Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Сувга чўмгандан кейин ҳам «янги ўзликни кийишда» давом этинг

Сувга чўмгандан кейин ҳам «янги ўзликни кийишда» давом этинг

Янги ўзликни кийиб олинглар. КОЛОС. 3:10

49- ҚЎШИҚ Яҳованинг қалбини қувонтирайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Шахсиятимизни асосан нима шакллантиради?

 БИР неча кун ёки кўп йиллар олдин сувга чўмганмизми, барчамиз Яҳова ёқтирадиган ўзликка эга бўлишни истаймиз. Бунга эришиш учун фикр-хаёлларимизни назорат қилишимиз керак. Нима сабабли? Чунки шахсиятимиз асосан фикрларимиз таъсирида шаклланади. Тана истакларимиз ҳақида доим ўйласак, ёмон гаплар айтамиз ва ёмон ишлар қиламиз. (Эфес. 4:17–19) Лекин яхши нарсалар ҳақида фикр юритсак, Отамиз Яҳовани мамнун қиладиган тарзда гапирамиз ва йўл тутамиз. (Галат. 5:16)

2. Бу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

2 Ўтган мақолада кўриб чиққанимиздай, барча ёмон ўй-фикрлардан қоча олмаймиз. Лекин бундай фикрлар асосида йўл тутиш-тутмаслик ўз қўлимизда. Сувга чўмишдан олдин Яҳова нафратланадиган гапириш тарзи ва хатти-ҳаракатдан қутулишимиз керак. Бу эски ўзликни ечишнинг биринчи ва энг муҳим қадамларидан биридир. Яҳовани тўлиқ мамнун қилиш учун нафақат эски ўзликни ечиб ташлаш, балки: «Янги ўзликни кийиб олинглар»,— деган амрга бўйсунишимиз керак. (Колос. 3:10) Мазкур мақолада қуйидаги саволларнинг жавобини кўриб чиқамиз: «“Янги ўзлик” нима дегани? Уни қай йўсин кийишимиз мумкин ва ечиб ташламасликка нима ёрдам беради?»

«ЯНГИ ЎЗЛИК» НИМА ДЕГАНИ?

3. «Янги ўзлик» нима дегани ва қай йўсин уни кийиб олиш мумкин? (Галатияликларга 5:22, 23)

3 «Янги ўзлик» Яҳованинг шахсиятига хос тарзда фикр юритишни ва ҳаракат қилишни англатади. Бундай одам муқаддас руҳ самарасини амалда кўрсатиш, Худонинг руҳи унинг фикрлари, ҳис-туйғулари ва ҳаракатларига таъсир қилишига йўл қўйиш орқали янги ўзликни кийиб олади. (Галатияликларга 5:22, 23 ни ўқинг.) Масалан, у Яҳовани ва Унинг халқини севади. (Мат. 22:36–39) Бундай одам ҳатто қийинчиликлар билан курашганида хурсандчиликни йўқотмайди. (Ёқб. 1:2–4) У тинчлик пайида бўлади. (Мат. 5:9) Қолаверса, бошқалар билан муомала қилганида сабр ва меҳрибонликни кўрсатади. (Колос. 3:13) Шунингдек, у яхшилик қилишни хуш кўради ва буни амалда намоён этади. (Луқо 6:35) У хатти-ҳаракатлари билан самовий Отасига қаттиқ ишонишини кўрсатади. (Ёқб. 2:18) Бундан ташқари, ҳатто таранг вазиятларда мулойимлик ва ўзини тута билиш фазилатларини намоён этади. (1 Кор. 9:25, 27; Титус. 3:2)

4. Янги ўзликни кийиш учун бир вақтнинг ўзида Галатияликларга 5:22, 23 даги фазилатларни ривожлантира оламизми? Тушунтиринг.

4 Янги ўзликни кийиш учун Галатияликларга 5:22, 23 да ва бошқа оятларда тилга олинган ҳамма фазилатларни ривожлантиришимиз керак *. Бу фазилатлар бирма-бир киядиган алоҳида кийимларга ўхшамайди. Дарҳақиқат, уларнинг аксарияти ўзаро ўхшаб кетади. Масалан, яқинимизни ростдан ҳам яхши кўрсак, унга нисбатан сабрли ва меҳрибон бўламиз. Шунингдек, чин дилдан яхшилик қилиш учун мулойим бўлиб, ўзимизни тута билишимиз лозим.

«ЯНГИ ЎЗЛИКНИ» ҚАЙ ЙЎСИН КИЙИБ ОЛИШ МУМКИН?

Исо каби фикрлашга қанча кўп ўргансак, унинг шахсиятини шунча кўп акс эттирамиз (5-, 8-, 10-, 12-, 14- хатбошиларига қаранг.)

5. «Масиҳ каби фикр юритиш» нима дегани ва нега Исонинг ҳаётини ўрганишимиз керак? (1 Коринфликларга 2:16)

5 1 Коринфликларга 2:16 ни ўқинг. Янги ўзликни кийиш учун «Масиҳ каби фикр юритишимиз» керак. Бошқача қилиб айтганда, Исо қандай фикрлаганини ўрганиш, сўнг унга тақлид қилишимиз керак. Исо муқаддас руҳ самарасини мукаммал даражада намоён этади. У тиниқ кўзгу каби Яҳованинг фазилатларини ўзида акс эттиради. (Иброн. 1:3) Исо каби қанча кўп фикр юритсак, шунча кўп унга ўхшаб йўл тутамиз ва унинг шахсиятини намоён этишда муваффақиятга эришамиз. (Филип. 2:5)

6. Янги ўзликни кийиб олишга интилар эканмиз, қайси омилларни эсда сақлаш керак?

6 Хўш, Исонинг ўрнагига эргашишнинг имкони борми? Балки шундай ўйлармиз: «Исо мукаммал. Мен ҳеч қачон унга бутунлайин тақлид қила олмайман». Сиз ҳам шундай ўйлаётган бўлсангиз, қуйидаги омилларни эсда сақланг. Биринчидан, сиз Яҳова ҳамда Исога ўхшаш қилиб яратилгансиз. Уларга тақлид қилиш-қилмаслик ўз қўлингизда. Шундай экан, уларга тақлид қила оласиз ва бунда қайсидир даражада муваффақиятга эришишингиз тайин. (Ибт. 1:26) Иккинчидан, муқаддас руҳ бутун борлиқдаги энг қудратли кучдир. Унинг ёрдамида ўзингиз ҳеч қачон уддалай олмайдиган ишларни бажара оласиз. Учинчидан, Яҳова ҳозир муқаддас руҳ самарасини мукаммал даражада намоён этишингизни кутмайди. Севувчи Отамиз ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар мукаммалликка эришиши учун уларга 1 000 йил вақт ажратган. (Ваҳ. 20:1–3) Ҳозирда Яҳова жон-жаҳдингиз билан ҳаракат қилишингизни ва Унинг ёрдамига таянишингизни кутяпти, холос.

7. Нималарни кўриб чиқамиз?

7 Хўш, Исога қай йўсин тақлид қила оламиз? Муқаддас руҳ самарасига кирувчи фазилатларнинг тўрттасини қисқача кўриб чиқамиз. Ҳар бир вазиятда Исо уларни қандай намоён этганидан нимани ўрганишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, баъзи саволларга эътибор бериб, янги ўзлигимизни қай йўсин яхшилай олишимизни муҳокама қиламиз.

8. Исо севгини қай йўсин кўрсатган?

8 Исо Яҳовани қаттиқ севгани туфайли У ва биз учун фидойиликлар қилган. (Юҳан. 14:31; 15:13) Исонинг инсонларга бўлган чуқур севгисини унинг ер юзидаги ҳаётидан кўрсак бўлади. У ҳар куни, ҳатто унга қарши чиққанларга севги ва меҳр-шафқат каби фазилатларни намоён этган. Энг асосийси, у одамларни яхши кўришини Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни уларга ўргатиш орқали кўрсатган. (Луқо 4:43, 44) Исо гуноҳкорлар қўлидан азоб чекиб, ўлишга тайёр бўлиш орқали Худога ва инсонларга фидойи севгини намоён этган. Бу туфайли барчамиз абадий ҳаётга эришишимиз мумкин.

9. Севги кўрсатишда қай йўсин Исога тақлид қила оламиз?

9 Самовий Отамизни севганимиз учун ўзимизни Унга бағишлаб, сувга чўмганмиз. Шу боис, Исо каби одамларга қандай муомала қилаётганимиз билан Яҳовага бўлган севгимизни кўрсатишимиз керак. Ҳаворий Юҳанно: «Бирон ким... кўриб турган биродарини сева олмаса, кўрмаган Худони қандай сева олади?!» — деб ёзган. (1 Юҳан. 4:20) Ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлади: «Одамларга нисбатан кучли севгини ривожлантира олдимми? Бошқалар билан муомала қилганда, улар ҳатто қўполлик қилса меҳр-шафқат кўрсатяпманми? Яҳовага бўлган севгим одамларга У ҳақида билиб олишга ёрдам бериш учун вақтим ва маблағимдан фойдаланишга ундаяптими? Аксарият одамлар ҳаракатларимни қадрламаганида ёки қаршилик кўрсатганида ҳам Шоҳлик ишида қатнашишга тайёрманми? Шогирд тайёрлаш ишида кўпроқ қатнашиш имконини топа оламанми?» (Эфес. 5:15, 16)

10. Исо қандай қилиб тинчлик ўрнатган?

10 Исо тинчликпарвар инсон эди. Одамлар унга ёмон муомала қилганда, у ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаган. Лекин Исо бундан ҳам кўпроғини қилган. У тинчлик ўрнатишда ташаббус кўрсатган ва бошқаларни баҳс-мунозараларни ҳал қилишга ундаган. Масалан, Исо улар Яҳовага маъқул келиши учун биродари билан ярашиши кераклигини айтган. (Мат. 5:9, 23, 24) Қолаверса, у ҳаворийлар уларнинг орасида ким буюкроқ экани ҳақида баҳслашганида уларга қайта-қайта ёрдам берган. (Луқо 9:46–48; 22:24–27)

11. Қай йўсин тинчлик пайида бўла оламиз?

11 Тинчлик пайида бўлиш учун муаммолар келтириб чиқармасликдан кўпроғини қилишимиз кутилади. Масалан, бошқалар билан тинч яшаш ва имондошларни келишмовчиликларни ҳал қилишга ундашда ташаббусни қўлга олишимиз керак. (Филип. 4:2, 3; Ёқб. 3:17, 18) Ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Бошқалар билан тинч яшаш учун нималарни қурбон қилишга тайёрман? Имондошим қалбимга озор берса, гина сақлаб юраманми? Бирон киши билан ярашиш учун ташаббусни мен эмас, у кўрсатиши керак, деб айтаманми? Ёки муаммонинг сабабчиси у, деб ўйлаганимда ҳам илк қадамни ўзим қўяманми? Ўринли бўлганда, биродару опа-сингилларни ўзаро келишиш учун тинчлик пайида бўлишга ундайманми?»

12. Қай йўсин Исо меҳрибон эканини кўрсатган?

12 Исо меҳрибон эди. (Мат. 11:28–30) У ҳатто қийин вазиятларда мулойим ва мулоҳазакор бўлиб меҳрибонликни кўрсатган. Масалан, финикиялик аёл ундан боласига шифо беришини сўраганида, Исо аввалига унинг илтимосини рад этган. Аммо кейин у кучли имонга эга эканини кўрганида Исо аёлнинг боласига меҳр ила шифо берган. (Мат. 15:22–28) Исо меҳрибон бўлган бўлса-да, маслаҳат бериш керак бўлганида буни ортга сурмаган. У ўзи севган инсонларга нисбатан қатъий бўлиб меҳрибонликни кўрсатган. Мисол учун, Бутрус уни Яҳованинг иродасини бажаришдан тўхтатмоқчи бўлганида Исо бошқа шогирдларнинг олдида уни тузатган. (Марк 8:32, 33) У буни Бутрусни ерга уриш учун эмас, балки уни ўргатиш ва бошқа шогирдларни манман бўлмасликдан огоҳлантириш ниятида қилган. Тўғри, Бутрус уялган бўлса керак, аммо у Исонинг танбеҳидан фойда олгани турган гап.

13. Қандай қилиб чин дилдан меҳрибон бўла оламиз?

13 Сиз севадиган одамларга чин дилдан меҳрибон эканингизни кўрсатиш учун гоҳида холисона маслаҳат бериш керак бўлади. Шундай вазиятда Исо каби Худонинг Каломидаги принципларга асосланинг. Мулойим бўлинг. Улар тўғри йўл тутаётганидан шубҳаланманг. Яҳовани ва сизни севадиган киши меҳр ила берган маслаҳатингизга яхши муносабат билдиришига ишонинг. Ўзингиздан қуйидагича сўраб кўринг: «Мен яхши кўрган инсон нотўғри йўл тутаётган бўлса, буни унга айта оламанми? Маслаҳат беришим керак бўлганида, уни меҳр ила бераманми ёки қўпол тарздами? Қайси ниятда маслаҳат бермоқчиман? Маслаҳатни кимдир жаҳлимни чиқараётгани учун бермоқчиманми ёки кўмаклашиш ниятидами?»

14. Исо ҳиммат фазилатини қандай кўрсатди?

14 Исо нафақат савоб иш нима эканини билади, балки уни амалда намоён этади. У Отасини севади. Шу боис, доим тўғри ният ила яхшилик қилади. Ҳимматли инсон доим бошқаларга ёрдам бериш йўлларини излайди ва уларга яхшилик қилади. Бошқаларга қандай ёрдам бериш мумкинлигини билишнинг ўзи етарли эмас. Тўғри ният ила савоб ишлар қилишимиз керак. Кимдир шундай ўйлар: «Нотўғри ният билан ҳам яхшилик қилса бўларканми?» Ҳа, қилса бўлади. Мисол учун, Исо камбағал одамга ҳаммага кўз-кўз қилиб, хайр-садақа берган кишилар ҳақида гапирган. Уларнинг қилган иши яхшидай кўринса ҳам Яҳова улардан мамнун бўлмаган. (Мат. 6:1–4)

15. Қандай қилиб чинакамига ҳимматли бўла оламиз?

15 Тўғри иш қилганимизда, ниятимиз пок бўлсагина чинакамига ҳимматли инсон бўла оламиз. Ўзингизга қуйидаги саволларни берсангиз бўлади: «Нима тўғри эканини фақатгина биламанми ёки шунга мувофиқ йўл тутаманми? Қайси ниятда яхшилик қиляпман?»

ҚАЙ ЙЎСИН ЯНГИ ЎЗЛИКНИ ЯХШИ ҲОЛАТДА САҚЛАЙ ОЛАМИЗ?

16. Ҳар куни нима қилишимиз керак ва нега?

16 Сувга чўмгач янги ўзликни кийиб олдик, деб ўйламаслигимиз керак. Янги ўзликни «янги кийимга» ўхшатса бўлади. Уни ҳам яхши ҳолатда сақлашимиз даркор. Бунинг бир йўли ҳар куни муқаддас руҳ самарасини кўрсатишнинг имкониятларини излашдир. Нима учун? Чунки Яҳова муқаддас руҳидан самара келтириш учун фойдаланади. (Ибт. 1:2) Шундай экан, муқаддас руҳ самараси бизни ҳаракат қилишга ундаши керак. Масалан, Исонинг шогирди Ёқуб: «Ишларсиз имон ҳам ўликдир»,— деб ёзган. (Ёқб. 2:26) Муқаддас руҳ самарасига кирувчи фазилатларнинг ҳар бири ҳақида шундай деса бўлади. Ҳар сафар уларни намоён этганда, Худонинг руҳи бизга ёрдам бераётганини яққол кўрсатамиз.

17. Муқаддас руҳ самарасини кўрсата олмаганимизда нима қилишимиз керак?

17 Ҳақиқатда анча йиллардан бери бўлган масиҳийлар ҳам баъзида муқаддас руҳ самарасини кўрсата олмаслиги мумкин. Муҳими, таслим бўлмаслик керак. Қуйидаги мисол устида ўйлаб кўринг. Айтайлик, яхши кўрган кийимингизни йиртиб олдингиз. Уни дарров ташлаб юборасизми? Йўқ. Уни эҳтиёткорлик ила ямаб қўйишга ҳаракат қиласиз ва яна йиртиб олмаслик учун эҳтиёт бўласиз. Шу сингари, кимгадир меҳрибонлик, сабр-тоқат ёки севги фазилатларини кўрсата олмасангиз тушкунликка тушманг. Чин кўнгилдан кечирим сўраш ўша инсон билан муносабатларингизни яна яхшилашингизга ёрдам беради. Кейинги сафар ўша хатони такрорламаслик қарорингиз қатъий бўлсин.

18. Нимага амин бўлишимиз мумкин?

18 Исо бизга ажойиб ўрнак қолдиргани учун миннатдормиз. Унинг нуқтаи назари ва фикрлаш тарзига қанча кўп тақлид қилсак, унга ўхшаш шунча осон бўлади. Исога ўхшаганимиз сайин янги ўзликни янада яхшироқ кийиб борамиз. Ушбу мақолада муқаддас руҳнинг самарасига кирувчи фазилатларнинг фақат тўрттасини кўриб чиқдик. Вақт ажратиб қолганлари устида ҳам изланиш олиб борарсиз ва уларни қандай намоён этаётганингиз борасида мулоҳаза юритарсиз. Бу фазилатлар ёритилган мақолаларни «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»нинг «Масиҳийларнинг ҳаёти» ва «Муқаддас руҳнинг самараси» номли сарлавҳалар остидан топишингиз мумкин. Шунга амин бўлингки, қўлингиздан келганини қилганингизда Яҳова янги ўзликни кийиб олишингизга ва уни ечиб ташламаслигингизга ёрдам беради.

127- ҚЎШИҚ Қай инсон бўлай мен?

^ Келиб чиқишимиз қандай бўлмасин, барчамиз «янги ўзликни» кия оламиз. Бунинг учун фикрлаш тарзимизни ўзгартиришдан ва Исога тақлид қилиш учун жон куйдиришдан тўхтамаслик керак. Ушбу мақолада Исонинг фикрлаш тарзини ва хатти-ҳаракатларини кўриб чиқамиз. Қолаверса, сувга чўмгандан кейин қай йўсин унга тақлид қилишда давом этишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

^ Галатияликларга 5:22, 23 да Худонинг руҳи ёрдамида ривожлантира оладиган ҳамма фазилатлар келтирилмаган. Бу борада «Қўриқчи минораси»нинг 2020 йил июнь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.