Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

6- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова доим тўғри йўл тутишига ишоняпсизми?

Яҳова доим тўғри йўл тутишига ишоняпсизми?

У — Қоя, Унинг ишлари мукаммалдир, барча йўллари адолатли, асло ноҳақлик қилмайдиган садоқатли Худодир. У одил ва ҳақдир. ҚОНУН. 32:4

3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. а) Нега кўплар ҳокимиятга эга бўлган инсонларга ишонишга қийналади? б) Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

 ҲОЗИР кўплар ҳокимиятга эга бўлган инсонларга ишонишга қийналади. Улар ҳукумат вакиллари ва улар чиқарган қонунлар кўпинча камбағалларни эмас, бой ва қудратли инсонларни ҳимоя қилишини кўради. Муқаддас Китобда: «Инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилаётгани фақат зиён келтиради»,— деб аниқ ёзилган. (Воиз 8:9) Бундан ташқари, баъзи дин раҳбарлари ёмон ишларга қўл уряпти. Бунинг дастидан айримлар Худога ишонмай қўйяпти. Шу боис, бирон киши Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлса, унга Яҳовага ҳамда У ер юзида тайинлаган кишиларга бўлган ишончини ривожлантиришга ёрдам беришимиз лозим.

2 Албатта, нафақат Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганлар, балки биз ҳам Яҳова ҳамда Унинг ташкилотига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашимиз керак. Ҳатто Яҳовага анча йиллардан бери хизмат қилаётган масиҳийлар У доим тўғри йўл тутишига бўлган ишончини йўқотмаслиги лозим. Баъзида бу борадаги ишончимиз синалиши мумкин. Мазкур мақолада қуйидаги учта вазиятда ишончимиз синалиши мумкинлигини кўриб чиқамиз: 1) Муқаддас Китобдаги муайян баёнотни ўқиганимизда, 2) Яҳованинг ташкилотидан йўл-йўриқ олганимизда, 3) келажакда муайян қийинчиликка дуч келганимизда.

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎҚИЁТГАНИНГИЗДА, ЯҲОВАГА ИШОНИНГ

3. Муқаддас Китобни ўқиётганда, қай йўсин Яҳовага бўлган ишончимиз синалиши мумкин?

 3 Каломни ўқиганимизда, нега Яҳова баъзилар билан бундай, бошқалар билан эса ундай йўл тутган, деб ўйлаб қолишимиз мумкин. Мисол учун, Саҳрода китобида Яҳова Шаббат куни ўтин терган исроилликни ўлимга маҳкум этгани ҳақида ўқиймиз. Шоҳлар тарихи иккинчи китобда эса асрлар ўтгач, зино ва қотиллик қилган шоҳ Довудни Яҳова кечиргани ҳақида билиб оляпмиз. (Саҳ. 15:32, 35; 2 Шоҳ. 12:9, 13) Шундай ўйлашимиз мумкин: «Нега Худо Довуд зино ва қотиллик қилганини кечирган-у, бошқа кишининг унча жиддий бўлмаган гуноҳини кечирмаган?» Бу саволга жавоб топиш учун, келинг, Муқаддас Китобни ўқиганимизда ёдда тутишимиз керак бўлган учта омилни кўриб чиқайлик.

4. Яҳованинг ҳукмларига нисбатан ишончимизни қай йўсин мустаҳкамлай оламиз? (Ибтидо 18:20, 21; Қонунлар 10:17)

4 Муқаддас Китобда доим ҳам муайян баёнотлар батафсил ёритиб берилмаган. Мисол учун, Довуд қилмишларидан чин дилдан тавба қилганини биламиз. (Заб. 51:2–4) Бироқ Шаббат қонунини бузган инсон ҳақида нима деса бўлади? У қандай инсон бўлган? У қилган гуноҳидан афсусланганми? Олдинлари Яҳованинг қонунларига бўйсунганми? Ё бўлмаса, Худонинг огоҳлантиришларини назарига илмай ҳатто уларга қулоқ солмаганми? Муқаддас Китобда булар ҳақида айтилмаган. Лекин шунга амин бўлишимиз мумкинки, Яҳова «асло ноҳақлик қилмайди». (Қонун. 32:4) Одатда одамлар кимдир ҳақида бошқаларнинг гап-сўзию нотўғри фикрлари асосида хулоса чиқаради. Аммо номукаммал одамлардан фарқли равишда, Яҳова барча тафсилотларни инобатга олган ҳолда қарор чиқаради. (Ибтидо 18:20, 21; Қонунлар 10:17 ни ўқинг.) Яҳова ҳамда Унинг меъёрлари тўғрисида қанча кўп билимга эга бўлсак, ҳукмларига бўлган ишончимиз шунча ошади. Муқаддас Китобдаги муайян баёнот тўғрисида саволлар туғилса ва уларга ўша пайтнинг ўзида жавоб топа олмасак ҳам, Яҳованинг «барча йўллари адолатли» эканига ишониш учун етарлича билимга эгамиз. (Заб. 145:17)

5. Номукамаллигимиз хулоса чиқариш қобилиятимизга қандай таъсир қилади? (« Номукаммаллик адолат борасидаги нуқтаи назаримизга таъсир қилади» номли рамкага ҳам қаранг.)

5 Номукаммал бўлганимиз учун доим ҳам бошқаларни тўғри ҳукм қила олмаймиз. Аллоҳ бизни Ўзига монанд қилиб яратган. Шу боис, одамлар адолатли йўл тутса бу бизга ёқади. (Ибт. 1:26) Лекин номукаммал бўлганимиз учун ҳатто барча тафсилотларни биламан, деб ўйлаганимизда ҳам нотўғри хулоса чиқаришимиз мумкин. Эсингизда бўлса, Яҳова Ниневиядаги одамларга раҳм-шафқат кўрсатганида, Юнусга бу ёқмади. (Юнус 3:10–4:1) Аммо бунинг натижаси қандай бўлган? Ниневияда яшаган 120 000 дан зиёд киши тавба қилиб омон қолган. Ўшанда Яҳова эмас, Юнус нотўғри ҳукм қилган.

6. Нега Яҳова чиқарган қарорларининг сабабини тушунтиришга мажбур эмас?

6 Яҳова нега у ёки бу қарорни чиқарганининг сабабини тушунтиришга мажбур эмас. Тўғри, Яҳова ўтмишда хизматчилари Унинг чиқарган ёки чиқармоқчи бўлган қарорлари ҳақида фикрини айтишга йўл қўйган. (Ибт. 18:25; Юнус 4:2, 3) Баъзида У чиқарган қарорининг сабабини тушунтирган. (Юнус 4:10, 11) Лекин Яҳова бундай қилишга мажбур эмас. У Яратувчимиз сифатида бирон нима қилишидан олдин ёки қилиб бўлганидан кейин розилигимизни олишга муҳтож эмас. (Ишаё 40:13, 14; 55:9)

ЙЎЛ-ЙЎРИҚ ОЛГАНИНГИЗДА, ЯҲОВАГА ИШОНИНГ

7. Қандай қийинчиликка дуч келишимиз мумкин ва нима учун?

7 Шубҳасизки, Яҳова ҳамиша тўғри йўл тутишига аминмиз. Аммо У ер юзида тайинлаган кишиларга ишониш биз учун қийин бўлар. Яҳованинг ташкилотида муайян ҳокимиятга эга бўлган кишилар айнан Унинг йўл-йўриғига биноан йўл тутяптими ёки ўз фикрига асосланиб бундай қиляптими, деб ўйлашимиз мумкин. Қадимда яшаган баъзи кишилар шундай хулоса қилгандир.  Учинчи хатбошидаги мисолларни эслайлик. Шаббат куни ҳақидаги қонунни бузган кишининг қариндоши Мусо пайғамбар уни ўлимга лойиқ, деб эълон қилишдан аввал чиндан ҳам Яҳова билан маслаҳатлашдими деган фикрга борган бўлиши мумкин. Хетий Уриёнинг хотини Довуд билан зино қилган. Уриёнинг дўсти Довуд шоҳ бўлгани учун ўлим жазосидан қутулиб қолган, деб ўйлагандир. Муҳим ҳақиқат шуки, Яҳова ишонган ва ер юзида тайинлаган кишиларга ишонмасак, демак, Унга ишонмаяпмиз.

8. Биринчи асрдаги ва ҳозирги жамоат ўртасида қандай ўхшашлик бор? (Ҳаворийлар 16:4, 5)

8 Ҳозирда Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисмини «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали бошқаряпти. (Мат. 24:45) Биринчи асрдаги етакчи кенгаш сингари бу хизматкор ҳам Худонинг ер юзидаги хизматчиларига бош-қош бўляпти ва оқсоқолларга йўл-йўриқ беряпти. (Ҳаворийлар 16:4, 5 ни ўқинг.) Оқсоқоллар ўз навбатида бу йўл-йўриқларни жамоатларга етказяпти. Ташкилот ва оқсоқоллар бераётган йўл-йўриқларга амал қилиш орқали Яҳова доим тўғри йўл тутишига ишонаётганимизни кўрсатамиз.

9. Оқсоқолларнинг қарорини қўллаб-қувватлаш қачон қийин бўлиши мумкин ва нега?

9 Гоҳида оқсоқоллар чиқарган қарорларни қўллаб-қувватлаш осон бўлмаслиги мумкин. Масалан, сўнгги йилларда кўп жамоатларда ва ҳудудларда ўзгаришлар юз берди. Баъзи ҳолларда оқсоқоллар Йиғилиш залларимизнинг кўп қисми бўш турмаслиги учун ваъзгўйларга бошқа жамоатларга ўтишни айтишди. Агар биздан ҳам янги жамоатга ўтишни сўрашса, дўстларимизни ва оила аъзоларимизни қолдириб кетиш осон бўлмаслиги мумкин. Хўш, оқсоқоллар ҳар бир ваъзгўйни айнан қайси жамоатга тайинлаши борасида Яҳовадан йўл-йўриқ оладими? Йўқ. Шунинг учун, бу масалада олган йўл-йўриққа амал қилиш биз учун қийин бўлиши мумкин. Аммо Яҳова оқсоқолларга бу борада ишонади. Биз ҳам уларга ишонишимиз керак *.

10. Нима учун оқсоқоллар билан ҳамкорлик қилишимиз керак? (Ибронийларга 13:17)

10 Ҳатто оқсоқоллар чиқарган қарорлар биз ўйлагандай бўлмаса ҳам улар билан ҳамкорлик қилишимиз ва уларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бундай йўл тутиб, Худонинг халқи орасида тинчлик бўлишига ҳисса қўшамиз. (Эфес. 4:2, 3) Шунингдек, оқсоқоллар кенгаши чиқарган қарорни қўллаб-қувватлаганимизда, жамоатлар мустаҳкамланади. (Ибронийларга 13:17 ни ўқинг.) Энг асосийси, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишни топширган биродарларга ишониш орқали Унга ишонаётганимизни кўрсатамиз. (Ҳавор. 20:28)

11. Оқсоқолларнинг йўл-йўриғига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашга нима ёрдам беради?

11 Қуйидаги фикрларни ёдда тутган ҳолда, оқсоқоллар бераётган йўл-йўриқларга бўлган ишончимизни мустаҳкамлай оламиз. Улар жамоатдаги масалаларни кўриб чиқаётганда, муқаддас руҳ уларни бошқаришини сўраб ибодат қилади. Шунингдек, улар Муқаддас Китобдаги мос принципларни яхшилаб кўриб чиқади ва ташкилотимиз бераётган йўл-йўриқларга амал қилади. Оқсоқоллар Яҳовага маъқул келишни ва Унинг халқига ғамхўрлик қилишни хоҳлайди. Зеро, садоқатли кишилар ўз вазифасини қай тарзда бажараётгани борасида Худонинг олдида жавобгар эканини билади. (1 Бутр. 5:2, 3) Бир ўйлаб кўринг: ирқ, дин ва сиёсат туфайли бўлинган бу дунёда биз Яҳовага якдил халқ сифатида топиняпмиз. Бу Яҳова ташкилотини қўллаб-қувватлаётгани учун юз беряпти.

12. Оқсоқоллар одам чиндан ҳам тавба қилаётган-қилмаётганини аниқлаш учун қайси омилларни инобатга олади?

12 Яҳова оқсоқолларга жамоатни пок сақлаш каби жиддий масъулиятни топширган. Борди-ю, масиҳий оғир гуноҳга қўл урса, Яҳова оқсоқоллардан ўша одам жамоатда қолиш-қолмаслиги борасида қарор чиқаришини кутади. Бундан ташқари, улар киши чиндан ҳам тавба қилаётганини аниқлаши керак бўлади. Гуноҳга қўл урган одам пушаймонман, деб айтиши мумкин. Лекин у қилган ишидан чиндан ҳам нафратланяптими? Бу ишга бошқа қўл урмаслик қарори қатъийми? Гуноҳ қилишига хулқ-атвори ёмон дўстлари сабаб бўлган бўлса, у улар билан муносабатларини узишга тайёрми? Оқсоқоллар масалага тегишли барча омилларни Муқаддас Ёзувлар асосида кўриб чиқади ва одамнинг қилмишига бўлган муносабатини инобатга олади. Сўнг улар киши жамоатда қолади, деб қарор чиқариши мумкин. Баъзи ҳолларда уни жамоатдан четлатиш керак бўлади. (1 Кор. 5:11–13)

13. Дўст ёки қариндошимиз жамоатдан четлатилса, нима ҳақида ташвишланишимиз мумкин?

13 Оқсоқолларга бўлган ишончимиз қандай синалиши мумкин? Жамоатдан четлатилган инсон яқин дўстимиз ёки қариндошимиз бўлмаса, оқсоқолларнинг бу қарорини қабул қилиш осон кечар. Лекин у яқин дўстимиз бўлса-чи? Шунда оқсоқоллар ҳамма тафсилотларни инобатга олдими ёки улар вазиятга Яҳованинг назари билан қарадими, деб ташвишланишимиз ҳеч гап эмас. Уларнинг қарорига тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкин?

14. Жамоатдан четлатиш борасидаги оқсоқолларнинг қарори шахсан менга таъсир қилаётган бўлса, бунга қандай муносабатда бўламан?

14 Жамоатдан четлатиш Яҳова ўрнатган тартиб бўлиб, бу ҳам жамоатдагиларга, ҳам гуноҳ қилган кишига фойда келтиришини ёдда сақласак яхши бўларди. Гуноҳга қўл урган киши четлатилмаса, жамоатдагиларга салбий таъсир қилиши ҳеч гап эмас. (Галат. 5:9) Бунинг устига, у қилмишининг жиддийлигини тушунмаслиги ва Яҳова билан яна дўст бўлиш учун фикрлаш тарзию ҳаракатларига ўзгаришлар киритмаслиги мумкин. (Воиз 8:11) Оқсоқоллар кишини жамоатдан четлатиш-четлатмаслик масаласига жиддий ёндашишига ишонсак бўлади. Улар Исроилдаги ҳакамлар каби «одамнинг эмас, Яҳованинг номидан ҳакамлик» қилаётганини тушунади. (2 Сол. 19:6, 7)

ҲОЗИР ЯҲОВАГА ИШОНАЁТГАНИМИЗ ҚАЙ ЙЎСИН БИЗНИ КЕЛАЖАККА ТАЙЁРЛАЙДИ?

Буюк мусибатда оладиган йўл-йўриқларга ишонишимизга ва амал қилишимизга нима ёрдам беради? (15- хатбошига қаранг.)

15. Нега ҳозир ҳар қачонгидан ҳам Яҳованинг йўл-йўриқларига ишонишимиз керак?

15 Бу ёвуз дунёнинг охири яқин экан, Яҳова доимо тўғри қарор чиқаришига бўлган ишончимизни ҳар қачонгидан ҳам кучайтиришимиз керак. Нима учун? Сабаби буюк мусибатда бизга ғалати, амалий эмас ёки мантиқсиз туюладиган йўл-йўриқлар олишимиз мумкин. Албатта, Яҳова бизга шахсан гапирмайди. У тайинланган кишилар орқали йўл-йўриқлар беради. Ўшанда шубҳаланишнинг ёки бу йўл-йўриқ ростдан ҳам Яҳоваданми ё масъулиятли биродарларнинг шахсий фикрими, деб ўйлашнинг вақти бўлмайди. Ўша муҳим даврда Яҳовага ва ташкилотига ишонасизми? Ҳозир ташкилотнинг йўл-йўриқларига қандай муносабатда бўлаётганимиз, бу саволнинг жавобини олишимизга ёрдам беради. Бугунги кунда олаётган йўл-йўриқларга ишонсак ва уларга тайёрлик ила амал қилсак, буюк мусибатда ҳам шундай қиламиз. (Луқо 16:10)

16. Яқин келажакда Яҳованинг ҳукмларига бўлган ишончимиз қандай синалиши мумкин?

16 Ушбу ёвуз дунёнинг охири келганида, Яҳованинг ҳукмларига қандай муносабат билдиришимиз ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Имондошимиз бўлмаган кўп одамлар, жумладан, қариндошларимиз бу кун келишидан аввал Худога хизмат қилишига умид қиляпмиз. Армагеддон жангида эса Яҳова Исо орқали уларнинг келажагига тегишли охирги қарорни чиқаради. (Мат. 25:31–33; 2 Салон. 1:7–9) Ким Яҳованинг раҳм-шафқатига лойиқ бўлишию бўлмаслиги бизга боғлиқ бўлмайди. (Мат. 25:34, 41, 46) Ўшанда Яҳованинг ҳукмларига ишонамизми ёки улар биз учун қоқинтирадиган тош бўладими? Агар ҳозирдан Яҳовага ишонсак, келажакда ҳам унга тўлиқ ишона оламиз.

17. Ушбу замонанинг охирида Яҳова чиқарган ҳукмлардан қандай фойда оламиз?

17 Янги дунёда Яҳованинг ҳукмлари туфайли юз берадиган ўзгаришларни кўрганимизда, нималарни ҳис қилишимизни бир тасаввур қилинг. Сохта диндан из қолмайди. Бутун тарих давомида бўлганидай, очкўз тижорат тизими ёки ҳукуматлар дастидан одамлар бошқа азоб чекмайди. Соғлик муаммолари, қарилик ва яқинларимизнинг ўлими ўтмишда қолади. Қолаверса, Шайтон ва жинлар минг йил давомида одамларга таъсир қила олмайди. Уларнинг исёни келтирган асоратлар йўқ бўлиб кетади. (Ваҳ. 20:2, 3) Ўшанда Яҳова доимо тўғри қарор чиқаришига ҳозир ишонаётганимиздан жуда миннатдор бўламиз.

18. Исроил халқининг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз? (Саҳрода 11:4–6; 21:5)

18 Янги дунёдаги ҳаёт Яҳова доим тўғри йўл тутишига бўлган ишончимизни синайдими? Исроил халқи Мисрдаги қулликдан озод бўлганидан кўп ўтмай, нима юз бергани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Уларнинг айримлари у ердаги озиқ-овқатни соғиниб нолий бошлади ва Яҳова тақдим этган маннани қадрламай қўйди. (Саҳрода 11:4–6; 21:5 ни ўқинг.) Бизда ҳам буюк мусибатдан кейин шунга ўхшаш фикрлар бўлиши мумкинми? Ер юзини вайронагарчиликлардан тозалаш ва уни аста-секин жаннатга айлантириш кўп меҳнат талаб қилади. Ўшанда анчагина тер тўкишимиз керак бўлади ва бу баъзи қийинчиликларни туғдириши ҳеч гап эмас. Бу пайт келганида Яҳова бизга бераётган нарсаларидан нолиймизми? Бир нарса аниқ: ҳозирдан Яҳова тақдим этаётган барча нарса учун миннатдор бўлишни ўргансак, ўшанда ҳам шундай нуқтаи назарга эга бўламиз.

19. Бу мақоладаги асосий фикрларни келтиринг.

19 Яҳова доим тўғри йўл тутишига амин бўлишимиз лозим. Шунингдек, Худо тайинлаган кишилар Унинг йўл-йўриқларига амал қилишига ишонар экан, биз ҳам уларга ишонишимиз керак. Яҳова Ишаё пайғамбар орқали айтган қуйидаги сўзларни асло унутманг: «Хотиржам бўлиб Менга таянсангиз, кучли бўласиз». (Ишаё 30:15)

98- ҚЎШИҚ Худо томонидан илҳомлантирилган Ёзувлар

^ Мазкур мақолада Яҳова ҳамда Унинг ер юзидаги вакилларига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашга нега муҳтож эканимизни кўрамиз. Қолаверса, бундай қилиш бизга ҳозир қандай фойда келтиришини ва келажакдаги қийинчиликларга қай йўсин тайёрлашини билиб оламиз.

^ Баъзида ўзгача вазиятлар туфайли киши ёки бутун оила хизмат қилаётган жамоатида қолиши мумкин. «Илоҳий хизматимиз»нинг 2002 йил ноябрь (рус) сонидаги «Долзарб саволлар» га қаранг.