Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Нега Муқаддас Китобда баъзи нарсалар такрорланган?

КАЛОМНИ ёзган кишилар баъзи ибораларни сўзма-сўз қайта-қайта такрорлашган. Улар нега бундай қилганининг қуйидаги учта сабабига назар солайлик:

У ёзилган вақт. Ўтмишда Исроилда аксарият кишиларда Мусо Қонунининг шахсий нусхаси бўлмаган. Улар кўп ҳолларда, муқаддас чодирда бирга йиғилганда унинг ўқилишини эшитишган. (Қонун. 31:10–12) Ҳойнаҳой, ўша ерда улар бир неча соат давомида туришган ва уларни чалғитадиган баъзи нарсалар бўлган. (Нахим. 8:2, 3, 7) Ўшанда муҳим иборалар такрорлангани учун одамлар оятларни осонликча ёдлаб олиб, уларга амал қилишган. Муайян сўзлар такрорлангани учун Худодан олган қонунларнинг тафсилотларини эслаб қолиш уларга айниқса қўл келган. (Лев. 18:4–22; Қонун. 5:1)

Ёзилиш услуби. Муқаддас Ёзувларнинг деярли 10 фоизи қўшиқлардан иборат, масалан, Забур, Гўзал қўшиқ ва Еремиёнинг марсияси. Гоҳида у ерда сўзлар такрорланиб, қўшиқнинг мавзуси таъкидланади ва бунинг ёрдамида тингловчилар ўша сўзларни ёдлаб олишади. Мисол учун, Забур 115:9–11 даги сўзларга эътибор беринг: «Эй Исроил, Яҳовага таян, У кўмакчинг ва қалқонингдир! Эй, Ҳорун хонадони, Яҳовага умид боғла, У кўмакчинг ва қалқонингдир! Эй, Яҳовадан қўрқадиганлар, Яҳовага ишонинг, У кўмакчингиз ва қалқонингиздир!» Мазкур сўзлар такрорлангани учун улар куйлаган кишиларнинг онгу қалбида жо бўлган.

Муҳим фикрларни таъкидлаш. Муқаддас Китоб ёзувчилари баъзан энг муҳим ибораларни такрорлашган. Масалан, Яҳова исроилликларга қонни истеъмол қилмасликни амр этганда, бунинг сабабини кўп марта такрорлашга Мусони ундаган. Худо тирик мавжудотнинг жони қонда, яъни қон ҳаётни англатишини таъкидлашни истаган. (Лев. 17:11, 14) Кейинчалик, Қуддусдаги ҳаворийлару оқсоқоллар Худога маъқул келиш учун нималардан қочиш кераклигини эслатишганда, киши ўзини қондан сақлаши муҳимлигини такрорлашган. (Ҳавор. 15:20, 29)

Яҳова Каломидаги ибораларни такрорлаш одат тусига айланишини истамаган. Масалан, Исо: «Ибодат қилаётганингизда... ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг»,— деб айтган. (Мат. 6:7) Кейин у Худонинг иродасига мос равишда ибодат қилишимиз мумкин бўлган ўринли мавзуларни тилга олган. (Мат. 6:9–13) Демак, ўша-ўша сўзларни ибодатларимизда такрорламасликка ҳаракат қилсак ҳам, ўша-ўша мавзуларда қайта-қайта бемалол ибодат қилишимиз мумкин. (Мат. 7:7–11)

Мана шу сабабларга кўра, Худонинг Каломида муайян сўзлару иборалар такрорланади. Бу Буюк Устозимиз манфаатимизни кўзлаб таълим бераётганининг кўпгина йўлларидан бири, холос. (Ишаё 48:17, 18)