Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

51-ҚЎШИҚ Ўзимизни Яҳовага бахш этдик!

Назр этилганлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Назр этилганлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Назр қилинган кунлари мобайнида, у Яҳова учун муқаддас саналади. (САҲ. 6:8)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Назр этилган кишиларнинг мисоли Яҳовага фидойилик ва жасорат ила хизмат қилишимизга қандай ёрдам беришини билиб оламиз.

1. Яҳованинг хизматчилари тарих мобайнида қандай яхши нуқтаи назарни кўрсатиб келишяпти?

 ЯҲОВА билан бўлган муносабатларингизни қадрлайсизми? Шубҳасизки, ҳа. Бошқа кўплар ҳам қадрлайди. Ўтмишдан буён анчагина инсонлар бундай муносабатларни сиз каби қадрлаб келяпти. (Заб. 104:33, 34) Кўплар Яҳовага топинишда қурбонликлар қилган. Қадимда назр қилинган кишилар айнан шундай йўл тутган. Қизиқ, улар ким эди ва улардан қандай сабоқ олсак бўлади?

2. a) Назр этилган кишилар ким эди? (Саҳрода 6:1, 2) б) Нега айрим исроилликлар назр қилинишга онт ичган?

2 «Назр қилинган» ибора ибронийча атама бўлиб, «танланган, бағишланган, ажратилган» деган маъноларга эга. Улар Яҳовага ўзгача тарзда хизмат қилиш учун ўз ихтиёри билан қурбонликлар қилган ғайратли исроилликлар эди. Мусонинг Қонунига кўра, эркак ёки аёл киши муайян вақт давомида назр қилинган киши сифатида яшаш учун Яҳовага ўзгача тарзда онт ичиши мумкин эди. (Саҳрода 6:1, 2 ни ўқинг.) a Исроиллик киши бундай онт ичганда, бошқа исроилликлардан амал қилиш кутилмаган йўл-йўриқлар бўйича яшаши керак эди. Хўш, нега исроилликлар назр қилиниш онтини ичарди? Ҳойнаҳой, инсонни бундай онт ичишга Яҳовага нисбатан қаттиқ севгиси ва олган баракаларига бўлган чуқур миннатдорчилиги ундаган. (Қонун. 6:5; 16:17)

3. Худонинг бугунги хизматчиларини қайси маънода назр этилган кишиларга ўхшатса бўлади?

3 Мусонинг Қонуни ўрнига «Масиҳнинг қонуни» бўлганда, Худонинг халқи назр этилишга ҳожат қолмаган. (Галат. 6:2; Рим. 10:4) Бироқ улар каби бугун ҳам Худонинг хизматчилари бутун қалб, жон, онг ва қуввати билан Унга хизмат қилишни жуда истайди. (Марк 12:30) Ўзимизни Яҳовага бағишлаганимизда, Унга хизмат қилишга тайёрлик ила онт ичамиз. Унга мувофиқ яшашга Яҳованинг иродасини бажариш ва қурбонликлар қилиш киради. Назр қилинганлар онтига яраша қай йўсин яшаганини билиш орқали ичган онтимизга мос равишда яшаш борасида қимматли сабоқлар олишимиз мумкин. (Мат. 16:24) b Келинг, баъзи мисолларга назар солайлик.

ФИДОЙИ БЎЛИШ

4. Саҳрода 6:3, 4 га кўра, назр этилган киши қандай фидойиликлар қилган?

4 Саҳрода 6:3, 4 ни ўқинг. Назр қилинган кишиларга спиртли ичимликларни ичиш, узум ва майиз каби нарсаларни ейиш ман этилган. Атрофидагилар эса бундай маҳсулотлардан доимо лаззат олиб яшарди ва бунинг ёмон жойи бўлмаган. Каломда айтилишича, «инсон кўнглини чоғ қиладиган шароб» Худонинг ҳадяси. (Заб. 104:14, 15) Лекин назр қилинган киши бундай нарсалардан лаззат олишни ўз ихтиёри билан рад этган c.

Сиз ҳам назр этилган киши каби фидойиликларга тайёрмисиз? (4–6-хатбошиларига қаранг.)


5. Мадиан билан Марсела нималарни қурбон қилган ва нега?

5 Назр қилинганлар каби биз ҳам Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун қурбонликлар қиляпмиз. Мадиан ва Марселанинг d мисолини олайлик. Бу жуфтлик ниҳоятда қулай шароитларда яшарди. Мадиан яхши маошли ишда ишларди ва уларнинг чиройли уйи бор эди. Лекин улар Яҳовага кўпроқ хизмат қилишни хоҳлашарди. Бундай мақсадга эришиш учун улар ҳаётига баъзи ўзгаришлар киритишга қарор қилишди. Улар шундай дейишди: «Биз камроқ пул сарфлайдиган бўлдик. Кичикроқ квартирага кўчдик, машинамизни сотиб, мопед харид қилдик». Мадиан билан Марсела Яҳовага кўпроқ хизмат қилишни истагани учун бундай нарсаларни қурбон қилишни танлашди. Улар бундай қароридан мамнун бўлиб, жуда бахтиёр.

6. Нега ҳозир масиҳийлар фидойиликлар қилади? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Ҳозирги кунда масиҳийлар хизматда кўпроқ қилиш учун фидойиликлар қилиб қувонч топишяпти. (1 Кор. 9:3–6) Яҳова бундай фидойиликларни биздан талаб қилмаяпти. Бундан ташқари, бунинг ёмон жойи йўқ. Масалан, айримлар ўз уйи бўлишидан, ўзлари истаган ишда ишлашдан ёки ҳатто уй ҳайвони бўлишидан воз кечади. Кўплар турмуш қурмасликка ёки оила қурган бўлса ҳам, фарзанд кўрмасликка қарор қилади. Бошқалар эса ҳатто яхши кўрган инсонларидан узоқда яшаш керак бўлса ҳам эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилишни танлайди. Аксариятимиз Яҳовага энг аълосини беришни истаганимиз учун бу каби фидойиликларга ўз хоҳишимиз билан борамиз. Ишонаверинг, Яҳова сиз Унга хизмат қилиш мақсадида қилган ҳар қандай қурбонликни, каттами кичикми, жуда қадрлайди. (Иброн. 6:10)

БОШҚАЛАРДАН АЖРАЛИБ ТУРИШГА ТАЙЁР БЎЛИНГ

7. Нима туфайли назр этилган кишига ичган онтига содиқ қолиш қийин бўлиб қолиши мумкин эди? (Саҳрода 6:5) (Расмга ҳам қаранг.)

7 Саҳрода 6:5 ни ўқинг. Назр қилинганлар сочини олмасликка онт ичарди. Шу йўсин, улар Яҳовага бутунлайин бўйсунганини кўрсатарди. Агар исроиллик киши анчадан бери назр қилинган бўлса, унинг сочи ўсиб, бошқаларнинг эътиборидан четда қолмасди. Бошқалар уни ҳурмат қилиб, ичган онтига содиқ қолишга ундаганида, бу унга қароридан қайтмасликка анча ёрдам берарди. Минг афсуски, назр қилинган инсонларни бошқалар ҳурмат қилмаган ёки қўллаб-қувватламаган пайтлар ҳам бўлган. Амос пайғамбар даврида муртад исроилликлар, ҳойнаҳой, назр этилган кишиларни шароб ичиш онтидан қайтариш мақсадида, уларга «шароб ичир»ган. (Амос 2:12) Ўшанда назр этилганлар ичган онтини бузмаслик ва бошқалардан ажралиб туриш учун жасоратли бўли-ши керак эди.

Назр этилган киши ичган онтига содиқ қолиш учун бошқалардан ажралиб туришга тайёр эди (7-хатбошига қаранг.)


8. Бенжаминнинг мисоли сиз учун нимаси билан далдали бўлди?

8 Яҳованинг кўмаги билан биз ҳам ҳатто табиатан тортинчоқ ёки уятчан бўлсак ҳам бошқалардан ажралиб туриш учун жасоратли бўлишимиз мумкин. Норвегиядаги ўн ёшли Бенжаминнинг мисолига диққат қаратайлик. Украинада уруш бўлаётгани учун мактабида ўша инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбир уюштирилди. Ўқувчиларга Украина байроғининг рангларидаги кийимларни кийиб, қўшиқ куйлаш айтилди. Бундай миллий руҳдаги тадбирда қатнашмаслик учун Бенжамин четроққа туриб олганди. Аммо устози уни кўриб, баланд овозда: «Қани, ёнимизга келиб тур. Сени кутяпмиз»,— деди. Шунда Бенжамин унинг ёнига бориб: «Мен бетарафман, сиёсий намойишларга қўшилмайман. Кўпгина Яҳованинг Шоҳидлари урушда қатнашишдан бош тортгани учун қамоқда ўтирибди»,— деб жавоб берди. Устози гапларини тинглаб, уни кечирди. Синфдошлари эса нега у иштирок этмаётгани ҳақида сўрай бошлашди. Бенжамин роса ҳаяжонланганидан йиғлаб юборишига сал қолди. Лекин у устозига айтган гапларни ҳамма синфдошларига жасорат ила такрорлади. Сўнг Бенжамин ота-онасига имонини намоён этишга Яҳова ёрдам берганини айтди.

9. Яҳованинг қалбини қай йўсин қувонтира оламиз?

9 Яҳованинг иродасини бажаришни танлаганимиз учун бошқалардан фарқ қилишимиз одамларнинг эътиборидан четда қолмаяпти. Ишхонада ёки мактабда ўзимизни Яҳованинг Шоҳидлари сифатида билдириш учун жасоратли бўлишимиз лозим. Бу дунёдаги инсонларнинг қарашларию хулқ-атвори тобора разиллашиб бораётган экан, Каломдаги принциплар бўйича яшаш ва хушхабарни бошқаларга айтиш кундан-кунга қийинлашади. (2 Тим. 1:8; 3:13) Аммо Яҳовага хизмат қилмаётганлардан жасорат ила ажралиб турганимизда, Унинг қалбини қувонтиришимизни доим ёдда тутинг. (Ҳик. 27:11; Мал. 3:18)

ЯҲОВА ҲАЁТИНГИЗДА БИРИНЧИ ЎРИНДА БЎЛСИН

10. Саҳрода 6:6, 7 даги талабга амал қилиш назр этилган киши учун қандай синовга айланиши мумкин эди?

10 Саҳрода 6:6, 7 ни ўқинг. Назр этилганлар марҳумнинг жасади ёнига бора олмасди. Эҳтимол, сизнинг назарингизда бу катта қурбонлик эмасдир. Лекин қадимда назр этилган кишининг яқин қариндоши ҳаётдан кўз юмганида, бу у учун катта муаммо эди. Дафн этиш билан боғлиқ урф-одатлар инсон марҳумнинг жасади олдида бўлишини талаб қиларди. (Юҳан. 19:39, 40; Ҳавор. 9:36–40) Лекин назр этилган киши бу каби урф-одатларда иштирок этмаслиги керак эди. Оиласидаги ҳатто шундай қайғули пайтларда назр этилган киши онтида туриб, кучли имонини намоён этган. Албатта, Яҳова ўша садоқатли хизматчиларини бундай оғир қийинчиликларда бардошли бўлиши учун қўллаб-қувватлаган.

11. Оилавий масалаларда масиҳий нима қилишга қарори қатъий бўлиши керак? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Масиҳийлар сифатида Яҳовага ҳаётимизни бағишлаш онтига жиддий ёндашамиз. Бу оилавий масалалар борасидаги қароримизу хатти-ҳаракатларимизга таъсир қилади. Оиламизнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун кўп меҳнат қиламиз, аммо оила аъзоларимизнинг истакларини Яҳова биздан талаб қилаётган нарсалардан ҳеч қачон устун қуймаймиз. (Мат. 10:35–37; 1 Тим. 5:8) Гоҳида қариндошларимизни мамнун қилмайдиган қарорлар чиқарармиз, лекин улар Яҳовани мамнун қилиши шубҳасиз.

Ҳатто энг мушкул пайтда Яҳованинг иродасини биринчи ўринга қўйишга тайёрмисиз? (11-хатбошига қаранг.) e


12. Оиласидаги қийин вазиятда Александр қандай йўл тутган ва у нима қилмаган?

12 Александр ва хотини Доринанинг мисолини олайлик. Улар Муқаддас Китобни биргалашиб бир йилча тадқиқ қилишди. Дорина тадқиқни тўхтатди ва эри ҳам шундай қилишини истади. Лекин у мулойимлик ва юмшоқлик ила тадқиқни давом эттиришини айтди. Хотинига бу ёқмади ва эрига бу борада босим ўтказишни бошлади. Александр унинг туйғуларини тушунишга ҳаракат қилганини айтди, лекин бу осон эмас эди. Баъзан Дорина уни танқид қилиб, ёмон гаплар айтгани учун у тадқиқни тўхтатмоқчи бўлган. Шунга қарамай, Александр Яҳовани биринчи ўринга қўйишда давом этган ва шу билан бирга хотинини қаттиқ севишини ҳамда ҳурмат қилишини кўрсатган. Натижада, унинг яхши ўрнаги туфайли Дорина яна тадқиқни бошлади ва кейинчалик ҳақиқатга чирмашиб олди. (jw.org сайтида «Ҳақиқат ҳаётни ўзгартиради» номли туркумдаги «Александр ва Дорина Вакар. Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир» номли видеони томоша қилинг.)

13. Қандай қилиб Яҳовага ҳамда оиламизга севгимизни намоён эта оламиз?

13 Яҳова никоҳга асос солган ва оилалар бахтли бўлишини истайди. (Эфес. 3:14, 15) Чинакамига бахтиёр бўлишни истасак, Яҳова биздан кутаётган нарсаларни қилишимиз керак. Оила аъзоларингизга ғамхўрлик қилиш ва уларга севги ҳамда ҳурмат ила муносабатда бўлиш билан бирга Яҳовага топиниш учун қилаётган фидойи ҳаракатларингизни У жуда қадрлашидан шубҳаланманг. (Рим. 12:10)

БИР-БИРИНГИЗНИ НАЗР ЭТИЛГАН КИШИ КАБИ БЎЛИШГА УНДАНГ

14. Айниқса кимларга сўзларимиз билан далда беришимиз керак?

14 Яҳовага топинишни танлаган ҳамма Унга бўлган севги туфайли фидойиликларга тайёр бўлиши даркор. Гоҳида бундай қилиш осонмас. Хўш, бир-биримизга бундай нуқтаи назарга эга бўлишга қандай ёрдам бера оламиз? Ўзаро далда берадиган сўзларни гапиришимиз керак. (Аюб 16:5) Жамоатингизда Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун ҳаётини соддалаштиришга интилаётган инсонлар борми? Мактабда бошқалардан жасорат ила ажралиб туриш қийин бўлса ҳам, бундай қилаётган ёшларни биласизми? Оиладаги қаршиликларга қарамай садоқатли бўлиб қолаётган тадқиқ ўтаётган инсонларни ёки имондошларни танийсизми? Келинг, ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, бундай қадри баланд имондошларимизга далдали сўзларни айтиб, фидойилик ҳамда жасорат кўрсатишаётгани учун миннатдорчилик билдирайлик. (Филим. 4, 5, 7)

15. Баъзилар тўла вақтли хизматдагиларни қандай қўллаб-қувватлаяпти?

15 Баъзида тўла вақтли хизматда бўлган имондошларимизга амалий ёрдам беришни таклиф қилишимиз мумкин. (Ҳик. 19:17; Иброн. 13:16) Шри Ланкада яшайдиган ёши улуғ садоқатли опамиз ҳам буни чин дилдан хоҳлаган. Бу опамизнинг нафақа пули ошганида, иккита ёш кашшоф синглимизга иқтисодий қийинчиликларга қарамай хизматини давом эттира олиши учун ёрдам бермоқчи бўлди. Шунда опамиз ҳар ой уларнинг телефон ҳисобига оз-моз пул солиб туришга қарор қилди. Бу опамиз ажойиб нуқтаи назарни намоён этяпти!

16. Назр этилган кишилардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

16 Ҳа, назр этилган кишиларнинг ажойиб ўрнагидан кўп сабоқ олишимиз мумкин. Бундай кишиларнинг онти самовий Отамиз Яҳова тўғрисида бир нарсани аён қиляпти. Худо биз Уни сидқидилдан мамнун қилишни истаётганимизга ва бағишлов ваъдамизга мувофиқ яшаш учун қурбонликлар қилишга тайёр эканимизга ишонади. Аллоҳ биз Унга бўлган севгимизни шахсан намоён этишимизга йўл қўйиш орқали қадримиз баланд эканини кўрсатяпти. (Ҳик. 23:15, 16; Марк 10:28–30; 1 Юҳан. 4:19) Назр қилиниш тадбири Яҳова Унга хизмат қилиш йўлидаги фидойиликларимиздан хабардор эканини ва буни қадрлаётганини кўрсатяпти. Шундай экан, келинг, Яҳовага энг аълосини тайёрлик ила бериш орқали хизмат қилиш қароримиз қатъий бўлсин.

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Назр этилган киши фидойи ва жасоратли бўлганини қай йўсин намоён этган?

  • Қандай қилиб бир-биримизни назр этилганлар каби бўлишга ва фидойиликлар қилишга ундай оламиз?

  • Назр қилиниш тадбири Яҳова хизматчиларига ишонаётганини қай йўсин ошкор этяпти?

124-ҚЎШИҚ Вафодормиз

a Гарчи Яҳова баъзиларни назр этилиш учун танлаган бўлса ҳам, ҳойнаҳой, аксарият исроилликлар муайян вақт давомида бундай кишилар сифатида хизмат қилишни танлаган. (« Яҳова назр этилиш учун танлаган кишилар» номли рамкага қаранг.)

b Гоҳида адабиётларимизда назр этилганлар тўла вақтли хизмат қилаётганлар билан солиштирилади. Бироқ бу мақолада Яҳованинг барча бағишланган хизматчилари назр қилинган кишиларга ўхшаш руҳни намоён этиши мумкинлигига диққат қаратилади.

c Умуман олганда, назр этилган кишиларда, ҳойнаҳой, қўшимча вазифалари бўлмаган, масалан, ичган онтини бажариш мақсадида улар муайян ишда ишламаган.

d jw.org сайтида «Яҳова Шоҳидларининг ҳаётидан ҳикоялар» номли туркумидаги «Ҳаётимизни соддалаштиришга қарор қилдик» мақоласига қаранг.

e РАСМГА ШАРҲ. Назр этилган киши яхши кўрган оила аъзосининг дафн этилишини томда туриб кузатяпти. Яҳовага ичган онти туфайли у дафн маросимида қатнаша олмасди.