Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Меҳрибонлик сизга ёр бўлсин

Меҳрибонлик сизга ёр бўлсин

ЛОБАР шундай деди: «Яҳованинг Шоҳидлари кўрсатган меҳрибонлик менга қаттиқ таъсир қилди» *. Бу унга ҳақиқатни қабул қилишга ёрдам берди. Азиза билан ҳам худди шундай бўлди. У қуйидагича фикр билдирди: «Мени энг кўп жалб қилган нарса бу меҳрибонлик эди». Ҳозир бу иккита опамиз Муқаддас Китобни ўқишни ва мулоҳаза юритишни яхши кўради. Бунга айнан меҳрибонлик фазилати сабаб бўлди.

Атрофимиздагиларга қандай қилиб меҳрибонликни кўрсатишимиз мумкин? Уни ишларимиз ва сўзларимизда қандай кўрсата оламиз? Бу фазилатни кимларга намоён этишимиз керак? Келинг, бу саволларни кўриб чиқайлик.

«МЕҲРИБОНЛИК ҚОНУНИ» ТИЛИНГИЗДАН ТУШМАСИН

Ҳикматлар 31- бобда тасвирланган фаросатли хотиннинг тилидан «меҳрибонлик қонуни» тушмаган. (Ҳик. 31:26, изоҳ) Бу «қонун» у нима гапиришига ва буни қай тарзда айтишига таъсир қилган. Оталар ҳам ушбу «қонун» тилидан тушмаслигига ҳаракат қилиши лозим. Аксарият ота-оналар қаттиқ ботадиган сўзлар фарзандларига салбий таъсир қилишини яхши билади. Агар ота-оналар қўпол, совуққон оҳангда гапиришса, болалари уларга қулоқ солиши амримаҳол. Болалар қулоқ солиб, бўйсуниши учун ота-оналар меҳрибонлик ила гапириши керак.

Ота-онамисиз ёки йўқми, қандай қилиб меҳрибонлик ила гапиришни ўргана оласиз? Бунинг жавобини Ҳикматлар 31:26 дан ўқишимиз мумкин: «Оғзидан доно сўзлар чиқади». Бу сўзларимизни ва оҳангимизни донолик билан танлашни ўз ичига олади. Шунингдек, ўзимиздан: «Ҳозир айтмоқчи бўлган гапларим тингловчиларнинг жаҳлини чиқарадими ёки вазиятни юмшатадими?» — деб сўраш фойдали бўларди. (Ҳик. 15:1) Ҳа, гапиришдан олдин бу ҳақда ўйлаш доноликдандир.

Яна бир оятда шундай ёзилган: «Ўйламай айтилган гап қиличдай жароҳатлайди». (Ҳик. 12:18) Сўзларимиз ва оҳангимиз бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйласак, нима айтаётганимизга диққатлироқ бўламиз. «Меҳрибонлик қонунига» мувофиқ тарзда гапириш, қўрс сўзларни қўлламасликка ва қўпол оҳангдан йироқлашишга кўмаклашади. (Эфес. 4:31, 32) Салбий фикрлару нутқнинг ўрнига меҳрга тўла сўзлар ва ижобий, юмшоқ оҳангдан фойдаланамиз. Яҳова қўрқувда бўлган хизматчиси Илёс билан бўлган вазиятда яхши ўрнак кўрсатган. Унинг вакили бўлмиш фаришта Илёсга «майин, оҳиста овоз» билан гапирган. (3 Шоҳ. 19:12) Аммо меҳрибон бўлиш, шунчаки меҳр ила гапиришдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бу ишларимизда ҳам намоён бўлиши лозим. Қанақасига?

МЕҲРИБОНЛИККА ТЎЛА ИШЛАР БОШҚАЛАРНИ ҲАРАКАТГА УНДАЙДИ

Сўзларимиз ва ишларимизда меҳрибон бўлиб Яҳовага тақлид қиламиз. (Эфес. 4:32; 5:1, 2) Юқорида тилга олинган Лобар Яҳованинг Шоҳидлари кўрсатган меҳрибонлик ҳақида шундай деди: «Оиламиз тўсатдан кўчишга мажбур бўлганида, йиғилишдаги иккита жуфтлик бизга ёрдам бериш учун ишидан жавоб сўраб келган. Ўшанда Муқаддас Китобни тадқиқ қилмас эдим». Уларнинг меҳрга тўла ишлари Лобарга ҳақиқатни чуқурроқ ўрганишга туртки бўлган.

Юқорида тилга олинган Азиза ҳам Яҳованинг Шоҳидлари унга кўрсатган меҳрибонлик учун жуда миннатдор. У шундай деди: «Дунёдаги инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабати туфайли одамларга ишонишим қийин кечган. Яҳованинг Шоҳидларини учратганимда ҳам уларга ишонмаганман. “Нега улар мен билан шунчалик қизиқяпти?” — деб ўйлаганман. Лекин мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган опамизнинг чин дилдан кўрсатган меҳрибонлиги унга ишонишимга туртки бўлган». Бу қандай фойда келтирди? Азиза қуйидагича айтди: «Бунинг натижасида, ўрганган нарсаларим устида чуқур мулоҳаза юритишни бошладим».

Жамоатдагиларнинг меҳр ила қилган ишлари Лобар ва Азизага қаттиқ таъсир қилиб, ҳақиқатни яхшироқ билиб олишга ундади. Имондошларимизнинг меҳрибонлиги уларга Яҳова ҳамда Унинг халқига ишонишга ёрдам берди.

ХУДОГА ТАҚЛИД ҚИЛИБ, МЕҲРИБОНЛИК КЎРСАТИНГ

Баъзилар учун тарбияси ёки улғайган жойи туфайли меҳрибон бўлиб, табассум ила гапириш табиий ҳол. Улар маданияти ёки шахсияти сабабли хушмуомала бўлгани мақтовга сазовор. Бироқ улар фақатгина бу билан кифояланса, Худога тақлид қилмаётган бўлади. (Ҳаворийлар 28:2 ни солиштиринг.)

Ҳақиқий меҳрибонлик муқаддас руҳ самарасининг бир қиррасидир. (Галат. 5:22, 23) Уни ривожлантириб, намоён этиш учун муқаддас руҳга муҳтожмиз. Бу фазилатни кўрсатганимизда Яҳова ҳамда Исога тақлид қилган бўламиз. Шу йўсин, Яҳовани севишимизни намоён этамиз. Исога эргашиш учун бошқаларга самимий қизиқиш кўрсатишимиз лозим. Бундай қилиб яқинимизга бўлган севгини намоён этамиз. Демак, Яҳова ҳамда яқинимизга бўлган севги бизни ҳақиқий меҳрибонликни кўрсатишга ундайди. Бундай ниятга эга бўлсак, меҳрибонликни чин дилдан кўрсатамиз ва буни Худо маъқул деб билади.

КИМЛАРГА МЕҲРИБОНЛИК КЎРСАТИШИМИЗ КЕРАК?

Бизни танийдиган ва меҳрибонлик кўрсатган одамларга меҳрибон бўлиш ҳамда миннатдорчилик билдириш табиий. (2 Шоҳ. 2:6, Колос. 3:15) Аммо бизда бу инсон меҳрибонлик кўрсатишимга арзимайди, деган фикр пайдо бўлса-чи?

Бир ўйлаб кўринг, Яҳова одамлар Унинг иноятига сазовор бўлишга лойиқ ёки нолойиқ бўлишига қарамай, ҳаммага уни намоён этиб аъло ўрнак кўрсатяпти. Шунингдек, Унинг Каломида бу фазилатни намоён этиш жуда муҳим экани ҳақида айтилган. Юнонча ёзувларда «иноят» сўзи кўп марта қўлланилган. Бу ибора сахийлик туфайли берилган нарсага ишора қилиши мумкин ва уни олган инсон бунга лойиқ ёки нолойиқ эканига боғлиқ эмас. Хўш, Худо бизга меҳрибонликни қай йўсин намоён этяпти?

Яҳова ер юзидаги барча инсонларнинг яшаши учун ҳамма нарсани бериш орқали меҳрибонликни намоён этиб келяпти. (Мат. 5:45) Ҳа, Яҳовани таниб-билишимиздан аввал, У бизга бу фазилатни кўрсатган. (Эфес. 2:4, 5, 8) Масалан, У ягона, севикли Ўғлини барча инсонлар учун қурбон қилган. Ҳаворий Павлус Яҳова бу тўловни «инояти туфайли» тақдим этганини айтган. (Эфес. 1:7) Шунинг учун, гуноҳ қилиб, Яҳовани ранжитсак ҳам, У бизни йўналтириб, ўргатишда давом этяпти. Унинг кўрсатмаларию сўзлари «майдалаб ёққан ёмғирдай». (Қонун. 32:2) Дарҳақиқат, Аллоҳ бизга кўрсатаётган меҳрибонлигини ҳеч қачон қайтара олмаймиз. Қолаверса, келажагимиз ҳам Унинг меҳрибонлиги билан боғлиқ. (1 Бутрус 1:13 ни солиштиринг.)

Шубҳасизки, Яҳованинг меҳрибонлиги бизга туртки берадиган ажойиб фазилат. Фақат муайян одамларга эмас, балки ҳар куни Яҳовага тақлид қилиб, барчага меҳрибонлик кўрсатишга ҳаракат қиламиз. (1 Салон. 5:15) Меҳрибонлик намоён этишда давом этсак, совуқ кунда ўзидан иссиқлик таратаётган гулхандай бўламиз. Оила аъзоларимиз, имондошларимиз, ҳамкасбларимиз, мактабдошларимиз ва қўшниларимизга тасалли берамиз.

Оилада ёки жамоатда меҳрга тўла сўзларингизу ишларингиздан кимлар фойда олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Балки жамоатингизда уй ва боғ юмушларида ёки бозор-ўчар қилиш каби кундалик ишларда ёрдамингизга жуда ҳам муҳтож бўлганлар бордир. Ёхуд хизматда кўмагингиз керак бўлган кимнидир учратсангиз, унга амалий ёрдам кўрсата оласизми?

^ Исмлар ўзгартирилган.