Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Худонинг ҳадяси бўлмиш ҳаётни қадрланг

Худонинг ҳадяси бўлмиш ҳаётни қадрланг

У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз. ҲАВОР. 17:28

141- ҚЎШИҚ Ҳаёт — мўъжизадир

БУ МАҚОЛАДА a

1. Яҳова учун ҳаётимиз қандай аҳамиятга эга?

 АЙТАЙЛИК, дўстингиз эски, лекин қимматбаҳо ноёб расмни сизга совға қилди. Уни нодир асар деб айтса бўлади. Аммо у-бу жойларида доғлари ва ёриқлари бор, ранги ҳам оз-моз ўчган. Бунга қарамай, у жуда қиммат туради. Шубҳасизки, бу совға учун миннатдор бўлиб, уни авайлайсиз. Шунга ўхшаб, Яҳова бизга бебаҳо совға, яъни ҳаёт ато этган. Дарҳақиқат, У Ўз Ўғлини биз учун тўлов сифатида бериб, ҳаётимизни жуда қадрлашини кўрсатди. (Юҳан. 3:16)

2. Яҳова биздан нимани кутади? (2 Коринфликларга 7:1)

2 Тангри Яҳова ҳаёт Манбаи. (Заб. 36:9) Ҳаворий Павлус буни яхши тушунгани учун: «У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз»,— деб айтган. (Ҳавор. 17:25, 28) Чиндан ҳам ҳаётимиз Аллоҳнинг бебаҳо совғасидир. У яшашимиз учун керакли барча нарсани меҳр ила муҳайё қилган. (Ҳавор. 14:15–17) Лекин Яҳова тирик қолишимиз учун мўъжизалар яратмайди. У жисмоний ва маънавий соғлигимизга имкон қадар ғамхўрлик қилишимизни истайди. (2 Коринфликларга 7:1 ни ўқинг.) Нега соғлигимизни ва ҳаётимизни асрашимиз лозим? Буни қай йўсин қила оламиз?

ҲАЁТ ҲАДЯСИНИ ҚАДРЛАНГ

3. Соғлигимизга эътиборли бўлишимиз кераклигининг сабабларидан бири қандай?

3 Соғлигимизни асрашга интилишимизнинг сабабларидан бири Яҳовага энг яхшисини бериб хизмат қилишни исташимиздир. (Марк 12:30) «Таналарингизни тирик, муқаддас, Худога маъқул келадиган қурбонлик сифатида бағишланглар» деган сўзларга амал қилиб, соғлигимизга салбий таъсир кўрсатадиган ишлардан қочамиз. (Рим. 12:1) Албатта, нимаики қилмайлик, бу умуман касал бўлмаслигимизни кафолатламайди. Лекин самовий Отамизнинг ҳадяси бўлмиш ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсатиш учун қўлимиздан келганини қиламиз.

4. Шоҳ Довуд нима қилишни хоҳлаган?

4 Шоҳ Довуд нега ҳаётни қадрлаш кераклиги ҳақида шундай ёзган: «Ўлганимдан, гўрга тушганимдан не фойда? Тупроқ Сенга мақтов айтадими? Садоқатинг ҳақида гапирадими?» (Заб. 30:9) Ҳойнаҳой, Довуд бу сўзларни ҳаётининг охирида айтган. У ўлишни хоҳламаган ва Яҳовага имкон борича кўпроқ хизмат қилмоқчи бўлган. Шубҳасизки, барчамиз буни истаймиз.

5. Ёшимиз нечада ва касаллигимиз қанчалик жиддий бўлишидан қатъи назар нима қилишимиз керак?

5 Касаллик ва ёшимиз ўтгани туфайли олдингидай кўп иш қила олмасмиз. Оқибатда хафа бўлиб, тушкунликка тушармиз. Лекин таслим бўлиб, соғлигимизга беэътибор бўлиб қолмаслигимиз керак. Нега? Сабаби, ёшимиз нечада ёки касаллигимиз қанчалик жиддий бўлишидан қатъи назар шоҳ Довуд каби Аллоҳни шарафлай оламиз. Яҳова номукаммал бўлишимизга қарамай, бизни қадрлашини билиш ниҳоятда таъсирли! (Мат. 10:29–31) Ҳатто оламдан ўтсак ҳам, У бизни тирилтиришни жуда истайди. (Аюб 14:14, 15) Тирик эканмиз, соғлигимизни ва ҳаётимизни асраш учун қўлимиздан келганини қилишни хоҳлаймиз.

ЗАРАРЛИ ОДАТЛАРДАН ЙИРОҚЛАШИНГ

6. Ейиш ва ичиш борасида Яҳова биздан нимани кутади?

6 Муқаддас Китобда соғлик ёки парҳез масаласида кўрсатмалар ёзилмаган бўлса ҳам, Яҳованинг бу борадаги нуқтаи назарини билиб олсак бўлади. Масалан, у ерда танамизга «зиён етказадиган нарсалардан узоқроқ юришимиз» кераклиги ёзилган. (Воиз 11:10) Бўкиб овқатланиш ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳам нотўғри эканини кўряпмиз. (Ҳик. 23:20) Қанча ейиш ва ичиш борасида қарор чиқараётиб, Яҳова ўзимизни тута билишимизни кутади. (1 Кор. 6:12; 9:25)

7. Қай йўсин Ҳикматлар 2:11 даги маслаҳат соғлигимиз борасида тўғри қарорлар чиқаришга ёрдам беради?

7 Фикрлаш қобилиятимизни ишга солиш орқали Яҳованинг ҳадяси бўлмиш ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсата оламиз. (Заб. 119:99, 100; Ҳикматлар 2:11 ни ўқинг.) Мисол учун, нима ейиш ҳақида ўйлаётиб, ақли расо бўламиз. Агар муайян бир овқат бизга ёқса, лекин у соғлигимизга салбий таъсир қилишини билсак, онгимизни ишга солиб, уни емаймиз. Шунингдек, етарлича ухлаш, мунтазам жисмоний машқлар қилиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва уйимизни озода сақлаш орқали ақл-идрокли эканимизни кўрсатамиз.

ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИНИ КЎРИШГА ИНТИЛИНГ

8. Муқаддас Китобга биноан, хавфсизлигимиз Яҳова учун қанчалик муҳим?

8 Тавротга кўра, Исроил халқидан уйда ёки иш жойида жиддий фожиаларнинг олдини олиш кутиларди. (Чиқ. 21:28, 29; Қонун. 22:8) Масалан, кимдир ногаҳон бошқа инсонни ўлдириб қўйса, бу жиддий оқибатлар келтирарди. (Қонун. 19:4, 5) Тавротга биноан, ҳатто туғилмаган болага билмай туриб зиён етказган инсон жазога тортиларди. (Чиқ. 21:22, 23) Муқаддас Ёзувлардан билиб олаётганимиздай, Яҳова фожиалар юз бермаслиги учун хавфсизлик чораларини кўришимизни хоҳлайди.

Ушбу вазиятларда ҳаёт биз учун қадрли эканини қандай кўрсата оламиз? (9- хатбошига қаранг.)

9. Қай йўсин нохуш вазиятларнинг олдини олишимиз мумкин? (Расмларга ҳам қаранг.)

9 Ҳаётни қадрлаётганимизни ишда ва уйда хавфсизлик чораларига амал қилиш орқали кўрсатамиз. Масалан, ўткир буюмларни, кимёвий заҳарли моддаларни ва дори-дармонларни ташламоқчи бўлсак, буни эҳтиёткорлик билан қиламиз ва уларни болалар топа олмайдиган жойда сақлаймиз. Шунингдек, олов ёққанда, сув қайнатганда ёки асбоблардан фойдаланганда, уларни назоратсиз қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Қолаверса, машина ҳайдашга хавф туғдирадиган дори-дармонларни ичсак, спиртли ичимликларни истеъмол қилсак ёки кам ухлаган бўлсак рулга ўтирмаймиз. Шу билан бирга, машинани бошқараётганда электрон қурилмалардан фойдаланмаймиз.

ОФАТЛАР ЮЗ БЕРГАНИДА

10. Офат юз беришидан олдин ва у содир бўлганида нима қилишимиз керак?

10 Ҳар доим ҳам бахтсиз ҳодисаларнинг олдини ололмаймиз. Айниқса, табиий офат, эпидемия ва тўс-тўполон бўлганида. Бундай вазиятларда эҳтиёт бўлиш ва ҳукмрон ҳокимиятнинг уйдан чиқмаслик ёки эвакуация борасидаги йўл-йўриқларига амал қилиш орқали ҳаётимизни сақлаб қолишимиз мумкин. (Рим. 13:1, 5–7) Баъзи офатларга олдиндан тайёргарлик кўрса бўлади. Бунда ҳукмрон ҳокимиятнинг берган кўрсатмаларига амал қилиш ёрдам беради. Мисол учун, сув, тез бузилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи ёрдам дори воситаларини олдиндан олиб қўйсак бўлади.

11. Юқумли касаллик кенг тарқалганида қандай йўл тутишимиз лозим?

11 Ҳудудимизда юқумли касаллик тарқалса нима қилишимиз керак? Масалан, қўл ювиш, масофа сақлаш, ниқоб тақиш ва карантин борасидаги ҳукуматнинг кўрсатмаларига амал қиламиз. Бундай йўл тутсак, ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсатамиз.

12. Қай йўсин Ҳикматлар 14:15 фавқулодда вазиятда нимага қулоқ солиш-солмаслик борасида қарор чиқаришимизга ёрдам беради?

12 Фавқулодда вазиятда таниш-билиш, қўшниларимиз ва янгиликлардан ёлғон маълумотларни эшитишимиз мумкин. Уларнинг «ҳар бир сўзига» ишонишнинг ўрнига ҳукумат ва шифокорлар тақдим этаётган аниқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қиламиз. (Ҳикматлар 14:15 ни ўқинг.) Етакчи кенгаш ва филиаллар ҳам йиғилишлар ҳамда ваъзгўйликка оид йўл-йўриқни тақдим этишдан олдин аниқ маълумотга эга бўлишга интилади. (Иброн. 13:17) Ушбу кўрсатмага бўйсуниш орқали ўзимизнинг ва бошқаларнинг ҳаётини ҳимоя қиламиз. Қолаверса, бу бошқаларда Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ижобий таассурот қолдиришга ёрдам беради. (1 Бутр. 2:12)

ҚОНДАН САҚЛАНИШГА ОЛДИНДАН ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ

13. Қон қуйиш масаласида ҳаётни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

13 Яҳованинг Шоҳидлари қонни муқаддас деб билишидан кўплар хабардор. Ҳатто тезкор тиббий ёрдамга муҳтож бўлганимизда ҳам қон қуймаслик борасидаги Худонинг қонунига бўйсунамиз. (Ҳавор. 15:28, 29) Бу ўлишни хоҳлашимизни англатмайди, аксинча, ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсатади. Бундай вазиятларда қонсиз даволашга тайёр бўлган юқори малакали шифокорларга мурожаат қиламиз.

14. Қай йўсин жиддий тиббий муолажаларнинг олдини олишимиз мумкин?

14 Ушбу мақоладаги тавсияларга риоя қилиб, соғлигимизни асрасак, жиддий тиббий муолажа ёки операциянинг кераги бўлмас. Аммо бирон жарроҳлик амалиётига йўлиқсак ҳам, бу тезроқ тузалиб кетишимизга ёрдам беради. Қолаверса, уйимиз ва иш жойимизда хавфсизлик чораларига ҳамда йўл қоидаларига риоя этсак, операция қилинишнинг эҳтимоли камаяди.

Ҳадя бўлмиш ҳаётни қадрлаганимиз учун ваколатномани тўлдирамиз ва уни доим ёнимизда олиб юрамиз (15- хатбошига қаранг.) d

15. а) Нега қон борасидаги ҳужжатни тўлдириш муҳим? (Расмга ҳам қаранг.) б) Видеода кўрсатилганидай, қай йўсин қон масаласида тўғри қарор чиқара оламиз?

15 «Тиббий амалиётларга нисбатан шахсий қарор ва ваколатнома» номли ҳужжатни тўлдириш ҳамда доимо ёнимизда олиб юриш орқали ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсатамиз b. У ерда қон қуймаслик ва баъзи тиббий муолажалар борасидаги хоҳиш-истагимиз акс этади. Ушбу ҳужжатни тўлдирганмисиз? Агар уни тўлдиришингиз ёки янгилашингиз керак бўлса, буни ортга сурманг. Чунки у сизга шифокор билан даволаниш усулини муҳокама қилиш учун вақтни кетказмай, муолажани тезроқ олишингизга ёрдам беради. Қолаверса, тиббиёт ходимлари сиз учун хавфли бўлган даволаш усуллари ҳамда дори-дармонлардан хабардор бўлади c.

16. Агар ваколатномани қандай тўлдиришни билмасангиз нима қилишингиз мумкин?

16 Қанчалик ёш ва соғлом бўлишимиздан қатъи назар бахтсиз ҳодисага ёки касалликка дуч келишимиз мумкин. (Воиз 9:11) Шунинг учун, ваколатномани олдиндан тўлдириш доноликдан бўларди. Агар уни қандай тўлдиришни билмаётган бўлсангиз, ёрдам сўраб оқсоқолларга мурожаат қилинг. Улар уни тўлдиришга ёрдам беришади, лекин ўрнингизга қарор чиқаришмайди. Бу сизнинг бурчингиз. (Галат. 6:4, 5) Оқсоқоллар хоҳиш-истагингизни ҳужжатда тўғри акс эттиришга кўмаклашишади.

МУЛОҲАЗАКОР БЎЛИНГ

17. Соғлик масаласида мулоҳазакор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

17 Соғлик ва даволаниш усуллари борасидаги кўпгина қарорларни Муқаддас Китобдан билиб олганларимизга асослаймиз. (Ҳавор. 24:16; 1 Тим. 3:9) Қарор чиқариб, уни бошқалар билан бўлишганда Филиппиликларга 4:5 даги ушбу принципга амал қиламиз: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин». Бу фазилатни намоён этсак, соғлигимиз борасида ҳаддан ташқари кўп ташвишланмаймиз. Қолаверса, ўз нуқтаи назаримизни имондошимизга ўтказмаймиз. У бизникидан фарқ қиладиган қарор чиқарганда ҳам, уни севишда ва ҳурмат қилишда давом этамиз. (Рим. 14:10–12)

18. Қай йўсин ҳаёт учун миннатдорчилик кўрсата оламиз?

18 Ҳаётимизни асраш ва унинг Манбаи бўлмиш Яҳовага ўзимизда бор энг яхшисини бериш орқали Ундан миннатдор эканимизни кўрсатамиз. (Ваҳ. 4:11) Тўғри, ҳозир офатларга дуч келишимиз ва касалликларга чалинишимиз мумкин. Лекин Парвардигор бундай яшашимизни хоҳламайди. Тез орада У оғриқ ва ўлим бўлмайдиган абадий ҳаётни туҳфа этади. (Ваҳ. 21:4) Унгача эса, келинг, соғлигимизни сақлаш учун қўлимиздан келганини қилиб, меҳрибон самовий Отамизга хизмат қилайлик.

140- ҚЎШИҚ Абадий ҳаёт

a Ушбу мақола Худонинг ҳадяси бўлмиш ҳаётни янада қадрлашимизга ёрдам беради. Соғликни асраш, офатларга дуч келганда омон қолиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шунингдек, тиббий муолажага қай йўсин олдиндан тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида сўз юритамиз.

b «Ваколатнома» деб ҳам номланади.

c jw.org сайтидаги «Қай йўсин қон масаласида тўғри қарор чиқара оламиз?» номли видеони томоша қилинг.

d РАСМГА ШАРҲ. Биродар ваколатномани тўлдиряпти ва уни доим ўзи билан олиб юриш учун ҳамёнига солиб қўйяпти.