Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

19-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

22-ҚЎШИҚ Шоҳлик ерга ҳам келсин!

Яҳованинг келажакка оид ҳукмлари борасида нималарни биламиз?

Яҳованинг келажакка оид ҳукмлари борасида нималарни биламиз?

Яҳова... ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди. (2 БУТР. 3:9)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Яҳованинг келажакка оид ҳукмлари адолатли ва ҳаққоний бўлишига амин бўлишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Нега биз ҳайратомуз пайтда яшаяпмиз деб айта оламиз?

 БИЗ ҳайратомуз пайтда яшаяпмиз. Ҳар куни кўз олдимизда Муқаддас Китобдаги башоратлар амалга ошяпти. Масалан, «шимол» ва «жануб шоҳи» бу дунёда устувор бўлиш учун ўзаро тўқнашяпти. (Дон. 11:40) Бундан ташқари, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилиняпти ва миллионлаб одамлар уни қабул қиляпти. (Ишаё 60:22; Мат. 24:14) Қолаверса, «вақтида» мўл-кўл маънавий озуқа оляпмиз. (Мат. 24:45–47)

2. Нимага ишонсак бўлади, лекин нимани тушунишимиз керак?

2 Яҳова яқин келажакда юз берадиган муҳим воқеаларни аниқроқ тушунишимизга ёрдам беришда давом этяпти. (Ҳик. 4:18; Дон. 2:28) Шунга ишончимиз комилки, буюк мусибат бошланадиган пайтга келиб, ўша қийин дамда садоқатли қолиш ва бирликни сақлаш учун билишимиз керак бўлган барча маълумотга эга бўламиз. Бироқ яқин келажак борасида айрим нарсаларни билмаслигимизни тан олишимиз лозим. Мазкур мақолада илгари айтган ўша воқеаларнинг айримларини нега қайта кўриб чиққанимизни билиб оламиз. Кейин эса самовий Отамиз қандай йўл тутиши ва келажак борасида қайси айрим нарсаларни билишимизни эслаймиз.

НИМАЛАРНИ БИЛМАЙМИЗ?

3. Яҳова одамларга Унинг оиласига қўшилишга имкон беришни қачон тўхтатиши борасида нима деганмиз ва нега?

3 Олдинлари буюк мусибат бошланганида одамлар Яҳованинг тарафини эгаллаш ва Армагеддонда омон қолиш имконига эга бўлмайди, деб ўйлаганмиз. Бундай хулосага келганимизнинг сабаби Тўфон ҳақидаги воқеани башоратли тимсол сифатида тушунганимиз эди. Масалан, Яҳова Тўфон бошланишидан олдин кеманинг эшигини «ёпганидай» буюк мусибат бошланганида ҳам Шайтоннинг замонаси учун эшикни ёпади ва бошқа одамлар омон қолмайди, деб ҳисоблаганмиз. (Мат. 24:37–39)

4. Ҳозир Тўфон ҳақидаги баёнотни башоратли тимсол деб биламизми? Тушунтиринг.

4 Хўш, Тўфон ҳақидаги баёнотни башоратли тимсол деб айтиш тўғрими? Йўқ. Нега деганда, Муқаддас Ёзувларга кўра, бундай хулосага келиш учун ҳеч қандай асос йўқ a. Тўғри, Исо «Нуҳ пайғамбар даври»ни ўзининг ҳозир бўлиш пайти билан таққослаган. Аммо у ўшанда содир бўлган нарсалар, масалан, Яҳова кеманинг эшигини ёпгани келажакда ҳам кенг миқёсда амалга ошишини айтмаган. Бироқ бу Нуҳ ҳамда Тўфон ҳақидаги баёнотдан сабоқ олмаслигимиз кераклигини англатмайди.

5. a) Нуҳ Тўфондан олдин нима қилган? (Ибронийларга 11:7; 1 Бутрус 3:20) б) Ҳозирги ва Нуҳ яшаган даврдаги ваъзгўйлик иши ўртасида қандай ўхшашлик бор?

5 Нуҳ Яҳованинг огоҳлантириб айтган хабарини эшитганида кема қуриб имонли эканини кўрсатган. (Ибронийларга 11:7; 1 Бутрус 3:20 ни ўқинг.) Шунга ўхшаб, одамлар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эшитганида билиб олганларига мувофиқ йўл тутиши лозим. (Ҳавор. 3:17–20) Бутрус Нуҳ ҳақида «адолат йўлини хабарлаб юрган», деб айтган. (2 Бутр. 2:5) Бироқ ўтган мақолада кўриб чиққанимиздай, у Тўфон келишидан олдин ер юзидаги ҳар бир инсонга ваъз қилишга интилганми ёки йўқми билмаймиз. Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб барча инсонларга ғайрат ила ваъз қилишга интиляпмиз. Аммо қанча уринмайлик, охират келишидан олдин ер юзидаги ҳар бир инсонга ваъз қила олмаймиз. Нега?

6, 7. Нега охират келишидан олдин хушхабар ер юзидаги ҳар бир кишига ваъз қилинмайди деган хулосага келдик? Тушунтиринг.

6 Ваъзгўйлик фаолиятимизнинг миқёси ҳақида Исо нима деганига эътибор беринг. У «ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун» хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинишини башорат қилган. (Мат. 24:14) Бу башорат бугунги кунда ҳар қачонгига қараганда кўпроқ амалга ошмоқда. Шоҳлик ҳақидаги хабар 1 000 дан ошиқ тилларда мавжуд ва jw.org сайти орқали дунё аҳолисининг аксарияти уни билиб олиши мумкин.

7 Аммо Исо шогирдларига «шаҳару қишлоқлар»да ваъз қилиб чиқишга улгурмасликларини, яъни унинг келгунига қадар ҳар бир инсонга ваъз қила олмасликларини айтган. (Мат. 10:23; 25:31–33) Унинг сўзлари бизнинг пайтимизга ҳам тегишли. Миллионлаб одамлар ваъзгўйлик фаолияти тақиқланган ҳудудларда яшайди. Бундан ташқари, ҳар дақиқада юзлаб чақалоқлар дунёга келяпти. Тўғри, «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» хушхабарни етказиш учун жон куйдиряпмиз. (Ваҳ. 14:6) Бироқ ҳақиқат шуки, охират келишидан олдин ер юзидаги ҳар бир кишига хушхабарни етказа олмаймиз.

8. Яҳованинг келажакка оид ҳукмлари борасида қандай савол туғилиши мумкин? (Расмларга ҳам қаранг.)

8 Бунинг асосида қуйидаги саволлар туғиляпти: «Буюк мусибат бошланишидан олдин хушхабарни эшитиш имкониятига эга бўлмаган инсонлар ҳақида нима деса бўлади? Яҳова ҳамда У ҳукм қилишни ишониб топширган Ўғли уларни қай йўсин ҳукм қилишади?» (Юҳан. 5:19, 22, 27; Ҳавор. 17:31) Ушбу мақоланинг очқич оятида айтилганидек, Яҳова «ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди». Аксинча, У «ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9; 1 Тим. 2:4) Гарчи буларни билсак-да, Яҳова хушхабарни эшитмаган инсонларни қай йўсин ҳукм қилишини ҳали аён қилмади. Аслида у нималар қилгани-ю, нималар қилмоқчи экани борасида бизга ҳисобот бериши шарт эмас.

Буюк мусибат бошланишидан аввал хушхабарни эшитиш имкони бўлмаган инсонларга Яҳова қандай муносабат кўрсатади? (8-хатбошига қаранг.) c


9. Муқаддас Китобда Яҳова бизга нимани очиб беряпти?

9 Яҳова қилмоқчи бўлган баъзи ишларни Каломида ошкор этган. Масалан, у ердан шуни билиб оляпмизки, хушхабарни эшитиб хулқ-атворини ўзгартириш имконига эга бўлмаган «адолатсиз» кишиларни У ҳаётга қайтаради. (Ҳавор. 24:15; Луқо 23:42, 43) Бу эса бошқа муҳим саволларни юзага келтиряпти.

10. Яна қандай саволлар туғиляпти?

10 Буюк мусибатда ҳаётдан кўз юмадиган ҳамма одамлар тирилиш умидига эга бўлмасдан абадулабад йўқ қилинадими? Муқаддас Китобда аниқ айтилганидек, Яҳовага қарши чиққан ва Армагеддонда У ҳамда Унинг қўшини йўқ қиладиган инсонлар тирилмайди. (2 Салон. 1:6–10) Лекин бошқалар ҳақида нима деса бўлади? Масалан, буюк мусибат пайтида баъзилар ёшлиги, соғлиги ё бирон фожиа туфайли ёки кимнингдир қўлидан ҳалок бўлиши мумкин. (Воиз 9:11; Закр. 14:13) Уларнинг айримлари янги дунёда тириладиган «адолатсиз» одамлар орасида бўлиши мумкинми? Бу бизга номаълум.

НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

11. Инсон нима асосида ҳукм қилинади?

11 Келажакда юз берадиган бир нечта воқеа ҳақида биламиз. Мисол учун, Масиҳ одамларни улар унинг биродарларига қандай муносабат кўрсатганига қараб ҳукм қилади. (Мат. 25:40) Қўйлар деб тан олинганлар мойланганларни ва Масиҳни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатишади. Яна шуни биламизки, Масиҳнинг айрим биродарлари буюк мусибат бошланганидан кейин ва Армагеддон бошланишидан сал олдин ер юзида бўлиб, осмонга кўтарилмаган бўлади. Улар ҳали ер юзида бўлар экан, самимий инсонларда уларни ва улар олиб бораётган фаолиятни қўллаб-қувватлаш имкони пайдо бўлиши мумкин. (Мат. 25:31, 32; Ваҳ. 12:17) Хўш, нега бу диққатга сазовор?

12, 13. Баъзилар «Буюк Бобил» қулаганини кўргач, нима қилиши мумкин? (Расмларга ҳам қаранг.)

12 Ҳатто буюк мусибат бошлангач, баъзилар «Буюк Бобил» вайрон бўлганини кўриб, Яҳованинг Шоҳидлари анча йиллар давомида бу ҳақда айтганини эслаши эҳтимолдан йироқ эмас. Буларнинг гувоҳи бўлган айримлар қалб ҳолатини ўзгартириши мумкинми? (Ваҳ. 17:5; Ҳиз. 33:33)

13 Агар шундай бўлса, бу Мусонинг даврида Мисрда бўлган воқеага ўхшайди. Эслайдиган бўлсак, ўшанда исроилликлар Мисрни тарк этишаётганда улар билан бирга «турли инсонлардан иборат оломон» ҳам чиқиб кетган. Уларнинг айримлари Мусо Ўнта жазо ҳақида огоҳлантириб айтган сўзлари рост бўлиб чиққанини кўриб Яҳовага ишонган. (Чиқ. 12:38) Буюк Бобил йўқ бўлганидан кейин ҳам шунга ўхшаш нарсалар юз берса, одамлар охират келишидан сал олдин бизга қўшилса руҳимиз тушадими? Асло. Биз «шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо» бўлмиш самовий Отажонимизга ўхшашни истаймиз. (Чиқ. 34:6) b

«Буюк Бобил» қулаганини кўрадиган баъзилар Яҳованинг Шоҳидлари бу воқеа ҳақида анча йиллар давомида гапиришганини эслайди (12-, 13-хатбошиларига қаранг.) d


14, 15. Одамнинг абадий келажаги қачон ҳаётдан кўз юмганига ёки қаерда яшашига боғлиқми? Тушунтиринг. (Забур 33:4, 5)

14 Баъзан шундай сўзларни эшитамиз: «Қариндошим буюк мусибатдан олдин ҳаётдан кўз юмса яхши бўларди, шунда тирилиш умидига эга бўларди». Албаттаки, бу сўзлар ортида яхши ният турибди. Бироқ инсоннинг абадий келажаги у қачон ўлишига боғлиқ эмас. Яҳова мукаммал Ҳакам — Унинг қарорлари доим адолатли ва ҳаққоний. (Забур 33:4, 5 ни ўқинг.) «Бутун ер юзининг Ҳаками» доим тўғри йўл тутишига ишонсак бўлади. (Ибт. 18:25)

15 Одамнинг абадий келажаги у қаерда яшашига боғлиқ эмас, деб хулоса қилиш ўринли бўларди. Яҳова Шоҳлиги ҳақидаги хабарни эшитиш имконига эга бўлмаган ҳудудларда яшовчи миллионлаб инсонларга ўз-ўзидан «эчкилар» сифатида муҳр босишини ақлга сиғдириб бўлмайди. (Мат. 25:46) Бутун ер юзининг адолатли Ҳаками улар ҳақида биз ўйлагандан ҳам кўпроқ қайғуряпти. Буюк мусибат пайтида Яҳова воқеаларни қандай йўналтиришини билмаймиз. Эҳтимол, ўша одамларнинг баъзилари Яҳова ҳақида билиб, Унга ишониш ҳамда У исмини муқаддас қилганида Унинг тарафини эгаллаш имкониятига эга бўлади. (Ҳиз. 38:16)

Буюк мусибат бошлангач,... буларнинг гувоҳи бўлган айримлар қалб ҳолатини ўзгартириши мумкинми?

16. Яҳова тўғрисида нимани билдик? (Расмга ҳам қаранг.)

16 Муқаддас Китобни тадқиқ қилар эканмиз, Яҳова инсонларни жудаям қадрлаётганини билиб оляпмиз. У ҳаммамиз абадий яшаш имкониятига эга бўлишимиз учун Ўғлини берган. (Юҳан. 3:16) Барчамиз Худонинг севгисини ҳис қиляпмиз. (Ишаё 49:15) Худо ҳар биримизни исмимиз бўйича билади. Ҳа, У бизни жуда ҳам яхши билади. Ҳатто ҳаётдан кўз юмсак ҳам У бизни тирилтириши мумкин. Чунки У биз ва хотираларимиз ҳақида ҳар бир тафсилотни ёдда тутади. (Мат. 10:29–31) Шубҳасизки, меҳрибон самовий Отажонимиз доно, адолатли ва раҳм-шафқатли бўлгани учун ҳар бир инсонни мукаммал тарзда ҳукм қилишига ишонсак бўлади. (Ёқб. 2:13)

Яҳова доно, адолатли ва раҳм-шафқатли бўлгани учун ҳар бир инсонни мукаммал тарзда ҳукм қилишига ишонсак бўлади (16-хатбошига қаранг.)


17. Навбатдаги мақоладан нимани билиб оламиз?

17 Ойдинлашган бу тушунчалар ваъзгўйлик иши ҳар қачонгидан ҳам шошилинч эканини кўрсатяпти. Нега бундай дея оламиз? Хушхабарни тинмай ваъз қилишда давом этишга бизни нима ундаяпти? Навбатдаги мақолада бу саволларнинг жавобини батафсил кўриб чиқамиз.

76-ҚЎШИҚ Тўласиз не ҳисга?

a Нега бу ўзгарганининг сабабини билиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2015 йил 15 март сонида келтирилган 7–11-саҳифадаги «“Сен буни маъқул кўрдинг”» номли мақолага қаранг.

b Буюк Бобил йўқ қилингач, Яҳованинг ҳамма хизматчилари Магўг юртидаги Гўг ҳужум қилган пайтда синалади. Худонинг халқига қўшиладиган ҳар қандай инсон Буюк Бобил вайрон бўлганидан кейин ҳам синовдан ўтади.

c РАСМГА ШАРҲ. Учта расмда нега баъзилар умумжаҳон ваъзгўйлик ишимиз ҳақида бехабар қолгани кўрсатилган: 1) бир аёл ўтирибди, мамлакатида христиан дини асосий эмас ва у ерда ваъз қилиш хавфли, 2) битта жуфтлик турибди, мамлакатида хушхабарни ваъз қилиш қонунан тақиқланган ҳамда хавфли, ва 3) бир йигит турибди, у жуда олис ва ҳеч ким бора олмайдиган ҳудудда яшайди.

d РАСМГА ШАРҲ. Ҳақиқатни тарк этган ёш аёл «Буюк Бобил» қулаши ҳақида билган нарсаларини эслаб ўтирибди. У қалб ҳолатини ўзгартириб, Яҳованинг Шоҳидлари бўлган ота-онасиникига қайтди. Бу юз берса, шафқатли ва раҳмдил самовий Отамизга тақлид қилишни ва гуноҳ қилган инсон қайтганидан хурсанд бўлишни истаймиз.