Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Шифокорликдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор экан

Шифокорликдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор экан

«СИЗЛАР айтган нарсаларни болалигимдан орзу қиламан!» Бу сўзларни 1971 йили бир жуфтликка айтгандим. Ўшанда янги клиника очиб, у ерда ишлашни бошлагандим. Хўш, бу жуфтлик ким бўлган ва қандай орзуйим бор эди? Келинг, ўша суҳбат ҳаётимда энг муҳими нима эканини аниқлашга қандай ундаганини ва болалигимдаги орзуйим яқинда амалга ошишига ишонганимнинг сабабини айтиб берай.

Мен 1941 йили Франциянинг Париж шаҳрида ўрта ҳол оилада дунёга келганман. Ўқишни яхши кўрардим. Лекин 10 ёшимда сил касаллигига чалиниб, мактабга бормай қўйганимда роса хафа бўлганман. Шифокорлар менга ўпкам заифлашиб қолгани учун уйда ётишимни айтишганди. Шу сабабдан бир неча ой давомида уйда луғат ўқиб, Париж университети томонидан Сорбонна радиосида эшиттирилган дастурларни тинглаш билан вақт ўтказдим. Шифокорим менга тузалганим ва энди мактабда ўқишим мумкинлигини айтганида, хурсандчилигим ичимга сиғмай кетганди. Ўшанда шифокорлик энг зўр касб, деб ўйладим. Шундан кейин одамларни даволашни ният қилдим. Отам мендан: «Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?» — деб сўраганида, мен доим: «Шифокор бўламан»,— дердим. Шундай қилиб, шифокорлик касбига илк бор меҳр қўйдим.

ИЛМ-ФАН МЕНИ ХУДОГА ЯҚИНЛАШТИРДИ

Оиламиз католик эди. Лекин Худо ҳақида деярли ҳеч нарсани билмасдим ва кўпгина саволларимга жавоб топа олмасдим. Университетда тиббиёт соҳасида таълим олишни бошлаганимда, ҳаёт яратилганига амин бўлдим.

Илк бор лола гулнинг ҳужайраларини микроскопда кузатганим ҳали ҳам эсимда. Ўшанда ҳужайралар иссиқдан ва совуқдан қандай ҳимояланишини кўриб ҳайратда қолганман. Шунингдек, цитоплазма (ҳужайра ичидаги модда) туз таъсирида қисқаришини ва тоза сувга қуйилганида кенгайишини кўрганман. Бу ва бошқа кўпгина жараёнлар организмларнинг ўзгарувчан муҳитга мослашишига имкон беради. Ҳар бир ҳужайранинг ақл бовар қилмас мураккаблигини кўрганимда, ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлмаганини тушунганман.

Университетда иккинчи курсда ўқиганимда, Худо борлигининг кўпроқ исботларини кўрдим. Анатомия дарсида одам танасини ўрганишни бошладик ва одам билагининг тузилиши туфайли бармоқларни букиб очиш мумкинлигини кўриб чиқдик. Мушак, боғлам ва пайларнинг ўз ўрнида бўлгани ўзгача мўъжиза экан. Масалан, билакнинг битта мушагини бармоқнинг иккинчи суягига бириктирадиган пайлар иккига бўлинар экан. Улар кўприкларни ҳосил қилади ва уларнинг тагида пайлар бор экан. Улар бармоқларнинг учигача етиб боради ва сирпанади ҳамда ўз ўрнида қўзғалмай туради. Мустаҳкам тўқималар ҳам пайларни бармоқ тўқималарига бириктириб туради. Бундай механизмлар ёрдамида пайлар камоннинг тортилган ипларига ўхшаб турмас экан. Ўшанда одам танасининг Яратувчиси жуда ақлли эканини яққол кўрганман.

Боланинг дунёга келиш жараёнини ўрганганимда, Яратувчининг ишларидан янада лол қолдим. Масалан, бола бачадонда бўлганида нафас олишига тўғри келмайди. Чунки у кислородни онаси орқали олади. Шунинг учун, альвеолалар, яъни ўпка пуфакчалари ҳаво билан тўлмайди. Туғилиш пайти яқинлашар экан, ўпка пуфакчаларидаги йўллар сурфактант, яъни сиртқи фаол моддалар билан тўла бошлайди. Чақалоқ туғилганидан кейин биринчи нафасини олиши учун кетма-кет ажойиб жараёнлар юз беради. Боланинг юрагидаги тешик ёпилади ва қон ўпкага йўл олади. Бу муҳим дақиқаларда ўпка пуфакчалари ҳаво билан тўлганида, сурфактант туфайли ўзаро ёпишиб қолмайди. Шунда чақалоқ бемалол ўзи нафас олиши мумкин.

Шундай ажойиб мўъжизаларни яратган Шахсни яқиндан таниб-билишни истадим. Шу боис, Муқаддас Китобни ўқишга жиддий ёндаша бошладим. Худо Исроил халқига бундан 3 000 йилдан кўпроқ вақт олдин гигиена борасида қонунлар бергани мени лол қолдирди. Худо исроилликларга нажасни кўмишни, мунтазам ювиниб туришни ҳамда кимдадир юқумли касалликнинг белгилари кўринганида, уни бошқалардан ажратиб қўйишни айтган. (Лев. 13:50; 15:11; Қонун. 23:13) Олимлар касаллик қандай тарқалишини охирги 150 йил ичида аниқлаган бўлса, Муқаддас Китобда бу анча йиллар олдин айтилган эди. Шунингдек, Левилар китобидаги жинсий муносабатлар ҳақидаги қонунлар бутун Исроил халқига соғлом бўлишга ёрдам берган. (Лев. 12:1–6; 15:16–24) Худо бу қонунларни исроилликларнинг манфаатини кўзлаб берган ва уларга амал қилганлар кўп фойда олган. Муқаддас Китоб Худо томонидан — ўша пайтда мен учун исми номаълум бўлган Шахс томонидан илҳомлантирилганига амин бўлдим.

РАФИҚАМНИ УЧРАТГАНИМ ВА ЯҲОВАНИ ТОПГАНИМ

Лидия билан турмуш қурган кунимиз, 1965 йил 3 апрель

Университетда ўқиётганимда Лидия исмли қиз билан танишдим. Бир-биримизни севиб қолдик ва 1965 йили турмуш қурдик. Ўшанда ўқишни тугатиш арафасида эдим. 1971 йилга келиб учта фарзандли бўлдик. Кейинчалик яна учта фарзанд кўрдик. Лидия мени ҳам ишда, ҳам оилада кўп қўллаб-қувватлайди.

Клиника очишимдан олдин уч йил давомида касалхонада ишладим. Уни очганимдан кўп ўтмай юқорида тилга олинган жуфтлик даволанишга келди. Эри учун дориларни ёзиб бермоқчи эдим, хотини: «Илтимос, доктор, таркибида қон бўлмаган дориларни ёзиб бера оласизми?» — деди. Шунда мен ҳайрон қолиб: «Нега?» — деб сўрадим. Аёл: «Биз Яҳованинг Шоҳидларимиз»,— деб жавоб берди. Мен Яҳованинг Шоҳидлари ва уларнинг қонга бўлган нуқтаи назари ҳақида олдин эшитмагандим. Хотини Муқаддас Китобни олиб, нима учун таркибида қон бўлган дориларни қабул қилмаслигини оятлар ёрдамида тушунтирди. (Ҳавор. 15:28, 29) Кейин эса эри билан биргаликда Худонинг Шоҳлиги нималарни амалга оширишини, яъни азоб-уқубат, ўлим ва касалликка чек қўйишини айтиб берди. (Ваҳ. 21:3, 4) Шунда уларга: «Сизлар айтган нарсаларни болалигимдан орзу қиламан! Одамларни азоб-уқубатдан қутқариш учун шифокор бўлганман»,— деб айтдим. Улар билан бир ярим соат суҳбат қурдим ва жуда хурсанд эдим. Ўша жуфтлик кетгач, буёғига католик бўлишни истамасдим. Мени лол қолдирган Яратувчининг исми Яҳова эканини билиб олдим.

Ўша жуфтлик клиникамга уч марта келди ва ҳар сафар улар билан бир соатдан ошиқроқ вақт давомида гаплашардик. Муқаддас Китоб асосида кўпроқ суҳбат қуриш учун уларни уйимга таклиф қилдим. Лидия Муқаддас Китоб тадқиқига қўшилган бўлса ҳам, черковнинг баъзи таълимотлари нотўғри эканини тан олгиси келмади. Шу боис, уйга руҳонийни таклиф қилдим. У билан Муқаддас Китоб асосида кечга қадар суҳбатлашдик. Бу суҳбатдан кейин Яҳованинг Шоҳидлари ҳақиқатни ўргатишига Лидиянинг ишончи комил бўлди. Шундан кейин Яҳовага бўлган севгимиз ошди ва 1974 йили сувга чўмдик.

ЯҲОВАНИ БИРИНЧИ ЎРИНГА ҚЎЙИШ

Худонинг инсонлар учун нияти ҳақида билганимдан кейин ҳаётимда биринчи ўринда нима турибди, деб ўйлаб қолдим. Лидия иккимиз Яҳовага хизмат қилишни биринчи ўринга қўйдик. Болаларимизни Муқаддас Китобдаги меъёрлар бўйича тарбиялашга қарор қилдик. Уларга Худони ва одамларни севишни ўргатдик. Шу йўсин, оилавий ришталаримиз жуда қалин бўлди. (Мат. 22:37–39)

Ортга қараб, Лидия билан қарорларимизда ўзаро якдил бўлганимиз болаларимизга қандай таъсир қилганини ўйлаб, куламиз. Улар Исонинг «“ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин», деган сўзлари уйимизда қоида эканини биларди. (Мат. 5:37) Масалан, катта қизимиз 17 ёшлигида дўстлари билан айланишга бормоқчи эди. Лидия унга рухсат бермади. Шунда қизимизнинг дугоналаридан бири: «Ойинг рухсат бермаган бўлса, дадангдан сўра»,— деб айтибди. Қизимиз эса: «Бунинг фойдаси йўқ. Уларнинг гапи доим бир жойдан чиқади»,— дея жавоб берибди. Ҳа, олтита боламиз ҳам биз Муқаддас Китобдаги принципларга биргаликда амал қилишимизни кўрарди. Ҳозирда оиламизнинг аксар қисми Яҳовага хизмат қилаётгани учун Ундан миннатдормиз.

Ҳақиқат ҳаётимда устувор турадиган нарсаларга таъсир қилган бўлса-да, касбимга бўлган севгим сўнмади. Аксинча, ундан Худонинг халқига ёрдам беришда фойдаландим. Шу боис, Париждаги Байтилда, кейинроқ Лувье шаҳридаги янги Байтилда шифокор сифатида ихтиёрий тарзда хизмат қилдим. Байтилда деярли 50 йилдан бери кўмаклашиб келяпман. Бу вақт давомида байтилчилар орасидан ажойиб дўстлар орттирдим. Уларнинг баъзилари 90 ёшдан ошган. Шунингдек, бир сафар янги байтилчи билан танишишдан роса қувондим. Сабаби бундан тахминан 20 йил олдин туғуруқхонада дунёга келишига ёрдам берганимни билдим.

ЯҲОВА ХАЛҚИГА ҚАНЧАЛИК ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШИНИ КЎРДИМ

Йиллар ўтиб Яҳовага бўлган севгим кучайди. Чунки У ташкилоти орқали Ўз халқини қандай йўналтирганини ва ҳимоя қилганини кўрардим. Тахминан 1980 йили Етакчи кенгаш Яҳованинг Шоҳидлари ва шифокорлар ўртасида алоқа бўлиши учун Қўшма Штатларда бир дастурни ташкиллаштирди.

1988 йили Етакчи кенгаш Байтилда Тиббий маълумот етказиш номли янги бўлимни ташкил этди. Бошида бу бўлим касалхоналар билан алоқа қилиш қўмиталарини назорат қиларди. Мазкур қўмиталар Қўшма Штатларда ташкиллаштирилган бўлиб, касал Шоҳидларга мос келадиган даволаниш турини топишга ёрдам берарди. Кейинчалик бу қўмита дунё бўйлаб ташкиллаштирила бошлаганида, Францияда ҳам касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитаси очилди. Яҳованинг Шоҳидлари тиббий ёрдамга муҳтож бўлган биродару опа-сингилларимизни севги ила қўллаб-қувватлашини кўриб лол қолардим.

ОРЗУЙИМ АМАЛГА ОШДИ

Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни қувонч ила ваъз қиляпмиз

Илк меҳримни шифокорлик касбига қўйган эдим. Лекин ҳаётимда нима муҳимроқ эканини қайта кўриб чиққач, шифокор сифатида одамларга ёрдам беришдан кўра, уларга ҳаёт Манбаи бўлмиш Тангри Яҳовани таниб-билишга ва Унга хизмат қилишга ёрдам бериш муҳимроқ эканини тушуниб етдим. Нафақага чиққач, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни кўпроқ ваъз қилиш учун Лидия билан доимий кашшоф бўлиб хизмат қилдик. Ҳозирда нажотбахш хушхабарни имкон борича ваъз қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Лидия билан, 2021 йил

Беморларга вақтинча ёрдам берадиган кўмакни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Аммо ҳатто энг яхши шифокор ҳам барча касалликларни бартараф этишга ёки ўлимдан халос этишга қодир эмаслигини тушундим. Шунинг учун, оғриқ, касаллик ва ўлим бўлмайдиган вақтни интиқиб кутяпман. Яқинда бўладиган янги дунёда Худо ижодларини, жумладан, одам танасини қай йўсин мўъжизавий тарзда яратгани ҳақида кўпроқ нарсаларни тоабад ўрганаман. Дарҳақиқат, болалигимда орзу қилган нарсалар яқин орада амалга ошади. Ҳа, энг яхшиси ҳали олдинда эканига 100 фоиз аминман!