Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Оналар, Эвниканинг ўрнагидан сабоқ олинг

Оналар, Эвниканинг ўрнагидан сабоқ олинг

Онанг ўгитларини рад этма. Боиси улар бошинг учун гўзал гулчамбар, бўйнинг учун зеб-зийнатдир. ҲИК. 1:8, 9

137- ҚЎШИҚ Яҳовага вафодор аёл-қизлар

БУ МАҚОЛАДА a

Тимўтийнинг онаси Эвника ва бувиси Лоида у сувга чўмганида жуда суюниб, у билан фахрланяпти (1- хатбошига қаранг.)

1, 2. а) Эвника ким эди ва у она сифатида қандай қийинчиликка дуч келган? б) Муқовадаги расмга шарҳ беринг.

 МУҚАДДАС КИТОБДА Тимўтийнинг сувга чўмиш жараёни ҳақида айтилмаган бўлса-да, ўша куни Эвника нималарни ҳис қилганини тасаввур қилишимиз мумкин. (Ҳик. 23:25) Эвника сувда турган Тимўтийга фахр кўзлари билан қараб, табассум қиляпти. Унинг олдида Тимўтийнинг бувиси Лоида ҳам турибди. Тимўтий сувга чўмдирилар экан, Эвника ҳаяжонланиб чуқур нафас оляпти. Тимўтий сувдан чиққанидан кейин Эвника қувонч кўз ёшларини ушлай олмаяпти. У қийинчиликларига қарамай Тимўтийга Яҳовани ҳамда Исони кўпроқ севишга ёрдам берган. Бу борада Эвника қандай қийинчиликларга дуч келган?

2 Тимўтийнинг ота-онаси ҳар хил дин вакиллари бўлган. Отасининг миллати юнон, онаси билан бувисиники эса яҳудий эди. (Ҳавор. 16:1) Эвника билан Лоида масиҳий бўлишни танлаганида, Тимўтий ўсмир бўлгандир. Аммо отаси масиҳий бўлишни танламади. Хўш, Тимўтий нимани танлади? У шахсий қарор чиқариш учун етарлича ёшда бўлганга ўхшайди. У отасининг тарафини танладими? Болалигидан ўргатилган яҳудийларнинг урф-одатларига амал қилдими ёки Исо Масиҳнинг шогирди бўлдими?

3. Оналар фарзандларига маънан ўсишга ёрдам беришига Яҳова қандай муносабатда? (Ҳикматлар 1:8, 9)

3 Масиҳий оналар Эвника каби ўз оилаларини яхши кўришади. Улар учун энг асосийси фарзандларига Яҳова билан дўстлик муносабатларини ривожлантиришга ёрдам беришдир. Худойимиз уларнинг ҳаракатларини жуда қадрлайди. (Ҳикматлар 1:8, 9 ни ўқинг.) Яҳова кўплаб оналарга фарзандларига У ҳақида билим бериш ҳамда Уни севишга ўргатиш учун ёрдам бериб келяпти.

4. Оналар қандай қийинчиликларга дуч келишяпти?

4 Табиийки, кўп ҳолларда оналар фарзандлари Тимўтий каби Яҳовага хизмат қилармикан, деб ўйлашади. Чунки уларнинг фарзандлари Шайтоннинг дунёсида қандай босимга дуч келаётганини билишади. (1 Бутр. 5:8) Қолаверса, кўп оналар фарзандларини ёлғиз тарбиялашда қийинчиликларга дуч келишади. Ёки ҳатто уларнинг эри бор бўлса-да, улар Яҳовага хизмат қилмаслиги мумкин. Мисол учун, Кристина b исмли опамиз шундай деди: «Эрим яхши ота ва оилапарвар инсон. Аммо у фарзандларимизга Яҳованинг таълим-тарбиясини беришимга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Мен кўп йиғлаб: “Фарзандларим қачондир Яҳовага хизмат қилармикан?” — деб ўйлардим».

5. Бу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

5 Художўй она сифатида сиз ҳам Эвника каби бахтли бўла оласиз. Бу мақолада унинг ўрнагига қай йўсин тақлид қилишингиз ва сўзларингизу ҳаракатларингиз билан болангизга таълим беришингиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Қолаверса, Яҳова сизга қандай ёрдам беришини муҳокама қиламиз.

БОЛАЛАРИНГИЗГА СЎЗЛАРИНГИЗ БИЛАН ТАЪЛИМ БЕРИНГ

6. Қандай қилиб Тимўтий масиҳий бўлган? (2 Тимўтийга 3:14, 15)

6 Тимўтий кичик бўлганида, онаси унга яҳудийлар «Муқаддас Ёзувларни» тушунгани бўйича таълим берган. Эвника Исо Масиҳ ҳақида ҳеч нарса билмагани учун билими чегараланган эди. Шундай бўлса-да, Тимўтийнинг Каломдан ўрганган билимлари унга масиҳийликни қабул қилиш учун яхши пойдевор бўлган. Лекин у масиҳийликни қабул қилганми? Тимўтий масиҳий бўлиш-бўлмаслигини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга эди. Шубҳасизки, унинг Исо ҳақидаги билимларга «ишонч ҳосил қилишида» онасининг ҳам ҳиссаси бор. (2 Тимўтийга 3:14, 15 ни ўқинг.) Эвника қийинчиликларга қарамай, фарзандига Яҳова ҳақида билим берганидан ниҳоятда хурсанд бўлгандир. У ўз исмига монанд ҳаёт кечирган. Исмининг маъноси «забт этувчи» дегани.

7. Эвника Тимўтий сувга чўмганидан кейин маънан ўсишига қандай ёрдам берган?

7 Сувга чўмиш Тимўтийнинг ҳаётида муҳим қадамлардан бири бўлган. Аммо Эвника бундан кейин ҳам ўғли учун хавотирланишда давом этган. Тимўтий буёғига ҳаётини қандай ўтказади? Унга ёмон таъсир қиладиган одамлар билан дўстлашадими? Афинага кетиб, у ердаги бутпараст файласуфларнинг таълимотига ишониб кетадими? Вақти, кучи ва ёшлигидан бойлик орттириш учун фойдаланадими? Эвника Тимўтий учун қарор чиқара олмаса-да, унга ёрдам бера оларди. Қанақасига? Эвника ўғлига Яҳовани кўпроқ севишга ва Исога бўлган миннатдорлигини кучайтиришга ёрдам бериши мумкин эди. Қийинчиликларга фақат диний эътиқоди турлича бўлган ота-оналар дуч келмайди. Ҳатто ота-оналар ҳақиқатда бўлса ҳам, фарзандлари Яҳовага хизмат қилиши учун уларнинг қалбини забт этиш қийин бўлиши мумкин. Ота-оналар Эвникадан қандай сабоқ олса бўлади?

8. Опамиз имондошимиз бўлган эрига боласининг маънавий эҳтиёжларини қондириш учун қандай ёрдам бера олади?

8 Муқаддас Китобни болаларингиз билан тадқиқ қилинг. Қадрдон опа-сингиллар, турмуш ўртоғингиз ҳақиқатда бўлса, Яҳова фарзандингизнинг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун эрингизга ёрдам беришингизни хоҳлайди. Буни қилишнинг бир йўли мунтазам равишда оилавий топиниш ўтказишдир. Бу топиниш ҳақида ижобий фикр билдиринг ва у ёқимли, қизиқарли ўтиши учун нима қила олишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Балки эрингизга Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш учун бирон лойиҳа ўйлаб топишга ёрдам берарсиз. Қолаверса, баъзи болаларингиз «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китоби ёрдамида шахсий тадқиқ ўтказиш учун етарлича ёшда бўлса, уларни эрингиз билан бирга қўллаб-қувватларсиз.

9. Турмуш ўртоғи ҳақиқатда бўлмаган аёллар қаердан ёрдам олиши мумкин?

9 Баъзи оналар фарзандлари билан Муқаддас Китобни ўзлари тадқиқ қилишларига тўғри келади. Сабаби улар ёлғиз бўлиши ёки турмуш ўртоғи ҳақиқатда бўлмаслиги мумкин. Лекин бундан ҳаддан ташқари хавотирланманг. Яҳова сизга ёрдам беради. Фарзандларингизга таълим бериш учун Яҳова Ўз ташкилоти орқали бераётган амалий асбоблардан фойдаланинг. Балки бу асбоблардан қандай фойдаланиш ҳақида тажрибали ота-оналардан сўрарсиз c. (Ҳик. 11:14) Шунингдек, Яҳова фарзандларингиз билан суҳбат қуришингизга кўмаклаша олади. Улар нима ўйлаётгани ёки нима ҳис қилаётганини билиш учун Яҳовадан ёрдам сўранг. (Ҳик. 20:5) «Мактабда дуч келаётган энг катта қийинчилигинг нима?» — деб оддийгина савол бериш мазмунли суҳбатга замин яратади.

10. Болаларингизга Яҳова ҳақида таълим бериш учун яна нима қилсангиз бўлади?

10 Фарзандларингизга Яҳова ҳақида таълим бериш йўлларини изланг. Уларга Яҳова ҳамда У сиз учун қилган кўп яхшиликлари тўғрисида айтиб беринг. (Қонун. 6:6, 7; Ишаё 63:7) Фарзандларингиз билан мунтазам равишда уйда тадқиқ ўта олмасангиз буни қилиш айниқса муҳим. Юқорида тилга олинган Кристина қуйидагича деди: «Фарзандларим билан Яҳова ҳақида гаплашиш имкони кам бўлгани учун ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилардим. Улар билан сайр қилганда ёки қайиқда сузганда, Яҳованинг ижодлари ва бошқа маънавий мавзулар тўғрисида суҳбатлашишга интилардим. Фарзандларим катта бўлгани сайин уларни Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилишга ундардим». Бундан ташқари, Яҳованинг ташкилоти ва биродару опа-сингилларингиз тўғрисида ижобий гапиринг. Оқсоқолларни танқид қилманг. Айтган сўзларингиз фарзандларингиз қийин дамларда улардан ёрдам сўраш-сўрамаслигига таъсир қилиши мумкин.

11. Ёқуб 3:18 га кўра, нега оилада тинчлик бўлишига ҳисса қўшиш муҳим?

11 Оилангизда тинчлик бўлишига ҳаракат қилинг. Эрингиз ва болаларингизга уларни яхши кўришингизни доим айтиб туринг. Турмуш ўртоғингизга меҳр ва ҳурмат ила гапиринг. Болаларингизни ҳам шундай йўл тутишга ўргатинг. Бундай қилиб, оилангизда тинчлик бўлишига ҳисса қўшасиз ва фарзандларингизга Яҳова ҳақида таълим бериш осонроқ кечади. (Ёқуб 3:18 ни ўқинг.) Руминияда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Жозефнинг мисолини олайлик. Болалигида отаси унга, онасига ва опа-укаларига Яҳовага хизмат қилишга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Жозеф шундай деди: «Онам уйимизда тинчлик ҳукм суришига ҳаракат қиларди. Отам қанчалик ёмон муносабат кўрсатса, онам шунчалик меҳр кўрсатарди. Отамизни ҳурмат қилмаганимизда ва қулоқ солмаганимизда, онам биз билан Эфесликларга 6:1–3 ни муҳокама қиларди. Сўнг отамизнинг яхши томонлари ҳақида гапирарди. Шунингдек, нега биз уни қадрлашимиз кераклигини тушунишимизга кўмаклашарди. Бу оиламизда тинчлик бўлишига ёрдам берган».

БОЛАЛАРИНГИЗГА ИШЛАРИНГИЗ БИЛАН ТАЪЛИМ БЕРИНГ

12. Эвниканинг ўрнаги Тимўтийга қандай таъсир қилган? (2 Тимўтийга 1:5)

12 2 Тимўтийга 1:5 ни ўқинг. Эвника Тимўтий учун яхши ўрнак бўлган. У ўғлига имон ишлар орқали кўрсатилишини тушунтирган бўлса керак. (Ёқб. 2:26) Шубҳасизки, Тимўтий онасининг ҳаракатлари ортида Яҳовага бўлган кучли севги турганини кўрган. Шунингдек, Яҳовага хизмат қилиш онасига қанчалик қувонч келтирганига эътибор берган. Эвниканинг ўрнаги Тимўтийга қандай таъсир қилган? Ҳаворий Павлус айтганидай, Тимўтий онаси каби имонни намоён этган. У тасодифан кучли имонга эга бўлиб қолмаган. Тимўтий онасининг ўрнагига диққат қаратиб, унга тақлид қилишга қарор қилган. Шу каби, кўплаб оналар оила аъзоларининг қалбини сўзсиз забт эта оляпти. (1 Бутр. 3:1, 2) Сиз ҳам шундай қила оласиз. Қай йўсин?

13. Оналар Яҳова билан муносабатларини биринчи ўринга қўйиш учун нима қилишлари керак?

13 Яҳова билан муносабатларингиз биринчи ўринда бўлсин. (Қонун. 6:5, 6) Аксарият оналар каби кўп фидойиликларга боряпсиз. Фарзандларингизнинг жисмоний эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун вақтингизни, пулингизни, уйқунгизни ва бошқа нарсаларни аямаяпсиз. Аммо бу эҳтиёжларга ғамхўрлик қиламан деб, Яҳова билан шахсий муносабатларингизни қурбон қилманг. Мунтазам равишда шахсан ибодат қилинг, тадқиқ ўтказинг ва йиғилишларга қатнанг. Шу йўсин, ўзингизни маънан мустаҳкамлаб, оила аъзоларингизга ва бошқаларга ўрнак кўрсатасиз.

14, 15. Леана, Мария ва Жоаннинг мисолидан нимани ўргансак бўлади?

14 Онасининг ўрнагига эътибор қаратиб, Яҳовага бўлган севгини ва ишончни ривожлантирган бир нечта ёшларнинг мисолини кўриб чиқайлик. Кристинанинг қизи Леана шундай деди: «Отам уйда бўлганида, Муқаддас Китобни тадқиқ қила олмасдик. Аммо онам йиғилишларни ҳечам қолдирмасди. Муқаддас Китоб борасида билимимиз кам бўлганига қарамай, онамнинг ишлари имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам берди. Йиғилишларга қатнашдан анча аввал бу ҳақиқат эканини билардик».

15 Мариянинг отаси уни ва уйидагиларини йиғилишларга боргани учун жазолаб турарди. Мария шундай айтиб берди: «Онамни энг жасоратли опалардан бири деб биламан. Кичкиналигимда одамлар нима дейди, деб қўрққаним учун баъзи ишларни қилишдан бош тортардим. Аммо онамнинг жасорати ва ҳаётида доимо Яҳовани биринчи ўринга қўйгани одамлар олдидаги қўрқувни енгишимга ёрдам берди». Жоаннинг отаси уйда маънавий мавзуларда гаплашишни ман этган. Жоан қуйидагича деди: «Менга онамнинг мисоли қаттиқ таъсир қилган. У отамнинг кўнглини топиш учун — Яҳовага бўлган севгисидан ташқари — ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр бўлган».

16. Оналарнинг ўрнаги бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкин?

16 Қадрдон оналар, шуни унутмангки, ўрнагингиз бошқаларга таъсир қилади. Қанақасига? Эвниканинг ўрнаги ҳаворий Павлусга қандай таъсир қилгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. У Тимўтийнинг самимий имони «аввалдан... Эвникада бор эди», деб ёзган. (2 Тим. 1:5) Хўш, у бунга қачон эътибор берган? Эҳтимол, Павлус биринчи ваъзгўйлик сафарида Листрада Лоида ва Эвника билан танишган ҳамда уларга масиҳий бўлишга ёрдам берган. (Ҳавор. 14:4–18) Бир ўйлаб кўринг, Павлус Тимўтийга тахминан 15 йил ўтгач, мактуб ёзганида ҳали ҳам Эвниканинг садоқат ила қилган ишларини ёдда тутган ва уни тақлид қилишга арзийдиган ўрнак сифатида келтирган. Шубҳасизки, Эвниканинг ўрнаги ҳаворий Павлус ва биринчи асрдаги бошқа кўп масиҳийларга жуда таъсир қилган. Сиз ҳам ёлғиз ўзингиз ёки диний эътиқоди турли бўлган оилада фарзанд тарбиялаётган бўлсангиз, шунда амин бўлингки, ўрнагингиз атрофингиздагиларга кучли таъсир қилади.

Болангизга маънан улғайишга ёрдам бериш вақт талаб қилади. Ҳечам таслим бўлманг! (17- хатбошига қаранг.)

17. Ҳаракатларингиз беҳудадай туюлса, нима қилишингиз керак?

17 Агар ҳаракатларингиз беҳудадай туюлса-чи? Ёдда тутингки, фарзанд тарбияси вақт талаб этади. Расмда кўрсатилганидай, уруғ эккач, у қачондир униб мева берармикан, деб ўйлашимиз мумкин. Ушбу уруғ мева беришини кафолатлай олмасак-да, уни суғориб, ўсишида давом этишига ёрдам бера оламиз. (Марк 4:26–29) Шу каби, оналар ҳам ҳаракатларим фарзандларимга таъсир қиляптими, деб ўйлаши мумкин. Фарзандларингиз қандай қарор чиқаришини олдиндан била олмайсиз. Аммо таълим-тарбия бериш учун қўлингиздан келганини қилиб уларга маънан ўсишга ёрдам берасиз. (Ҳик. 22:6)

ЯҲОВАНИНГ КЎМАГИГА ТАЯНИНГ

18. Болаларингиз маънан улғайишига Яҳова қандай ёрдам бериши мумкин?

18 Қадимдан бери Яҳова кўпдан-кўп ёшларга Унинг дўсти бўлишга ёрдам бериб келяпти. (Заб. 22:9, 10) Қолаверса, Худо болангиз маънан улғайишига кўмаклашиши мумкин. Албатта, у буни ўзи ҳам хоҳлаши лозим. (1 Кор. 3:6, 7) Ҳатто болаларингиз Яҳовага чин дилдан хизмат қилмаётган бўлса-да, У уларни яхши кўришда давом этади. (Заб. 11:4) Улар оз бўлса ҳам «ҳақиқатни қабул қилишга мойил» бўлса, Худо уларга Унинг дўсти бўлишига ёрдам беришга тайёр. (Ҳавор. 13:48; 2 Сол. 16:9) У шунингдек, болангиз эшитишга муҳтож бўлган керакли фикрларни айтишингизга кўмаклашиши мумкин. (Ҳик. 15:23) Ёки бирон ғамхўр имондошингизни унга ўзгача қизиқиш кўрсатишга ундар. Ҳатто болаларингиз улғайганда, Яҳова ўтмишда ўргатган нарсаларингизни уларнинг ёдига солиши мумкин. (Юҳан. 14:26) Ҳам сўз, ҳам ўрнагингиз билан фарзандларингизга таълим беришда давом этсангиз, Яҳова қут-баракалар ато этади.

19. Нега Яҳова сиздан мамнун эканига амин бўлишингиз мумкин?

19 Яҳованинг сизга бўлган севгиси фарзандларингиз қандай қарор чиқаришига боғлиқ эмас. Сиз Уни яхши кўрганингиз учун У ҳам сизни яхши кўради. Агар ёлғиз ўзингиз бола тарбиялаётган бўлсангиз, Яҳова фарзандларингизга Ота, сизга эса Ҳимоячи бўлишни ваъда беряпти. (Заб. 68:5) Болаларингиз Яҳовага хизмат қилиш-қилмаслигини олдиндан била олмайсиз. Аммо Яҳованинг кўмагига таяниб, қўлингиздан келганини қилишда давом этсангиз, Уни мамнун қиласиз.

134- ҚЎШИҚ Фарзандлар Яҳовадан меросдир

a Бу мақолада масиҳий оналар Тимўтийнинг онаси Эвникадан қандай сабоқ олишлари мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, улар фарзандларига Яҳова ҳақида билим олишга ва Уни севишга қандай кўмаклаша олишига эътибор берамиз.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.

c Масалан, «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 50- дарси ва «Қўриқчи минораси»нинг 2011 йил 15 август сонидаги 6-, 7- саҳифаларда келтирилган «Оилавий топиниш ва шахсий тадқиқ учун таклифлар» номли мақолага қаранг.