Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қай йўсин ғам-ташвишни енга оласиз?

Қай йўсин ғам-ташвишни енга оласиз?

ҒАМ-ТАШВИШ одамнинг қалбини эзади. (Ҳик. 12:25) Ғам-ташвиш туфайли азоб чекканмисиз? Ўзингизни бу ташвишларни енга олмайдигандай ҳис қилганмисиз? Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Кўпларимиз турли сабабларга кўра чарчаймиз, хавотирланамиз ва тушкунликка тушамиз. Масалан, касал оила аъзоларимизга ғамхўрлик қилишимиз, яқинимиз ҳаётдан кўз юмган бўлиши ёки табиий офатга дуч келишимиз мумкин. Хўш, ғам-ташвишни енгишимизга нима ёрдам беради? a

Ғам-ташвишни енгишда шоҳ Довуднинг ўрнагини кўриб чиқиш бизга ёрдам беради. У кўп қийинчиликларга дуч келган ва ҳатто бир неча марта ҳаёти хавф остида қолган. (1 Шоҳ. 17:34, 35; 18:10, 11) Хўш, Довудга барча ғам-ташвишни енгишга нима кўмаклашган? Унга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

ҚАЙ ЙЎСИН ДОВУД ТАШВИШЛАРНИ ЕНГА ОЛГАН?

Довуд бир вақтнинг ўзида турли қийинчиликларни бошдан кечирган. Келинг, мисол тариқасида Довуд уни ўлдириш пайида бўлган шоҳ Шоулдан қочиб юрган вазият ҳақида ўйлаб кўрайлик. Довуд ва унинг одамлари Зихлахга, уйига қайтганида, душманлари мол-мулкини талон-торож қилганини, уй-жойларини ёндириб юборганини ва оилаларини асирликка олиб кетганини билиб қолишди. Ўшанда Довуд нима қилди? «Довуд билан одамлари фарёд солиб йиғлай бошлашди. Улар йиғлайвериб, охири ҳолдан тойиб қолишди». Қолаверса, Довуд у ишонган одамлари «уни тошбўрон қилмоқчи бўлганида» тушкунликка тушди. (1 Шоҳ. 30:1–6) Довуд бирданига учта жиддий қийинчиликка дуч келди. Унинг оиласи хавф остида эди, одамлари уни ўлдирмоқчи эди ва шоҳ Шоул уни ҳали ҳам таъқиб қилаётганди. У қанчалик ташвишланганини тасаввур қилсак бўлади.

Кейин Довуд нима қилди? У зудлик билан «Тангриси Яҳовадан мадад олди». Қанақасига? Биламизки, Довуд одатда ёрдам сўраб Яҳовага ибодат қилган ва У ўтмишда унга қай йўсин ёрдам бергани ҳақида фикр юритган. (1 Шоҳ. 17:37; Заб. 18:2, 6) Шунингдек, Довуд Яҳованинг йўл-йўриғига муҳтож эканини тушунган. Шунинг учун, у Яҳовадан нима қилиши кераклиги ҳақида сўраган. Йўл-йўриқ олгач, Довуд дарҳол ҳаракатга тушган. Натижада, Яҳова унга ҳамда унинг одамларига барака берган ва улар оилаларию мол-мулкини қайтариб олган. (1 Шоҳ. 30:7–9, 18, 19) Довуд қандай учта қадам қўйганига эътибор бердингизми? У Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилган, Унинг барча яхшиликлари ҳақида фикр юритган ва олган йўл-йўриғига яраша ҳаракат қилган. Довудга қандай тақлид қила оламиз? Бунинг учта йўлини кўриб чиқамиз.

ҒАМ-ТАШВИШГА ЙЎЛИҚҚАНДА, ДОВУДГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

1. Ибодат қилинг. Ғам-ташвишга берилишни бошлаганимизда, Яҳовадан ёрдам ва донолик сўраб ибодат қилсак бўлади. Бизни хавотирга солаётган ҳамма нарсани Унга айтиб берсак, ўзимизни енгилроқ ҳис қиламиз. Ёки вазиятга қараб ичимизда қисқача ибодат қилишимиз мумкин. Яҳовадан ҳар сафар ёрдам сўраганимизда, Довуд каби Унга ишонаётганимизни кўрсатамиз. У шундай деган: «Яҳова менинг қоям, қўрғоним ва Қутқарувчимдир. Худойим менинг қоямдир, Унда паноҳ топаман». (Заб. 18:2) Хўш, ибодат ростдан ҳам ёрдам берадими? Кахлия исмли кашшоф шундай деди: «Ибодат қилгач, ўзимни яхши ҳис қиламан. Ибодат менга Яҳова каби фикр юритишга ва Унга кўпроқ таянишга ёрдам беради». Ҳа, ибодат Яҳованинг ҳадяси бўлиб, ғам-ташвишни енгишга кўмаклашади.

2. Фикр юритинг. Ўтмишга назар солиб, Яҳованинг кўмаги билангина енга олган қийинчиликларингизни эслай оласизми? Яҳова бизни ҳамда ўтмишдаги хизматчиларини қўллаб-қувватлагани ҳақида мулоҳаза юритсак, ички хотиржамликни ҳис қиламиз ва Унга бўлган ишончимиз ошади. (Заб. 18:17–19) Жошуа исмли оқсоқол шундай деди: «Қайси ибодатларимга жавоб олганимни ёзиб бораман. Бу менга Яҳовадан аниқ нарсани сўраганимни ва Ундан керакли пайтда ёрдам олганимни ёдда сақлашга кўмаклашади». Ҳа, Яҳованинг бизга қилган яхшиликлари ҳақида фикр юритиш ғам-ташвишлар билан курашишга ёрдам беради.

3. Ҳаракат қилинг. Бирон муаммони ҳал қилишдан аввал Худонинг Каломидан ишончли йўл-йўриқлар излашимиз лозим. (Заб. 19:7, 11) Кўпларнинг фикрича, муайян оят борасида изланиш ўтказиш унинг амалий фойдасини кўришга кўмаклашади. Жеррод исмли оқсоқол қуйидагича бўлишди: «Оят ҳақида изланиш ўтказиш унинг турли қирраларини кўришга ҳамда Яҳованинг фикрларини тушунишга ёрдам беради. Шунингдек, ўқиётганларимга ишонч ҳосил қилишга ва Худонинг йўл-йўриғига амал қилишга кўмаклашади». Яҳованинг йўл-йўриғини Муқаддас Ёзувлардан излаб, унга амал қилсак, ғам-ташвишлар билан курашиш осонроқ бўлади.

ЯҲОВА ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШИНГИЗГА КЎМАКЛАШАДИ

Довуд ғам-ташвишларини муваффақият ила енгиши учун Яҳованинг ёрдами кераклигини тушунган. Довуд Яҳова уни қўллаб-қувватлаганини қадрлагани учун шундай деган: «Аллоҳнинг қудрати ила девордан ошиб ўтаман. Мени мустаҳкам қилувчи ҳақ Тангридир». (Заб. 18:29, 32) Муаммоларимиз худди ошиб бўлмайдиган тоғдек кўриниши мумкин. Аммо Яҳованинг ёрдами билан ҳар қандай жиддий қийинчиликни енга оламиз. Ҳа, Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилсак, биз учун қилган яхшиликлари ҳақида фикр юритсак ва йўл-йўриғи бўйича ҳаракат қилсак, У ғам-ташвишларимизни муваффақият ила енгишимиз учун куч ва донолик беради!

a Киши қаттиқ ғам-ташвиш туфайли шифокорга мурожаат қилишига тўғри келиши мумкин.