Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

25-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

7-ҚЎШИҚ Яҳова — куч-қудратимиздир

Яҳова «барҳаёт Худо» эканини ёдда сақланг

Яҳова «барҳаёт Худо» эканини ёдда сақланг

Яҳова барҳаётдир! (ЗАБ. 18:46)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Биз топинаётган Тангри «барҳаёт Худо» эканини ёдда сақлаш кўп фойда келтиришини билиб оламиз.

1. Яҳованинг хизматчилари дуч келаётган муаммоларга қарамай, Унга топинишда давом этишларига нима ёрдам беряпти?

 МУҚАДДАС КИТОБДА биз яшаётган давр ҳақида «ниҳоятда оғир вақтлар» деб айтилган. (2 Тим. 3:1) Ушбу замонда барча одамлар дуч келаётган қийинчиликлардан ташқари, Яҳованинг хизматчилари қаршиликлару қувғунлар билан курашишига тўғри келяпти. Хўш, бундай қийинчиликларга қарамай, Яҳовага топинишда давом этишимизга нима кўмаклашади? Асосий омиллардан бири Яҳова «барҳаёт Худо» эканини билишимиздир. (Ерм. 10:10; 2 Тим. 1:12)

2. Қайси маънода Яҳова барҳаёт Худо?

2 Яҳова қийинчиликлар пайтида бизни қўллаб-қувватлайдиган ва ёрдам бериш учун имкониятлар излайдиган мавжуд Шахсдир. (2 Сол. 16:9; Заб. 23:4) Уни барҳаёт Худо деб билиш олдимиздан чиқадиган ҳар қандай қийинчиликни муваффақият ила енгишимизга кўмаклашиши мумкин. Келинг, шоҳ Довуднинг мисолидан бу қанчалик тўғри бўлганини кўриб чиқайлик.

3. Довуд «Яҳова барҳаётдир» деганда нимани назарда тутган?

3 Довуд Яҳовани билган ва Унга таянган. Душманлари, жумладан, шоҳ Шоул уни таъқиб қилганида, у ёрдам сўраб Яҳовага ибодат қилган. (Заб. 18:6) Худо ибодатига жавоб берганидан ва қутқарганидан кейин Довуд: «Яҳова барҳаётдир!» — деб айтган. (Заб. 18:46) Бу сўзлар билан у Худо мавжуд эканини шунчаки тан олмаган. Бир манбага кўра, у «Яҳова доим хизматчиларининг манфаатларини кўзлайдиган барҳаёт Худо» эканига ишонишини кўрсатган. Ҳа, Довуд Худо барҳаёт эканини шахсий тажрибасидан кўрган ва бу аминлик Унга хизмат қилиш ҳамда Уни мадҳ этиш қарорини мустаҳкамлаган. (Заб. 18:28, 29, 49)

4. Яҳовани барҳаёт Худо деб билишдан қандай фойда оляпмиз?

4 Яҳова барҳаёт Худо эканига бўлган ишончимиз Унга ғайрат ила хизмат қилишга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, бу туфайли қийинчиликларда сабр-бардошли бўлиш ва Унинг иродасини қунт ила бажаришда давом этиш учун кучга эга бўламиз. Қолаверса, Яҳова билан яқин бўлиб қолиш қароримиз мустаҳкам бўлади.

БАРҲАЁТ ХУДО СИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

5. Қийинчиликларга дуч келганимизда бизга нима ишонч бахш этиши мумкин? (Филиппиликларга 4:13)

5 Яҳова барҳаёт ва бизга ёрдам беришга шай эканини ёдда сақласак, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар қандай қийинчиликда сабр-бардош қила оламиз. Ахир Худойимиз учун ечимсиз муаммонинг ўзи йўқ. У Қодир Тангри экан, сабр-бардош қилишимиз учун бизга куч бера олади. (Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.) Шундай экан, қийинчиликларни енгишимизга ишонамиз. Кичик қийинчиликлар пайтида Яҳованинг ёрдамини ҳис этиш оғирроқ қийинчиликларга дуч келганимизда ҳам У бизни ташлаб қўймаслигига бўлган ишончимизни кучайтиради.

6. Довуднинг ёшлигида бўлган қайси воқеалар Яҳовага бўлган ишончини оширди?

6 Келинг, Довуднинг Яҳовага бўлган ишончини мустаҳкамлаган иккита вазиятни кўриб чиқайлик. У ёш чўпон бўлганида бир сафар айиқ, бошқа сафар эса шер отасининг сурувидан қўйларни олиб кетган. Иккала вазиятда ҳам Довуд қўрқмасдан уларнинг ортидан қувган ва қўйларини қутқариб олган. Бироқ у «Буни ўз кучим билан қилдим» деб ўйламаган. Аксинча, бунинг ортида Яҳова турганини билган. (1 Шоҳ. 17:34–37) Довуд бошдан ўтказган бу воқеаларни ҳеч қачон унутмаган. Булар устида мулоҳаза юритиб, у барҳаёт Худо келажакда ҳам уни мустаҳкамлашига ишонган.

7. Довуд нимага диққат қаратган ва нега бу Гўлиётга қарши чиқишига кўмаклашган?

7 Кейинроқ Довуд Исроил қўшинининг олдига борганда, ҳойнаҳой, ўсмир бўлган. Ўшанда у баҳайбат филистимлик жангчи Гўлиёт «Исроил қўшинини шарманда» қилаётгани туфайли аскарлар қўрқувга берилганини кўрган. (1 Шоҳ. 17:10, 11) Улар ўша баҳайбат жангчига ва унинг масхараларига диққат қаратишгани учун қўрқишган. (1 Шоҳ. 17:24, 25) Довуд эса бу вазиятга бошқача нуқтаи назар билан қараган. У бу баҳайбат жангчи шунчаки Исроил қўшинини эмас, балки «барҳаёт Худонинг қўшинини мазах қилаётган»ини тушунган. (1 Шоҳ. 17:26) Довуд биринчи навбатда Яҳова тўғрисида ўйлаган. У чўпон бўлганида Худо уни қўллаб-қувватлаганига ва бу сафар ҳам унга ёрдам беришига амин эди. Унинг ёрдамига ишониб, Довуд Гўлиётга қарши чиққан ва устидан ғалаба қозонган. (1 Шоҳ. 17:45–51)

8. Қийинчиликларга дуч келганимизда, қандай қилиб Яҳовани ёдда сақлашимиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

8 Барҳаёт Худо бизга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр эканини ёдда сақласак, биз ҳам қийинчиликларни муваффақият ила енга оламиз. (Заб. 118:6) Яҳова ўтмишда нималар қилганини кўриб чиқиш У бизга ёрдам беришига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди. Яҳова топинувчиларини қай йўсин ҳимоя қилганини эслатувчи Муқаддас Китоб баёнотларини ўқинг. (Ишаё 37:17, 33–37) Шунингдек, У бизнинг давримиздаги биродару опа-сингилларни қай йўсин қўллаб-қувватлаётганини билиш учун jw.org сайтимиздаги хабарларни ўқинг ёки томоша қилинг. Бундан ташқари, Яҳова сизга ғамхўрлик қилган пайтларни эсланг. Ҳаётингизда айиқ ёки шер билан курашишдек ўзгача воқеа юз бермаган бўлса, ташвишланманг. Нега деганда, Яҳова ҳаётингиз давомида кўп нарсалар қилган. У сизни дўсти бўлишингиз учун Ўзига жалб қилган. (Юҳан. 6:44) Айни дамда фақат Яҳованинг шарофати билан Унга хизмат қиляпсиз. Шундай экан, Ундан ибодатларингизга жавоб берган пайтларни, айни керакли дамда сизни қўллаб-қувватлаганини ёки қийин вазиятларда сизга ғамхўрлик қилганини эслашингизга ёрдам беришини сўранг. Бу нарсалар устида мулоҳаза юритиш бундан буёғига ҳам У манфаатингизни кўзлаб йўл тутишига бўлган ишончингизни мустаҳкамлайди.

Дуч келаётган қийинчиликларимиз мунозарали масаланинг бир қисми (8-, 9-хатбошиларига қаранг.)


9. Қийинчиликларимизга қандай қарасак бўлади? (Ҳикматлар 27:11)

9 Яҳовани барҳаёт Худо деб билиш қийинчиликларимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишга ёрдам беради. Қанақасига? Қийинчиликларимизга Яҳова ҳамда Шайтон ўртасидаги каттароқ масаланинг бир қисмидай қарай бошлаймиз. Иблиснинг даъвосига кўра, қийинчиликларга дуч келганимизда, Яҳовадан юз ўгирамиз. (Аюб 1:10, 11; Ҳикматлар 27:11 ни ўқинг.) Аммо қийинчиликларни муваффақият ила енгиб, Яҳовага бўлган севгимизни кўрсатамиз ва Иблис ёлғончи эканини исботлаймиз. Ҳукумат томонидан қаршиликларга, иқтисодий қийинчиликларга ҳамда ваъзгўйликда салбий муносабатга ёки қандайдир бошқа муаммога дуч келяпсизми? Агар шундай бўлса, унутманг, вазиятингиз туфайли Яҳованинг қалбини қувонтиришингиз мумкин. Ёдингизда бўлсин, Худо ҳеч қачон кучингиздан ортиқ даражада синалишингизга йўл қўймайди. (1 Кор. 10:13) Сабр-бардош қилишингиз учун У сизни мустаҳкамлайди!

БАРҲАЁТ ХУДО СИЗНИ МУКОФОТЛАЙДИ

10. Барҳаёт Худо Унга топинаётганлар учун нима қилади?

10 Яҳова Унга топинадиганларни мукофотлайди. (Иброн. 11:6) У ҳозирнинг ўзида бизга тинчлик ва мамнуният бахш этяпти. Келажакда эса бизни абадий ҳаёт билан мукофотлайди. Яҳовада бизни мукофотлаш учун ҳам истак, ҳам куч борлигига ишонамиз. Бу бизни Худонинг ўтмишдаги садоқатли топинувчилари каби хизматда банд бўлишга ундайди. Бунинг мисоли сифатида биринчи асрда яшаган Тимўтийни олсак бўлади. (Иброн. 6:10–12)

11. Нега Тимўтий жамоатда қунт билан меҳнат қилган? (1 Тимўтийга 4:10)

11 1 Тимўтийга 4:10 ни ўқинг. Тимўтий Худо уни мукофотлашига қаттиқ ишонган. Шу боис у Яҳова ҳамда бошқалар учун қунт билан меҳнат қилган. Хўш, қайси йўллар орқали? Ҳаворий Павлус Тимўтийни таълим беришдан ва маърузачи сифатида яхшиланишдан тўхтамасликка ундаган. Қолаверса, Тимўтий ёшу қари имондошларига яхши ўрнак кўрсатиши керак эди. Шунингдек, унга айрим қийин вазифалар топширилган. Булар қаторига муҳтож бўлганларга қатъийлик, аммо севги ила маслаҳат бериш кирган. (1 Тим. 4:11–16; 2 Тим. 4:1–5) Тимўтий баъзида бошқалар унинг меҳнатини кўрмаган ёки қадрламаган бўлса-да, Яҳова уни мукофотлашига амин бўлган. (Рим. 2:6, 7)

12. Нега оқсоқоллар жамоатда қунт билан меҳнат қилишда давом этиши керак? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Бугунги кунда оқсоқоллар ҳам Яҳова уларнинг яхши ишларини кўраётганига ва қадрлаётганига ишониши мумкин. Далдали ташриф, таълим бериш ҳамда ваъз қилишдан ташқари, кўп оқсоқоллар ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида иштирок этади ҳамда табиий офатлар дастидан зарар кўрганларга кўмаклашиш ишида ёрдам беради. Бошқалар эса Беморларни йўқлаш гуруҳида ёки Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмиталарида хизмат қилади. Бундай ишларга ўзини тақдим этаётган оқсоқоллар жамоат қандайдир одамга эмас, балки Яҳовага тегишли эканини билади. Шунинг учун улар жамоатда жон-жаҳди билан хизмат қилади ва Яҳова ҳаракатларини мукофотлашига тўлиқ ишонади. (Колос. 3:23, 24)

Барҳаёт Худо жамоатда қунт ила меҳнат қилаётганингиз учун сизни мукофотлайди (12-, 13-хатбошиларига қаранг.)


13. Яҳова хизматда қилаётган шахсий ҳаракатларимиз борасида қандай фикрда?

13 Ҳаммамиз ҳам оқсоқол бўла олмаймиз. Лекин барчамиз Яҳовага нимадир бера оламиз. Тангримиз Унга хизмат қилиш учун жон куйдирганимизни қадрлайди. Умумжаҳон фаолиятимиз учун ҳатто озгина хайр-эҳсон қилсак ҳам У буни эътиборсиз қолдирмайди. Йиғилишларда шарҳ бериш ниятида уятчанлигимизни енгиб, қўлимизни кўтариш учун жон куйдирганимизда У мамнун бўлади. Бизни хафа қилганларни кечирганимизда эса қувонади. «Истаганимдай кўп қила олмаяпман» деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам Яҳова қўлингиздан келганини қадрлашига ишонинг. Бу учун У сизни севади ва мукофотлайди! (Луқо 21:1–4)

БАРҲАЁТ ХУДОГА ЯҚИН БЎЛИБ ҚОЛИНГ

14. Яҳовага яқинлашиш қандай қилиб садоқатли қолишимизга кўмаклашяпти? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Яҳова биз учун мавжуд Шахс бўлса, Унга садоқатли қолишимиз осон бўлади. Бу борада Юсуф яхши ўрнак кўрсатган. У ахлоқсизликка қўл уришни қатъиян рад этган. Худо у учун мавжуд Шахс бўлган ва Юсуф Уни ранжитишни истамаган. (Ибт. 39:9) Яҳова биз учун мавжуд Шахс бўлишини хоҳласак, Унга ибодат қилиш ва Каломини тадқиқ қилиш учун вақт ажратишимиз лозим. Шунда У билан дўстона муносабатларимиз мустаҳкамланади. Юсуф каби Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлсак, Уни ранжитадиган ҳар қандай ишни қилишдан қочамиз. (Ёқб. 4:8)

Барҳаёт Худога яқинлашиш содиқ бўлиб қолишингизга кўмаклашади (14-, 15-хатбошиларига қаранг.)


15. Исроилликлар билан саҳрода юз берган нарсалардан қандай сабоқ олишимиз мумкин? (Ибронийларга 3:12)

15 Яҳова барҳаёт Худо эканини унутиб қўядиганлар Ундан осонликча узоқлашиб кетиши мумкин. Саҳрода Исроил халқи билан нима бўлганига эътибор беринг. Улар Яҳова мавжуд Шахс эканини билишарди. Аммо У уларга ғамхўрлик қилишидан шубҳаланишган. Улар ҳатто: «Яҳова биз биланми ёки йўқми?» — деб сўрашган. (Чиқ. 17:2, 7) Бундан кейин эса улар Худога қарши исён кўтаришган. Албаттаки, улар каби итоатсиз бўлишни истамаймиз. Аксинча, уларнинг ўрнаги биз учун огоҳлантирувчи мисол сифатида хизмат қилади. (Ибронийларга 3:12 ни ўқинг.)

16. Нима туфайли имонимиз синалиши мумкин?

16 Бу дунё дастидан Яҳовага яқин бўлиб қолиш қийин бўлиб кетяпти. Кўплар Худо борлигини инкор этяпти. Аксар ҳолларда Худонинг талабларини назар-писанд қилмайдиганлар гуллаб-яшнаётгандай туюлиши мумкин. Бунинг гувоҳи бўлганимизда, имонимиз синалиши ҳеч гап эмас. Гарчи биз Худо мавжудлигини инкор этмасак-да, «У бизга ғамхўрлик қиладими?» деб ўйлай бошлашимиз мумкин. Забурнинг 73-саносини ёзган киши билан қайсидир вақт давомида бу юз берган. У атрофидагилар Худонинг қонунларини инкор этганини ва шу билан бирга яхши яшаётганини кўрган. Натижада, унда Худога хизмат қилиш арзийдими деган шубҳа уйғона бошлаган. (Заб. 73:11–13)

17. Яҳовага яқин бўлиб қолишимизга нима ёрдам беради?

17 Охири сано бастакорига нуқтаи назарини ўзгартиришга нима ёрдам берди? У Яҳовани унутганлар билан нима юз бериши тўғрисида мулоҳаза юритди. (Заб. 73:18, 19, 27) Қолаверса, сано бастакори Худога хизмат қилиш қандай фойда келтириши тўғрисида ўйлади. (Заб. 73:24) Биз ҳам Яҳовадан олган баракаларимиз борасида мулоҳаза қилсак бўлади. Худога топинмаганимизда ҳаётимиз қандай бўлишини тасаввур қилишимиз мумкин. Бундай қилиш садоқатни сақлашимизга ва сано бастакори каби қуйидаги хулосага келишимизга ёрдам беради: «Мен учун эса Худога яқинлашиш қанчалар яхши!» (Заб. 73:28)

18. Нега келажакка ишонч билан қарай оламиз?

18 «Барҳаёт ва ҳақ Аллоҳнинг қуллари бўл»ганимиз учун ушбу охирзамонда турли қийинчиликларни бошдан кечиришимиз мумкин. (1 Салон. 1:9) Худойимиз мавжуд Шахс бўлиб, Унга топинадиганларнинг манфаатини кўзлаб йўл тутади. Ўтмишда Худо хизматчилари билан бўлганини кўрсатганидай, бугунги кунда ҳам У биз билан. Яқинда ер юзида буюк мусибат бўлади. Лекин уни ёлғиз ўзимиз бошдан кечирмаймиз. (Ишаё 41:10) Келинг, доим жасоратга тўлиб шундай дейлик: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман». (Иброн. 13:5, 6)

3-ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг