Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Худо Каломининг «асоси ҳақиқат» эканига ишонинг

Худо Каломининг «асоси ҳақиқат» эканига ишонинг

2023 ЙИЛНИНГ ОЯТИ: Каломинг асоси ҳақиқатдир. ЗАБ. 119:160

96- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг Каломи — хазинадир

БУ МАҚОЛАДА a

1. Нима учун бугунги кунда кўплар Муқаддас Китобга ишонмайди?

 БУГУНГИ кунда кўплар кимга ишонишни билмайди. Улар ҳурмат қилган инсонлар — сиёсатчилар, олимлар ва тадбиркорлар доим ҳам уларнинг фойдасини кўзлаб йўл тутишидан шубҳаланишади. Бундан ташқари, улар христиан оламининг дин пешволарини ҳам ҳурмат қилишмайди. Сабаби, улар Муқаддас Китобга амал қиляпмиз, деб фақатгина сўзда айтишади. Бу туфайли инсонлар Муқаддас Китобга ишонмай қўйишган.

2. Забур 119:160 га кўра, нимага ишонишимиз лозим?

2 Яҳованинг хизматчилари сифатида У «ҳақиқат Тангриси» эканига ва доим фойдамизни кўзлаб иш тутишига аминмиз. (Заб. 31:5; Ишаё 48:17) Шунингдек, Муқаддас Китобда ёзилганларга ишонамиз, сабаби унинг «асоси ҳақиқатдир» b. (Забур 119:160 ни ўқинг.) Бир илоҳиётшунос шундай деган: «Худо айтган барча нарса рост ва доим амалга ошади. Унга хизмат қилаётганлар бунга ишониши мумкин. Чунки улар ўша сўзларнинг Муаллифига — Худога ишонишади». Бунга қўшилишимиз шубҳасиз.

3. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Бошқаларга ҳам Худонинг Каломига ишонишга қандай ёрдам бера оламиз? Келинг, нега унга ишонишимиз мумкинлигининг учта сабабини кўриб чиқайлик. Ушбу мақолада Муқаддас Китобдаги матн аниқ эканини, амалга ошган башоратларни ва одамлар унинг ёрдами билан ҳаётини ўзгартирганини муҳокама қиламиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ХАБАР ЎЗГАРТИРИЛМАГАН

4. Нима учун баъзилар Муқаддас Китоб ўзгартирилган, деб ҳисоблайди?

4 Тангри Яҳова Муқаддас Китобни ёзиш учун тахминан 40 та садоқатли хизматчисидан фойдаланган. Бироқ асл қўлёзмалар бизгача етиб келмагани учун нусхаларидан фойдаланамиз. Бу туфайли баъзилар Муқаддас Китоб ўзгартирилган, деб ўйлайди. Ростдан ҳам у аниқми? Буни қандай билиш мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ибронийча ёзувлардан нусха кўчирган тажрибали котиблар буни сидқидилдан қилишга жон куйдиришган (5- хатбошига қаранг.)

5. Ибронийча ёзувларнинг нусхалари қай йўсин яратилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

5 Яҳова Каломини сақлаб қолиш учун унинг нусхаларини яратишни амр этган. У Исроил шоҳларига Тавротдан ўзлари учун нусха кўчиришни айтган ва левиларни халққа бу қонунларни ўргатишга тайинлаган. (Қонун. 17:18; 31:24–26; Нахим. 8:7) Яҳудийлар Бобил асирлигидан озод бўлганидан кейин бир нечта тажрибали котиб Ибронийча ёзувларнинг кўплаб нусхаларини яратишни бошлаган. (Эзра 7:6) Улар бу ишга жиддий ёндашган ва нусха аниқ бўлиши учун нафақат сўзларни, балки ҳарфларни санаган. Ушбу инсонлар номукаммал бўлгани учун кичкина хатоларга йўл қўйган. Лекин матннинг кўплаб нусхалари бор бўлгани учун, улар ёрдамида кейинчалик хатони аниқлаш мумкин эди. Қанақасига?

6. Нусхалардаги хатоларни қай йўсин аниқлаш мумкин?

6 Олимлар ўша хатоларни аниқлаш учун яхши бир усулдан фойдаланади. Айтайлик, 100 та котибга битта саҳифанинг нусхасини яратиш топширилди. Уларнинг биттаси хатога йўл қўяди. Бу нусхани бошқа котибларники билан солиштирсак хатони аниқлай оламиз. Шунга ўхшаб, олимлар Муқаддас Китобнинг кўпгина қўлёзмаларини солиштириб хатоларни топишяпти.

7. Одамлар Муқаддас Китобни кўчиришганида қанчалик синчков бўлишган?

7 Муқаддас Китобнинг қўлёзмаларини кўчирган инсонлар бунга синчковлик билан ёндашган. Ушбу мисолга диққат қаратинг: Ибронийча ёзувларнинг энг қадимий тўлиқ нусхаси мил. 1008 ёки 1009 йили ёзиб тугатилган. У «Ленинград кодекси» деб номланади. Лекин сўнгги йилларда Ленинград кодексидан тахминан 1 000 йил аввал ёзилган Муқаддас Китобнинг бир нечта қўлёзмалари ва парчалари топилди. Баъзилар бу қўлёзмалар 1 000 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида қайта-қайта нусхалаштирилгани учун Ленинград кодексидан фарқ қилади, деб ўйлаши мумкин. Аммо бу ундай эмас. Олимлар қадимий ва унга қараганда янгироқ қўлёзмаларни солиштирганда баъзи сўзлар фарқ қилишини, лекин маъно ўзгармаганини аниқлашди.

8. Юнонча ёзувларнинг ва қадимги китобларнинг нусхалари ўртасида қандай фарқ бор?

8 Илк масиҳийлар ҳам Ибронийча ёзувлардан нусха кўчиришган. Улар Юнонча ёзувлардаги 27 та китобнинг нусхасини яратишга астойдил ёндашишган. Кейинчалик бу нусхалардан йиғилишларда ва хизматда фойдаланишган. Бир олим Юнонча ёзувларни ўша даврга оид бошқа китоблар билан солиштириб, қуйидагича деди: «Бугунги кунда Юнонча ёзувларнинг қўлёзмалари бошқа китобларга қараганда анча кўпроқ ва асосан тўлиқ битказилган». Бир китобда эса: «Ҳозир мавжуд бўлган таржима [Юнонча ёзувлар] уни ёзган ёзувчиларникидан фарқ қилмаслигига ишонсак бўлади»,— деб айтилган. («Anatomy of the New Testament»)

9. Ишаё 40:8 га кўра, Худонинг Каломи ҳақида нима дейиш мумкин?

9 Асрлар давомида кўпгина котиблар Муқаддас Китобнинг нусхаларини кўчириш учун жон куйдиришган. Шунинг учун, ҳозир аниқ маълумотларни ўқиб, тадқиқ қиляпмиз c. Шубҳасизки, айнан Яҳова Каломи бизга етиб келишига ва аниқ бўлишига ғамхўрлик қилган. (Ишаё 40:8 ни ўқинг.) Албатта, баъзилар Муқаддас Китобдаги хабар ўзгармагани у Худо томонидан илҳомлантирилганини исботламайди, деб айтиши ҳеч гап эмас. Келинг, у Худодан эканини тасдиқловчи айрим исботларга диққат қаратайлик.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БАШОРАТЛАР ИШОНЧЛИ

Чапда: C. Sappa/DeAgostini/Getty Images; ўнгда: Image © Homo Cosmicos/Shutterstock

Муқаддас Китобдаги башоратлар ўтмишда амалга ошган, бугун ҳам бажо бўляпти (10-, 11- хатбошиларига қаранг.) e

10. Бутруснинг сўзлари рост эканини кўрсатувчи мисол келтиринг. (Расмларга қаранг.)

10 Муқаддас Китобдаги кўплаб башоратлар амалга ошган. Улардан баъзилари ёзилганидан юзлаб йиллар ўтиб бажо бўлган. Тарих ҳам буни тасдиқлаяпти. Биз бундан ҳайрон қолмаймиз, чунки Муқаддас Китобдаги башоратларнинг Муаллифи Яҳовадир. (2 Бутрус 1:21 ни ўқинг.) Қадимий Буюк Бобилнинг қулаши ҳақидаги башоратларни эсланг. Мил. авв. саккизинчи асрда Ишаё пайғамбар ушбу буюк шаҳар босиб олиниши ҳақида башорат қилган. У ҳатто буни Кир исмли шоҳ қандай қилишини айтган. (Ишаё 44:27–45:2) Ишаё Бобил бутунлай вайрон қилиниши ва кимсасиз қолишини ҳам башорат қилган. (Ишаё 13:19, 20) Бу ростдан ҳам юз берган. Мил. авв. 539 йили Бобил Мидия ва Форс томонидан забт этилган ва ҳозир ушбу буюк шаҳар бўм-бўш. («Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобнинг электрон шаклидаги 3- дарс, 5- параграфидаги «Муқаддас Китобда Бобилнинг қулаши башорат қилинган» номли видеога қаранг.)

11. Дониёр китобидаги башорат бугунги кунда қандай амалга ошяпти? (Дониёр 2:41–43)

11 Муқаддас Китобдаги башоратлар нафақат ўтмишда амалга ошган, балки бугунги кунда ҳам бажо бўляпти. Дониёр пайғамбарнинг Англия-Америка жаҳон империясига оид башорати бунинг яққол исботи. (Дониёр 2:41–43 ни ўқинг.) Ушбу башоратга кўра, бу жаҳон империяси темир каби «қисман кучли» ва лой каби «қисман заиф» бўлади. Бунга ўзимиз гувоҳ бўлишимиз мумкин. Британия ва Америка иккита жаҳон урушида ғалаба қозонишда муҳим роль ўйнаган ва ҳарбий кучини кенгайтириб, темир каби мустаҳкам эканини кўрсатиб келяпти. Лекин фуқароларининг иш жойларида қўзғолон кўтариши, ўз ҳуқуқларини талаб қилиши ва ҳукуматларга қарши чиқиши уларнинг кучини заифлаштиряпти. Дунё сиёсати бўйича бир мутахассис шундай фикр билдирди: «Қўшма Штатларга ўхшаган сиёсат жиҳатдан бўлинган демократик мамлакатнинг ўзи йўқ». Охирги йилларда Британияда ҳам шундай бўляпти. Фуқаролари Европа иттифоқига кирувчи мамлакатлар билан қандай алоқада бўлиш борасида қарама-қарши фикрда. Бу бўлинишга сабаб бўляпти. Шу тариқа, Англия-Америка жаҳон империяси ўзи хоҳлаган ишни амалга ошира олмаяпти.

12. Башоратлар бизни нимага ишонтиряпти?

12 Муқаддас Китобдаги кўпгина башоратлар бажо бўлди. Бу бизни келажакка оид ваъдалар ҳам амалга ошишига ишонтиряпти. Ўзимизни Яҳовага ибодат қилган сано бастакори каби ҳис қиляпмиз. У: «Нажот беришингга муштоқман, зеро, каломингга умид боғлаганман»,— деган. (Заб. 119:81) Аллоҳ Каломи орқали бизга «порлоқ келажакни» ваъда қилиб, умид беряпти. (Ерм. 29:11) Дарҳақиқат, келажакка бўлган умидимиз хатти-ҳаракатларимизга эмас, Яҳованинг ваъдаларига боғлиқ. Шундай экан, келинг, башоратларни яхшилаб ўрганиш орқали Унга таянишда давом этайлик.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ДОНО МАСЛАҲАТЛАР КЎПЛАРГА ЁРДАМ БЕРЯПТИ

13. Муқаддас Китоб ишончли эканининг яна қандай сабаби бор? (Забур 119:66, 138)

13 Муқаддас Китоб ишончли эканининг сабабларидан бири у бошқаларга ёрдам бераётганидадир. Ундаги маслаҳатларга амал қилаётганлар фойда олишяпти. (Забур 119:66, 138 ни ўқинг.) Мисол учун, ажрашмоқчи бўлган жуфтликлар Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатларга амал қилишгани учун ҳозирда биргаликда бахтли яшашмоқда. Фарзандлари эса художўй ота-оналарининг қарамоғида ўзларини хавфсиз ва севикли ҳис қилишяпти. (Эфес. 5:22–29)

14. Қай йўсин ҳақиқат инсоннинг ҳаётини яхшилашга ёрдам беради? Мисол келтиринг.

14 Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатлар ҳатто ашаддий жиноятчиларнинг ҳам ҳаётини ўзгартиришга ёрдам бера олади. Келинг, Жек исмли биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик d. У жуда ёмон жиноятларга қўл урган ва ўлим жазосига маҳкум этилган. Бир куни қамоқда у Муқаддас Китоб тадқиқида иштирок этган. Биродарларнинг меҳр ила таълим бериши Жекка қаттиқ таъсир қилган ва у тадқиққа рози бўлган. Каломдаги маслаҳатларни қўллагани сайин хулқ-атвори ва шахсияти яхши томонга ўзгара бошлаган. Вақт ўтиб, Жек сувга чўммаган ваъзгўй бўлган ва кейинчалик сувга чўмган. У бошқа маҳбусларга Худонинг Шоҳлиги ҳақида ғайрат ила ваъз қилган ва ҳатто уларнинг тўрттаси билан тадқиқ ўтказган. Ҳукмни ижро этиш куни келганида Жек ўзгарган эди. Адвокатларидан бири: «20 йил олдинги Жек умуман бошқача эди. Ҳозир уни таний олмаяпман. Яҳова Шоҳидларининг таълимоти унга ўзгаришга ёрдам берди»,— деб айтди. Гарчи ушбу биродаримиз ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, унинг мисоли Худонинг Каломига ишонишимиз мумкинлигини ва у ердаги маслаҳатлар инсоннинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга ёрдам беришини кўряпмиз. (Ишаё 11:6–9)

Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар келиб чиқиши турлича бўлган инсонларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиряпти (15- хатбошига қаранг.) f

15. Яҳованинг хизматчилари доно маслаҳатларга амал қилаётгани бошқаларга қандай таъсир қиляпти? (Расмга қаранг.)

15 Яҳованинг хизматчилари Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар бўйича яшаётгани учун аҳил. (Юҳан. 13:35; 1 Кор. 1:10) Орамизда тинчлик борлиги ва якдил эканимиз ҳозир яққол намоён бўляпти. Чунки бу дунё сиёсат, ирқ ва ижтимоий жиҳатдан бўлиниб кетяпти. Жим исмли бир йигит Яҳованинг Шоҳидлари иноқ эканини кўрганида ҳайрон қолган. У Африканинг бир мамлакатида улғайган. У ерда фуқаролар уруши бошланганида, у ҳам унда қатнашган. Лекин кейинчалик Жим қўшни мамлакатга қочиб кетган ва Яҳованинг Шоҳидлари билан танишган. У шундай деб бўлишди: «Ҳақиқий дин вакиллари сиёсатга аралашмай, аҳил бўлиши кераклигини билиб олдим. Улар бир-бирини яхши кўриши керак экан. Аввал ҳаётимни ватаним учун бағишлаган эдим. Аммо Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билиб олганимда, ҳаётимни Яҳовага хизмат қилишга бағишлашга қарор қилдим». Шундай қилиб, Жим ўзгарди. У ўзидан фарқ қиладиган инсонлар билан курашишнинг ўрнига учратган ҳар бир инсонга тинчлик хабарини айтяпти. Ҳа, Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар келиб чиқиши турлича бўлган кўпчиликка ёрдам беряпти. Бу Худонинг Каломига ишонишимиз мумкинлигини тасдиқлаяпти.

ХУДОНИНГ КАЛОМИДАГИ ҲАҚИҚАТГА ИШОНИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

16. Нега Худонинг Каломига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаш муҳим?

16 Дунёнинг аҳволи тобора ёмонлашиб борар экан, ҳақиқатга бўлган ишончимиз синалади. Одамлар онгимизга шубҳалар уруғини экишга уринади. Улар Муқаддас Китоб аниқ экани ёки Яҳова ишончли ва ақлли хизматкор орқали йўл-йўриқлар бераётгани тўғрисида шубҳалар уйғотишга ҳаракат қилади. Лекин Худонинг Каломи ишончли эканига амин бўлсак, бундай ҳужумларга қарши тура оламиз. Ўшанда биз ҳам: «Доимо, ҳаётимнинг охиригача қоидаларингга итоат этишга қарор қилдим»,— деб айта оламиз. (Заб. 119:112) Бошқаларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни айтишдан ва ундаги маслаҳатларга амал қилишни ўргатишдан ҳеч қачон уялмаймиз. (Заб. 119:46) Ҳар қандай қийинчиликларни, ҳатто таъқибларни ҳам «қувонч ва сабр-тоқат билан» енга оламиз. (Колос. 1:11; Заб. 119:143, 157)

17. 2023 йил учун танланган оят бизга нимани эслатади?

17 Отажонимиз Яҳова бизни ҳақиқатга жалб қилганидан жудаям миннатдормиз. Бу ҳақиқат бизга тинчлик ва ишонч бахш этиб, ушбу остин-устун дунёда қандай яшашимиз кераклигини тушунишга кўмаклашяпти. Қолаверса, Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида бўладиган ажойиб келажакка умид беряпти. Илоё, 2023 йил учун танланган оят Худо Каломининг асоси ҳақиқат эканига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамласин! (Заб. 119:160)

94- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг Каломи учун миннатдормиз

a 2023 йил учун «Каломинг асоси ҳақиқатдир», деган сўзлар танлангани имонимизга имон қўшяпти. (Заб. 119:160) Сиз ҳам бунга қўшиларсиз. Лекин кўпчилик Муқаддас Китобда ҳақиқат ёзилганига ва доно маслаҳатлар борлигига ишонмайди. Ушбу мақолада самимий инсонларга буни тушунишга ёрдам берадиган учта сабабни кўриб чиқамиз.

b ИБОРА МАЪНОСИ. «Каломинг асоси ҳақиқатдир» сўзлари ибронийчада «бутун Калом ҳақиқатдир» деган маънони англатади.

c Кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтига кириб, «Тарих ва Муқаддас Китоб» номли туркумни изланг.

d Баъзи исмлар ўзгартирилган.

e РАСМГА ШАРҲ. Худо Буюк Бобил шаҳри йўқ бўлишини башорат қилган.

f РАСМГА ШАРҲ. Биродар жанг қилишнинг ўрнига Муқаддас Китоб ёрдамида тинчликда яшашни ўрганяпти ва бошқаларга ҳам шундай қилишга кўмаклашяпти.