қаратган. (Марк 10:17, 18; Юҳан. 7:15, 16) Масалан, у шогирдлари билан ҳамкорлик қилганда тинч муҳит бўлишига ғамхўрлик қилган ва уларни қуллари эмас, дўстлари деб билган. (Юҳан. 15:15) Исо ҳатто уларнинг оёқларини ювган ва шу йўсин камтарлик борасида уларга ўрнак кўрсатган. (Юҳан. 13:5, 12–14) Биз ҳам бошқаларнинг манфаатини ўзимизникидан устун қўйиб, ҳамкорларимизни қадрлашимиз лозим. «Бир-биримизни ҳурмат қилсак» ва кимни мақташлари ҳақида ташвишланмасак, кўпроқ ютуққа эришамиз. (Рим. 12:10)

Камтарин инсон шунингдек: «Маслаҳатчи кўп бўлса, улар амалга ошади»,— деган сўзларни тушунади. (Ҳик. 15:22) Тажрибамиз ёки қобилиятларимиз қандай бўлмасин, унутмангки, ҳеч бир инсон ҳамма нарсани билишга қодир эмас. Ҳатто Исо ҳамма нарсани билмаганини тан олган. (Мат. 24:36) Қолаверса, Исо номукаммал шогирдлари қандай фикрда бўлгани ёки нималарни билгани билан қизиққан. Шунинг учун, Исонинг ҳамкорлари унинг олдида ўзини бемалол ҳис қилган. Шу сингари, биз ҳам камтарин бўлиб, ҳамма нарсани билмаслигимизни ёдда тутсак, бошқаларнинг фикрларини тингласак, улар билан тинч-тотув бўлиб яшаймиз ва биргалашиб ишни «амалга оширамиз».

Оқсоқоллар бирга ҳамкорлик қилишганида, бу борада Исога тақлид қилишлари айниқса муҳим. Улар муқаддас руҳ ҳар бир оқсоқолга таъсир қилиши мумкинлигини ёдда тутиши керак. Шу боис, оқсоқоллар бирга йиғилганида ҳар бир киши ўз фикрини бемалол айта олиши учун яхши муҳит сақлаши керак. Шунда, жамоатдаги барча улар чиқарган қарорлардан фойда олади.

2- ПРИНЦИП: «МУЛОҲАЗАКОР ЭКАНИНГИЗ ҲАММА ОДАМЛАРГА МАЪЛУМ БЎЛСИН»

Яхши ҳамкор ҳамкасблари билан муомала қилганда, мулоҳазакорликни намоён этади. У мослашувчан бўлиб, ён беришга тайёр бўлади. Исода Отасининг мулоҳазакорлигини кўриш учун кўп имкониятлар бўлган. Масалан, Яҳова одамларни гуноҳ қуллигидан халос этиш учун Исони ер юзига юборган. (Юҳан. 3:16)

Исо керак бўлганда ёки ўринли бўлганда бошқаларга ён берган. Мисол учун, у Исроил халқига юборилган бўлса-да, финикиялик бир аёлга қандай ёрдам берганини эслаб кўринг. (Мат. 15:22–28) Шунингдек, у шогирдларига нисбатан мулоҳазакор бўлиб, улардан кўп нарсани кутмаган. Унинг яқин дўсти Бутрус бошқаларнинг олдида ундан тонганида, Исо уни кечирган. Кейинроқ у Бутрусга масъулиятли вазифаларни ишониб топширган. (Луқо 22:32; Юҳан. 21:17; Ҳавор. 2:14; 8:14–17; 10:44, 45) Исонинг мисолидан бошқаларга ён бериш орқали мулоҳазакор эканимиз «ҳамма одамларга маълум бўлиши» кераклигини кўряпмиз. (Филип. 4:5)

Мулоҳазакорлик, шунингдек, турли одамлар билан тинчликда ҳамкорлик қилиш учун мослашувчан бўлишга ундайди. Исо атрофидаги одамлар билан жуда яхши муносабатда бўлган. Солиқчилару гуноҳкорлар унинг хабарини қабул қилган. Шунинг учун, ҳасадгўй душманлари уни «солиқчилару гуноҳкорларнинг дўсти» деб атаган. (Мат. 11:19) Хўш, биз ҳам Исо каби биздан фарқ қиладиган инсонлар билан яхши ҳамкорлик қиляпмизми? Масалан, кўп вақт туман нозири бўлган ва Байтилда хизмат қилган Лойис биродар келиб чиқиши ҳар хил бўлган одамлар билан ҳамкорлик қилган. У шундай деди: «Мен ҳамкорлик қилган ҳар бир гуруҳни турли хил тошлардан қурилган деворга ўхшатаман. Баъзи тошларнинг ўрнини ўзгартирсангиз, текис девор қура оласиз. Мен ҳам девор текис бўлишига ҳисса қўшиш учун ўз шахсиятимга ўзгаришлар киритишга ҳаракат қилдим». Бу жуда яхши нуқтаи назар, шундай эмасми?!

Яхши ҳамкор бошқаларни назорат қилиш ниятида улардан фойдали нарсаларни яширмайди

Жамоатимизда ҳамкорлик руҳини қай йўсин кўрсата оламиз? Ваъзгўйлик гуруҳимиз билан ҳамкорлик қилганда, бунинг учун ажойиб имконият туғилади. Гуруҳимиздаги ваъзгўйларнинг оилавий шароити ёки ёши бизникидан фарқ қилиши мумкин. Хўш, хизматимиз янада самарали бўлиши учун тезлигимизни ёки ваъз қилиш усулини мослаштириб, мулоҳазакорликни намоён этамизми?

3- ПРИНЦИП: «БАҲАМ КЎРИШГА ШАЙ ТУРИНГ»

Яхши ҳамкор «баҳам кўришга шай туради». (1 Тим. 6:18) Осмонда Отаси билан ҳамкорлик қилаётганда, Исо У ҳеч нарсани яширмаганига эътибор бергандир. Яҳова «осмонни ҳозирлаганида», Исо «ўша ерда эди» ва Ундан кўп нарсани ўрганган. (Ҳик. 8:27) Кейинчалик, Исо ер юзида бўлганида Отасидан «эшитган» нарсаларни шогирдлари билан қувонч ила бўлишган. (Юҳан. 15:15) Бу мисолни ёдда тутган ҳолда, биз ҳам билимимизу тажрибамизни бошқалар билан бўлишишга тайёр бўлишимиз лозим. Яхши ҳамкор бошқаларни назорат қилиш ниятида улардан фойдали нарсаларни яширмайди. Аксинча, билиб олган яхши нарсаларини улар билан бўлишишдан қувонч топади.

Шунингдек, ҳамкорларимизга далда беришимиз мумкин. Масалан, кимдир ҳаракатларимизни кўриб, бизга чин дилдан миннатдорлик билдирса, бу бизга жуда ёқади, шундай эмасми?! Исо ҳамкорларининг яхши томонларини уларга айтиш учун вақт ажратган. (Матто 25:19–23; Луқо 10:17–20 ни солиштиринг.) У ҳатто улар «бундан ҳам ортиғини қилишини» айтган. (Юҳан. 14:12) Ўлимидан олдинги кечада у содиқ ҳаворийларини шундай деб мақтаган: «Синовларга дуч келганимда сизлар мен билан бўлгансизлар». (Луқо 22:28) Ушбу сўзлар шогирдларига қандай таъсир қилганини ва уларни ҳаракатга ундаганини бир тасаввур қилинг. Биз ҳам ҳамкорларимизни мақташ учун вақт ажратсак, улар янада бахтли ва самарали бўлади.

СИЗ ЯХШИ ҲАМКОР БЎЛА ОЛАСИЗ

Кайоди исмли биродаримиз шундай деб бўлишди: «Яхши ҳамкор мукаммал бўлиши шарт эмас, лекин у ҳамкорларига қувонч улашади ва иш улар учун оғир юкдай бўлмаслигига ҳисса қўшади». Сиз ҳам шундай ҳамкормисиз? Масалан, бу борада имондошларингиздан ўзингиз ҳақингиздаги фикрини сўраб кўрарсиз. Исонинг шогирдлари у билан ҳамкорлик қилишдан хурсанд бўлган. Шу сингари, ҳамкорларингиз сиз билан бирга меҳнат қилишдан қувонч топса, ҳаворий Павлуснинг қуйидаги сўзларини айта оласиз: «Биз бўлсак қувонч келтирадиган хизматдошлармиз». (2 Кор. 1:24)