Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

27-ҚЎШИҚ Худо ўғилларининг ошкор бўлиши

«Сени... асло тарк этмайман»!

«Сени... асло тарк этмайман»!

Худонинг Ўзи: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман»,— деган. (ИБРОН. 13:5б)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Худо мойланганларнинг ер юзидаги қолган қисми осмонга кўтарилганида ердаги бошқа хизматчиларини ташлаб қўймасликка ишонтираётганини билиб оламиз.

1. Қачон ҳамма мойланганлар осмонда бўлишади?

 ЙИЛЛАР олдин Яҳованинг хизматчилари: «Мойланган масиҳийларнинг охиргиси осмонга қачон кўтарилади?» — деб ўйлашган. Авваллари баъзи мойланган масиҳийлар ер юзида қолиши ва Армагеддондан кейин қайсидир пайт яшаши мумкин деб ўйлардик. Аммо «Қўриқчи минораси» журналининг 2013 йил 15 июль сонидан Армагеддон бошланишидан аввал барча мойланган масиҳийлар осмонда бўлишини билиб олдик. (Мат. 24:31)

2. Қандай савол туғилиши мумкин ва бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Бироқ баъзиларда шундай савол туғилар: «“Буюк мусибат” давомида Яҳовага садоқат ила хизмат қиладиган Масиҳининг “бошқа қўйлари” билан нима бўлади»? (Юҳан. 10:16; Мат. 24:21) Уларнинг айримлари қадрдон мойланган биродару опалари осмонга кўтарилганида, ўзларини тарк этилгандай ҳис қилишдан ёки нима қиларини билмай қолишдан хавотирланиши мумкин. Келинг, уларнинг хаёлига келиши мумкин бўлган Муқаддас Китобдаги иккита баёнотни кўриб чиқайлик. Қолаверса, нега хавотирланишга ҳожат йўқлигининг сабабларига диққат қаратамиз.

НИМА ЮЗ БЕРМАЙДИ?

3, 4. Баъзилар қандай фикрга бориши мумкин ва нега?

3 Айримлар бошқа қўйларга йўл-йўриқ берадиган Етакчи кенгашдаги мойланган биродарлар бўлмаса, улар Яҳовага хизмат қилмай қўйиши мумкин деган фикрга бораётгандир. Ҳойнаҳой, улар Каломдаги муайян баёнотлар туфайли бундай деб ўйлашаётгандир. Келинг, иккита мисолга назар солайлик. Биринчиси олий руҳоний Ёҳайидо билан боғлиқ. У Худонинг содиқ хизматчиси эди. Ёҳайидо хотини Ёҳушеват билан Йўш исмли болакайни ҳимоя қилиб, унга яхши ва содиқ шоҳ бўлиб улғайишга кўмаклашишган. Ёши улуғ Ёҳайидо ҳаётлигида Йўш тўғри йўл тутарди. Бироқ унинг ўлимидан кўп вақт ўтмай, Йўш ёмон ишлар қиладиган бўлди. У ёвуз бекларга қулоқ соладиган бўлди ва Яҳовадан юз ўгирди. (2 Сол. 24:2, 15–19)

4 Кейинги мисол иккинчи асрдаги масиҳийлар билан боғлиқ. Биламизки, ҳаворийлардан энг охиргиси Юҳанно эди. У тириклигида кўп масиҳийларга Яҳовага садоқатли қолишга ёрдам берган. (3 Юҳан. 4) Бошқа содиқ ҳаворийлар сингари Юҳанно ҳам қайсидир пайт давомида, тарқалаётган муртадликка қарши кураш олиб борган эди. (1 Юҳан. 2:18; 2 Салон. 2:7) Унинг ўлимидан кейин эса муртадлик авжига чиқди. Бир неча йил ичида жамоатда муртадлик гуркираб кетганди.

5. Мазкур иккита баёнотдан қандай хулосага келмаслигимиз лозим?

5 Хўш, ушбу иккита баёнотга кўра, мойланганлар осмонга кўтарилгач, Масиҳнинг бошқа қўйлари билан ҳам шундай бўлади, деб айтса бўладими? Ўшанда ердаги садоқатли масиҳийлар Йўш каби олган таълимидан юз ўгирадими ёки мил. иккинчи асрдаги кўп масиҳийларга ўхшаб муртадларга айланадими? Албатта йўқ! Мойланганлар осмонга кўтарилгач, бошқа қўйларга яхши ғамхўрлик қилишларига ва улар маънан тўқ бўлишига юз фоиз ишонсак бўлади. Қизиқ, нега?

ПОК ТОПИНИШ БУЛҒАНМАЙДИ

6. Қайси учта даврни қисқача кўриб чиқамиз?

6 Нега келажакдаги оғир пайтда ҳам пок топиниш булғанмаслигига аминмиз? Муқаддас Китобдан биз яшаётган пайт тўғрисида билиб олганларимиз туфайли бунда аминмиз. Бу пайт қадимги Исроил ва иккинчи асрдаги масиҳийларнинг пайтидан анчагина фарқ қилади. Шунинг учун келинг, ушбу учта давр борасида сўз юритайлик: 1) қадимги Исроил пайти, 2) ҳаворийларнинг ўлимидан кейинги пайт ва 3) Аллоҳ «барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган вақт», яъни бизнинг давримиз. (Ҳавор. 3:21)

7. Нега шоҳлар ва бошқа кўплар ёвузлик йўлига туришганда садоқатли исроилликлар умидини сўндирмаслиги керак эди?

7 Қадимги Исроил пайти. Мусо ўлимидан сал олдин исроилликларга шундай деган: «Ўлимимдан кейин, мен сизларга буюрган йўлдан оғиб, разиллик қилишингизни аниқ биламан». (Қонун. 31:29) Шунингдек, у Исроил халқи исён кўтарса, асирликка олиб кетилишидан огоҳлантирган. (Қонун. 28:35, 36) Бу амалга ошдими? Ҳа. Юзлаб йиллар ўтгач, кўп шоҳлар ёвузликлар қилишган ва Худонинг халқини тўғри йўлдан уришган. Бунинг дастидан Яҳова ёвуз инсонларни жазолаб, исроиллик шоҳларнинг бошқаришига чек қўйган. (Ҳиз. 21:25–27) Бироқ садоқатли исроилликлар Худонинг каломи амалга ошганини кўрганда жасоратга тўлишган. (Ишаё 55:10, 11)

8. Иккинчи асрдаги масиҳийлар жамоати булғанганидан ҳайрон бўлишимиз керакми? Тушунтиринг.

8 Ҳаворийларнинг ўлимидан кейинги пайт. Иккинчи асрдаги масиҳийлар жамоати булғангани бизни ҳайратга солиши керакми? Асло. Исо муртадлик авжига чиқишини башорат қилган эди. (Мат. 7:21–23; 13:24–30, 36–43) Ҳаворий Павлус, Бутрус ва Юҳанно Исонинг бу башорати мил. биринчи асрда амалга ошишни бошлаганини ўз кўзлари билан кўришган. (2 Салон. 2:3, 7; 2 Бутр. 2:1; 1 Юҳан. 2:18) Мил. иккинчи асрда эса масиҳийлар жамоати булғанди, муртадлар кўпайиб, сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилнинг асосий қисмини ташкил этадиган бўлишди. Шу тариқа, Исонинг башорати амалга ошди.

9. Бизнинг пайтимиз қадимги Исроил ва иккинчи асрдаги масиҳийларнинг давридан нимаси билан фарқ қилади?

9 Аллоҳ «барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган вақт». Бизнинг давримиз қадимги Исроил ва мил. иккинчи асрдаги муртадлик авжига чиққан пайтдан фарқ қилади. Хўш, бу пайт қандай номланади? Одатда бу даврни «охирзамон», яъни бу ёвуз дунёнинг охирги кунлари деб айтамиз. (2 Тим. 3:1) Бироқ Муқаддас Китобдан кўраётганимиздай, бу улкан ва узоқ давомли давр бир пайтда бошланган. У Масиҳий Шоҳлик остида одамлар мукаммал бўлмагунча ва ер юзи жаннатга айланмагунча давом этади. Бу давр Аллоҳ «барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган вақт» деб аталади. (Ҳавор. 3:21) У 1914 йили бошланган. Хўш, ўшанда нима ўз ўрнига қўйилган? Исо Масиҳ осмонда Шоҳ этиб тайинланган. Шундай қилиб, яна Яҳованинг вакили бошқариш учун тахтга ўтирган. У садоқатли шоҳ Довуднинг авлодидан бўлган. Лекин Яҳова шоҳликдан ташқари бошқа нарсаларни ҳам ўз ўрнига қўйган. Кўп ўтмай, пок топиниш ўз ўрнига қўйила бошлади! (Ишаё 2:2–4; Ҳиз. 11:17–20) Қизиқ, у яна булғанадими?

10. a) Муқаддас Китобда бизнинг пайтимиздаги пок топиниш борасида нима башорат қилинган? (Ишаё 54:17) б) Нега бу каби башоратлар имонимизга имон қўшади?

10 Ишаё 54:17 ни ўқинг. «Сенга қарши ясалган ҳеч бир қурол ғалаба қозонмайди»,— деган башорат ҳақида бир ўйлаб кўринг. Илоҳий илҳом остида ёзилган бу сўзлар ҳозир амалга ошяпти. Қуйидаги тасалли берувчи сўзлар ҳам бугунги кунга тааллуқли: «Барча ўғилларинг Яҳовадан таълим олади, уларнинг тинчлиги чексиз бўлади. Одиллигингни барқарор қиласан... ҳеч нарсадан қўрқмайсан, сени ҳеч нима даҳшатга солмайди. Чунки булар сенга яқин йўламайди». (Ишаё 54:13, 14) Ҳатто «ушбу замонанинг худоси» Шайтон Яҳованинг халқи олиб бораётган таълим бериш фаолиятини тўхтатишга қодир эмас. (2 Кор. 4:4) Пок топиниш ўз ўрнига қўйилади ёки тикланади ва бошқа ҳеч қачон булғанмайди. У абадулабад бор бўлади. Бизга қарши ясалган ҳеч бир қурол ғалаба қозонмайди!

НИМА ЮЗ БЕРАДИ?

11. Мойланганлар осмонга кўтарилганида, улкан оломон ёлғиз қолмаслигига бизни нима ишонтиряпти?

11 Мойланганлар осмонга кўтарилгач нима юз беради? Исо Масиҳ Чўпонимиз эканини унутманг. У масиҳийлар жамоатининг Боши. Исо: «Биргина Йўлбошчингиз бор. У ҳам бўлса Масиҳдир»,— деб айтган. (Мат. 23:10) Осмонда ҳукм сураётган Шоҳимиз ҳақиқий издошларига доим ғамхўрлик қилади. Ҳа, Масиҳнинг кўмаги билан ер юзидаги издошлари ҳеч нарсадан қўрқмайди. Албатта, Масиҳ ўша пайтда уларга қай йўсин йўл кўрсатишининг ҳар бир тафсилотини билмаймиз. Шу боис, келинг, имонимизга имон қўшадиган баъзи мисолларни Муқаддас Китоб ёрдамида кўриб чиқайлик.

12. а) Қандай қилиб Яҳова Мусонинг ўлимидан кейин халқига ғамхўрлик қилган? б) Яҳова Илёсга бошқа вазифа топширганидан сўнг халқига қандай ғамхўрлик қилган?

12 Исроилликлар ваъда қилинган юртга киришидан аввал Мусо пайғамбар ҳаётдан кўз юмганди. Хўш, ўшанда улар нима қилган? Бу садоқатли киши бўлмаганида улар Худонинг ёрдамисиз қолишдими? Йўқ. Улар садоқатли йўл тутишганида Яҳова уларга ғамхўрлик қиларди. Мусонинг ўлимидан олдин уларни бошқариш учун Худо Ёшуани тайинлаганди. Мусо унга кўп йиллар мобайнида таълим берган. (Чиқ. 33:11; Қонун. 34:9) Бундан ташқари, бошқа қобилиятли кишилар — мингбоши, юзбоши, элликбоши ва ўнбошилар тайинланган эди. (Қонун. 1:15) Худонинг халқига яхши ғамхўрлик қилинарди. Энди эса Илёс пайғамбарни олайлик. У анча йиллар давомида исроилликлар орасида пок топинишни олға суришда етакчилик қилган. Аммо кейинчалик Яҳова уни Яҳудода хизмат қилишга тайинлаган. (4 Шоҳ. 2:1; 2 Сол. 21:12) Хўш, ўшанда ўн қабилали Исроилдаги садоқатли кишилар ёлғиз қолиб кетганми? Асло. Илёс йиллар мобайнида Элишайга таълим берганди. Шунингдек, «пайғамбарлар ўғиллари» бўлган ва, ҳойнаҳой, улар ҳам таълим олган. (4 Шоҳ. 2:7) Шундай экан, Худонинг халқига кўмаклашган кўпгина содиқ кишилар бўлган. Яҳова ниятини амалга оширишда давом этиб, садоқатли хизматчиларига ғамхўрлик қилган.

Мусо (чап томондаги расмда) ва Илёс (ўнг томондаги расмда). Ҳар бири Худонинг халқини бошқара оладиган кишиларга таълим беряпти (12-хатбошига қаранг.)


13. Ибронийларга 13:5 га кўра, Яҳова бизга нима ваъда қиляпти? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Ушбу мисоллар асосида, сизнингча, сўнгги мойланган масиҳий осмонга кўтарилгач, нима бўлади? Хавотирланишга ҳожат йўқ. Муқаддас Китобдан оддий ва имонимизга имон қўшадиган мана шу фикрни билиб оляпмиз: Яҳова ер юзидаги халқини ҳеч қачон тарк этмайди! (Ибронийларга 13:5 ни ўқинг.) Мусо ҳамда Илёс каби, раҳбарликни зиммасига олган мойланган масиҳийларнинг кичик гуруҳи бошқаларга таълим бериш жуда муҳим эканини тушуняпти. Етакчи кенгашдаги биродарлар анча йиллардан бери бошқа қўйлар орасидаги кишиларни раҳбарликни зиммасига олишни ўргатиб келяпти. Мисол учун, улар оқсоқолларга, туман нозирларига, Филиал қўмитасининг аъзоларига, Байтилдаги нозирларга ва бошқаларга таълим бериш мақсадида кўпгина мактабларни ташкил этган. Етакчи кенгашдаги биродарлар Етакчи кенгашнинг турли қўмиталарининг ёрдамчиларига шахсан ўзлари таълим беряпти. Ушбу ёрдамчилар ташкилотимизда кўпгина масъулиятли вазифаларни садоқат ила бажариб келяпти. Улар Масиҳнинг қўзичоқларига ғамхўрлик қилишда давом этиш учун пухта тайёрланган.

Етакчи кенгаш ёрдамчиларга, оқсоқолларга, туман нозирларига, Филиал қўмита аъзоларига, Байтилдаги нозирларга ва бутун дунёдаги тўла вақтли махсус ваъзгўйларга таълим бериш мақсадида мактаблар ташкил этиш учун меҳнат қиляпти (13-хатбошига қаранг.)


14. Муҳокамамизнинг асосий мағзи нимадан иборат?

14 Муҳокамамизнинг асосий мағзи қуйидагича: буюк мусибатнинг якунига оз вақт қолганида, сўнгги мойланган масиҳий осмонга кўтарилганда, Яҳованинг халқи ер юзида Унга садоқат ила топинишда давом этади. Йўлбошчимиз Исо Масиҳга минг раҳмат, чунки Худонинг халқи бир сонияга ҳам ташлаб қўйилмайди. Биламизки, ўшанда Магўг юртидаги Гўг, яъни зулмкор халқлар иттифоқи бизга ҳужум қилади. (Ҳиз. 38:18–20) Бироқ бу қисқа вақт давом этадиган ҳужум муваффақият қозонмайди. У Худонинг халқини Унга топинишдан тўхтата олмайди. Аллоҳ халқини қутқариши шубҳасиз! Ҳаворий Юҳанно ваҳийда Масиҳнинг бошқа қўйлари «улкан оломон» эканини кўрган. Юҳаннога «улкан оломон» «буюк мусибатдан чиқиб кел»иши ҳақида айтилган. (Ваҳ. 7:9, 14) Дарҳақиқат, улар омон қолишади!

15, 16. Ваҳий 17:14 га биноан, мойланган масиҳийлар Армагеддон жангида нима қилишади ва нега бу далдали?

15 Шундай бўлса ҳам айримлар: «Мойланганлар-чи, осмонга кўтарилгач, нима қилишади?» — деб ўйлар. Каломда бунга аниқ жавоб берилган. У ерда айтилишича, бу дунёдаги ҳукуматлар «Қўзи билан жанг қилишади». Шубҳасизки, улар мағлуб бўлишади. «Қўзи уларни енгиб чиқади». Қизиқ, унга ким ёрдам беради? Каломда шундай жавоб берилган: «Даъват этилганлар, танланганлар ва содиқ қолганлар». (Ваҳий 17:14 ни ўқинг.) Кимлар ҳақида гап кетяпти? Бу тирилган мойланган масиҳийлар. Демак, буюк мусибатнинг якуни яқинлашиб қолганда сўнгги мойланган осмонга кўтарилганида, уларнинг вазифаларидан бири жанг қилишдан иборат бўлади. Нақадар аҳамиятли вазифа! Баъзи мойланган масиҳийлар Яҳованинг Шоҳидлари бўлишдан олдин инсонлар билан жанг қилган. Айримлари ҳатто бу дунёда ҳарбий кучларда хизмат қилган. Лекин кейин улар ҳақиқий масиҳийларга айланиб, тинчлик йўлини билиб олган. (Галат. 5:22; 2 Салон. 3:16) Улар жанг қилишни ортда қолдирган. Бироқ осмонга кўтарилгач, улар Масиҳ ва унинг муқаддас фаришталари билан бирга хизмат қилиб, Худонинг душманларига қарши сўнгги жангда иштирок этишади.

16 Бир ўйлаб кўринг. Ер юзидаги баъзи мойланган масиҳийлар қариб қолган ва ҳатто заифдир. Аммо осмонда яшаш учун тирилишганида улар қудратли, ўлмайдиган руҳий шахслар бўлишади ва ғалаба қозонадиган Шоҳи Исо Масиҳ билан елкама-елка жанг қилиш учун тайинланишади. Армагеддон жангидан сўнг улар инсонларга мукаммаллик сари интилишга кўмаклашишади. Шубҳасизки, улар осмондан туриб ер юзидаги қадрдон биродару опа-сингиллари учун номукаммал кишилар сифатида қилганидан ҳам кўпроғини амалга оширишади.

17. Худонинг ҳамма хизматчилари Армагеддон жанги пайтида хавфсизликда бўлишини қаердан биламиз?

17 Сиз ҳам, бошқа қўйлар қаториданмисиз? Ундай бўлса, ҳал қилувчи Армагеддон жанги бошланганида, сиз нима қилишингиз керак бўлади? Шунчаки, Яҳовага умид боғлашингиз ва Унинг йўл-йўриқларига амал қилишингиз керак. Бунга яна нима кириши мумкин? Муқаддас Ёзувларда тасалли берувчи қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Ичкари хоналарингга кириб, ортингдан эшикларингни ёп. Худонинг ғазаби босилмагунча, бир лаҳзага яширин». (Ишаё 26:20) Ўша пайтда Худонинг осмондаги ва ердаги барча садоқатли хизматчилари хавфсизликда бўлади. Ҳаворий Павлус каби биз ҳам «на ҳукуматлар, на ҳозирги, на келажакдаги нарсалар... бизни Худонинг севгисидан жудо қилишга қодир» эмаслигига аминмиз. (Рим. 8:38, 39) Ҳамиша ёдингизда бўлсин: Яҳова сизни яхши кўради ва асло тарк этмайди!

МОЙЛАНГАНЛАР ОСМОНГА КЎТАРИЛГАНИДА...

  • нима юз беради?

  • нега пок топиниш булғанмаслигига амин бўлишимиз мумкин?

  • нега Яҳова халқига ғамхўрлик қилишига ишонсак бўлади?

8-ҚЎШИҚ Яҳова — Бошпанамдир