Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1923. Юз йил аввал

1923. Юз йил аввал

«Қўриқчи минораси»нинг 1923 йил 1 январь сонида қуйидагилар ёзилганди: «1923 йил ўзгача бўлишини кутяпмиз. Эзилган одамларга яхши кунлар ҳали олдинда эканини айтиш катта шараф». Ўша йили Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари йиғилишлар, анжуманлар ва ваъзгўйлик фаолиятига ажойиб ўзгаришлар киритди. Натижада бу уларни янада бирлаштирди.

ЙИҒИЛИШЛАР УЛАРНИ БИРЛАШТИРДИ

Оятлар ва қўшиқ рақамлари келтирилган календарь

Ўша йили ташкилот Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг бирлигига ҳисса қўшган бир қанча ўзгаришлар киритган. «Қўриқчи минораси»да ҳар ҳафта кўриб чиқиш учун оятлар тушунтирилган изоҳлар нашр этила бошлади. Улар «Ибодат ва Яҳовани шарафлаш учрашуви»да муҳокама қилинарди. Бундан ташқари, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ҳар ҳафта ўша учрашувда муҳокама қилинадиган оятлар ёки шахсий тадқиқда ё оилавий топинишда ҳар куни куйлаш мумкин бўлган қўшиқлар рақами келтирилган календарни нашр этадиган бўлишди.

Йиғилишларда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ваъзгўйликда юз берган воқеалар борасида шарҳ бериб, нега Яҳовадан миннатдор эканини айтишарди, қўшиқ куйлашарди ёки ҳатто ибодат қилишарди. 1923 йили Ева Барни исмли опамиз 15 ёшлигида сувга чўмган. У шундай деб бўлишган: «Шарҳ беришни хоҳлаган киши ўрнидан туриб, аввал мана шуларга ўхшаш сўзларни айтиши керак эди: “Раббимиз мен учун қилган барча яхшиликларидан миннатдорман”». Айрим биродарларимиз кўпроқ гапиришни ёқтирарди. Барни опамиз яна шундай деган: «Қадрдон биродаримиз Гудвиннинг Раббимизга раҳматлар айтиш учун кўпгина сабаблари бўлган. Унинг хотини йиғилишни олиб бораётган биродар асабийлашаётганини кўрганида, эрининг пиджагини астагина тортиб қўярди ва у гапини тугатиб жойига ўтирарди».

Ойида бир марта ҳар бир жамоатда «Ибодат ва Яҳовани шарафлаш учрашуви» бўларди. «Қўриқчи минораси»нинг 1923 йил 1 апрель сонида бу учрашув ҳақида қуйидагича айтилганди: «Йиғилиш дастурининг ярми ваъзгўйликдаги воқеалар билан бўлишиш ҳамда ваъзгўйларга далда беришга ажратилиши муҳим. [...] Бу учрашув ҳар бирингизга далда бериб, сизларни ўзаро яқинлаштиришига ишонамиз».

Ўшанда 19 ёшда бўлган Ванкувердаги (Канада) Чарлз Мартин исмли ваъзгўй бу учрашувлардан кўпгина фойда олган. У қуйидагича бўлишган: «Мен бу учрашувда уйма-уй ваъзгўйликда нима дейишни ўрганганман. У ерда ваъзгўйлар уйма-уй хизматда юз берган воқеалар билан бўлишарди. Бу туфайли ваъзгўйликда нима дейишни ва турли хил эътирозларга қандай жавоб беришни ўрганардим».

ВАЪЗГЎЙЛИК ХИЗМАТИ УЛАРНИ БИРЛАШТИРДИ

«Хабарнома», 1923 йил 1 май

«Хизмат кунлари» ҳам ташкилотимизда бирлик бўлишига ҳисса қўшган. «Қўриқчи минораси»нинг 1923 йил 1 апрель сонида шундай эълон қилинган: «Барчамиз битта ишда қатнашяпмиз. [...] Шу боис 1923 йил 1 майдан бошлаб, ҳар ойнинг биринчи сешанба куни ҳамма хизмат қилиши учун ажратилади. [...] Барча жамоатлардаги ҳар бир ваъзгўй бу ишда ўз ҳиссасини қўшиши керак».

Ҳатто ёш Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ҳам ваъзгўйлик ишида қатнашарди. Ўша пайтларда 16 ёшда бўлган Хейзл Берферд исмли опамиз қуйидагиларни айтди: «”Хабарнома”да ёдлаб олишимиз учун тахминий суҳбатлар келтириларди a. Бобом билан биргаликда ваъз қилишга жон куйдирардик». Бироқ Берферд опамиз ваъзгўйликда қатнашгани учун бир биродаримиз унга норозилик билдирган. У шундай деди: «Ёши катта битта биродар ваъзгўйликда қатнашганим учун мени койиб берганди. Ўша пайтда баъзилар барча Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари, шунингдек, “йигиту қизлар” ҳам улуғ Парвардигоримизни мадҳ этиш ишида қатнашиши кераклигини тушунмасди». (Заб. 148:12, 13) Аммо Берферд опамиз таслим бўлмаган. У Гилад мактабининг иккинчи синфида ўқиб, тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида Панамада хизмат қилган. Ёшларнинг ваъзгўйликда қатнашишига норозилик билдирган биродарлар эса вақт ўтиб нуқтаи назарини ўзгартирган.

АНЖУМАНЛАР УЛАРНИ БИРЛАШТИРДИ

Маҳаллий ҳамда ҳудудий анжуманлар ҳам биродарлар бирлашишига кўмаклашган. Ўша анжуманларнинг кўпида хизмат кунлари ўтказилган. Масалан, бу Канаданинг Виннипег шаҳрида бўлиб ўтган. У ердаги анжуманга келганларнинг ҳаммаси ўша шаҳарда «Виннипегни бомбардимон қилиш» номли кампанияда 31 март куни қатнашишга таклиф қилинган. Шунга ўхшаш хизмат кунлари келажакда фаолиятимиз кенгайишига ҳисса қўшган. 5 августда Виннипегда бўлиб ўтган бошқа анжуманга тахминан 7000 киши ташриф буюрган. Бу Канадада бўлиб ўтган анжуманлар орасида энг кўп одам ташриф буюрган анжуман эди.

Яҳованинг халқи учун муҳим анжуманлардан бири 1923 йил 18–26 августгача Лос-Анжелесда (Калифорния) ўтказилган. Анжумандан бир неча ҳафта олдин газеталарда бу ҳақда эълон қилинган ва Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари 500 000 дан зиёд таклифнома тарқатишган. Улар жамоат ва шахсий транспортларига анжуманнинг таклифнома плакатларини ёпиштиришган.

Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг Лос-Анжелесдаги анжумани (1923 йил)

25 август, шанба куни биродар Рутерфорд «Қўй ва эчкилар» номли нутқни сўзлаган. Нутқида у «қўйлар» ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган одил инсонлар эканини ва улар ер юзидаги жаннатда яшашини очиб берган. Шунингдек, у «Огоҳлантириш» номли резолюцияни ўқиб берган. Резолюцияда христиан оламининг ишлари фош этилган ҳамда самимий инсонлар «Буюк Бобил»дан чиқиб кетишга ундалган. (Ваҳ. 18:2, 4) Сўнг ғайратли Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бу резолюциянинг миллионлаб нусхаларини дунё бўйлаб тарқатишган.

«Бу учрашув ҳар бирингизга далда бериб, сизларни ўзаро яқинлаштиради»

Ўша анжуманнинг охирги кунида биродар Рутерфорд «Барча халқлар Армагеддонга қараб кетяпти, лекин ҳозир яшаётган миллионлаб инсонлар ҳеч қачон ўлмайди» номли нутқни сўзлаган. Уни 30 000 дан зиёд одам тинглаган. Шунча кўп одам сиғиши учун Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Лос-Анжелесдаги катта янги стадионни ижарага олишган. Уларнинг ҳаммаси дастурни яхши эшита олиши учун биродарлар ўша пайтдаги янги технологиялардан фойдаланишган. Бу дастурни бошқа кўплаб инсонлар радио орқали ҳам тинглашган.

ХАЛҚАРО ЎСИШ

1923 йили Африка, Европа, Ҳиндистон ва Жанубий Америкада ваъзгўйлик фаолияти кенг қулоч ёзган. Ҳиндистонда Э. Ж. Жозеф хотини ва олтита фарзанди бўлса ҳам адабиётлар ҳинд, тамил, телугу ва урду тилларида чиқишига кўмаклашган.

Уильям Браун ва унинг оиласи

Сьерра-Леонедаги Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Альфред Жозеф ҳамда Леонард Блекмен Бруклиндаги (Нью-Йорк) Халқаро бош идорага ёрдам сўраб мурожаат қилишган. 1923 йил 14 апрель куни уларга жавоб келган. Альфред қуйидагича айтиб берган: «Якшанба куни кечаси эди. Кутилмаганда телефон жиринглади». У баланд овозда бир киши шундай деяётганини эшитган: «”Қўриқчи Минораси Жамияти”га ваъзгўйлар кераклиги ҳақида ёзган инсон сизмисиз?» Альфред: «Ҳа»,— деб жавоб берган. Кейин у киши: «Улар мени юборишди»,— деб айтган. Бу Уильям Браун эди. У ўша куниёқ хотини Антония ҳамда ёш қизлари Лоис ва Люси билан Кариб денгизидан йўлга чиққан. Биродарлар уларни кўришни интиқиб кутишган.

Альфред яна шундай деган: «Эрталаб ҳар ҳафта қилганимиздай, Леонард билан Муқаддас Китобни муҳокама қилаётгандик. Кутилмаганда эшик олдида баланд киши пайдо бўлди. Бу биродар Браун эди. У жудаям ғайратли бўлган ва кейинги куниёқ оммавий нутқ айтишни хоҳлаган. Бир ой ўтмай, у ўзи билан олиб келган ҳамма адабиётларни тарқатиб чиққан эди. Кўп вақт ўтмасидан, унга 5000 та китоб юборишган ва тез орада унга бундан ҳам кўпроқ китоб керак эди. Аммо уни одамлар китоб сотиб юрадиган инсон деб ҳисоблашмаган. Яҳованинг ғайратли хизматчиси сифатида у доим нутқларида Муқаддас Ёзувлардан оятлар келтирарди. Шу боис одамлар уни «Муқаддас Китобчи Браун» деб аташарди.

Магдебургдаги Байтил (1920 йиллар)

Биродарлар Бармендаги (Германия) филиал кичкина бўлгани учун бошқа ерга кўчишга қарор қилишган. Шунингдек, Франция ҳарбийлари бу шаҳарга бостириб келмоқчи экани ҳақида эшитишган. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Магдебургдаги бинони адабиётларни босиб чиқариш учун айни муддао деб билишган. 19 июнь куни биродарлар барча асбоб-ускуналарни ҳамда жиҳозларни йиғишган ва Магдебургдаги янги Байтилга кўчишган. Кўчиш якунлангани ҳақида Халқаро бош идорага хабар беришганининг эртаси куниёқ газетада Франция Бармен шаҳрини босиб олгани ҳақида эълон қилинган. Биродарлар бу кўчиш Яҳованинг баракаси ҳамда ҳимояси бўлганини кўришган.

Жорж Янг ҳамда Сара Фергусон (ўнгда) ва унинг опаси

Бразилияда Жорж Янг хушхабарни ваъз қилиш учун жуда кўп жойларга борган. У янги филиалдаги ишларни йўлга қўйган ҳамда «Қўриқчи минораси»ни португал тилида чоп этишни бошлаган. Бир неча ой ичида у одамларга 7000 дан зиёд адабиётларни тарқатган. У Сара Фергусонникига ташриф буюрганида ажойиб имконият туғилган. Сара 1899 йилдан бери «Қўриқчи минораси»ни ўқирди, лекин сувга чўма олмаётган эди. Бир неча ойдан сўнг Сара Фергусон ва унинг тўртта фарзанди ниҳоят бу муҳим қадамни қўйишган.

«ХУДОГА ҒАЙРАТ ВА ҚУВОНЧ ИЛА ХИЗМАТ ҚИЛИШ»

Ўша йилнинг охирида Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларига йиғилишлар, ваъзгўйлик иши ва анжуманлар борасида қилинган ўзгаришлар қандай таъсир қилгани ҳақида «Қўриқчи минораси»нинг 1923 йил 15 декабрь сонида қуйидагича айтилганди: «Жамоатдагиларнинг маънавий ҳолати [...] яхшилангани яққол кўриниб турибди. [...] Келинг, 1924 йили ҳам Худога ғайрат ва қувонч ила хизмат қилиб, меҳнат қилишда давом этайлик».

1924 йил жуда муҳим бўлган. Байтилдаги биродарлар Статен оролидан ер сотиб олиш режаси устида ойлар мобайнида ишлашган. У Бруклиндаги Бош идорага яқин эди. У ердаги биноларнинг қурилиш ишлари 1924 йилнинг бошида тугатилган ва улар ёрдамида умумжаҳон биродарлигимиз бирлашиб, хушхабар олдинлари имконсиз бўлган турли йўллар орқали тарқатилган.

Статен оролидаги қурилиш ишлари

a Ҳозир «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури».