Асосий материалларга ўтиш

Худонинг қон борасидаги нуқтаи назарини қабул қилдим

Худонинг қон борасидаги нуқтаи назарини қабул қилдим

Худонинг қон борасидаги нуқтаи назарини қабул қилдим

БИР ШИФОКОРНИНГ ҲИКОЯСИ

КАСАЛХОНАНИНГ мажлислар залида бир гуруҳ шифокорлар олдида мурдани очиш натижасида нималар аниқлангани ҳақида бўлишаётган эдим. Ўлган беморнинг хавфли ўсимтаси бўлган. Хулоса қилиб шундай дедим: «Бу бемор гемолис оқибатида, яъни эритроцитларнинг емирилиши ҳамда кўп қон қуйиш натижасида келиб чиққан буйрак етишмовчилиги туфайли вафот этган».

Бир профессор ўрнидан туриб, жаҳл билан бақирди: «Биз бошқа гуруҳдаги қонни қуйдик, деб айтмоқчимисиз?» Мен эса жавобан: «Буни назарда тутганим йўқ»,— дедим. Кейин эса ўлган бемор буйрагининг майда қисмлари туширилган слайдларни кўрсатиб: «Бу ерда лизис юз берганини, яъни эритроцитлар эриб йўқ бўлганини, бу эса буйрак етишмовчилигига * олиб келганини кўришимиз мумкин»,— дедим. Вазият таранглашди, мен ҳам асабийлашаётгандим. Ўшанда ҳали ёш шифокор эдим, у эса профессор. Аммо бунга қарамай орқага чекиниш ниятим йўқ эди.

Бу воқеа юз берганида ҳали Яҳованинг Шоҳиди эмасдим. Мен 1943 йили Япониянинг шимолидаги Сендай шаҳрида туғилганман. Отам патолог ва психиатр бўлгани учун мен ҳам тиббиёт соҳасида ўқишга қарор қилдим. Тиббиёт ўқув юртининг иккинчи курсида ўқиётганимда, 1970 йили Масуко исмли қиз билан оила қурдик.

Патологияга соҳасига ихтисослашдим

Ўқишни тугатмагунимча Масуко оиламизни моддий томонлама қўллаб-қувватлаш учун ишларди. Тиббиёт соҳаси мени ўзимга ром этганди. Инсон танаси қанчалик ажойиб тарзда яратилгани мени лол қолдирарди. Лекин шунга қарамай, Яратувчи борлиги ҳақида ҳечам ўйлаб кўрмаганман. Тиббиёт соҳасидаги изланишлар ҳаётимга мазмун бағишлайди, деб умид қилардим. Шунинг учун шифокор бўлгач, касалликнинг келиб чиқиши, кечиши ҳамда асоратларини ўрганувчи илмга, яъни патология соҳасига ихтисослашдим.

Саратон касаллиги дастидан ўлган беморларнинг мурдасини таҳлил қилгач, қон қуйиш самарали эканидан шубҳалана бошладим. Саратон касаллигининг охирги босқичидаги беморлар қон кетиш дастидан анемияга йўлиқиши мумкин. Кимётерапия анемияни кучайтиргани учун шифокорлар одатда қон қуйишни тайинлашади. Аммо мен қон қуйиш саратон касаллиги тарқалишига сабаб бўлиши мумкин деб тахмин қилдим. Бугунги кундаги шифокорларнинг фикрича, қон қуйиш дастидан саратон касаллиги қайтага авж олади. Бунинг дастидан беморлар янада заифлашади ва ҳатто тирик қолиш эҳтимоли камаяди *.

1975 йилда мен юқорида тилга олинган вазиятга дуч келдим. Бу профессор қон касаллиги бўйича мутахассис эди ва ўша ўлган бемор учун у масъул эди. Шу сабабли қон қуйиш беморнинг ўлимига олиб келганини айтганимда унинг жаҳли чиққанидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Бироқ мен гапимни давом эттиравердим ва у аста-секин жим бўлиб қолди.

Касаллик ва ўлим бошқа бўлмайди

Тахминан шу пайтда хотиним олдига ёши катта Яҳованинг Шоҳиди ташриф буюради. Бу аёл гапираётганида «Яҳова» деган сўзни тез-тез қўллаган. Шунда хотиним бу сўз нимани англатишини сўраган. У Яҳова Худонинг шахсий исми деб жавоб берди. Масуко ёшлигидан Муқаддас Китобни ўқиган, аммо унинг Муқаддас Китобида Худонинг исми ўрнига «Эга» сўзи ишлатилган. Энди хотиним Худонинг шахсий исми борлигини билиб олди.

Масуко шу заҳотиёқ ўша аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишни бошлади. Кечаси соат бирда шифохонадан қайтганимда, хотиним завқ билан менга гапира бошлади. «Муқаддас Китобда ўлим ва касаллик бошқа бўлмаслиги ҳақида айтилган»,— деди у. Мен эса жавобан: «Бундай бўлса ажойиб-ку»,— дедим. У гапини давом эттириб: «Янги дунё яқин экан, вақтингизни бекор сарфлашингизни истамайман»,— деди. Бу гапи билан «Хотиним мен шифокорлик ишимни ташлашимни истаяпти» деб ўйлабман. Шунда ундан жаҳлим чиқди ва муносабатларимиз таранглаша бошлади.

Хотиним менга Муқаддас Китоб ҳақида айтишда давом этарди. У Яҳовага ибодат қилиб, мос келадиган оятларни топиш ҳақида сўрарди ва менга ўқиб берарди. Масалан, Воиз 2- боб 22- ва 23- оятлардаги сўзлар менга кучли таъсир қилди: «Қуёш остида қилган меҳнатидан ва меҳнат қилишга бўлган иштиёқидан инсонга не фойда? ...Ҳатто кечалари ҳам жони ором олмайди. Бу ҳам беҳудадир». Бу сўзлар айнан мен учун эди, чунки эртаю кеч ишласам-да, чин бахтни ҳис қилмасдим.

1975 йил июль ойи якшанба куни эрталаб хотиним, ҳар галгидек, Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залига кетди. Негадир дабдурустдан мен ҳам ўша ерга боришга қарор қилдим. Хотиним мени Йиғилиш залида кўриб ҳайрон қолди. Шоҳидлар мени илиқ қарши олишди. Ўшандан бери мен якшанба кунги учрашувларни қолдирмадим. Бир ой ўтгач, Шоҳидлар мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишни бошлашди. Хотиним эса тадқиқ ўтишни бошлаганидан уч ой ўтгач, Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмди.

Худонинг қонга нисбатан нуқтаи назарини қабул қилдим

Кўп ўтмай, Муқаддас Китобдан масиҳийлар қондан сақланиши кераклигини билиб олдим. (Ҳаворийлар 15:28, 29; Ибтидо 9:4) Бундан олдин ҳам қон қуйиш самарали экани борасида шубҳаларим бўлгани учун Худонинг қонга нисбатан нуқтаи назарини қабул қилиш осон бўлди. Мен «Агар Яратувчи бор бўлса ва У шундай деб айтаётган бўлса, демак, бу тўғри» деган хулосага келдим.

Шунингдек, Одаматонинг гуноҳи дастидан касал бўлиб ўлишимизни билиб олдим. (Римликларга 5:12) Ўша пайтда томирларнинг склерозини тадқиқ қилардим. Ёшимиз ўтгани сайин томирларимиз дағаллашиб, торайиб боради. Бунинг дастидан эса юрак хасталиклари, инсульт ва буйрак хасталиклари ривожланишни бошлайди. Шунда касалликларимизнинг сабаби номукамалликка бориб тақалиши мантиқан тўғри эканини билиб олдим. Бундан сўнг тиббиёт соҳасига бўлган қизиқишим сўна бошлади. Фақатгина Тангри Яҳова барча касаллик ва ўлимни бартараф эта олади.

1976 йил март ойида, тадқиқ ўтганимдан етти ой ўтгач, университет қошидаги клиникада олиб борган тадқиқот ишларимни тўхтатдим. Энди ҳеч қачон шифокор бўлиб ишлай олмасам керак деб қўрққан эдим, лекин бошқа касалхонада иш топдим. Мен Худога тўла вақт хизмат қилиш энг яхши ҳаёт йўли эканини тушундим. Шу сабабли 1977 йили июль ойида кашшофлик хизматини бошладим.

Худонинг қонга нисбатан нуқтаи назарини ҳимоя қиляпман

1979 йил ноябрь ойида хотиним Масуко билан бирга Тиба вилоятидаги жамоатга кўчиб ўтдик. У ерда ваъзгўйларга эҳтиёж катта эди. Бир шифохонада ярим ставкали иш топдим. Биринчи иш кунимдаёқ бир гуруҳ жарроҳлар мени қуршаб олди. Улар ҳолу жонимга қўймай, шундай деб сўрашарди: «Яҳованинг Шоҳиди экансиз, мабодо беморга қон қуйишга тўғри келса, қандай йўл тутасиз?»

Мен Худонинг қонга нисбатан нуқтаи назарини ҳурмат билан тушунтирдим. Қон қуйишнинг бошқа муқобил йўллари борлигини ва беморларимга қўлимдан келганча ёрдам беришимни айтдим. Бир соатлик муҳокамадан сўнг, бош шифокор: «Тушунаман, лекин кўп қон йўқотган беморни олиб келишса, вазиятни ўз қўлимизга оламиз, сендан сўраб ўтирмаймиз»,— деб жавоб берди. Бош шифокор билан тил топишиш осон эмасди. Лекин ўша суҳбатдан сўнг у билан яхши ҳамкорлик қиладиган бўлдик ва у доим менинг эътиқодимни ҳурмат қиларди.

Имоним синалди

Тибада хизмат қилаётганимизда, Ибина шаҳрида Яҳова Шоҳидларининг филиали қурилаётганди. Ҳафтада бир марта хотиним билан у ерга бориб, бўлажак Байтил мажмуасининг қурилишида қатнашаётган ихтиёрий хизматчиларга тиббий ёрдам кўрсатардик. Бир неча ой ўтгач, бизни Ибинадаги Байтилга тўла вақт хизмат қилишга таклиф қилишди. Шундай қилиб 1981 йили мартда 500 дан ортиқ ихтиёрий хизматчи истиқомат қилган турар жойларда яшай бошладик. Мен эрталаблари қурилиш майдонидаги ванна ва ҳожатхоналарни тозалардим, тушликдан кейин эса беморларни қабул қилардим.

Беморларимдан бири 1949 йили Австралиядан Японияга тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида келган Илма Излоб исмли опамиз эди. У лейкоз касаллигига чалинганди ва шифокорлар бир неча ойлик умри қолганини айтишганди. Илма ҳаётини узайтириш мақсадида қон қуйишдан воз кечди ва ҳаётининг қолган қисмини Байтилда ўтказди. Ўша пайтда қизил қон таначаларини кўпайтириб берувчи эритропоэтин каби дори воситалари йўқ эди. Баъзида Илманинг гемоглобини 3–4 граммга тушиб кетарди. (Гемоглобиннинг меъёри эса 12–15 грамм бўлиши керак.) Мен қўлдан келганча унга ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Илма яна етти йил яшади ва Аллоҳнинг Каломига бўлган имонини йўқотмади. У 1988 йил январда оламдан ўтди.

Байтилда хизмат қилиб юрганимизда, баъзи ихтиёрий хизматчиларга операция қилишга тўғри келди. Байтил яқинидаги касалхоналарда ишлаётган жарроҳлар таҳсинга сазовор. Улар қонсиз операцияларни амалга оширишда биз билан ҳамкорлик қилишди. Мени тез-тез операция қилиш жараёнини кузатишга таклиф қилишарди ва ҳатто бир сафар ассистентлик ҳам қилганман. Яҳова Шоҳидларининг қонга нисбатан нуқтаи назарини ҳурмат қилган шифокорлардан ниҳоятда миннатдорман. Улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш эътиқодим билан бўлишишга имкон яратиб берди. Шифокорлардан биттаси яқинда Яҳованинг Шоҳиди бўлди.

Қизиқарлиси шундаки, Яҳова Шоҳидларининг қонсиз ўтказилган операциялари ижобий натижаларга олиб келди. Қонсиз даволаш тиббиёт соҳаси ривожланишига сезиларли ҳисса қўшди. Қонсиз операциялар қон қуймасликнинг фойдасини яққол кўрсатяпти. Тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, операциядан сўнг бундай касаллар камроқ муаммоларга дуч келиб, тезроқ оёққа туриб кетяпти.

Энг буюк шифокордан таълим олишда давом этяпман

Мен тиббиётнинг сўнгги ютуқларидан бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Бироқ буюк шифокор Яҳовадан таҳсил олишда давом этяпман. У нафақат инсоннинг ташқи қиёфаси, балки бутун вужудига эътибор беради. (1 Шоҳлар 16:17) Мен ҳам шифокор сифатида беморларни даволаётганимда уларнинг касаллик белгиларига қараб эмас, балки шахсиятига эътибор бераман. Бу беморларимга янада сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга кўмаклашади.

Мен ҳозир ҳам Байтилда хизмат қилиб, инсонларга Яҳова ҳақида ўргатяпман. Шунингдек, бошқаларга Худонинг қонга бўлган нуқтаи назарини тушунтириб беришдан катта қувонч топаман. Ибодатларимда буюк шифокор Яҳова Худо барча касалликлар ва ўлимга нуқта қўйишини доим сўрайман. (Ясуси Айзава сўзлаб берди.)

[Изоҳлар]

^ Денис Харменинг ўз дарслигида шундай деди: «Ҳомиладор бўлган, бундан аввал қон қуйган ёки трансплантация қилган бемор кейинчалик қон қуймоқчи бўлса, жиддий ножўя таъсирлар юз бериши мумкин ва бу, беморнинг қизил қон таначалари емирилишига олиб келади». («Modern Blood Banking and Transfusion Practices») Бундай вазиятларда қон қуйишдан аввал қилинган қон таҳлили натижалари ёрдамида муаммо юз бериши мумкинлигини аниқлаб бўлмайди. Қон ҳақидаги бир китобда тушунтирилишича, «мос келмайдиган қоннинг ҳатто озгина миқдори қуйилса, қизил қон таначаларининг емирилиши кузатилиши мумкин. Буйраклар ишламай қолганида, улар қондаги зарарли моддаларни тозаламай қўяди ва бунинг оқибатида инсон танаси заҳарланади». («Dailey’s Notes on Blood»)

^ Бир журналнинг 1988 йил август сонида шундай ёзилган эди: «Операциядан олдин қон қуймаган беморлар тезроқ оёққа туради, аммо операциядан олдин қон қуйганлар аксинча». («The Journal of Clinical Oncology»)

[14- саҳифадаги матн парчаси]

«Қон қуйишнинг бошқа муқобил йўллари борлигини ва беморларимга қўлимдан келганча ёрдам беришимни айтдим».

[15- саҳифадаги матн парчаси]

«Қонсиз операциялар қон қуймасликнинг фойдасини яққол кўрсатяпти».

[15- саҳифадаги матн парчаси]

Юқорида: Муқаддас Китоб асосида нутқ сўзлаяпман

Ўнгда: хотиним Масуко билан