Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

50- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Чўпонимизнинг овозига қулоқ солинг

Чўпонимизнинг овозига қулоқ солинг

Улар менинг овозимни эшитади. ЮҲАН. 10:16

3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

БУ МАҚОЛАДА *

1. Исо издошларини қўйлар билан солиштирганининг сабабларидан бири қандай?

 ИСО издошлари билан бўлган муносабатларни чўпон ва унинг қўйлари орасидаги ришталар билан солиштирган. (Юҳан. 10:14) Бу таққослаш ўринли, шундай эмасми?! Қўйлар чўпонини билади ва унга қулоқ солади. Бир саёҳатчи бунга шахсан гувоҳ бўлган. У қуйидагича бўлишди: «Қўйларни расмга олмоқчи эдик ва уларни ёнимизга чақирдик. Лекин улар келмади. Сабаби, улар овозимизни билмасди. Кейинроқ битта чўпон болакай олдимизга келиб, қўйларини чақирди ва улар унинг ёнига келди».

2, 3. а) Исонинг издошлари унинг овозини эшитаётганини қандай кўрсатади? б) Бу ва кейинги мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Саёҳатчининг сўзлари Исонинг қўйлари, яъни шогирдлари борасидаги гапларни эслатади. У шундай деган: «Улар менинг овозимни эшитади». (Юҳан. 10:16) Хўш, Исо осмонда бўлса, унинг овозини эшитаётганимизни қандай кўрсата оламиз? Исонинг ўргатганларини тадқиқ қилганимизда, унинг овозини эшитган бўламиз. Уларни амалда қўллаганимизда эса, уларга қулоқ солган бўламиз. (Мат. 7:24, 25)

3 Бу ва кейинги мақолада Исо ўргатган баъзи нарсаларни кўриб чиқамиз. У муайян нарсаларни қилмаслигимиз, бошқаларини эса қилишимиз керак, деб айтганини билиб оламиз. Аввал Чўпонимиз Исо қилмаслигимиз керак, деб айтган иккита нарсага диққат қаратайлик.

«ОРТИҚ ТАШВИШЛАНМАНГЛАР»

4. Луқо 12:29 га биноан, нима туфайли «ташвишланишимиз» мумкин?

4 Луқо 12:29 ни ўқинг. Исо издошларини моддий нарсалар борасида «ортиқ ташвишланмасликка» ундаган. Унинг маслаҳатлари доим доно ва тўғри. Шу боис, уларга амал қилишни истаймиз, аммо баъзида бундай қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Нега?

5. Нима учун баъзилар моддий эҳтиёжлари ҳақида ташвишланиши мумкин?

 5 Баъзилар моддий эҳтиёжлари — озиқ-овқат, кийим-кечак ва бош пана ҳақида ташвишланиши мумкин. Эҳтимол, улар иқтисодий жиҳатдан камбағал мамлакатда яшайди. Ёки оиласини боқиш учун етарлича пул топиш қийин кечаётгандир. Ё бўлмаса, оила боқувчиси ҳаётдан кўз юмгани туфайли улар моддий ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Бунинг устига, COVID-19 пандемияси дастидан кўплар ишини йўқотди. (Воиз 9:11) Хўш, бу ва бошқа қийинчиликларга дуч келганимизда, Исонинг ташвишланмаслик борасидаги маслаҳатига амал қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

Моддий эҳтиёжларимизга қандай ғамхўрлик қилишимиз борасида ортиқ ташвишланишнинг ўрнига, Яҳовага бўлган ишончимизни мустаҳкамлашимиз керак (6–8- хатбошиларига қаранг.) *

6. Бир сафар ҳаворий Бутрус билан нима бўлганини таърифлаб беринг.

6 Бир сафар ҳаворий Бутрус ва бошқа ҳаворийлар Жалила денгизида қайиқда сузиб кетаётганда, қаттиқ шамол кўтарилди. Шунда улар Исо денгиз устида юриб кетаётганини кўрди. Бутрус: «Ҳазратим, агар бу сиз бўлсангиз, менга буюринг, мен ҳам сув устида юриб ёнингизга борай»,— деди. Исо эса уни: «Келинг!» — деб таклиф қилди. Шунда у қайиқдан чиқиб, «сувнинг устида юрганча Исо томон қадам босди». Кейин нима бўлганига эътибор беринг. Бутрус «қаттиқ шамолни кўриб, қўрққанидан чўка бошлади. У Исога: “Ҳазратим, мени қутқаринг!” — деб ҳайқирди». Шунда Исо қўлини чўзиб, уни ушлаб олди. Унутмангки, Бутрус Исога қарагани учун сув устида юриб кетаётганди. Лекин қаттиқ шамолни кўргач, у қўрқиб кетди ва чўка бошлади. (Мат. 14:24–31)

7. Бутруснинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин?

7 Бутруснинг мисолидан сабоқ олишимиз мумкин. У қайиқдан чиқиб, сув устида юра бошлаганда, хавотирланиб чўка бошлашини хаёлига ҳам келтирмаган. У Исонинг олдигача сув устида юриб боришни истаган. Лекин мақсадини кўздан қочиргани учун бунинг уддасидан чиқмаган. Албатта биз сув устида юрмаймиз, аммо имон синовларига дуч келамиз. Яҳовага ва Унинг ваъдаларига кўз тикмай қўйсак, биз ҳам маънан чўкамиз. Ҳаётимизда рамзий маънода шамолларга дуч келсак ҳам диққатимизни Яҳовага ва У ёрдам беришга қодир эканига қаратишимиз лозим. Қанақасига?

8. Моддий эҳтиёжларимиз ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмасликка нима ёрдам беради?

8 Муаммоларимиз дастидан ташвишланмай Яҳовага таянишимиз керак. Унутманг, севувчи Отамиз Яҳова маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйсак, моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилишига кафолат беряпти. (Мат. 6:32, 33) Дарвоқе, У доим бу ваъдасида туриб келган. (Қонун. 8:4, 15, 16; Заб. 37:25) Худо қушлару гулларга ғамхўрлик қилар экан, бизга ҳам ғамхўрлик қилишидан шубҳаланмасак бўлади. (Мат. 6:26–30; Филип. 4:6, 7) Севги ота-онани фарзандига моддий жиҳатдан ғамхўрлик қилишга ундаганидай, самовий Отамиз ҳам бизни севгани учун ғамхўрлик қилади. Ҳа, Яҳова бизни асло ташлаб қўймаслигига амин бўлишимиз мумкин!

9. Бир жуфтликнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

9 Яҳова моддий эҳтиёжларимизга қандай ғамхўрлик қилишини кўрсатувчи бир мисолга эътибор қаратайлик. Кашшоф жуфтлик бир нечта опамизни муҳожирлар яшайдиган жойдан йиғилишга олиб бориш учун эски машинасида бир соатдан кўпроқ йўл юрган. Биродаримиз шундай деди: «Йиғилишдан кейин опаларимизни меҳмонга таклиф қилдик. Лекин уйимизда овқатимиз йўқлигини эсладик». Хўш, кейин нима бўлди? Биродар қуйидагиларни айтди: «Уйимизга келаганда, эшигимиз олдида озиқ-овқат солинган иккита катта сумка турганди. Уларни ким олиб келганини билмаймиз. Яҳова бизга ғамхўрлик қилди». Сал вақт ўтгач, бу жуфтликнинг машинаси бузилиб қолди. Улар хизматга бориши керак эди. Лекин уни тузатиш учун пули бўлмаганди. Машинасини тузатишига қанча пул кетишини билиш учун уни устахонага олиб борди. Кейин бир киши уларнинг ёнига келиб: «Бу кимнинг машинаси?» — деб сўради. Биродаримиз бу машина уники ва уни тузатмоқчи эканини айтди. У киши шундай деди: «Ҳеч қиси йўқ. Хотиним айнан шу русумдаги ва рангдаги машинани хоҳлайди. Уни қанчага сотасиз?» Биродаримиз уни ўша кишига сотиб, ўрнига бошқасини харид қилди. У шундай деб бўлишди: «Ўша куни қувончимиз ичимизга сиғмасди. Бу тасодиф бўлмаган, бу Яҳованинг қўли эди».

10. Забур 37:5 га кўра, нега моддий эҳтиёжларимиз ҳақида ташвишланмаслигимиз керак?

10 Чўпонимизга қулоқ солиб, моддий эҳтиёжларимиз ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмасак, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишонсак бўлади. (Забур 37:5 ни ўқинг; 1 Бутр. 5:7)  5- хатбошида келтирилган вазиятларни эсланг. Эҳтимол, ҳозиргача Яҳова оила боши ёки иш берувчимиздан фойдаланиб бизга ғамхўрлик қилиб келгандир. Борди-ю, энди оила боши бундай қила олмаса ёки ишимизни йўқотсак, Яҳова бизга бошқа йўл орқали ғамхўрлик қилади. У бизни асло ташлаб қўймайди! Энди эса, келинг, чўпонимиз яна нима қилмаслигимиз кераклигини айтаётганини кўриб чиқамиз.

«БОШҚАЛАРНИ ҲУКМ ҚИЛИШНИ БАС ҚИЛИНГЛАР»

Бошқаларнинг яхши томонларига диққат қаратсак, уларни ҳукм қилмай қўямиз (11-, 14–16- хатбошиларига қаранг.) *

11. Исо нима қилишни бас қилинг деган ва нега бу осон бўлмаслиги мумкин? (Матто 7:1, 2)

11 Матто 7:1, 2 ни ўқинг. Исо одамлар номукаммал ва бошқаларни танқид қилишга мойил эканини билган. Шу боис, у: «Ҳукм қилишни бас қилинглар»,— деган. Имондошларимизни ҳукм қилмаслик учун жон куйдираётгандирмиз. Аммо баъзида ўхшамай қолиши ҳеч гап эмас. Гоҳида бошқаларни танқид қилаётганимизни пайқасак, нима қилсак бўлади? Исога қулоқ солинг ва ҳукм қилишни бас қилишга ҳаракат қилинг.

12, 13. Қандай қилиб Яҳованинг мисоли бошқаларни ҳукм қилмаслигимизга ёрдам бериши мумкин?

12 Яҳованинг мисоли устида мулоҳаза юритиб фойда олишимиз мумкин. У одамларнинг яхши томонларига диққат қаратади. Буни шоҳ Довуд оғир гуноҳлар қилганида, Худо у билан қандай йўл тутганидан кўрса бўлади. Масалан, Довуд Ботшева билан зино қилиб, унинг эрини ўлдирди. (2 Шоҳ. 11:2–4, 14, 15, 24) Оқибатда Довуд нафақат ўзи, балки оиласи ва бошқа хотинлари ҳам азоб чекди. (2 Шоҳ. 12:10, 11) Бошқа вазиятда эса у Исроил қўшинидагиларни рўйхатдан ўтказиб, Яҳовага буткул таянмаганини кўрсатди. Эҳтимол, бунга унинг мағрурлиги ва Яҳовага эмас, балки улкан қўшинига таянгани сабаб бўлгандир. Хўш, бунинг оқибати қандай бўлди? Тахминан 70 000 исроиллик ўлатдан нобуд бўлди. (2 Шоҳ. 24:1–4, 10–15)

13 Ўша пайтда Исроилда яшаганингизда, Довуд ҳақида қандай фикрга борардингиз? У Яҳованинг раҳм-шафқатига нолойиқ, деб уни ҳукм қилармидингиз? Яҳова бундай қилмаган. У Довуд ҳаёти мобайнида садоқатли бўлганига ва чин дилдан тавба қилганига диққат қаратган. Шунинг учун, У Довуднинг оғир гуноҳларини кечирган. Яҳова Довуд уни қаттиқ севишини ва тўғри ишлар қилишни хоҳлаганини билган. Аллоҳ яхши томонларимизга диққат қаратаётганидан ниҳоятда миннатдормиз. (3 Шоҳ. 9:4; 1 Сол. 29:10, 17)

14. Бошқаларни ҳукм қилмаслигимизга нима ёрдам беради?

14 Яҳова бошқалардан мукаммалликни кутмайди. Биз ҳам бошқалардан мукаммаллик кутмай, уларнинг яхши томонларига диққат қаратишимиз лозим. Одатда бошқаларнинг камчиликларини кўриш ва уларни танқид қилиш жуда осон. Аммо маънавий инсон бундай камчиликларни кўрса ҳам ҳамкорлик қилишда давом этади. Ишлов берилмаган олмос чиройли бўлмайди, бироқ доно одам унга сайқал берилганидан кейин у жуда чиройли ва қимматбаҳо бриллиантга айланишини билади. Яҳова ҳамда Исо каби одамларнинг камчиликларига эмас, балки уларнинг яхши фазилатларига диққат қаратишимиз лозим.

15. Нега одамларнинг шароитлари ҳақида ўйлаб кўриш уларни танқид қилмасликка кўмаклашади?

15 Бошқаларнинг яхши хислатларига диққат қаратишдан ташқари, уларни танқид қилмасликка яна нима ёрдам беради? Уларнинг ҳаётини тасаввур қилиб кўришга интилинг. Бир мисолга эътибор беринг. Кунларнинг бирида Исо маъбадда камбағал бева аёл хайр-эҳсон идишига икки чақа ташлаганини кўрди. У : «Нега у кўпроқ хайр-эҳсон қилмади?» — деб айтмади. Аксинча, у ўша аёл нега бундай қилгани ва шароитлари ҳақида ўйлаб кўриб, у қўлидан келганини қилгани учун уни мақтади. (Луқо 21:1–4)

16. Верониканинг мисолидан нимани ўрганишингиз мумкин?

16 Вероника исмли опамизнинг мисолини кўриб чиқиш орқали бошқаларнинг шароитлари ҳақида ўйлаш фойдали эканини билиб оламиз. У хизмат қилган жамоатда бир опамиз ўғлини ёлғиз ўзи катта қиларди. Вероника шундай деб бўлишди: «Улар йиғилишларга доим ҳам келмасди ва хизматда мунтазам иштирок этмасди. Шу боис, уларга нисбатан фикрим ижобий бўлмаган. Бироқ ўша опамиз билан ваъзгўйликда ҳамкорлик қилдик. У менга ўғли аутизм касаллигига чалинганини ва бу унга қийинчиликлар туғдирганини айтди. Бу опамиз жисмоний ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун зўр бериб ҳаракат қиларди. Гоҳида ўғлининг соғлиги туфайли йиғилишларни қолдирмаслик учун бошқа жамоатга борарди». Вероника қуйидагича хулоса қилди: «Бу опамиз шундай қийинчиликларни бошдан ўтказаётгани хаёлимнинг кўчасига ҳам кирмаган эди. Ҳозир унга нисбатан севгим ва ҳурматим чексиз, чунки у Яҳовага хизмат қилиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиляпти».

17. Ёқуб 2:8 га кўра, нима қилишимиз керак ва буни қай йўсин қила оламиз?

17 Агар имондошларимизни ҳукм қилаётганимизни пайқасак, нима қилишимиз лозим? Биродару опа-сингилларимизни севишимиз кераклигини ёдда тутишимиз керак. (Ёқуб 2:8 ни ўқинг.) Шунингдек, Яҳовага сидқидилдан ибодат қилиб, ҳукм қилмаслигимизга ёрдам беришини сўрасак бўлади. Ибодатларимизга мувофиқ равишда биз танқид қилаётган киши билан вақт ўтказишга ташаббус кўрсатишимиз керак. Шунда уни яхшироқ билиб олармиз. Масалан, уни ваъзгўйлик хизматига ёки меҳмонга таклиф қилсак бўлади. Имондошимизни яхшироқ таниб-билсак, Яҳова ҳамда Исо каби унинг яхши томонларини кўра оламиз. Шу йўсин, чўпонимизнинг ҳукм қилишни бас қилиш борасидаги амрига қулоқ солаётганимизни кўрсатамиз.

18. Чўпонимизга қулоқ солаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

18 Том маънодаги қўйлар чўпонининг овозини эшитгани каби, Исонинг издошлари ҳам унинг овозини эшитади ва қулоқ солади. Моддий эҳтиёжларимиз ҳақида ортиқ ташвишланмасак ва ҳукм қилишни бас қилсак, Яҳова ҳамда Исо ҳаракатларимизга барака беради. «Кичик пода» ёки «бошқа қўйлар» қаторига кирамизми, чўпонимизнинг овозини эшитишда ва қулоқ солишда давом этайлик. (Луқо 12:32; Юҳан. 10:11, 14, 16) Исо издошларига иккита нарсани қилиш кераклигини айтган. Кейинги мақолада уларни кўриб чиқамиз.

101- ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик

^ Исо Масиҳ қўйлари унинг овозини эшитишини айтганда, шогирдлари унинг таълимотларига қулоқ солишини ва уларга амал қилишини назарда тутган. Бу мақолада Исо айтган иккита муҳим фикрни кўриб чиқамиз. Улар моддий нарсалар борасида ортиқ ташвишланмаслик ва ҳукм қилишни бас қилиш ҳақида. Шунингдек, унинг айтганларига қандай амал қилишимиз мумкинлигини ҳам билиб оламиз.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Биродар ишини йўқотди, оиласини боқиш ва янги жойни топиш учун пули етмаяпти. Эҳтиёт бўлмаса, у ташвишларга берилиб кетганидан Яҳовани иккинчи ўринга қўйиши мумкин.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Биродар йиғилишга кеч қолди. Лекин у норасмий шоҳидлик беришда, ёши катта опамизга амалий ёрдам кўрсатишда ва Йиғилиш залида тозалик ишларини қилишда яхши ўрнак кўрсатяпти.