Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Агар масиҳий Муқаддас Китобда айтилган сабабга эга бўлмай туриб хотинидан ажралса ва бошқаси билан турмуш қурса, жамоат унинг олдинги ва ҳозирги никоҳига қандай қарайди?

Бундай вазиятда, агар эркак қайта турмуш қурса жамоат олдинги никоҳини тугатилган, янги никоҳини эса кучга эга деб ҳисоблайди. Бу хулосанинг сабабларини билиш учун келинг, Исонинг ажралиш ва қайта никоҳ қуриш ҳақида айтган сўзларига диққат қаратайлик.

Матто 19:9 да Исо никоҳни тугатиш, яъни ажралиш учун ягона сабаб ҳақида шундай деган: «Кимки хотини унга бевафолик [жинсий ахлоқсизлик] қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади». Исонинг бу сўзларидан иккита нарсани билиб олишимиз мумкин: 1) Муқаддас Китобга биноан никоҳни тугатиш, яъни ажралиш учун ягона сабаб жинсий ахлоқсизликдир. 2) Агар эр Муқаддас Китобдаги мана шу сабабга эга бўлмай туриб хотинидан ажралса ва бошқага уйланса, зино қилган бўлади a.

Исо эркак жинсий ахлоқсизлик қилиб хотинидан ажралса, хотини Муқаддас Китобга биноан қайта турмуш қуриш ҳуқуқига эга, деб айтмоқчимиди? Бу вазиятга боғлиқ. Никоҳда зино содир этилганида, беайб турмуш ўртоқ эрини кечириш ёки кечирмасликни ўзи ҳал қилади. Хотин эрини кечирмаса ва у билан қонунан ажралса, ажралиш жараёни якунига етгач иккаласи ҳам бошқа оила қура олади.

Бошқа томондан, беайб турмуш ўртоқ никоҳни сақлаб қолишни жуда истаётганини ва шундай қилиб эрини кечиришга тайёр эканини айтиши мумкин. Лекин зино содир этган эр хотинининг таклифини қабул қилмай бир томонлама қонуний ажрашса-чи? Хотини кечиришга ва никоҳни сақлаб қолишга тайёр бўлгани учун эр Муқаддас Китобга биноан қайта турмуш қуриш ҳуқуқига эга эмас. Агар эр бундай ҳуқуққа эга бўлмай туриб барибир бошқасига уйланса, яна зино қилган бўлади. Бу эса унинг қилмиши кўриб чиқилиши учун такроран ҳакамлар қўмитаси тузилишига сабаб бўлади. (1 Кор. 5:1, 2; 6:9, 10)

Эр Муқаддас Китобга биноан қайта турмуш қуриш ҳуқуқига эга бўлмаса, жамоат унинг олдинги ва ҳозирги никоҳига қандай қарайди? Муқаддас Китобга биноан олдинги никоҳи ҳали ҳам ўз кучини йўқотмаган бўладими? Беайб хотин собиқ эрини кечириш ёки кечирмаслик қарорини чиқара оладими? Жамоат янги никоҳни зиноли никоҳ деб ҳисоблайдими?

Беайб турмуш ўртоқ тирик, оила қурмаган ёки жинсий ахлоқсизлик қилмаган бўлса, олдинлари жамоат янги қурилган никоҳни зиноли никоҳ деб ҳисобларди. Бироқ Исо ажралиш ва қайта никоҳ қуриш ҳақида гапирганида беайб турмуш ўртоқни тилга олмаган. Аксинча, у Муқаддас Китобда айтилган сабабга эга бўлмай туриб хотинидан ажралган ва бошқаси билан оила қурган эркак зино қилишини тушунтирган. Бундай вазиятда, ажралиш ва қайта турмуш қуриш (Исо буни зинога тенглаштирган) олдинги никоҳга нуқта қўяди.

«Кимки хотини унга бевафолик қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади». (Мат. 19:9)

Агар эр хотинидан бир томонлама ажралиб бошқа киши билан никоҳ қурса, собиқ хотини, яъни беайб томон уни кечириш ёки кечирмаслик танловидан энди маҳрум бўлади. Собиқ эри чиқарган қарор туфайли танловга эга бўлмагани учун хотин ҳар қандай айбдан холи бўлади. Қолаверса, жамоатнинг янги никоҳга бўлган нуқтаи назари беайб томоннинг вафотига, қайта турмуш қуришига ёки жинсий ахлоқсизлик қилишига ҳам боғлиқ бўлмайди b.

Юқорида кўриб чиқилган мисолда эр зино қилган ва бу ажралишга олиб келган. Лекин эр зино қилмай туриб хотинидан ажралса ва кейин бошқасига уйланса-чи? Ёки эр ажралишдан олдин жинсий ахлоқсизлик қилмаган бўлса, аммо ажралгач бу қилмишга қўл урса ва собиқ хотини уни кечиришга тайёр эканига қарамай бошқа аёлга уйланса-чи? Бу мисолларнинг ҳаммасида ажралиш ва қайта никоҳ қуриш зино ҳисобланиб, олдинги никоҳ тугатилишига олиб келади. Чунки қурилган янги никоҳ қонуний кучга эга ҳисобланади. «Қўриқчи минораси»нинг 1979 йил 15 ноябрь (ингл.) сонидаги 32- саҳифада шундай дейилган: «Энди эр янги оила қурди ва у шунчаки ҳаммасини қолдириб собиқ хотинининг олдига қайта олмайди. Ажралиш, зино ва қайта оила қуриш олдинги никоҳнинг тугатилишига олиб келди».

Ушбу янгиланган тушунчамиз никоҳни бошқа муқаддас деб билмаслигимизни ёки зинони жиддий гуноҳ сифатида қабул қилмаслигимизни англатмайди. Агар эр Муқаддас Китобда айтилган сабабга эга бўлмай туриб хотинидан ажралса ва Муқаддас Китобга биноан қайта турмуш қуриш ҳуқуқига эга бўлмай туриб бошқа аёлга уйланса, зино қилган бўлади. Шунга унинг масаласи ҳакамлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. (Янги турмуш ўртоғи масиҳий бўлса, у ҳам зино қилганликда айбланиб ишини ҳакамлар қўмитаси кўриб чиқади.) Гарчи янги қурилган никоҳ зиноли никоҳ ҳисобланмаса-да, эркак киши кўп йиллар давомида ҳамда бошқа одамлар унинг ўтмишдаги қилмишидан хафа бўлишдан тўхтамагунича ёки у ҳурматини тикламагунича жамоатдаги шарафли вазифаларни бажариш учун талабларга мос келмайди. Оқсоқоллар унга шарафли вазифани топширишдан олдин собиқ хотинининг (у хотинига хиёнат қилган бўлиши мумкин) ва вояга етмаган фарзандларининг (у фарзандларини ташлаб кетган бўлиши мумкин) ҳозирги ҳолати ҳамда шароитини инобатга олишади. (Мал. 2:14–16)

Ажралиш ва қайта никоҳ қуришнинг жиддий асоратларини инобатга олган ҳолда масиҳийлар Яҳовага тақлид қилиб, никоҳни муқаддас тузум деб ҳисоблашса, доно йўл тутган бўлишади. (Воиз 5:4, 5; Иброн. 13:4)

a Тушуниш осонроқ бўлиши учун бу мақолада зино қилган турмуш ўртоқ эр, беайб томон эса хотин деб айтилган. Лекин Марк 10:11, 12 да ёзилганидай, Исонинг бу борада берган маслаҳати ҳам эрга, ҳам хотинга тегишли.

b Бу янги тушунча. Чунки авваллари беайб томон вафот этмагунича, қайта турмуш қурмагунича ёки жинсий ахлоқсизлик қилмагунича янги қурилган никоҳ зиноли никоҳ ҳисобланарди.