Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

27- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Яҳовага умид боғла»

«Яҳовага умид боғла»

Яҳовага умид боғла, жасоратли ва довюрак бўл. ЗАБ. 27:14

128- ҚЎШИҚ Сўнгги дамга қадар чиданг

БУ МАҚОЛАДА *

1. а) Яҳова бизга қандай умид берган? б) «Яҳовага умид боғлаш» нима дегани? («Ибора маъноси»га қаранг.)

 ЯҲОВА Уни севувчиларга ажойиб умид берган. Тез орада У касаллик, оғриқ ва ўлимни бартараф қилади. (Ваҳ. 21:3, 4) Шунингдек, Яҳова Унга умид қилаётган «камтар» кишиларга ер юзини жаннатга айлантиришга ёрдам беради. (Заб. 37:9–11) Қолаверса, У билан ҳозиргидан ҳам яқин ва дўстона муносабатларга эга бўла оламиз. Нақадар ажойиб умид! Лекин нима сабабли Яҳова ваъдаларини амалга оширишига аминмиз? Чунки У доим сўзининг устидан чиқади. Бу Яҳовага «умид боғлашимиз» учун асосли сабаб *. (Заб. 27:14) Яҳова ваъдаларини бажаришини сабр ва қувонч билан кутиш орқали Унга умид боғлаётганимизни кўрсатамиз. (Ишаё 55:10, 11)

2. Яҳова нимани амалга оширди?

2 Яҳова ваъдаларини бажаришини исботлади. Келинг, битта мисолга назар солайлик. Ваҳий китобида У бизнинг давримизда ҳар бир миллат, қабила ва тилдан бўлган инсонларни йиғиши ва улар биргалашиб Унга хизмат қилиши ҳақида ваъда берган. Ҳозир бу гуруҳ инсонлар «улкан оломон» деб таниқли. (Ваҳ. 7:9, 10) Бутун дунёдаги ирқи, тили ва келиб чиқиши турлича бўлган эркагу аёллар, болалар ҳамжиҳат бир оиладай. (Заб. 133:1; Юҳан. 10:16) Улар шунингдек, ғайрат ила ваъз қилиб, тинглашни истаган ҳар бир кишига яхшироқ шароитлар бўлиши ҳақидаги умидни баҳам кўришга доим тайёр. (Мат. 28:19, 20; Ваҳ. 14:6, 7; 22:17) Сиз ҳам улкан оломон қаторида бўлсангиз, шубҳасизки, бу умид сиз учун қадрли.

3. Шайтоннинг мақсади нимадан иборат?

3 Иблис келажакка бўлган умидингиздан маҳрум қилмоқчи. Унинг мақсади Яҳова сизга ғамхўрлик қилмаслигига ҳамда ваъдаларини амалга оширмаслигига ишонтиришдир. Агар Шайтон сизни умидингиздан маҳрум қила олса, жасоратингиз сусайиб, ҳатто Яҳовага хизмат қилмай қўйишингиз мумкин. У Аюбни ҳам умидсиз қолдириб, Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатмоқчи бўлган.

4. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз? (Аюб 1:9–12)

4 Ушбу мақолада Шайтон Аюбга босим ўтказиб, бенуқсонлигидан воз кечиши учун фойдаланган усулларни кўриб чиқамиз. (Аюб 1:9–12 ни ўқинг.) Қолаверса, унинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини ва Яҳова бизни севишини ҳамда ваъдаларини амалга оширишини нега ёдда тутишимиз кераклигини муҳокама қиламиз.

ШАЙТОН АЮБНИ УМИДИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШГА ИНТИЛГАН

5, 6. Қисқа вақт ичида Аюбнинг ҳаётида нималар бўлди?

5 Аюбнинг ҳаётида ҳаммаси яхши эди. У Яҳова билан яқин дўст бўлган. Аюб бой бўлиб, катта ва бахтиёр оилага эга эди. (Аюб 1:1–5) Лекин бир куннинг ўзида у деярли ҳамма нарсасини йўқотган. Биринчи бўлиб, у бойлигидан маҳрум бўлган. (Аюб 1:13–17) Кейин эса у севикли фарзандларидан айрилган. Бу фожиа ҳақида бир ўйлаб кўринг-а! Ота-онанинг ҳатто битта фарзанди вафот этса юрак-бағри қон бўлади. Аюб ва хотини ўнта фарзандидан айрилганини эшитганида, қанчалик қайғу-алам ва тушкунликда бўлганини тасаввур қилишимиз мумкин. Ўшанда Аюб кийимларини йиртиб, ерга мук тушиб, кўз ёш тўккани ажабланарли эмас. (Аюб 1:18–20)

6 Кейин Шайтон уни жуда оғир касалликка гирифтор қилди. (Аюб 2:6–8; 7:5) Бундан олдин уни ҳамма ҳурмат қиларди. Одамлар у билан маслаҳатлашиш учун келарди. (Аюб 31:18) Сўнг эса ҳаммаси ўзини ундан олиб қочди. Ака-укалари, яқин дўстлари ва ҳатто хизматкорлари ундан юз ўгирди. (Аюб 19:13, 14, 16)

Бугунги кунда кўп биродару опа-сингилларимиз қийинчиликларни бошдан кечириб, Аюб нималарни ҳис қилганини тушунади (7- хатбошига қаранг.) *

7. а) Аюб азоб-уқубатларининг сабаби нимада деб ўйлаган, лекин у қандай йўл тутишдан бош тортган? б) Расмга кўра, масиҳийлар қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкин?

7 Шайтон Яҳова Аюбдан норози бўлгани учун бошига азоб-уқубатлар тушяпти деб ишонтирмоқчи бўлган. Масалан, Шайтон Аюбнинг ўнта боласи йиғилган уйга қаттиқ шамол юбориб, уни барбод қилган. (Аюб 1:18, 19) Шунингдек, у осмондан олов тушириб, Аюбнинг қўйлари ва чўпонларини ютиб юборишига сабабчи бўлган. (Аюб 1:16) Шамол ва олов осмондан келгани учун Аюб уларни Худо юборди деган хаёлга борган. Натижада у бирон иши билан Яҳовани хафа қилган деб ўйлаган. Шундай бўлса-да, у самовий Отасини лаънатлашдан бош тортган. Аюб кўп йиллар давомида Яҳовадан қут-баракалар олганини тан олган. Шунинг учун, у яхшиликларни қувонч ила қабул қилгандек, ёмонликларни ҳам қабул қилишга тайёр бўлган. У шундай деган: «Яҳованинг исмига ҳамду санолар бўлсин!» (Аюб 1:20, 21; 2:10) Аюб бойлигини, соғлигини йўқотганига қарамай Яҳовага содиқ қолган. Лекин Шайтон яна бир нарса қилган.

8. Шайтон Аюбга қарши яна қандай усулни қўллаган?

8 Аюб ўзини арзимасдай ҳис қилиши учун Шайтон унинг учта сохта дўстидан фойдаланган. Ушбу кишилар Аюб кўп ёмон ишлар қилгани учун азоб чекаётганини айтишган. (Аюб 22:5–9) Қолаверса, улар Аюб қанча кўп яхши ишлар қилган бўлмасин, бу Худо учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигига ишонтирмоқчи бўлишган. (Аюб 4:18; 22:2, 3; 25:4) Шунингдек, улар Аюбга Худо уни севмаслиги, ғамхўрлик қилмаслиги ва хизматини қадрламаслиги каби шубҳали фикрларни сингдирмоқчи бўлишган. Уларнинг сўзлари туфайли Аюб ўзини умидсиздай ҳис қилган бўлиши мумкин.

9. Жасоратли ва довюрак бўлишга Аюбга нима ёрдам берган?

9 Мана шундай вазиятни тасаввур қилинг: Аюб кулда ўтирибди ва тинмай оғриқни ҳис қиляпти. (Аюб 2:8) Унинг сохта дўстлари эса уни ёмон инсон деб айблаб, қилган ишлари қадрсиз эканини тинмай гапиришяпти. Бошига тушган қийинчиликлари Аюбни оғир тош каби босяпти. Фарзандларини йўқотиш дарди эса юрагини эзяпти. Лекин у сукут сақлаяпти. (Аюб 2:13–3:1) Агар Аюбнинг сохта дўстлари унинг сукунатини Худодан юз ўгириш деб билишаётган бўлса, улар нотўғри фикрда. Шунда эҳтимол, Аюб бошини кўтариб, дўстларига қараб: «Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деяпти. (Аюб 27:5) Қийинчиликлар пайтида жасоратли ва довюрак бўлишга Аюбга нима кўмаклашган? У ниҳоятда тушкун аҳволда бўлса-да, Худо унга ёрдам беришидан умидини узмаган. Аюб ҳатто оламдан ўтса ҳам Худо уни тирилтиришига ишонган. (Аюб 14:13–15)

АЮБГА ҚАНДАЙ ТАҚЛИД ҚИЛИШИМИЗ МУМКИН?

10. Аюб ҳақидаги воқеадан нималарни билиб оляпмиз?

10 Аюб ҳақидаги воқеада Шайтон бизга босим ўтказиб, Яҳовадан юз ўгиришга мажбурлай олмаслигига диққат қаратдик. Шунингдек, Яҳова ҳар бир вазиятдан хабардор. Бу бизга ҳам тегишли мунозарали масалани яхшироқ тушунишимизга кўмаклашяпти. Аюб ҳақидаги воқеадан қандай ўзгача сабоқлар олишимиз мумкинлигига назар солайлик.

11. Агар Яҳовага умид қилишда давом этсак, нимага ишонишимиз мумкин? (Ёқуб 4:7)

11 Аюб шуни исботладики, агар Яҳовага умид боғлашда давом этсак, ҳар қандай қийинчиликни енгиб, Шайтонга қарши тура оламиз. Бунинг натижаси қандай бўлади? Муқаддас Китобда айтилишича, Иблис биздан қочади. (Ёқуб 4:7 ни ўқинг.)

12. Тирилишга бўлган умид Аюбни қандай мустаҳкамлаган?

12 Тирилишга бўлган умидимиз мустаҳкам бўлиши даркор. Ўтган мақолада кўриб чиққанимиздай, Шайтон кўп ҳолларда бенуқсонлигимиздан воз кечишимиз учун ўлим олдидаги қўрқувдан фойдаланади. Шайтон Аюб ҳаётини сақлаб қолиши учун ҳар қандай нарсага боришини ва ҳатто бенуқсонлигидан воз кечишини айтган. Лекин у адашган. Аюб ўлим ёқасида турганида ҳам Аллоҳга содиқ қолган. Унинг Яҳова ҳимматли эканига ишончи ва ёрдам беришига бўлган кучли умиди саботли бўлишга кўмаклашган. Аюб Худо масалани ҳатто у тириклигида ҳал қилмаса ҳам келажакда албатта уни тирилтиришига ишонган. Унинг тирилишга бўлган умиди мустаҳкам эди. Бизнинг ҳам бу умидимиз мустаҳкам бўлса, ҳатто ўлим ёқасида бенуқсонлигимиздан воз кечмаймиз.

13. Нега Шайтоннинг Аюбга қарши қўллаган усулларига диққатли бўлишимиз керак?

13 Шайтон Аюбга қарши қўллаган усулларига диққатли бўлишимиз керак. Чунки бугунги кунда ҳам у ушбу усулларидан фойдаланяпти. Шайтон: «[Нафақат Аюб, балки] одам ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун бировнинг ҳаётини ҳам аямайди!» — деб туҳмат қилган. (Аюб 2:4, 5) Бу билан Шайтон биз Яҳовани чин дилдан яхши кўрмаслигимизни ва ўз ҳаётимизни сақлаш учун ундан воз кечишимизни айтяпти. Шунингдек, Шайтон Худо бизни севмайди ва Унинг қалбини қувонтириш учун қилаётган ишларимизга бефарқ, деб даъво қиляпти. Шайтоннинг усулларини билар эканмиз, унинг ёлғонларига ишонмай Яҳовага умид боғлаймиз.

14. Қийинчиликлар ўзимиз ҳақимизда нималарни ошкор этади? Мисол келтиринг.

14 Қийинчиликларимизга ўзимиз ҳақимизда ниманидир билиб олиш имкони деб қарашимиз керак. Аюб дуч келган синовлар унга муайян камчиликларини билиб олишга ва уларни ўзгартиришга кўмаклашди. Мисол учун, у камтарлик фазилатини янада кўпроқ ривожлантириши кераклигини англаб етди. (Аюб 42:3) Бизнинг ҳам анчагина камчиликларимиз синовлар пайтида ошкор бўлиши мумкин. Николай * исмли биродар жиддий соғлиқ муаммоларига қарамай қамоққа ташланди. У шундай деб бўлишди: «Қамоқхона рентгенга ўхшайди. У ерда, ривожлантиришимиз керак бўлган фазилатларни билиб оламиз». Ҳа, камчиликларимизни аниқлагандан кейин уларни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз.

15. Кимга қулоқ солишимиз керак ва нега?

15 Биз душманларимизга эмас, Яҳовага қулоқ солишимиз керак. Аюб Яҳовани диққат билан тинглаган. Худо Аюб билан музокара қилиб, қуйидагича айтгандай бўлган: «Ижодларимда қудратимни кўряпсанми? Сен билан содир бўлаётган ҳар бир нарсадан хабардорман. Сенга ғамхўрлик қила олмайман деб ўйлайсанми?» Аюб Яҳованинг инояти учун миннатдор эканини кўрсатиб, камтарлик ила шундай жавоб берган: «Сен ҳақингда эшитган эдим. Аммо энди Сени ўз кўзларим билан кўриб турибман». (Аюб 42:5) Бу сўзларни айтганида у эҳтимол, баданига яралар тошган ҳолда кулда ўтириб, фарзандларидан айрилгани учун қайғу чекаётган эди. Шундай бўлса-да, Яҳова уни Ўз севгисига ва ундан рози эканига ишонтирди. (Аюб 42:7, 8)

16. Синовлар пайтида нимани ёдда тутишимиз лозим? (Ишаё 49:15, 16)

16 Бугунги кунда ҳам одамлар бизни ҳеч нарсага арзимайдигандай билиши ва ҳақоратлаши ҳеч гап эмас. Қолаверса, улар бизнинг ёки ташкилотимизнинг номига доғ туширишга ҳаракат қилиши ҳамда «ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтиши» мумкин. (Мат. 5:11) Аюбнинг мисолидан шуни кўряпмизки, Яҳова синовлар пайтида унга содиқ қолишимизга ишонади. У бизни севади ва Унга умид қилаётганларни ҳечам ташлаб кетмайди. (Ишаё 49:15, 16 ни ўқинг.) Худонинг душманлари тарқатаётган ёлғонларга эътибор бермаслигимиз лозим. Туркияда яшовчи Жеймс исмли биродарнинг оиласи жуда қийин синовларга дуч келган. У шундай деди: «Худонинг халқи ҳақидаги ёлғонларни эшитиш жасоратимизни сўндирганини тушундик. Шунга Самовий Шоҳликка умид боғлаб, Яҳовага фаол тарзда хизмат қилишда давом этдик. Натижада қувончимизни сақлаб қолдик». Аюб каби Яҳовага қулоқ солишимиз лозим. Шунда душманларимизнинг ёлғонлари умидимизни сўндирмайди.

УМИДИНГИЗ СИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

Аюб садоқатли қолгани учун Худо унга барака ато этган. У хотини билан узоқ ва бахтли ҳаёт кечирган (17- хатбошига қаранг.) *

17. Ибронийларга 11- бобда тилга олинган садоқатли эркагу аёлларнинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

17 Аюб қийинчиликлар пайтида жасоратли ва довюрак бўлиб қолган Яҳованинг хизматчиларидан бири. Ҳаворий Павлус Ибронийларга йўллаган мактубида бундай инсонларни «шоҳидлар оломони» деб атаган. (Иброн. 12:1) Уларнинг ҳаммаси қийин дамларни бошдан кечирган. Лекин шунга қарамай Яҳовага садоқатли қолган. (Иброн. 11:36–40) Хўш, уларнинг садоқати ва қилган ишлари бесамар бўлганми? Албатта йўқ. Ушбу садоқатли кишилар ҳаёти давомида Яҳованинг барча ваъдалари амалга ошганини кўрмаган бўлса-да, Унга умид қилишда давом этган. Чунки улар Яҳованинг розилигини олганига ҳамда Унинг ваъдалари амалга ошганини кўришга ишонган. (Иброн. 11:4, 5) Уларнинг ўрнаги Яҳовага умид қилишда давом этиш қароримизни мустаҳкамлайди.

18. Нима қилиш қарорингиз қатъий? (Ибронийларга 11:6)

18 Биз разиллашиб кетаётган дунёда яшаяпмиз. (2 Тим. 3:13) Шайтон Худонинг халқини синашда давом этяпти. Олдимиздаги қийинчиликларга қарамай Яҳовага хизмат қилиш қароримиз қатъий бўлсин. Шунингдек, «барҳаёт Тангрига умид боғлаётганимизга» ишонч ҳосил қилайлик. (1 Тим. 4:10) Унутмангки, Аюб «Яҳова меҳр-шафқатли, раҳмдил Худо» эканини исботлади. (Ёқб. 5:11) Келинг, биз ҳам Яҳовага садоқатли бўлиб қолайлик. Чунки Худо «Уни астойдил излаётганларни мукофотлайди». (Ибронийларга 11:6 ни ўқинг.)

150- ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг

^ Оғир қийинчиликларда садоқатли қолган инсонлар ҳақида ўйлаганимизда, кўпинча хаёлимизга Аюб пайғамбар келади. Бу имонли кишидан нимани ўрганишимиз мумкин? Шайтон Яҳовадан юз ўгиришга бизни мажбурлай олмайди. Қолаверса, Яҳова биз билан нималар содир бўлаётганини яхши билади. У Аюбнинг қийинчиликларига чек қўйгани каби бизнинг ҳам азоб-уқубатларимизни бартараф этади. Ҳаракатларимиз билан буларга тўлақонли ишонаётганимизни кўрсатсак, демак Яҳовага чиндан ҳам умид боғлаяпмиз.

^ ИБОРА МАЪНОСИ. «Умид боғлаш» деб таржима қилинган ибронийча ибора асосан ниманидир сабрсизлик билан «кутиш» деган маънони билдиради. Шунингдек бу, кимгадир ишонишни ёки таянишни ҳам англатиши мумкин. (Заб. 25:2, 3; 62:5)

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ РАСМГА ШАРҲ. Аюб ва хотини фарзандларини йўқотиш каби фожиага дуч келган.

^ РАСМГА ШАРҲ. Аюб қийинчиликларни сабр-бардош ила енгган. У ва хотини Яҳова уларга берган баракалар устида мулоҳаза юритишяпти.