Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

26-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

8-ҚЎШИҚ Яҳова — Бошпанамдир

Яҳова Қоянгиз бўлсин!

Яҳова Қоянгиз бўлсин!

Аллоҳимиз каби мустаҳкам қоя йўқ. (1 ШОҲ. 2:2)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Қайси фазилатлари туфайли Яҳова қояга ўхшашини ва Унга қандай тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Довуд Забур 18:46 да Яҳовани қандай атаган?

 БАЪЗАН тўсатдан дуч келадиган муаммолар ҳаётимизни қийинлаштириши ё ҳатто бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Бундай пайтларда Тангри Яҳовага таяна оламиз ва бу учун миннатдормиз. Ўтган мақолада У барҳаёт Худо ва ёрдам беришга доим тайёр эканини эсладик. Унинг қўлини кўрганимизда, бу бизни «Яҳова барҳаёт» эканига ишонтиради. (Забур 18:46 ни ўқинг.) Бироқ буни айтгач, Довуд Худони жонсиз бир нарса билан солиштириб, Уни «Қоям» деб атаган. Бу нима дегани?

2. Нега Довуд Яҳовани «Қоям» деб атагани диққатимизга сазовор?

2 Ушбу мақолада Яҳова қайси фазилатлари туфайли қояга ўхшашини ва бундан У ҳақда нималарни билиб олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Яҳовани қай йўсин ўз Қоямиз деб билишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Охирида эса Яҳованинг фазилатларига қандай тақлид қила олишимиз тўғрисида гап боради.

НЕГА ЯҲОВА ҚОЯ ДЕБ АЙТИЛГАН?

3. Муқаддас Китобда кўп ҳолларда «қоя» сўзи қандай қўлланилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

3 Муқаддас Китобда ишлатилган «қоя» сўзи У эга бўлган баъзи фазилатларни тушунишимизга ёрдам беради. Бу сўз кўпинча Яҳова тенги йўқ Худо сифатида мадҳ этилган оятларда учрайди. Илк бор У Қонунлар 32:4 да «Қоя» деб аталган. Ханна ибодатида: «Аллоҳимиз каби мустаҳкам қоя йўқ»,— деб айтган. (1 Шоҳ. 2:2) Хабаққуқ пайғамбар Яҳовани: «Менинг Қоям»,— деган. (Хаб. 1:12) Забурнинг 73-саносини ёзган киши Худони: «Қалбим қояси»,— деб айтган. (Заб. 73:26) Ҳатто Яҳова ҳам Ўзини қоя сифатида тилга олган. (Ишаё 44:8) Келинг, қайси учта фазилат туфайли Худо қояга ўхшашини ва қай йўсин Уни «Қоямиз»га айлантиришимиз мумкинлигини билиб олайлик. (Қонун. 32:31)

Худонинг халқи Яҳовани хавфсиз Қоя деб билади (3-хатбошига қаранг.)


4. Яҳовани қайси маънода Бошпана деса бўлади? (Забур 94:22)

4 Яҳова Бошпанадир. Хавфли бўрон пайтида киши улкан қоядан паноҳ топганидай, ҳаётда хавфли вазиятларга дуч келганимизда ҳам Яҳова бизни ҳимоялайди. (Забур 94:22 ни ўқинг.) У бизни асрайди ва шунга ишонтиряптики, ушбу ёвуз дунёда азоб-уқубатларга дуч келаётган бўлсак ҳам улар вақтинча. Бундан ташқари, Яҳова келажакда хавотирлар ва азоб-уқубатларга сабаб бўлаётган ҳар қандай нарсани буткул йўқ қилади. (Ҳиз. 34:25, 26)

5. Қандай қилиб Яҳова қоя сингари бошпанамиз бўла олади?

5 Яҳова Бошпанамиз эканини кўрсатишнинг йўлларидан бири Унга ибодат қилишдир. Бундай қилсак, Яҳова қалбимизу онгимизни ҳимоя қиладиган «тинчлигини» беради. (Филип. 4:6, 7) Имони туфайли қамоққа тушган Артём биродарнинг мисолига диққат қаратайлик. Терговчи унга босим ўтказган, камситган ва қўполлик ила қайта-қайта сўроқ қилган. «Терговчи ҳар сафар мени сўроқ қилганда, ўзимни ёмон ҳис қилардим. [...] Яҳовага доим ибодат қилардим. Ундан ички хотиржамлик ва донолик сўрардим. Терговчининг ҳаракатлари иш бермади. [...] Яҳованинг ёрдами билан ўзимни тошдан қурилган девор ортидагидай ҳис қилардим»,— деб бўлишди Артём.

6. Нега доимо Худога таянишимиз мумкин? (Ишаё 26:3, 4)

6 Яҳова ишончлидир. Жойидан силжимайдиган қоя сингари Яҳова доим биз билан. У «абадий Қоя» экан, Унга ишонишимиз мумкин. (Ишаё 26:3, 4 ни ўқинг.) Яҳова ҳамиша ваъдаларида туради. Ибодатларимизни тинглайди ва биз муҳтож бўлган ёрдамни тақдим этади. Қолаверса, У хизматчиларига садоқатли экан, Унга таянишимиз мумкин. (2 Шоҳ. 22:26) Худо қилган меҳнатимизни асло унутмайди ва доим бизни мукофотлайди. (Иброн. 6:10; 11:6)

7. Яҳовага таянганимизда нима юз беради? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Яҳовага тўлиқ таянганимизда, У Қоямизга айланади. Шунга ишонамизки, ҳатто қийин пайтларда ҳам Унга қулоқ солиш бизга фойда келтиради. (Ишаё 48:17, 18) Ҳар сафар Худонинг ёрдамини кўрганимизда, Унга бўлган ишончимиз ортади. Шунда фақатгина Яҳованинг ёрдами билан енгишимиз мумкин бўлган қийинчиликларга дуч келганимизда яхшироқ тайёрланган бўламиз. Кўпинча ҳеч кимдан ёрдам сўрай олмайдиган вазиятларда доим Яҳовага таянишимиз мумкинлигини тушуниб етамиз. «Қамоқхонада бўлганимда ўзимни ҳар қачонгидан ҳам Яҳовага яқинроқ ҳис қилганман. Унга кўпроқ таянишни ўргандим, чунки бутунлайин ёлғиз қолгандим ҳамда вазиятимни назорат қила олмасдим»,— деб айтди Владимир.

Яҳовага тўлиқ таянганимизда, Уни Қоямизга айлантирамиз (7-хатбошига қаранг.)


8. a) Нега Яҳова ўзгармас деб айта оламиз? б) Худони Қоямиз деб билиш қандай фойда келтиради? (Забур 62:6, 7)

8 Яҳова ҳечам ўзгармайди. Улкан қояга ўхшаб Яҳова доим ўша-ўша бўлиб қолади. Унинг шахсияти ва нияти асло ўзгармайди. (Мал. 3:6) Адан боғида исён кўтарилганида, Яҳова инсониятга бўлган ниятини ўзгартирмади. Ҳаворий Павлус Худо «Ўзидан воз кеча олма»слигини ёзган. (2 Тим. 2:13) Бу нимаики бўлмасин ёки бошқалар қандай иш қилмасин, Унинг фазилатлари, нияти ва меъёрлари асло ўзгармаслигини англатади. Яҳова асло ўзгармас экан, оғир пайтларда У бизга ёрдам беришини ва келажакка оид ваъдаларида туришини биламиз. (Забур 62:6, 7 ни ўқинг.)

9. Татьянанинг вазиятидан қандай сабоқ олдингиз?

9 Диққатимизни Яҳова қандай Шахс эканига қаратсак ва Унинг ниятини доим ёдда тутсак, У Қоямизга айланади. Бундай қилиш қийинчиликлар пайтида хотиржам бўлишимизга ва Яҳовага содиқ қолишимизга ёрдам беради. (Заб. 16:8) Имони туфайли уй қамоғига олинган Татьяна опамиз билан бу юз берди. У қуйидагича бўлишди: «Ўзимни бутунлай ёлғиз ҳис қилганман. Бошида бу жуда қийин бўлган. Тез-тез тушкунликка тушганман». Лекин у бу қийинчилик Яҳова ва Унинг нияти билан боғлиқ эканини кўрганда, уни енга олди ва ҳиссан яна кучга тўлди. У яна шундай деди: «Нега бунга дуч келганимни тушуниш бу вазиятга Яҳова учун тушганимни ёдда сақлашга ёрдам берди. Бу ўз ҳақимда ўйламасликка кўмаклашди».

10. Яҳова ҳозир қай йўсин Қоямиз бўла олади?

10 Олдинда Яҳовага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ таянишимизни талаб қиладиган қийинчиликларга дуч келамиз. Ҳозир садоқат ила сабр-бардош қилишимиз учун У бизга керакли ҳар қандай нарсани беришига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаш пайтидир. Хўш, буни қай йўсин қила оламиз? Муқаддас Китобдаги баёнотларни ва бугунги кунда Яҳованинг хизматчилари билан юз бераётган воқеаларни ўқинг. У хизматчиларини қўллаб-қувватлаш учун қайси фазилатларни намоён этганига эътибор беринг. Ўша баёнотлар устида чуқур мулоҳаза юритинг. Шунда Яҳова сизнинг Қоянгизга айланади.

ЯҲОВАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

11. Нега Яҳованинг фазилатларига тақлид қилишни хоҳлаймиз? (« Ёш биродарлар учун мақсад» номли рамкага ҳам қаранг.)

11 Яҳова фазилатлари туфайли биз учун қоя каби бўлишини билиб олдик. Энди Унинг фазилатларига қай йўсин тақлид қила олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Уларга тақлид қилиш учун қанча кўп жон куйдирсак, жамоатни шунча кўп мустаҳкамлаймиз. Мисол учун, Исо Симунга «қоятош» маъносини билдирувчи Кифа (юнонча «Бутрус») деган ном берган. (Юҳан. 1:42) Бу билан у Бутрус жамоатдагиларга тасалли беришини ва уларнинг имонини мустаҳкамлашини назарда тутган. Жамоат оқсоқоллари эса «баҳайбат қоятошнинг сояси»га ўхшатилган. Бу улар жамоатни қай йўсин ҳимоя қилишини кўрсатади. (Ишаё 32:2) Албаттаки, жамоатдаги барча — биродару опа-сингиллар Яҳованинг фазилатларига тақлид қилганда, фойда олади. (Эфес. 5:1)

12. Қийин пайтларда бошқаларга қай йўсин ёрдам беришимиз мумкин?

12 Бошпана бўлинг. Баъзида табиий офатлар, фуқаролик тартибсизликлари ёки уруш дастидан имондошларимизга том маънода бошпана бўла оламиз. «Охирзамонда» аҳвол янада ёмонлашар экан, шубҳасизки, бир-биримизга ёрдам бериш учун кўпроқ имкониятларга эга бўламиз. (2 Тим. 3:1) Қолаверса, биродару опа-сингилларимизга улар муҳтож бўлган тасаллини беришни истаймиз. Буни қилишнинг йўлларидан бири Йиғилиш залига келганларни илиқ қарши олиш ва жамоатда севги руҳи ҳукм суришига ҳисса қўшишдир. Ҳозир шафқатсиз, совуқ ва қийинчиликларга тўла дунёда яшаяпмиз. Шундай экан, имондошларимиз йиғилишларга келганда ўзларини севимли, кучга тўлган ва хавфсиз ҳис қилишлари учун қўлимиздан келганини қилишни истаймиз.

13. Қандай қилиб оқсоқоллар қийин пайтларда бошқаларга тасалли бера олишади? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Оқсоқоллар мажозий ёки том маънодаги бўронларни бошдан кечираётган имондошлар учун бошпана бўлишлари мумкин. Улар табиий офат ва тез тиббий ёрдам керак бўлган пайтларда амалий ёрдам бериш ишларини тезда ташкиллаштиришади. Қолаверса, улар маънавий ёрдам тақдим этишади. Биродару опа-сингиллар оқсоқолни мулойим, ҳамдард, эшитишга тайёр деб билса, унга бемалол мурожаат қила олишади. Бундай фазилатлар туфайли улар ўзларини севикли ҳис қилишади. Шунда оқсоқол Муқаддас Китоб асосида берадиган ҳар қандай йўл-йўриққа қулоқ солиш улар учун осонроқ бўлади. (1 Салон. 2:7, 8, 11)

Мажозий ва том маънода бўрон жамоатдагиларга таъсир қилади, оқсоқоллар эса бошпана бўлишади (13-хатбошига қаранг.) a


14. Ишончли эканимизни қандай намоён эта оламиз?

14 Ишончли бўлинг. Бошқалар, айниқса, оғир пайтларда бизга таянишини истаймиз. (Ҳик. 17:17) Хўш, бошқаларнинг ишончига сазовор бўлиш учун нима қила оламиз? Ваъдаларимизда туриш ва кеч қолмаслик мақсадида қўлимиздан келганини қилиш каби илоҳий фазилатларни ривожлантириш учун жон куйдирсак бўлади. (Мат. 5:37) Бундан ташқари, кимдир ёрдамга муҳтож бўлганида, унга кўмаклашишимиз мумкин. Шунингдек, жамоатда бизга топширилган вазифаларни йўл-йўриқлар асосида бажараётганимизга ишонч ҳосил қилишимиз керак.

15. Оқсоқоллар ишончли бўлганида бу жамоатдагиларга қандай фойда келтиради?

15 Ишончли оқсоқоллар жамоат учун фойда келтиради. Қанақасига? Ваъзгўйлар оқсоқолларга, масалан, ваъзгўйлик гуруҳининг нозирига исталган пайтда мурожаат қила олса, камроқ ташвишланади. Шунингдек, улар оқсоқоллар ёрдам беришга доим тайёр эканини билса, ўзларини севикли ҳис қилади. Оқсоқоллар шахсий фикрларига эмас, балки Муқаддас Китоб ҳамда ишончли ва ақлли хизматкор тақдим этаётган адабиётлар асосида маслаҳат берса, имондошлари уларга ишонади. Қолаверса, оқсоқоллар жамоатдагиларга тегишли шахсий масалаларни бошқаларга айтмаса ҳамда ваъдалари устидан чиқса, имондошлари уларга ишонади.

16. Яҳованинг назарида тўғри иш қилганимизда ўзимиз ва бошқалар қандай фойда оламиз?

16 Доим Яҳова айтгандай йўл тутинг. Барча нарсада Яҳовага итоатли бўлсак ҳамда Муқаддас Китоб асосида қарор чиқарсак, бошқалар учун яхши ўрнак бўламиз. Имонимиз кучаяр ва аниқ билимимиз ошар экан, ҳақиқатда янада мустаҳкам бўламиз. Сохта таълимотлару ғоялар Яҳованинг фикрлаш тарзига зид эканини тушунамиз ва уларнинг таъсирига берилмаймиз. (Эфес. 4:14; Ёқб. 1:6–8) Яҳовага ҳамда Унинг ваъдаларига бўлган ишончимиз ёмон хабарларни эшитганимизда, мувозанатли бўлишимизга ёрдам беради. (Заб. 112:7, 8) Шунингдек, қийинчиликларни бошдан кечираётганларга кўмаклаша оламиз. (1 Салон. 3:2, 3)

17. Оқсоқолларга бошқаларни мустаҳкамлашга нима ёрдам беради?

17 Оқсоқоллар ҳар нарсада меъёрини биладиган, ақли расо, тартибли ва мулоҳазакор бўлишлари лозим. Бу кишилар «ҳақиқат каломига қаттиқ риоя қил»иб, бошқаларга хотиржам бўлишга ҳамда Яҳовага қаттиқ ишонишга кўмаклашишади. (Титус. 1:9; 1 Тим. 3:1–3) Улар ўз ўрнагию сурувга чўпонлик қилиш орқали ваъзгўйларга йиғилишларни ва шахсий тадқиқни қолдирмасликка ҳамда хизматда иштирок этишга ёрдам беришади. Биродару опа-сингиллар муаммолари дастидан тушкунликка тушишса, оқсоқоллар уларнинг диққатини Яҳова ҳамда Унинг ваъдаларига қаратишади.

18. Нега Яҳовани мадҳ этишни ва Унга янада яқинроқ бўлишни истаймиз? (« Яҳовага яқинлаштирадиган йўл» номли рамкага ҳам қаранг.)

18 Тангри Яҳованинг гўзал фазилатларини кўриб чиққач, биз ҳам шоҳ Довуд каби: «Қоям Яҳовага олқишлар бўлсин!» — деб айта оламиз. (Заб. 144:1) Биз доим Яҳовага таянишимиз мумкин. Ҳаётимиз давомида, ҳатто кексайганда ҳам Худо маънан гуллаб-яшнашимизга ҳамиша ёрдам беришига ишониб: «У менинг Қоям», деб бемалол айта оламиз. (Заб. 92:14, 15)

150-ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг

a РАСМГА ШАРҲ. Йиғилиш залида опамиз иккита оқсоқолга бемалол мурожаат қиляпти.