Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Маънавий мақсадлар қўйиб, уларга эришинг

Маънавий мақсадлар қўйиб, уларга эришинг

Ушбу нарсалар устида мулоҳаза юрит ва муваффақиятинг ҳаммага ошкор бўлиши учун бу ишлар билан банд бўл. 1 ТИМ. 4:15

84- ҚЎШИҚ Эҳтиёж бор жойга шошамиз

БУ МАҚОЛАДА a

1. Қандай маънавий мақсадлар қўйишимиз мумкин?

 ИСОНИНГ ҳақиқий издошлари бўлганимиз учун Яҳовани жуда яхши кўрамиз. Унга ўзимиздаги энг яхшисини беришни истаймиз. Қўлимиздан келганини қилиш учун эса маънавий мақсадлар қўйишимиз лозим. Масалан, Худога ёқадиган фазилатларни ривожлантиришимиз, фойдали кўникмаларни ўрганишимиз ва бошқаларга хизмат қилишнинг йўлларини излашимиз мумкин b.

2. Нега маънавий мақсадлар қўйиб, уларга эришиш учун интилишимиз керак?

2 Нега маънан ўсишга ҳаракат қилишимиз керак? Авваламбор, биз Самовий Отамизни мамнун қилишни истаймиз. Истеъдоду қобилиятларимиздан хизматда тўлиқ фойдаланганимизда, бу Яҳовани хурсанд қилади. Бундан ташқари, маънан ўсиш орқали биродару опа-сингилларимизга кўпроқ ёрдам бера оламиз. (1 Салон. 4:9, 10) Қанчадан бери ҳақиқатда бўлмайлик, ҳар биримиз маънан ўсишга ҳаракат қила оламиз. Келинг, буни қандай қилишимиз мумкинлигини кўрайлик.

3. Ҳаворий Павлус Тимўтийни нима қилишга ундаган? (1 Тимўтийга 4:12–16)

3 Тимўтий Павлусдан биринчи мактубни олганида, аллақачон оқсоқол бўлиб хизмат қилаётганди. Бунга қарамай, Павлус уни маънан ўсишга ундаган. (1 Тимўтийга 4:12–16 ни ўқинг.) Павлуснинг сўзларидан шуни кўришимиз мумкинки, у Тимўтийни икки йўналишда яхшиланишини истаган: 1) севги, имон ва поклик каби Яҳовага ёқимли фазилатларни ривожлантириш; 2) омма олдида ўқиш, насиҳат қилиш ва таълим бериш каби кўникмаларни яхшилаш. Тимўтийнинг ўрнагини ёдда тутган ҳолда, келинг, эриша оладиган мақсадлар қўйиш қай йўсин маънан ўсишимизга ёрдам беришини кўриб чиқайлик. Шунингдек, хизматда кўпроқ қила олишимиз мумкин бўлган нарсаларга эътибор берамиз.

ХУДОГА ЁҚАДИГАН ФАЗИЛАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

4. Нима туфайли Тимўтий Яҳованинг хизматида фойда келтира олган? (Филиппиликларга 2:19–22)

4 Нима туфайли Тимўтий Яҳованинг хизматида фойда келтира олган? Ҳамма гап унинг Худога ёқадиган фазилатларида эди. (Филиппиликларга 2:19–22 ни ўқинг.) Павлус Тимўтий ҳақида ёзган сўзларидан у камтар, содиқ, тиришқоқ ва ишончли бўлганини кўряпмиз. Тимўтий биродарларини яхши кўрган ва улар ҳақида қаттиқ қайғурган. Павлус Тимўтийни севикли фарзандидай кўрган ва мураккаб вазифаларни унга бемалол топширган. (1 Кор. 4:17) Шунга ўхшаб, жамоатда кўпроқ фойда келтириш мақсадида Яҳовага ёқадиган фазилатларни ривожлантирсак, У бизни яхши кўради. (Заб. 25:9; 138:6)

Янада кўпроқ ривожлантиришни хоҳлаган фазилатни аниқланг (5-, 6- хатбошиларига қаранг.)

5. а) Қай йўсин Худога ёқадиган фазилатларни ривожлантириш мақсадини қўя оласиз? б) Расмда кўрсатилган синглимиз ҳамдардлик фазилатини намоён этиш учун нима қиляпти?

5 Аниқ мақсад қўйинг. Ибодат қилиб шахсиятингизнинг қайси томонларини яхшилашингиз кераклигига диққат қаратинг. Ривожлантиришингиз керак бўлган аниқ бир фазилатни танланг. Масалан, янада ҳамдард бўлишни ёки имондошларингизни қўллаб-қувватлашни ўрганишни истарсиз. Ёки янада тинчликпарвар ва кечиримли бўлишни хоҳларсиз. Эҳтимол, дўстингиздан яхшилаш керак бўлган томонларингиз ҳақида сўраш фойдали бўлар. (Ҳик. 27:6)

6. Бирон-бир фазилатни ривожлантириш учун нима қилсак бўлади?

6 Мақсадингизга эришишга ҳаракат қилинг. Буни қандай қила оласиз? Бунинг бир йўли сиз яхшилашни истаган фазилат устида тадқиқ ўтказиш. Айтайлик, кечиримли бўлиш фазилати устида ишламоқчисиз. Бунинг учун бошқаларни чин дилдан кечирган ва кечирмаган инсонларнинг мисолларини Муқаддас Китобдан ўқиб, уларнинг устида мулоҳаза юритсангиз бўлади. Келинг, Исонинг ўрнагига эътибор берайлик. У бошқаларни чин дилдан кечирган. (Луқо 7:47, 48) Қолаверса, у инсонларнинг камчилигига эмас, балки нима қила олишига қаратган. Бундан фарқли равишда, Исонинг даврида яшаган фарзийлар «бошқаларни назар писанд қилмаган». (Луқо 18:9) Ушбу мисоллар устида мулоҳаза юритгандан кейин, ўзингиздан шундай сўранг: «Бошқаларга қараганда нимасига эътибор бераман? Уларнинг қайси фазилатига диққат қаратаман?» Агар кимнидир кечириш сиз учун қийин бўлса, унинг ижобий фазилатларини қоғозга ёзишингиз мумкин. Кейин ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Исо бу инсоннинг нимасига эътибор қаратяпти? У уни кечирган бўлармиди?» Бу қадамларни қўйиш фикрлаш тарзимизни ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин. Бошида бизни хафа қилган инсонни кечириш учун кўп ҳаракат қилишимизга тўғри келар. Аммо ҳаракатдан тўхтамасак, вақт ўтгач бошқаларни кечириш осонроқ бўлади.

ФОЙДАЛИ КЎНИКМАЛАРНИ ЎРГАНИНГ

Йиғилиш залидаги таъмирлаш ишларини ўрганишга тайёр бўлинг (7- хатбошига қаранг.) e

7. Яҳова бугунги кунда маҳоратли хизматчиларидан қай тарзда фойдаланяпти? (Ҳикматлар 22:29)

7 Яна бир мақсад, фойдали кўникмаларни ўрганишдир. Бир ўйлаб кўринг, Байтил биноларини, Йиғилиш ва Анжуман залларини қуриш учун жуда кўп ишчилар керак. Бундай хизматчиларнинг аксарияти тажрибали имондошларимиз билан ҳамкорлик қилиб, керакли кўникмаларни орттирган. Расмда кўрсатилганидай, имондошларимиз Анжуман ва Йиғилиш залларини таъмирлаш учун ёрдам берадиган кўникмаларни ўрганяпти. Бу ва бошқа йўллар орқали «Абадият подшоҳи» Тангри Яҳова ҳамда «Подшоҳларнинг подшоҳи» Исо Масиҳ қобилиятли ишчилар орқали ажойиб ишларни амалга оширяпти. (1 Тим. 1:17; 6:15; Ҳикматлар 22:29 ни ўқинг.) Биз ўзимизни эмас, Яҳовани улуғлаш мақсадида сидқидилдан меҳнат қилишни ва кўникмаларимиздан фойдаланишни истаймиз. (Юҳан. 8:54)

8. Қайси кўникмаларни ривожлантиришингиз кераклигини қандай билишингиз мумкин?

8 Аниқ мақсад қўйинг. Қайси кўникмани ўрганишингиз мумкин? Жамоатдаги оқсоқоллардан қайси кўникмани орттиришингиз кераклиги тўғрисида сўранг. Эҳтимол, туман нозирингизга ҳам мурожаат қиларсиз. Мисол учун, улар гапириш ва таълим бериш қобилиятингизни яхшилаш кераклиги ҳақида айтишса, айнан қайси жиҳатини яхшилашингиз кераклигини сўранг. Кейин амалий қадамлар қўйинг. Бунга қандай эриша оласиз?

9. Муайян кўникмани ўрганиш учун нима қила оласиз?

9 Мақсадингизга эришишга ҳаракат қилинг. Айтайлик, таълим бериш маҳоратингизни яхшиламоқчисиз. Бунинг учун «Ўқишда ва таълим беришда давом этинг» номли рисолани тадқиқ қилинг. Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувда нутқ билан чиқишдан олдин тажрибали биродардан уни тинглашни ва яхшиланишингиз учун тавсиялар беришни сўрашингиз мумкин. Нафақат қобилиятли, балки тиришқоқ ва ишончли инсон сифатида обрўга эга бўлинг. (Ҳик. 21:5; 2 Кор. 8:22)

10. Кўникмага эга бўлиш учун нима қилиш керак? Мисол келтиринг.

10 Агар сиз учун қилиш қийин бўлган бирор нарсага ўрганишни мақсад қилган бўлсангиз-чи? Бу борада меҳнат қилишда давом этинг. Масалан, Герри исмли биродар яхши қироат қилолмасди. У йиғилишда овоз чиқариб ўқиганида, жуда ҳаяжонланганини эслайди. Лекин Герри бу йўналишда яхшиланишдан тўхтамади. Унинг айтишича, орттирган билимлари туфайли ҳозир йиғилишу анжуманларда нутқлар айта оляпти.

11. Тимўтий каби Яҳованинг хизматида кўпроқ қила олишимизга нима ёрдам беради?

11 Тимўтий таниқли нотиқ ёки маҳоратли таълим берувчига айланганми? Муқаддас Китобда бу ҳақида айтилмаган. Лекин шубҳасизки, Тимўтий Павлуснинг маслаҳатига амал қилиб, вазифаларини бажаришда яхшиланишга ҳаракат қилган. (2 Тим. 3:10) Шу каби, биз ҳам кўникмаларимизни яхшилашга ҳаракат қилсак, Яҳованинг хизматида кўпроқ қила оламиз.

БОШҚАЛАРГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ ЙЎЛЛАРИНИ ИЗЛАНГ

12. Бошқалар сизга ёрдам берганидан қандай фойда олгансиз?

12 Бошқалар бизга ёрдам бериш учун кўп ҳаракат қилади. Масалан, касалхонада ётганимизда Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитадаги ёки Беморларни йўқлаш гуруҳларидаги оқсоқоллар бизни кўриш учун ташриф буюрганда, жуда миннатдор бўламиз. Ёки қийинчиликларга дуч келганимизда, ғамхўр оқсоқоллар бизни тинглаш ва далда бериш учун вақт ажратганида буни қадрлаймиз. Ё бўлмаса, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш борасида ёрдамга муҳтож бўлганимизда, тажрибали кашшофлар биз билан тадқиққа боришга рози бўлганида ва маслаҳат берганида хурсанд бўламиз. Ушбу барча биродару опа-сингиллар бизга ёрдам беришдан бахтиёр. Биз ҳам имондошларимизга хизмат қилиш орқали шундай қувончни ҳис қилишимиз мумкин. Исо: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб айтган. (Ҳавор. 20:35) Шу ёки бошқа йўллар орқали Яҳованинг хизматида кўпроқ қилишни истасангиз, бунда сизга нима ёрдам беради?

13. Мақсад қўйганимизда нимани ёдда тутишимиз керак?

13 Умумий мақсадлар қўйманг. Масалан, жамоатда кўпроқ ишлар бажармоқчиман, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо бу мақсадга қандай эришиш мумкинлигини билмассиз ва унга эриша олмайман, деган хулосага келарсиз. Шунинг учун, аниқ ва муайян бир мақсад танланг. Бу мақсадни ва унга қандай эришмоқчи эканингизни ёзиб қўйсангиз ҳам бўлади.

14. Нега мақсадлар қўйганда мослашувчан бўлишимиз керак?

14 Мақсадлар қўйганимизда мослашувчан бўлишимиз керак. Нега? Сабаби вазиятни бутунлай назорат қила олмаймиз. Масалан, ҳаворий Павлус Салоника шаҳрида янги жамоат ташкил қилишда ёрдам берган. Шубҳасизки, у ўша ерда қолиб, яқинда масиҳий бўлганларга ёрдам беришни истаган. Лекин душманлар Павлусни у ерни тарк этишга мажбур қилган. (Ҳавор. 17:1–5, 10) Агар Павлус у ерда қолса, имондошларини хавф остига қўярди. Аммо у таслим бўлмаган. Аксинча, вазиятга мослашишга ҳаракат қилган. Кейинроқ эса Салоникадаги яқинда масиҳий бўлганларнинг маънавийлигига ғамхўрлик қилиш учун Тимўтийни у ерга юборган. (1 Салон. 3:1–3) Тимўтий қаерда эҳтиёж бор бўлса, ўша ерда хизмат қилишга тайёр эканидан салоникаликлар ниҳоятда қувонган бўлса керак.

15. Ўзгарган вазиятлар мақсадларимизга қай йўсин таъсир қилиши мумкин? Тушунтиринг.

15 Салоникада Павлус билан бўлган вазиятдан сабоқ олсак бўлади. Муайян мақсад қўйсак-да, биз назорат қила олмайдиган вазиятлар сабабли уларга эриша олмаслигимиз мумкин. (Воиз 9:11) Агар сизда ҳам шундай бўлган бўлса, эришишингиз мумкин бўлган мақсадлар қўйишга ҳаракат қилинг. Тед ва Хейди исмли бир жуфтлик айнан шундай йўл тутди. Соғлик муаммолари туфайли улар Байтил хизматини тўхтатди. Аммо улар Яҳовани яхши кўргани учун Унга кўпроқ хизмат қилишнинг бошқа йўлларини қидириб кўрди. Бошида улар доимий кашшофлик хизматини бошлади. Вақт ўтиб, улар махсус кашшоф этиб тайинланди ва Тед туман нозирининг ўринбосари сифатида таълим олди. Кейинчалик, туман нозирлик хизматидаги ёшга нисбатан талаб ўзгарди. Тед ва Хейди ёши туфайли бу хизматни давом эттира олмаслигини тушунди. Тед ва Хейдининг руҳи тушганига қарамай, хизматнинг бошқа турида ҳам иштирок эта олишини англаб етди. Тед шундай деди: «Яҳовага кўп йўллар орқали хизмат қилишимиз мумкинлигини тушундик».

16. Галатияликларга 6:4 дан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

16 Ҳаётимиздаги барча нарсани назорат қила олмаймиз. Демак, фақат вазифаларимиз учун Яҳова бизни қадрлайди, деб ўйламаслигимиз муҳим. Шунингдек, биз қила олмаётган вазифаларни бошқалар бажараётган бўлса, ўзимизни улар билан солиштирмаймиз. Хейди шундай бўлишди: «Ҳаётингизни бошқаларники билан солиштирсангиз бахтсиз бўласиз». (Галатияликларга 6:4 ни ўқинг.) Бошқаларга ёрдам бериш ва Яҳовага хизмат қилиш йўлларини излаш ўта муҳим c.

17. Шарафли вазифаларга эга бўлиш учун нима қила оласиз?

17 Оддий ҳаёт тарзини кечирсангиз ва муҳтож бўлмаганда қарз олмасангиз, Яҳованинг хизматида кўпроқ қила оласиз. Узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун кичик мақсадлар қўйинг. Масалан, доимий кашшоф бўлишни истасангиз, ҳозирги вақтда ҳар ой кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қила оласизми? Ёки жамоат хизматкори бўлмоқчисиз. Ваъзгўйлик хизматида кўпроқ иштирок этиб, жамоатингиздаги касал ва кекса имондошларингизни йўқлаб тура оласизми? Ҳозир эга бўлган тажрибангиз сизга келажакдаги шарафли вазифалар эшигини очиб бериши мумкин. Сизга топширилган ҳар қандай хизматни сидқидилдан бажаришга қарорингиз қатъий бўлсин. (Рим. 12:11)

Эришишингиз мумкин бўлган муайян мақсад қўйинг (18- хатбошига қаранг.) f

18. Расмда кўрсатилган Беверли опамиздан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

18 Ёшимиз нечада бўлишидан қатъи назар, ҳаммамиз маънавий мақсадлар қўйиб, уларга эришишимиз мумкин. 75 ёшли Беверли опамизнинг мисолига эътибор берайлик. У жиддий соғлик муаммосига йўлиқди ва бу туфайли юришга қийналади. Аммо у Қутлуғ Кечлик кампаниясида кўпроқ иштирок этишни жуда истаганди. Шунга, у аниқ мақсад қўйди. Беверли ушбу мақсадига эришганида жуда бахтиёр бўлди. Унинг ўрнаги бошқаларни хизматда ғайрат билан иштирок этишга ундади. Кекса биродару опаларимизнинг имконияти чегараланганига қарамай, Яҳова уларнинг меҳнатини қадрлайди. (Заб. 71:17, 18)

19. Қандай маънавий мақсадлар қўйишимиз мумкин?

19 Эришишингиз мумкин бўлган мақсадлар қўйинг. Яҳова яхши кўрадиган фазилатларни ривожлантиринг. Худо ва Унинг ташкилоти учун кўпроқ фойда келтириш мақсадида кўникмалар орттиринг. Биродару опа-сингилларга янада кўпроқ хизмат қилиш йўлларини изланг d. Тимўтийнинг вазиятида бўлганидек, Яҳованинг баракаси орқали «муваффақиятингиз ҳаммага ошкор бўлади». (1 Тим. 4:15)

38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

a Тимўтий қобилиятли ваъзгўй бўлган. Бунга қарамай, ҳаворий Павлус уни маънан ўсишда давом этишга ундаган. Чунки шу йўсин Тимўтий Яҳованинг хизматида янада фойдали бўлиб, биродару опа-сингилларига кўпроқ ёрдам бера оларди. Тимўтий каби сиз ҳам Яҳовага ва имондошларингизга кўпроқ хизмат қилишни истайсизми? Шубҳасизки, ҳа. Буни амалга оширишга қайси мақсадлар ёрдам бериши мумкин? Қай йўсин ушбу мақсадларни қўйиб, уларга эриша оласиз?

b ИБОРА МАЪНОСИ. Маънавий мақсадлар Яҳовага янада кўпроқ хизмат қила олиш ва Уни қувонтириш учун қилинадиган ҳар қандай ишни ўз ичига олади.

c «Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилот» китобининг 10- бобидаги «Эҳтиёж бор жойда хизмат қилиш» сарлавҳаси остидаги 6–9- хатбошиларига қаранг.

d «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидаги «Маънан ўсишда давом этинг» номли 60- дарсга қаранг.

e РАСМГА ШАРҲ. Биродаримиз иккита опамизга таъмирлаш ишлари бўйича таълим беряпти ва улар ўрганган кўникмаларини амалда қўллашяпти.

f РАСМГА ШАРҲ. Уйдан чиқа олмайдиган опамиз телефон орқали самарали хизмат қиляпти ва одамларни Қутлуғ Кечликка таклиф қиляпти.