Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Эски ўзлигингизни» ечиб ташлай оласиз

«Эски ўзлигингизни» ечиб ташлай оласиз

Эски ўзлигингизни ишлари билан ечиб ташланг. КОЛОС. 3:9

29- ҚЎШИҚ Номимизга муносиб яшайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Тадқиқ бошлашдан аввал ҳаётингиз қандай кечган?

 ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ билан тадқиқ бошлаганингиздан аввал ҳаётингиз қандай бўлган? Кўпларимиз бу ҳақда ўйлашни ёқтирмаймиз. Чунки нуқтаи назаримиз ва ўзлигимиз бу дунёнинг нима тўғрию нима нотўғри экани борасидаги меъёрларининг таъсири остида шаклланган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, бу «дунёда умидсиз ва Худодан бехабар яшаганмиз». (Эфес. 2:12) Аммо Муқаддас Китобни тадқиқ қилгач, ҳаётимиз ўзгара бошлади.

2. Тадқиқ ўтганингиз сайин нималарни тушунгансиз?

2 Тадқиқ ўтганингиз сайин сизни қаттиқ севадиган самовий Отангиз борлигини билдингиз. Уни мамнун қилиш ва топинувчиларидан иборат оиласига тегишли бўлиш учун ҳаётингиз, нуқтаи назарингиз ва фикрлаш тарзингизга катта ўзгаришлар киритишингиз кераклигини тушунгандирсиз. Бундан ташқари, Унинг юқори ахлоқий меъёрлари бўйича яшашни ўрганишингизга тўғри келгандир. (Эфес. 5:3–5)

3. Яҳова нима қилишимизни хоҳлайди ва бу мақолада нималарни билиб оламиз? (Колосаликларга 3:9, 10)

3 Яратувчимиз ва самовий Отамиз сифатида Яҳова топинувчилари қандай йўл тутиши кераклигини белгилашга ҳақли. У киши сувга чўмишидан аввал эски ўзлигини «ишлари билан ечиб ташлашини» талаб қилади *. (Колосаликларга 3:9, 10 ни ўқинг.) Бу мақола сувга чўммоқчи бўлган кишиларга қуйидаги учта саволга жавоб топишга қўл келади: 1) «эски ўзлик» нима дегани? 2) Нега Яҳова уни ечиб ташлашимизни хоҳлаяпти? 3) Буни қай йўсин қила оламиз? Сувга чўмганлар ҳам эски ўзлигига хос бўлган хулқ-атвор ва фикрлаш тарзига қайтмаслигига нима ёрдам беришига диққат қаратамиз.

«ЭСКИ ЎЗЛИК» НИМА ДЕГАНИ?

4. Одам «эски ўзлиги» уни бошқаришига йўл қўяётгани нималардан билинади?

4 Одам «эски ўзлиги» уни бошқаришига йўл қўйса, тана истакларига мувофиқ йўл тутади. Масалан, у худбин, жаҳли тез, ношукур ва мағрур бўлиши мумкин. Устига-устак, бундай одам порнография кўришни ёки ахлоқсиз ва зўравон фильмларни томоша қилишни ёқтиради. Шубҳасизки, у қандайдир яхши хислатларга эга ва ҳатто нотўғри иши ёки гапларидан афсусдадир. Аммо хулқ-атвори ва фикрлаш тарзида ўзгариш қилиш учун кучли истак йўқ. (Галат. 5:19–21; 2 Тим. 3:2–5)

«Эски ўзликни» ечиб ташлаганда, танага хос фикрлаш тарзию ишлар бизни бошқармайди (5- хатбошига қаранг.) *

5. «Эски ўзликни» бутунлайин ечиб ташлай оламизми? Тушунтиринг. (Ҳаворийлар 3:19)

5 Барчамиз номукаммалмиз, шунинг учун ҳеч биримиз ҳамма ёмон фикрларимизни ва хоҳиш-истакларимизни бутунлай бартараф эта олмаймиз. Гоҳида кейинчалик афсусланишимиз мумкин бўлган нимадир қилиб қўйишимиз ёки айтиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. (Ерм. 17:9; Ёқб. 3:2) Бироқ эски ўзликни ечиб ташлаганимизда нотўғри фикрлаш тарзию хулқ-атвор бизни бошқармайди. Умуман бошқача инсонга айланамиз. (Ишаё 55:7; Ҳаворийлар 3:19 ни ўқинг.)

6. Нима учун Яҳова эски ўзликка хос бўлган нотўғри фикрлаш тарзию ёмон одатлардан қутулишга ундаяпти?

6 Яҳова бизни қаттиқ севгани ва ҳаётдан завқланишимизни истагани учун нотўғри фикрлаш тарзию ёмон одатлардан қутулишга ундаяпти. (Ишаё 48:17, 18) Нотўғри истакларига берилганлар ҳам ўзига, ҳам атрофидагиларга зарар келтиришини У билади. Нотўғри йўл тутиб, ўзимизни ва бошқаларни жароҳатлаганимизни кўриш Яҳова учун оғриқлидир.

7. Римликларга 12:1, 2 га биноан қандай танлов олдида турибмиз?

7 Ўзлигимизни ўзгартиришга ҳаракат қилаётганимиз учун баъзи дўстларимиз ва қариндошларимиз устимиздан кулиши мумкин. (1 Бутр. 4:3, 4) Улар хоҳлаганимизни қилишга ҳаққимиз борлигини ва бошқалар нима қилиш кераклигини бизга уқтиришига йўл қўймаслигимиз кераклигини айтар. Аммо аслини олганда Яҳованинг меъёрларини рад этаётган инсонлар мустақил эмас. Чунки улар Шайтон бошқараётган бу дунё уларни шакллантиришига йўл қўйяпти. (Римликларга 12:1, 2 ни ўқинг.) Барчамиз танлов олдида турибмиз, яъни гуноҳ ва Шайтон шакллантираётган эски ўзликка эга бўламизми ёки Яҳова бизни яхшироқ инсонга ўзгартиришига йўл қўямизми? (Ишаё 64:8)

ҚАЙ ЙЎСИН ЭСКИ ЎЗЛИКНИ «ЕЧИБ ТАШЛАЙ» ОЛАСИЗ?

8. Нималар ёрдамида нотўғри фикрлаш тарзию ёмон одатлардан қутула оламиз?

8 Нотўғри фикрлаш тарзию ёмон одатлардан қутулиш учун вақт ва куч кераклигини Яҳова билади. (Заб. 103:13, 14) У Каломи, муқаддас руҳи ва ташкилоти орқали керакли ўзгаришларни қилишимиз учун бизга донолик, куч ва ёрдам беряпти. Шубҳасизки, сиз ҳам бу ёрдамни олгансиз. Келинг, эски ўзликни ечиб ташлаш ва сувга чўмишга ёрдам берадиган баъзи амалий қадамларни кўриб чиқамиз.

9. Худонинг Каломи нима қилишингизга ёрдам бериши мумкин?

9 Муқаддас Китобдан фойдаланиб ўзингизни синчковлик ила текширинг. Худонинг Каломи кўзгуга ўхшайди. У орқали фикрлаш, гапириш тарзингизни ва хатти-ҳаракатларингизни текшира оласиз. (Ёқб. 1:22–25) Сиз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган киши ва маънан етук масиҳийлар сизга маслаҳат бериши мумкин. Масалан, улар Худонинг Каломи асосида кучли ва заиф томонларингизни аниқлашингизга ёрдам бера олади. Шунингдек, улар ёмон одатларингизни енгиш учун асқатадиган Муқаддас Китобга асосланган амалий маслаҳатларни топишни ўргатади. Яҳова сизга ёрдам беришга доим тайёр. У сизга қандай кўмаклашишни яхши билади. Сабаби У қалбингиздагиларни кўради. (Ҳик. 14:10; 15:11) Шу боис, ибодат қилишни ва Каломни кунда ўқишни одат тусига киритинг.

10. Эли биродаримиз бошдан кечирганлардан қандай сабоқ олдингиз?

10 Яҳованинг меъёрлари энг аълоси эканига амин бўлинг. Яҳова нимаики қилишимизни айтмасин, уларнинг бари бизга фойда келтиради. Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшайдиганларнинг ўзига бўлган ҳурмати ошади, ҳаётида мазмун ва чинакам қувонч бўлади. (Заб. 19:7–11) Бундан фарқли равишда Худонинг меъёрларини назарига илмайдиганлар тана ишларининг оқибатидан азоб чекади. Эли исмли биродаримиз Яҳованинг меъёрларини рад этиш борасида нима деганига диққат қаратинг. У Яҳова Шоҳидларининг оиласида улғайган, лекин ўсмирлигида унга ёмон таъсир қилган одамларга ўралашиб қолган. У гиёҳванд моддаларни қабул қилган, ахлоқсиз ҳаёт кечирган ва ўғрилик қила бошлаган. У тобора баджаҳл ва зўравон бўлганини айтди. Эли шундай деди: «Ростини айтсам масиҳийларга мутлақ номуносиб ҳаёт тарзини кечирардим». Аммо у ёшлигида ўрганганларини унутмади. Охири Эли Муқаддас Китобни яна тадқиқ қила бошлади. У ёмон одатларидан қутулиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди ва 2000 йили сувга чўмди. Қизиқ, Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаш унга қандай фойда келтирди? Эли шундай деди: «Ҳозир қалбимда тинчлик бор. Виждоним эса тоза» *. Бундан шуни кўряпмизки, Яҳованинг меъёрларини рад этадиганлар ўзига жабр етказади, холос. Лекин шунда ҳам Яҳова уларга ўзгариши учун ёрдам беришга тайёр.

11. Яҳова қайси нарсалардан нафратланади?

11 Яҳова нафратланадиган нарсалардан нафратланишни ўрганинг. (Заб. 97:10) Муқаддас Китобга кўра, Яҳова «такаббур кўзлар, ёлғончи тил, бегуноҳ қон тўкувчи қўллардан» нафратланади. (Ҳик. 6:16, 17) Шунингдек, У «зўравон ва ёлғончи одамлардан жирканади». (Заб. 5:6) Яҳова бундай руҳни намоён этаётганлардан шу қадар нафратланадики, ер зўравонликка тўлиб кетгани туфайли Нуҳ давридаги барча инсонларни йўқ қилиб ташлаган. (Ибт. 6:13) Қуйидаги фикр борасида ўйлаб кўринг. Яҳова Малаки пайғамбар орқали беайб турмуш ўртоғи билан ажрашишни ният қилиб юрганлардан нафратланишини айтган. Худо бундайларнинг топинишини рад этади ва қилмиши учун уларни ҳукм қилади. (Мал. 2:13–16; Иброн. 13:4)

Яҳова ёмон деб айтаётган нарсани қилиш худди айниган егуликни ейишдек жирканчли бўлиши керак (11-, 12- хатбошиларига қаранг.)

12. «Ёмонликдан жирканиш» нимани билдиради?

12 Яҳова «ёмонликдан жирканишимизни» истайди. (Рим. 12:9) Жирканиш кучли туйғу бўлиб, бирон нимадан қаттиқ нафратланишни ёки ундан ҳазар қилишни билдиради. Тасаввур қилинг, сизга айниган овқатни бериб, уни ейишни айтишди. Бу ҳақида ўйлашнинг ўзи мазангизни қочиради. Шу сингари, Яҳова ниманидир нотўғри деб билса, бу иш ҳақидаги фикрнинг ўзи бизда жирканиш туйғусини уйғотиши керак.

13. Нега фикрларимизни назорат қилишимиз керак?

13 Фикрларингизни назорат қилинг. Фикрларимиз юриш-туришимизга таъсир қилади. Шу сабабдан ҳам Исо жиддий гуноҳга етаклаши мумкин бўлган фикрларни рад этишни айтган. (Мат. 5:21, 22, 28, 29) Самовий Отамизга маъқул келишни истаймиз. Шундай экан, хаёлимизга келган нотўғри фикрларни шу заҳоти рад этиш нақадар муҳим.

14. Нутқимиз биз ҳақимизда нималарни аён қилади ва ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?

14 Гап-сўзларингизни назорат қилинг. Исо: «Оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади»,— деган. (Мат. 15:18) Ҳа, гап-сўзларимиз аслида қандай инсон эканимиз борасида кўп нарсани аён қилади. Шу боис, ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Муаммо туғдирса ҳам ростини айтишга тайёрманми? Турмуш ўртоғим бўла туриб бошқалар билан ноз-карашма қилишдан эҳтиёт бўляпманми? Ахлоқсиз гаплардан ўлатдан қочгандай қочяпманми? Кимдир мени хафа қилса ҳам мулойимлик билан жавоб беряпманми?» Мазкур саволлар устида яхшилаб ўйлаб кўришни фойдали деб топарсиз. Масалан, чоклар ёрдамида кийим бир бутун ҳолатда бўлади. Нутқимизни кийимдаги мана шундай чокларга ўхшатса бўлади. Ёмон нутқ эски ўзлигимизни ечиб ташлашга халақит беради. Шу боис, эски ўзликдан қутулишни истасак ҳақоратли, ахлоқсиз ва ёлғон гап-сўзлардан қочишимиз керак.

15. Эски ўзлигимизни «азоб устунига» михлаш нима дегани?

15 Керакли ўзгаришлар қилишга тайёр бўлинг. Ҳаёт тарзимизга керакли ўзгаришларни киритишимиз қанчалик муҳим эканини ҳаворий Павлус ёзган сўзлардан кўрсак бўлади. У эски ўзлигимизни «азоб устунига михлашимиз» кераклигини ёзган. (Рим. 6:6) Бошқача қилиб айтганда, Масиҳнинг изидан юришимиз керак. Қолаверса, Яҳова нафратланадиган нуқтаи назар ва ишлардан қочишимиз лозим. Бу қадамларни қўйибгина тоза виждонга ва ҳаётдан тоабад завқланиш умидига эга бўламиз. (Юҳан. 17:3; 1 Бутр. 3:21) Яҳова бизга қулай бўлиши учун Ўзининг меъёрларини ўзгартирмаслигини унутманг. Аксинча, шахсиятимизни ўзгартиришимиз ва ўзимизни Унинг меъёрлари асосида шакллантиришимиз керак. (Ишаё 1:16–18; 55:9)

16. Нима учун тана истакларига қарши курашишда қарорингиз қатъий бўлиши керак?

16 Заифликларингиз билан курашишдан тўхтаманг. Сувга чўмганингиздан кейин ҳам тана истакларига қарши курашишда давом этишингиз керак бўлади. Маурисио исмли биродарнинг мисолига диққат қаратинг. У ёшлигида гомосексуал ҳаёт тарзини кечирган. Вақт ўтиб, у Яҳованинг Шоҳидлари билан танишган ва Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлаган. Ҳаётини ўзгартиргач, у 2002 йили сувга чўмган. Маурисио Яҳовага анча йиллардан бери хизмат қилаётган бўлса-да, қуйидагича деди: «Шуни тан олишим керакки, гоҳида нотўғри истаклар билан курашганман». Лекин у тушкунликка тушмади. У шундай деди: «Тана истакларига қарши курашганимда Яҳовани мамнун қилаётганимни билишдан куч оламан» *.

17. Набиҳанинг ҳаётий мисоли сизга қандай далда беряпти?

17 Яҳовадан ёрдам сўраб ўзингизнинг кучингизга эмас, Унинг муқаддас руҳига таянинг. (Галат. 5:22; Филип. 4:6) Эски ўзлигимизни ечиб ташлаб, уни қайта киймаслик қароримизда маҳкам туришимиз керак. Келинг, Набиҳанинг мисолига диққат қаратайлик. У атиги олти ёшда бўлганида отаси уни ташлаб кетган. У шундай бўлишди: «Бу менга қаттиқ ҳиссий оғриқ келтирганди». Набиҳа жаҳли бурни учида турадиган бўлиб улғайди. У гиёҳванд моддалар савдосига аралашиб бир неча йил қамоқда ўтирган. Ваъз қилиш учун қамоқхонага борадиган Шоҳидлар у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган. Набиҳа ҳаётига жиддий ўзгаришлар кирита бошлаган. «Баъзи ёмон одатларимдан воз кечиш қийин бўлмади, лекин чекишни ташлаш ҳақида бундай дея олмайман»,— деб бўлишди у. Набиҳа бундай одатдан бир йилдан ортиқ вақт давомида қутулишга ҳаракат қилди ва охири бунинг уддасидан чиқди. Хўш, унга нима ёрдам берди? У: «Яҳовага тинмай ибодат қилиш орқали бу одатимдан қутулдим»,— деди. Ҳозирда у бошқаларга: «Яҳовани мамнун қилиш учун ҳаётимга ўзгаришлар кирита олган бўлсам, бу ҳар бир одамнинг қўлидан келишига ишончим комил»,— деб айтади *.

СУВГА ЧЎМИШ УЧУН ТАЛАБЛАРГА МОС КЕЛА ОЛАСИЗ!

18. Худонинг кўпгина хизматчилари нима қила олди? (1 Коринфликларга 6:9–11)

18 Яҳова Масиҳ билан бирга бошқариш учун биринчи асрда танлаган эркагу аёлларнинг баъзилари ҳам ёмон одатлар билан курашган. Масалан, улар зинокор бўлган, гомосексуал ҳаёт тарзини кечирган ва ўғрилик қилган. Лекин Худонинг муқаддас руҳи ёрдамида улар шахсиятини ўзгартира олган. (1 Коринфликларга 6:9–11 ни ўқинг.) Бугунги кунда ҳам Муқаддас Китоб ёрдамида миллионлаб одамлар ҳаётини ўзгартира олган *. Ҳа, улар шахсиятининг бир қисмига айланган ёмон одатларидан қутулган. Уларнинг мисоли шуни кўрсатяптики, сиз ҳам шахсиятингизга ўзгаришлар киритиб, ёмон одатларни енгсангиз, сувга чўмиш учун талабларга мос кела оласиз.

19. Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

19 Сувга чўммоқчи бўлганлар нафақат эски ўзликни ечиши, балки янги ўзликни кийиш учун жон куйдириши керак бўлади. Навбатдаги мақолада бунда бизга нима ёрдам бериши ва бошқалар бизга қандай кўмаклашиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.

41- ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

^ Сувга чўмиш талабларига мос келиш учун шахсиятимизга ўзгаришлар киритишга тайёр бўлишимиз керак. Ушбу мақолада эски ўзлик нима эканини, нега уни ташкил этган одатлардан қутулишимиз кераклигини ва буни қай йўсин қила олишимизни кўриб чиқамиз. Кейинги мақолада эса сувга чўмганимиздан кейин ҳам қандай қилиб янги ўзликни кийишда тўхтамаслигимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

^ ИБОРА МАЪНОСИ. «Эски ўзлигингизни... ечиб ташланг» деган сўзлар Яҳовага маъқул келмайдиган нуқтаи назар ва истаклардан қутулиш кераклигини англатади. Буни сувга чўмишдан аввал қилиш даркор. (Эфес. 4:22)

^ Кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг bp 121 2012 йил 1 апрель сонидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади. Мен Тангри Яҳовага қайтишим керак эди» номли мақолага қаранг.

^ Кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 1 май (рус) сонидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади. Улар менга жуда меҳрибон эди» номли мақолага қаранг.

^ «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 1 октябрь (рус) сонидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади. Мен жаҳлдор ва агрессив бўлиб қолдим» номли мақолага қаранг.

^ РАСМГА ШАРҲ. Нотўғри фикрлаш тарзию ишларидан халос бўлиш эски кийимни ечиб ташлашга ўхшайди.