Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Маслаҳатингиз «қалбни шод» этяптими?

Маслаҳатингиз «қалбни шод» этяптими?

Мой ва хушбўй тутатқи қалбни шод этади, чин дилдан маслаҳат берган дўст ҳам шундайдир. ҲИК. 27:9

102- ҚЎШИҚ «Муҳтожларга ёрдам беринг»

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Маслаҳат бериш борасида бир биродаримиз нимани ўрганди?

 КЎП ЙИЛЛАР аввал иккита оқсоқол қайсидир вақт давомида йиғилишларга бормаган опамизникига ташриф буюрди. Улардан бири йиғилишларга боришга ундайдиган бир нечта оятни ўқиб берди. У бу суҳбат опамизга далда берди, деб ўйлади. Лекин улар кетаётганида опамиз: «Эҳ биродарлар, қандай муаммоларга дуч келаётганимни билсангиз эди»,— деди. Иккита оқсоқол опамизнинг муаммолари ва шароити ҳақида ҳеч нарса сўрамай маслаҳат берганди. Натижада, опамиз уларнинг маслаҳатидан фойда олмади.

2 Ўтмишга қараб, оятларни ўқиган оқсоқол шундай деди: «Ўшанда имондошимиз менга ҳурматсизлик қилди, деб тушунгандим. Ҳозир ўйлаб қарасам, мос келадиган оятларни ўқибман-у, лекин мос келадиган саволларни бермабман. Масалан, ундан: “Қандай қийинчиликларни бошдан кечиряпсиз? Сизга қандай ёрдам бера оламан?” — деб сўрашим мумкин эди». Бу оқсоқол ўзига қимматли сабоқ олди. Ҳозирда у ҳамдард ва ёрдам беришга тайёр чўпон сифатида хизмат қиляпти.

3. Жамоатда кимлар маслаҳат бериши мумкин?

 3 Чўпонлар сифатида оқсоқоллар керак бўлганида маслаҳат беришга масъулдир. Лекин баъзида жамоатдаги бошқалар ҳам маслаҳат беради. Масалан, биродар, опа ёки сингил дўстига Муқаддас Китоб асосида маслаҳат бериши мумкин. (Заб. 141:5; Ҳик. 25:12) Ё бўлмаса, ёши катта опамиз синглимизга Титусга 2:3–5 да тилга олинган масалалар бўйича маслаҳат берар. Албаттаки, ота-оналар фарзандларига тез-тез маслаҳат бериб, уларни тўғрилаб туради. Бу мақола биринчи навбатда оқсоқолларга мўлжалланган бўлса-да, маслаҳат бериш борасидаги фикрларни кўриб чиқиш барчамиз учун фойдалидир. Улар амалий, ундовчи ва «қалбни шод этадиган» тарзда маслаҳат беришимизга ёрдам беради. (Ҳик. 27:9)

4. Бу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

4 Бу мақолада маслаҳат бериш борасида қуйидаги тўртта саволни муҳокама қиламиз: «1) Қайси ниятда маслаҳат беряпман? 2) Чиндан ҳам маслаҳат бериш лозимми? 3) Маслаҳатни ким бериши керак? 4) Қандай қилиб фойдали маслаҳат бериш мумкин?»

ҚАЙСИ НИЯТДА МАСЛАҲАТ БЕРЯПМАН?

5. Оқсоқоллар маслаҳатни севги ила берса, нега уни қабул қилиш осонроқ кечади? (1 Коринфликларга 13:4, 7)

5 Оқсоқоллар биродару опа-сингилларни яхши кўради. Баъзида улар кимдир маънавий хавф остида эканини кўрса, унга маслаҳат бериш орқали севишини кўрсатади. (Галат. 6:1) Ўша инсон билан гаплашишдан олдин оқсоқол ҳаворий Павлус қуйида айтиб ўтган севгининг баъзи қирралари устида мулоҳаза юритиши мумкин: «Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир. [...] Севги ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди». (1 Коринфликларга 13:4, 7 ни ўқинг.) Бу оятлар устида мулоҳаза юритиш оқсоқолга қайси ниятда маслаҳат бераётганини ва биродарига қандай нуқтаи назарда эканини текширишга ёрдам беради. Киши оқсоқоллар уни яхши кўргани учун маслаҳат бераётганини тушунса, уни қабул қилиши осонроқ бўлади. (Рим. 12:10)

6. Павлус қандай ўрнак қолдирди?

6 Павлус оқсоқол сифатида яхши ўрнак кўрсатган. Масалан, Салоникадаги имондошлари маслаҳатга муҳтож бўлганида, Павлус уларга бу ҳақда ёзишга иккиланмаган. Аммо у мактубларида биродарларининг имон ва севги ила қилаётган меҳнатига ҳамда сабр-бардошига диққат қаратган. Қолаверса, Павлус уларнинг шароити ҳақида ўйлаган ҳамда ҳаёти осон эмаслигини ва улар таъқибларда сабр-бардошли эканини айтиб ўтган. (1 Салон. 1:3; 2 Салон. 1:4) Бундан ташқари, у улар бошқа масиҳийлар учун ўрнак эканини ёзган. (1 Салон. 1:8, 9) Павлуснинг илиқ мақтовларини ўқиб Салоникадаги масиҳийларнинг боши кўкка етган бўлса керак. Шубҳасизки, Павлус уларни қаттиқ яхши кўрган. Шунинг учун, салоникаликларга йўллаган иккита мактубида у самарали тарзда маслаҳат бера олган. (1 Салон. 4:1, 3–5, 11; 2 Салон. 3:11, 12)

7. Нега баъзилар маслаҳатга салбий муносабат билдириши мумкин?

7 Маслаҳатни нотўғри тарзда берсак нима бўлиши мумкин? Тажрибали битта оқсоқол шундай деди: «Баъзилар маслаҳатга салбий муносабат билдиради. Улар маслаҳат нотўғри бўлгани учун эмас, балки у севги ила берилмагани учун бундай қилади». Хўш, бу борада бизга нима ёрдам бериши мумкин? Агар маслаҳатни жаҳл билан эмас, севги ила берсак, уни қабул қилиш осонроқ кечади.

ЧИНДАН ҲАМ МАСЛАҲАТ БЕРИШ ЛОЗИММИ?

8. Маслаҳат беришдан олдин оқсоқол ўзига қандай саволлар бериши керак?

8 Оқсоқол маслаҳат беришга шошилмаслиги керак. Бундай қилишдан олдин у ўзидан шундай сўраса бўлади: «Чиндан ҳам нимадир дейишим керакми? Унинг хатти-ҳаракати нотўғри эканига аминманми? Муқаддас Китобга зид йўл тутяптими ёки шунчаки нуқтаи назарлар фарқ қиляптими?» Оқсоқоллар доноликни намоён этиб «ўйламай сўзлашдан» қочишади. (Ҳик. 29:20) Оқсоқол кимгадир маслаҳат беришга иккиланса, бошқа оқсоқолдан Муқаддас Китобга зид йўл тутиляптими ёки йўқми сўраши мумкин. (2 Тим. 3:16, 17)

9. Кийиниш ва пардоз-андоз борасида маслаҳат беришда Павлусдан қандай сабоқ оляпмиз? (1 Тимўтийга 2:9, 10)

9 Қуйидаги вазиятни олайлик. Айтайлик, оқсоқол имондошининг кийиниш тарзи ва пардоз-андозидан бироз хавотирланяпти. У ўзига шундай савол бериб кўриши мумкин: «Имондошимга бирон нима айтиш учун Муқаддас Китоб асосида сабабим борми?» Оқсоқол вазиятга кенгроқ қарашни истаб, бошқа оқсоқол ёки маънан етук масиҳий билан фикрларини бўлишар. Улар кийиниш ва пардоз масаласидаги Павлуснинг маслаҳатларини биргаликда кўриб чиқиши мумкин. (1 Тимўтийга 2:9, 10 ни ўқинг.) У кенг қамровли принципларни келтирган. Уларга кўра, масиҳийлар муносиб тарзда, фаҳм-фаросат ва ор-номус билан кийиниши керак. Павлус нима мумкин ва нима мумкин эмаслиги борасида қоидалар рўйхатини келтирмаган. Аксинча, у ҳар бир масиҳий Муқаддас Китоб принципларини қўллаб, дидига мос равишда кийинишга ҳақли эканини тушунган. Шу боис, маслаҳат бериш-бермаслик борасида қарор чиқараётганда, оқсоқоллар кишининг танлови у фаҳм-фаросатли ва ор-номусли эканини кўрсатяптими ё йўқми ўйлаб кўриши керак.

10. Бошқаларнинг қарорини ҳурмат қилишимизга нима ёрдам беради?

10 Иккита маънан етук масиҳий ҳар хил қарор чиқариши мумкинлигини ёдда тутсак яхши бўларди. Лекин бу улардан бири тўғри, бошқаси эса нотўғри йўл тутишини англатмайди. Бизнинг фикримизча тўғри бўлган меъёрларни имондошларимизга ўтказмаслигимиз керак. (Рим. 14:10)

МАСЛАҲАТНИ КИМ БЕРИШИ КЕРАК?

11, 12. Маслаҳат бериш керак бўлганида оқсоқол ўзига қандай саволларни бериши керак ва нега?

11 Маслаҳат бериш керак деб ҳисобланса уни ким бериши керак? Болалар ёки турмуш қурган опа-сингилларга маслаҳат беришдан олдин оқсоқол оила боши билан келишиб олади. Сабаби оила боши масалани ўзи ҳал қилишни истар ёки оқсоқол уларга маслаҳат бераётганида, у ҳам ўша ерда бўлишни хоҳлар *. Қолаверса,  3- хатбошида айтилганидай, баъзида ёши катта опамиз синглимизга маслаҳат бериши мумкин.

12 Яна бир омилни инобатга олиш керак. Оқсоқол ўзига шундай савол бериб кўрса бўлади: «Мен маслаҳат берсам яхшими ёки уни бошқа одам берса ўринлими?» Масалан, ўзини арзимас ҳис қилаётган имондошимизга шу каби қийинчиликни бошдан ўтказган оқсоқол маслаҳат берса, эҳтимол, яхшироқ бўларди. У бу имондошимизникига ўхшаш туйғуларни бошдан кечиргани туфайли ҳамдардликни яхшироқ намоён эта олади. Имондошимиз эса унинг айтганларини тайёрлик ила қабул қилиши мумкин. Лекин кимдир Муқаддас Китоб асосида қандайдир ўзгариш қилиши керак бўлса, уни бунга ундашда барча оқсоқоллар масъулдир. Шу боис, оқсоқол шунга ўхшаш вазиятни бошидан ўтказмаган бўлса ҳам у маслаҳат беради.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТ БЕРИШ МУМКИН?

Нима учун оқсоқоллар «тинглашга тайёр» бўлиши керак? (13-, 14- хатбошиларига қаранг.)

13, 14. Нега оқсоқоллар тинглаши муҳим?

13 Тинглашга тайёр бўлинг. Оқсоқол маслаҳат беришдан аввал тайёрланади ва ўзига шундай саволлар бериб кўради: «Биродаримнинг вазияти ҳақида нималарни биламан? Ҳаётида нима юз беряпти? Мен хабардор бўлмаган қийинчиликлари бормикин? Ҳозир у нимага муҳтож?»

14 Ёқуб 1:19 даги принцип маслаҳат берадиганларга ажойиб тарзда қўл келади. Ёқуб шундай ёзган: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин». Оқсоқол вазиятдан хабардорман, деб ўйлаши мумкин. Лекин аслида ҳам шундайми? Ҳикматлар 18:13 бизга қуйидагини эслатяпти: «Тингламасдан жавоб бериш, аҳмоқлик ва шармандаликдир». Вазиятдан хабардор бўлиш учун сиз маслаҳат бермоқчи бўлган кишининг ўзидан тўғридан-тўғри сўрасангиз бўлади. Бу гапиришдан олдин тинглашни ўз ичига олади. Мақоланинг бошида тилга олинган оқсоқол қандай сабоқ олганини эсланг. У суҳбатни тайёрлаб келган фикрлари билан эмас, балки қуйидаги саволлар билан бошлаши кераклигини тушунган: «Қандай қийинчиликларни бошдан кечиряпсиз? Сизга қандай ёрдам бера оламан?» Оқсоқоллар вазиятдан тўлиқ хабардор бўлиш учун вақт ажратса, биродару опа-сингилларга кўпроқ ёрдам ва далда бериши мумкин.

15. Қай йўсин оқсоқоллар Ҳикматлар 27:23 даги принципни амалда қўллай олади?

15 Сурувни яқиндан билиб олинг. Мақоланинг бошида айтилганидай, маслаҳат фойда келтириши учун бир нечта оятни ўқишнинг ёки бир-иккита тавсия беришнинг ўзи етарли эмас. Имондошларимиз уларга ғамхўрлик қилаётганимизни, уларни тушунаётганимизни ва уларга ёрдам беришни истаётганимизни ҳис қилиши керак. (Ҳикматлар 27:23 ни ўқинг.) Оқсоқоллар биродару опа-сингиллари билан яқин дўст бўлиши лозим.

Нима туфайли оқсоқолларга маслаҳат бериш осонроқ бўлиши мумкин? (16- хатбошига қаранг.)

16. Фойдали маслаҳат беришда оқсоқолларга нима ёрдам беради?

16 Оқсоқоллар имондошларида улар фақатгина нотўғри йўл тутганида маслаҳат бериш учун гаплашадиган шахс сифатида таассурот қолдирмаслиги керак. Аксинча, улар имондошлар билан тез-тез суҳбатлашиши ва қийинчиликка дуч келаётганида, уларга ғамхўрлик қилиши лозим. Битта тажрибали оқсоқол шундай деб бўлишди: «Бундай йўл тутсангиз, имондошлар билан бўлган муносабатингиз янада қалинлашади. Шунда маслаҳат беришга тўғри келганда бу осонроқ кечади». Шунингдек, маслаҳат олаётган кишига ҳам уни қабул қилиш унча муаммо туғдирмайди.

Нега оқсоқол маслаҳат бераётганида, сабрли ва меҳрибон бўлиши керак? (17- хатбошига қаранг.)

17. Айниқса қачон оқсоқол сабрли ва меҳрибон бўлиши лозим?

17 Сабрли ва меҳрибон бўлинг. Агар бирон киши Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни аввалига қабул қилишни хоҳламаса, айниқса, сабрли ва меҳрибон бўлиш керак. Оқсоқол имондоши у берган маслаҳатни дарров қабул қилмаса ёки унга амал қилмаса, аччиқланмаслиги лозим. Муқаддас Китобда Исо ҳақида шундай дейилган: «Букик қамишни синдирмайди, липиллаётган пиликни ҳам ўчирмайди». (Мат. 12:20) Шундай экан, оқсоқол маслаҳат берилаётган киши учун ибодат қилиши мумкин. Масалан, у Яҳовадан ўша кишига барака беришини, нега у бу маслаҳатга муҳтож эканини ва унга амал қилиши кераклигини тушунишига ёрдам беришини сўрар. Маслаҳат олган биродар унга айтилган сўзлар устида фикр юритиб кўриши учун вақт керак бўлар. Агар оқсоқол сабрли ва меҳрибон бўлса, ўша биродар учун маслаҳатга амал қилиш осонроқ бўлади. Албаттаки, маслаҳат Худонинг Каломига асосланган бўлиши керак.

18. а) Маслаҳат бериш борасида нималарни ёдда тутишимиз керак? б) Рамка ва расмга биноан, ота-она нимани муҳокама қиляпти?

18 Хатоларингиздан сабоқ олинг. Номукаммал эканмиз, ушбу мақолада келтирилган тавсияларга мукаммал даражада амал қила олмаймиз. (Ёқб. 3:2) Хатоларга йўл қўямиз, бу юз берганида улардан сабоқ олишга ҳаракат қилишимиз керак. Биродару опа-сингилларимиз уларга бўлган севгимизни ҳис қилса, сўзимиз ёки ишимиз билан уларни хафа қилганимизда, бизни кечириши осонроқ бўлар. (« Ота-она учун эслатма» номли рамкага ҳам қаранг.)

НИМАЛАРНИ БИЛИБ ОЛДИК?

19. Қай йўсин биродару опа-сингилларнинг қалбини шод эта оламиз?

19 Кўриб чиққанимиздай, фойдали маслаҳат бериш осон эмас. Маслаҳат берадиганлар ҳам, уни оладиганлар ҳам номукаммал. Ушбу мақоладаги принципларни ёдда сақланг. Маслаҳатни тўғри ният билан бераётганингизга амин бўлинг. Шунингдек, имондошингиз маслаҳатга муҳтож эканига ҳамда уни айнан сиз беришингиз кераклигига ишонч ҳосил қилинг. Имондошингиз бошдан кечираётган қийинчиликларни тушуниш учун маслаҳат беришдан олдин унга саволлар беринг ва диққат ила тингланг. Вазиятга унинг нуқтаи назари билан қарашга интилинг. Мулойим бўлинг ва биродару опа-сингиллар билан бўлган дўстлигингизни мустаҳкамланг. Мақсадни, яъни маслаҳатимиз нафақат фойдали, балки «қалбни шод этиши» кераклигини ёдда сақланг. (Ҳик. 27:9)

103- ҚЎШИҚ Чўпонлар — Аллоҳ берган ҳадялар

^ Маслаҳат бериш доим ҳам осон эмас. Хўш, бундай қилишимизга тўғри келганида, қай йўсин бошқаларга фойда келтирадиган ва далда бахш этадиган тарзда маслаҳат бера оламиз? Ушбу мақола биринчи навбатда оқсоқолларга қалбни шод этадиган тарзда маслаҳат беришга кўмаклашади.

^ «Қўриқчи минораси»нинг 2021 йил февраль сонидаги «Жамоатдаги оқсоқолларнинг ҳокимиятини тушуниш» номли мақолага қаранг.