Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

31- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ибодат қилиш шарафини қадрланг

Ибодат қилиш шарафини қадрланг

Ибодатим олдингда тайёрланган тутатқидай... бўлсин. ЗАБ. 141:2

47- ҚЎШИҚ Ҳар куни Яҳовага дуо қил

БУ МАҚОЛАДА a

1. Яҳова Унга мурожаат қилишга ижозат бераётганидан нималарни ҳис қиляпсиз?

 ОСМОНУ ЕРНИ яратган Эгамиз бизга бебаҳо ҳадя ато этган. У бизга Унга мурожаат қилишга ижозат беряпти. Бир ўйлаб кўринг: ҳар қачон ва турли тилларда Яҳовага қалбимиздагиларни тўкиб-солишимиз мумкин. Бунинг учун навбат кутишнинг ҳожати йўқ. Меҳрибон Отамизга касалхонада ёки қамоқхонада бўлганимизда, ибодат қилишимиз ҳамда У бизни эшитишига амин бўлишимиз мумкин. Ибодат қилиш ҳадяси учун жуда миннатдормиз.

2. Шоҳ Довуд ибодат қилиш ҳадясини қадрлаганини қандай кўрсатган?

2 Шоҳ Довуд ибодат қилиш ҳадясини қадрлаган. У шундай куйлаган: «Ибодатим олдингда тайёрланган тутатқидай... бўлсин». (Заб. 141:1, 2) Довуд яшаган пайтдаги руҳонийлар ҳақ топинишда тутатқидан фойдаланишган. Улар тутатиладиган тутатқини пухталик ила тайёрлашган. (Чиқ. 30:34, 35) Довуд ҳам улар каби Яҳовага ибодат қилганда нима дейиш ҳақида яхшилаб ўйлаб кўришни хоҳлаган. Биз ҳам шундай йўл тутишни ва ибодатларимиз Яҳовага манзур келишини истаймиз.

3. Яҳовага ибодат қилганда қандай нуқтаи назарга эга бўлишимиз керак ва нега?

3 Тангри Яҳовага чуқур эҳтиром билан ибодат қилишимиз лозим. Ишаё, Ҳизқиё, Дониёр ва Юҳанно кўрган ҳайратомуз ваҳийлар борасида бир ўйлаб кўринг. Ушбу ваҳийлар бир-биридан фарқ қилса-да, ўхшаш томонга ҳам эга. Уларнинг барида Яҳова улуғвор Шоҳ сифатида тасвирланган. Ишаё пайғамбар Яҳова «юксак ва улуғвор тахтда ўтирганини» кўрган. (Ишаё 6:1–3) Ҳизқиё эса Тангри Яҳова самовий аравада ўтирганини ва «Унинг ҳар томонидан» камалакка ўхшаган «нур таралиб турганини» кўрган. (Ҳиз. 1:26–28) Шунингдек, Дониёр пайғамбар «Азалий Нуроний» оқ либосдалигини ва тахти олов алангасидай эканини кўрган. (Дон. 7:9, 10) Юҳанно эса Худо атрофи зумрадга ўхшаш камалак билан ўралган тахтда ўтирганини кўрган. (Ваҳ. 4:2–4) Яҳованинг тенгсиз улуғворлиги ҳақида фикр юритсак, ибодат қилишдек шарафга эга эканимизни ҳамда буни чуқур эҳтиром билан қилишимиз муҳимлигини эслаймиз. Лекин нималар ҳақида ибодат қилишимиз керак?

«СИЗЛАР ЭСА ШУНДАЙ ИБОДАТ ҚИЛИНГЛАР»

4. Намунали ибодатнинг илк сўзларидан нимани билиб олишимиз мумкин? (Матто 6:9, 10)

4 Матто 6:9, 10 ни ўқинг. Тоғдаги ваъзида Исо шогирдларига Худони мамнун қиладиган тарзда ибодат қилишни ўргатган. У: «Сизлар эса шундай ибодат қилинглар»,— деб айтгач, ибодат қилганимизда биринчи навбатда нималарни тилга олишимиз муҳимлигини таъкидлаб ўтган. Исо Худонинг исми муқаддас бўлиши, Унинг барча душманларини йўқ қиладиган Самовий Шоҳлик келиши ва ер юзи ҳамда инсонларга ёғдириладиган баракалар ҳақида ибодат қилишимизни айтган. Булар ҳақида ибодат қилсак, Аллоҳнинг иродаси биз учун муҳим эканини кўрсатамиз.

5. Ибодатда шахсий эҳтиёжлар ҳақида сўраш ўринлими?

5 Ибодатининг давомида Исо шахсий эҳтиёжлар тўғрисида сўраш ўринли эканини кўрсатган. Биз Яҳовадан кундалик ризқ-рўзни, гуноҳларимизни кечиришини, васвасага берилмасликни ва Шайтондан халос этишини сўрашимиз мумкин. (Мат. 6:11–13) Булар ҳақида ибодат қилганимизда, Яҳованинг ёрдамига муҳтож эканимизни ва Уни мамнун қилиш истагимиз борлигини кўрсатамиз.

Эр-хотин нималар ҳақида ибодат қилиши мумкин? (6- хатбошига қаранг.) b

6. Фақат намунали ибодатда айтилган нарсалар ҳақида сўрашимиз керакми? Тушунтиринг.

6 Исо Масиҳ шогирдлари намунали ибодатдаги гапларни сўзма-сўз такрорлашини истамаган. Исо бошқа ибодатларида у учун муҳим бўлган турли нарсалар ҳақида сўраган. (Мат. 26:39, 42; Юҳан. 17:1–26) Шу каби, бизни ташвишлантираётган ҳар қандай нарса борасида ибодат қилишимиз мумкин. Масалан, қарор чиқаришимиз керак бўлганида донолик ва ақл-идрок сўрасак бўлади. (Заб. 119:33, 34) Ёки қийин вазифа олдида турганимизда, уни қандай бажариш кераклигини тушуниш учун ёрдам сўрашимиз мумкин. (Ҳик. 2:6) Ота-она фарзандлари, фарзандлар эса ота-онаси учун ибодат қилса бўлади. Қолаверса, барчамиз Муқаддас Китоб тадқиқини ўтаётганлар ва биз ваъз қилган одамлар учун ибодат қилишимиз мумкин. Лекин фақат Яҳовадан ёрдам сўраш билан чегараланиб қолмаслигимиз керак.

Қай йўсин ибодатларимизда Яҳовага шараф келтириб, миннатдорчилик билдира оламиз? (7–9- хатбошиларига қаранг.) c

7. Нега Яҳовани ибодатда шарафлашимиз керак?

7 Ибодатларимизда Яҳовани шарафлашимиз кераклигини унутмаслигимиз даркор. Ҳеч ким Худодан кўра кўпроқ шарафга лойиқ эмас. Аллоҳ «меҳрибон ва кечиришга тайёр». У шунингдек, «шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо». (Заб. 86:5, 15) Эгамизнинг барча фазилатларини ҳамда қилаётган ишларини инобатга олиб, Уни шарафлашга сабаб топа олишимиз аниқ.

8. Нималар учун Яҳовага раҳмат айтсак бўлади? (Забур 104:12–15, 24)

8 Ибодатларимизда нафақат Яҳовани шарафлаймиз, балки У бизга тақдим этаётган ажойиб нарсалар учун миннатдорчилик билдирамиз. Мисол учун, гулларнинг ранг-баранглиги, турли-туман мазали озиқ-овқат ва далда бахш этадиган дўстлар учун Унга раҳмат айтсак бўлади. Меҳрибон Отажонимиз бахтли бўлишимиз учун бизга буларни ва бошқа кўп нарсаларни беряпти. (Забур 104:12–15, 24 ни ўқинг.) Энг муҳими эса Тангри Таоло мўл-кўл маънавий озуқа ва келажакка бўлган ажойиб умидни тақдим этаётгани учун миннатдорчилик билдирамиз.

9. Яҳовага миннатдорчилик билдиришни унутмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? (1 Салоникаликларга 5:17, 18)

9 Яҳовага барчаси учун миннатдорчилик билдиришни унутиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Буни ёдда тутишга нима ёрдам беради? Масалан, Ундан сўраётган муайян нарсаларни қоғозга ёзиб қўйиб, кейинчалик ҳар бири борасида қандай жавоб олганимизни вақти-вақти билан текшириб турсак бўлади. Сўнг Худонинг ёрдами учун раҳматлар айтишимиз мумкин. (1 Салоникаликларга 5:17, 18 ни ўқинг.) Бир ўйлаб кўринг: бошқалар бизга миннатдорчилик билдирганда суюнамиз. Шу сингари, Яҳова ибодатларимизга жавоб бераётгани учун миннатдорчилик билдирсак У хурсанд бўлади. (Колос. 3:15) Аллоҳга раҳматлар айтишимиз учун яна бир муҳим сабаб бор.

СУЮКЛИ ЎҒЛИ УЧУН ЯҲОВАДАН МИННАТДОР БЎЛИНГ

10. Яҳова Исони ер юзига юборгани учун нега миннатдор бўлишимиз керак? (1 Бутрус 2:21)

10 1 Бутрус 2:21 ни ўқинг. Яҳова суюкли Ўғлини бизга таълим бериш мақсадида юборгани учун миннатдорчилик билдиришимиз керак. Исонинг ҳаётини тадқиқ қилиб, Яҳова ҳамда Уни қай йўсин мамнун қилиш борасида кўп нарсаларни ўрганамиз. Агар Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ишонаётганимизни кўрсатсак, Яҳова билан қалин дўст бўлиб, тинч муносабатларни сақлаймиз. (Рим. 5:1)

11. Нега Исо Масиҳ номидан ибодат қилишимиз лозим?

11 Яҳовага Унинг Ўғли орқали ибодат қилиш имконияти учун раҳмат айтсак бўлади. У Исо Масиҳдан фойдаланиб, Ундан сўраган нарсаларимизни тақдим этади. Яҳова Исонинг номидан қилган ибодатларимизни эшитади ва уларга жавоб беради. Исо буни қуйидагича тушунтирган: «Менинг номимдан нимаики тиласангиз, уни бажо келтираман. Токи Ота Ўғли орқали улуғлансин». (Юҳан. 14:13, 14)

12. Яҳовага Ўғли учун миннатдорчилик билдиришимизга яна қандай сабаб бор?

12 Яҳова гуноҳларимизни Исонинг тўлов қурбонлиги асосида кечиради. Муқаддас Ёзувларда Исо «осмонда Улуғвор Зотнинг ўнг томонига ўтиргани» ҳақида айтиб ўтилган. (Иброн. 8:1) У «Отамиз ёнида... ёрдамчимиз». (1 Юҳан. 2:1) Яҳова заифликларимизни тушунаётган Олий руҳонийни берганидан ва у «биз учун воситачилик» қилаётганидан миннатдормиз. (Рим. 8:34; Иброн. 4:15) Номукаммал бўлганимиз сабабли Исонинг қурбонлигисиз Яҳовага ибодат қила олмасдик. Шубҳасизки, Яҳова бизга берган қимматбаҳо ҳадяси, яъни азиз Ўғли учун жуда миннатдормиз.

БИРОДАРУ ОПА-СИНГИЛЛАРИНГИЗ УЧУН ИБОДАТ ҚИЛИНГ

13. Ўлимидан олдинги кечада Исо шогирдларини севишини қандай кўрсатган?

13 Ўлимидан олдинги кечада Исо Отасига шогирдлари учун узоқ вақт давомида ибодат қилиб: «Шайтондан ҳимоялашингни илтимос қиламан»,— деб сўраган. (Юҳан. 17:15) Ҳа, у шогирдларини қаттиқ севган! Исо ҳатто оз вақтдан кейин азоб чекишини билган бўлса-да, ҳаворийлари ҳақида қайғурган.

Биродару опа-сингилларимиз учун ибодат қилганимизда нималар борасида сўрашимиз мумкин? (14–16- хатбошиларига қаранг.) d

14. Имондошларимизни севишимизни қандай кўрсата оламиз?

14 Исога ўхшаб биз ҳам диққатимизни фақат ўз эҳтиёжларимизга қаратмаймиз. Аксинча, биродару опа-сингилларимиз учун мунтазам равишда ибодат қиламиз. Шу йўсин, Исонинг: «Бир-бирингизни севинглар»,— деган амрига бўйсунамиз ва Яҳовага имондошларимизни қанчалик яхши кўришимизни намоён этамиз. (Юҳан. 13:34) Имондошларимиз учун қилган ибодатлар уларга ёрдам беради, чунки Худонинг Каломида: «Одил кишининг илтижоси кучли таъсирга эга»,— деб айтилган. (Ёқб. 5:16)

15. Нега имондошларимиз ибодатларимизга муҳтож?

15 Имондошларимиз ибодатларимизга муҳтож, сабаби улар кўпгина қийинчиликларни бошдан кечиряпти. Яҳова уларга касаллик, табиий офат, уруш, таъқиблар ёки бошқа қийинчиликларда бардошли бўлишига кўмаклашишини сўрашимиз мумкин. Шунингдек, ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашиш ниятида меҳнат қилаётган фидойи имондошларимиз учун ибодат қилсак бўлади. Балки бунга ўхшаш қийинчиликларга дуч келаётган имондошларни шахсан ўзингиз танирсиз. Улар ҳақида ибодат қилсангиз бўлади. Яҳова уларга чидамли бўлишга ёрдам беришини сўраб, чин севгимизни намоён эта оламиз.

16. Орамизда раҳбарликни ўз зиммасига олганлар учун нега ибодат қилишимиз керак?

16 Жамоатда раҳбарликни ўз зиммасига олган биродарлар бошқалар улар учун ибодат қилганидан миннатдор ва бу уларга ёрдам беради. Ҳаворий Павлус ҳам бошқалар у учун ибодат қилишига муҳтож эканини билган. У шундай ёзган: «Мен учун ҳам ибодат қилинглар, токи оғзимни очганимда нима дейиш кераклиги менга билдирилсин ва хушхабарнинг муқаддас сирини дадиллик билан ваъз қила олай». (Эфес. 6:19) Бугунги кунда ҳам орамизда раҳбарликни ўз зиммасига олиб жон куйдириб меҳнат қилаётган кўп биродарлар бор. Уларни яхши кўришимизни Яҳова меҳнатига барака беришини сўраб кўрсата оламиз.

БОШҚАЛАР ОЛДИДА ИБОДАТ ҚИЛГАНДА

17, 18. Қандай вазиятларда биздан ибодат қилишни сўрашлари мумкин ва нимани ёдда тутишимиз керак?

17 Айрим пайтларда бошқалар олдида ибодат қилишимизга тўғри келади. Мисол учун, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган опамиз у билан бирга келган опамиздан ибодат қилишини сўраши мумкин. Ҳамкор опамиз тадқиқ ўтувчини унчалик яхши билмас. Шунга у тадқиқнинг охирида ибодат қилар. Бу туфайли опамиз қизиқувчи учун ибодат қилганда нима дейишни яхшироқ билади.

18 Биродардан жамоатда ёки ваъзгўйлик хизмати учрашувида ибодат қилишни сўрашлари мумкин. Бундай шарафга эга бўлган биродарлар учрашувнинг асл мақсадини ёдда тутишлари керак. Уларнинг ибодати маслаҳат ёки эълонлардан иборат бўлмаслиги лозим. Аксарият жамоат йиғилишларида ибодат ва қўшиқ учун беш дақиқа ажратилган. Шунинг учун ибодат қилаётган биродар, айниқса, у учрашув бошланишидан олдин ибодат қилаётган бўлса, «кўп сўзламаслиги» керак. (Мат. 6:7)

ИБОДАТ ҲАЁТИНГИЗДА МУҲИМ ЎРИНДА БЎЛСИН

19. Яҳованинг ҳукм куни келишига тайёр бўлишимизга нима ёрдам беради?

19 Яҳованинг ҳукм куни яқин бўлгани боис, ибодат ҳаётимизда биринчи ўринда туриши зарур. Исо бу борада шундай деган: «Юз берадиган бу воқеалардан омон қолиш... учун, Аллоҳга доимо илтижо қилиб, ҳушёр туринглар». (Луқо 21:36) Дарҳақиқат, мунтазам равишда ибодат қилсак имонимиз мустаҳкам бўлади ва Худонинг куни келишига тайёр турамиз.

20. Қандай қилиб ибодатларимиз хушбўй тутатқи каби бўла олади?

20 Нималарни муҳокама қилдик? Ибодат қилиш шарафини жуда қадрлаймиз. Энг асосийси, Яҳованинг нияти билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган нарсалар ҳақида ибодат қилишимиз керак. Шунингдек, Худонинг Ўғли, Шоҳлик бошқаруви ва имондошларимиз учун ибодатда миннатдорчилик билдирамиз. Албатта, жисмоний ва маънавий эҳтиёжларимиз ҳақида ибодат қиламиз. Агар ибодатда нималар ҳақида айтишимиз кераклигини яхшилаб ўйласак, бу ҳадяни қадрлаётганимизни кўрсатамиз. Ҳа, ибодатларимиз хушбўй тутатқи каби «Унга ёқимли» бўлади. (Ҳик. 15:8)

45- ҚЎШИҚ Қалбим ўйлари

a Ҳар биримиз Яҳовага ибодат қилиш шарафини ниҳоятда қадрлаймиз. Ибодатларимиз худди хушбўй тутатқидай Яҳовани мамнун қилишини истаймиз. Ушбу мақолада нималар ҳақида ибодат қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, бошқалар олдида ибодат қилганда ёдда сақлашимиз керак бўлган баъзи фикрларга диққат қаратамиз.

b РАСМГА ШАРҲ. Бир биродар хотини билан бирга боласининг мактабдаги хавфсизлиги, касал отасининг соғлиги ва қизиқувчининг маънан ўсиши ҳақида ибодат қиляпти.

c РАСМГА ШАРҲ. Ёш биродар Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги, гўзал ер юзи ва фойдали озиқ-овқат учун Яҳовага раҳмат айтяпти.

d РАСМГА ШАРҲ. Бир опамиз Яҳова Етакчи кенгашга муқаддас руҳ бериб, барака ато этишини ҳамда табиий офат ва таъқиблар туфайли азоб чекаётганларга ёрдам беришини ибодатда сўраяпти.